Сирдарё вилоят адлия бошқармасида 2014 йил 11 ноябрда бошқарма ва унинг тизимидаги идоралар томонидан 2014 йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги устивор вазифаларга бағишланган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Йиғилишда ҳайъат аъзолари, бошқарма ходимлари, давлат нотариал идораси нотариуслари ҳамда ФҲДЁ бўлими мудиралари иштирок этдилар.
Ҳайъат йиғилишида Сирдарё вилоят адлия бошқармаси идораларининг 2014 йил 9 ойлик фаолияти якунлари ва келгусидаги долзарб вазифалари, шунингдек, Сирдарё туман 1-сон, Сардоба ва Гулистон туман давлат нотариал идоралари, Ширин, Гулистон шаҳар ва Боёвут, Ховос туман 1-сон, Сирдарё туман 1 ва 2-сон ФҲДЁ органлари фаолиятини комплекс текшириш натижалари муҳокама қилинди.
Таъкидландики, бошқарма томонидан 2014 йилнинг 9 ойи давомида 92та қарорлар лойиҳалари экспетизадан ўтказилиб, уларнинг 79 тасига ижобий хулосалар берилди. 56 та норматив тусдаги қарорлар давлат ҳисобига олинди.
Фуқароларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, мурожаатлардаги важларни қонуний ҳал этиш ҳар бир давлат идораси ходимининг муҳим ва устувор вазифаларидан ҳисобланади. Ушбу йўналишда ҳисобот даврида бошқармага жорий йилнинг ўтган даври мобайнида жами 2140 та турли мазмундаги хат ва ҳужжатлар, 532 та ариза ва шикоятлар келиб тушган. Келиб тушган хат ва ҳужжатларнинг 2124 таси бошқарма томонидан кўриб чиқилиб, барчасининг ижроси таъминланди.
Шу даврда келиб тушган хат ва ҳужжатларнинг 376 таси бевосита фуқароларнинг шикоятларидир. Шундан, 63 таси Адлия вазирлигидан келиб тушган бўлиб, 82 та шикоятлар жойларга чиқиб ўрганилган, шунингдек 40,4%, яъни 152 та шикоятлар ўз исботини топиб қаноатлантирилди, 47%, яъни 177 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди, 8,7% ёки 33 таси тегишлилигига кўра бошқа идора ва ташкилотларга юборилди.
Ушбу ариза ва шикоятларни ўрганиш натижасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида 11 та тақдимнома ҳамда фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини кўзлаб судларга 72 та 2.700 млн. сўмлик даъво аризалари киритилди.
Бошқарманинг «Ишонч телефонлари»га тадбиркорлар, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳамда фуқаролардан ҳисобот даврида жами 64 та мурожаатлар келиб тушган. Шундан, 6 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. Ишонч телефонларига келиб тушган мурожаатларнинг
58 таси қаноатлантирилган. «Ишонч телефони»ни қаноатлантириш даражаси 91%ни ташкил этди.
2014 йилнинг 9 ойида инсон ҳуқуқлари, тадбиркорлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш шунингдек, шартномавий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш бўйича судларга жами 1046 та 7.217.131.000 сўмлик даъво аризалари киритилди. Шундан, 991 та 6.955.703.000 сўмлик даъво аризалари хўжалик судларига ҳамда 55 та яъни 261.428.000 сўмлиги фуқаролик судларига киритилган. (Киритилган даъво аризаларнинг 745 таси 5.311.918.000 сўмлиги судлар томонидан қаноатлантирилган).
Бошқарманинг 2014 йил 1 ва 2-ярим йиллик иш режалари ижросини таъминлаш мақсадида ҳисобот даврида 88 та ўрганиш ўтказилиб, ўрганишлар вилоятнинг 270 та туман ҳокимликлари, назорат қилувчи идораларалар, тайёрловчи ва хизмат кўрсатувчи идораларини қамраб олди.
Мазкур ўрганишлар натижасида аниқланган қонунбузилишларни олдини олиш ва келгусида уларга такроран йўл қўймаслик мақсадида ҳамда ариза ва шикоятларни ҳал қилишда жами бўлиб 175 та тақдимномалар, 361 та огоҳномалар, 104 та ёзма кўрсатмалар киритилиб, 259 нафар шахслар интизомий, 11 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди. Шунингдек, 31 нафар шахслар эгаллаб турган вазифасидан озод этилган.
Бошқарма томонидан вилоятдаги 33 та тайёрлов ва хизмат кўрсатувчи ҳамда хўжалик юритувчи субъектларда шартнома интизомига риоя этилиши юзасидан ўрганишлар ўтказилиб, томонлар ўртасида тузилган 37.214 та шартномалар ўрганилиб, 9.566 та нотўғри тузилган шартномалар аниқланди ва қайта туздирилди.
Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни оширишга ва қонунийликни мустаҳкамлашга йўналтирилган ҳуқуқий тарғибот бўйича давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш адлия органларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Адлия бошқармаси томонидан 2014 йил 9 ойида бир қатор ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилди.
Чунончи, адлия бошқармаси ва унинг тизимига кирувчи ходимлар томонидан оммавий ахборот воситаларида 318 маротаба чиқишлар қилинган бўлса, жойларда аҳоли ўртасида 924 маротаба турли оғзаки ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилди. Хусусан, ҳисобот даврида 51 маротаба телевидение, 64 маротаба радио, 171 маротаба газета, 2 маротаба журнал, 30 маротаба веб-сайтларда чиқишлар қилинди, 148 та семинар ва 579 та давра суҳбатлари ташкил этилиб, 197 та турли мавзулардаги тадбирларда маърузалар билан иштирок этилди.
Аҳолига сифатли ҳуқуқий хизмат кўрсатишни таъминлаш юзасидан тизимдаги давлат нотариал идоралари томонидан 127 мингдан ортиқ нотариал ҳаракатлар, ФҲДЁ бўлимлари томонидан 21 мингдан ортиқ фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш ҳаракатлари амалга оширилди.
Кенгайтирилган хайъат йиғилишида бошқарма ва унинг тизимига кирувчи идоралар томонидан амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда фаолиятда йўл қўйилган камчиликлар ҳам танқидий нуқтаи назардан атрофлича муҳокама қилинди. Йўл қўйилган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш, бошқа вилоят адлия идоралари фаолиятида камчиликларни такрорланишига йўл қўймаслик чоралари белгиланиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар бўйича тегишли Ҳайъат қарори қабул қилинди.