Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

21

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат ҳисобига олишнинг ҳуқуқий асослари


Мамлакатимизда қонун ҳужжатларини қабул қилишда давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органларининг норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги биан ҳамкорликда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари масъул ходимлари иштирокида “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат ҳисобига олишнинг ҳуқуқий асослари” мавзусида ташкил этилган анжуманда ҳам бу борада амалга оширилаётган ишлар ва галдаги муҳим вазифалар атрофлича муҳокама этилди.

Тадбирда идоравий қонун ижодкорлиги соҳасини янада такомиллаштириш, тайёрланаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари сифати ва мазмун-моҳиятини бойитиш, шунингдек, қарор лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, давлат ҳисобига олиш ҳамда ушбу соҳада мавжуд муаммолар билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратилди.

Таъкидланганидек, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари даврида “ Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирда қабул қилиниши норма ижодкорлиги соҳасида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бу – норма ижодкорлиги жараёнининг ижодий ёндашув ва кўп меҳнат талаб қиладиган босқичдир. Мазкур вазифаларни жойларда самарали ташкил этишдаги Адлия органларининг асосий вазифаларидан бири - норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, қонун устуворлиги, давлат ва жамият қурилиши соҳасида қонунийликни таъминлашга қаратилган ягона давлат сиёсатини изчил амалга ошириш ҳисобланади.

Бунда асосий эътибор, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмаларининг норма ижодкорлиги фаолиятини тизимли таҳлил қилишни ташкиллаштириш, улар томонидан киритиладиган ёки қабул қилинадиган қонун ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонун ҳужжатларига, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига, шунингдек қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлигини аниқлаш юзасидан ҳар томонлама экспертизани амалга оширишга қаратилмоқда.

Анжуманда қайд этилганидек, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятига кенг кўламли эркинликлар бериш, бу йўлидаги барча ғов ва тўсиқларни бартараф этиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 2 декабрдаги Қарорига асосан, эндиликда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тайёрланаётган тадбиркорлик фаолияти соҳасига оид бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари тегишли тартибда Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталида жойлаштирилиши ва муҳокама этилиши норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мукаммал ишлаб чиқилишининг кафолати бўлиши, бу каби ҳуқуқий асосларнинг белгиланганлиги мамлакатимизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳити даражаси халқаро рейтингини янада ошишини таъминлаши қайд этилди.

Сўзга чиққанлар қайд этишганидек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг ажралмас бўлаги сифатида ижтимоий муносабатларни тартибга солишда алоҳида аҳамият касб этади. Лойиҳаларнинг ҳар томонлама мукаммаллиги, юридик талаб жиҳатдан тўғри расмийлаштирилганлиги ижтимоий муносабатларни тартибга солишнинг самарадорлигини таъминлайди.

Бунда, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги фаолиятини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Тадбирда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қонун ижодкорлиги фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан соҳа мутахассисларнинг малакасини оширига қаратилган таклифлар ишлаб чиқилди.