Янгиликлар
Ғолиблар муносиб тақдирланди
Гулистонда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун "Ташаббус – 2013" кўрик танловининг Сирдарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракати ҳамда миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш борасидаги изчил ислоҳотлар самарасида мазкур танловнинг нуфузи йил сайин ошиб бормоқда. Унда қатнашаётган фаол ва ташаббускор ишбилармон, фермер ва ҳунармандлар ўзларининг қобилият ва имкониятларини намоён этиб, бир-бирлари билан ўзаро тажриба алмашмоқдалар. Танлов юртдошларимизни янги мақсад ва ғоялар билан меҳнат қилишга даъват этмоқда. Уларнинг ташаббуслари кенг қанот ёзишига имконият яратмоқда.
Танлов якунига кўра, Гулистон туманидаги “Макровит” хусусий корхонаси раҳбари Виктор Урбанович “Энг яхши тадбиркор” номинацияси бўйича биринчи ўринни эгаллади. Гулистон туманидаги “Орол неъматлари” фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Бегматов “Энг яхши фермер”, Боёвут туманидан ҳунарманд Севара Бойбўтаева “Энг яхши ҳунарманд” йўналишларида ғолиб деб топилиб, танловнинг мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Танловда қўшимча номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.