Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасалари ходимларининг одоб-ахлоқ ҚОИДАЛАРИ
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг
2020 йил __ _______даги ____-сон буйруғига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасалари ходимларининг одоб-ахлоқ
ҚОИДАЛАРИ
1 боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”
2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, Адлия вазирлиги тизимига кирувчи барча ташкилотлар (кейинги ўринларда – адлия органлари ва муассасалари) ходимларининг касбий одоб-ахлоқининг нормалари, тамойиллари ва хизматдаги хулқ-атворининг қоидаларини белгилайди.
2. Мазкур Қоидалар ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга, улар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишга, ходимларни юксак ҳуқуқий онг, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига қатъий риоя қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган.
3. Адлия органлари ва муассасалари ходимлари мазкур Қоидаларнинг талабларига риоя этишлари шарт. Мазкур Қоидаларни билиш ва уларга риоя қилиш мажбурияти эгаллаб турган лавозими ва бажарадиган ишининг ҳусусиятидан қатъи назар адлия органлари ва муассасаларининг барча ходимларига тадбиқ этилади.
4. Адлия органлари ва муассасаларида манфаатлар тўқнашувини бошқариш доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар Адлия вазирлиги тизимида манфаатлар тўқнашувини бошқариш тўғрисидаги низомда белгиланган.
5. Адлия органлари ва муассасалари ходимларида мазкур Қоидалар, касбий хулқ-атвор ёки адлия органлари ва муассасаларида тартиб-таомиллар билан боғлиқ ҳар қандай саволлар пайдо бўлганида улар ўзининг таркибий бўлинмаси ёки адлия муассасаси ва (ёки) Адлия вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш бўлимига, шунингдек, “1008 ишонч телефони”га маслаҳат сўраб мурожаат қилишлари мумкин.
2-боб. Асосий терминлар ва тушунчалар
6. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
яқин қариндошлар – қариндош ёки қуда томондан қариндош бўлган шахслар, яъни ота-она, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотин, фарзанд, шу жумладан фарзандликка олинганлар, бобо, буви, неваралар, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллари;
уруғ-аймоқчилик – ходимнинг умумий аждодга эга бўлган муайян қариндошга мансублиги асосида учинчи шахсларга субъектив, илтифотли
ва нохолис муносабатда бўлиш тарзидаги шахсий манфаати;
манфаатлар тўқнашуви – шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик адлия органлари ва муассасалари ходимнинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан адлия органлари ва муассасаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият;
коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий
ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш;
коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик – коррупция белгиларига эга бўлган, содир этилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган қилмиш;
контрагент – адлия органлари ва муассасалари билан шартномавий муносабатларга киришган ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахс, меҳнат муносабатлари бундан мустасно;
ходимнинг шахсий манфаатдорлиги – адлия органлари ва муассасалари ходими томонидан ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида унинг яқин қариндоши ёки ходимга алоқадор бўлган шахслар томонидан ходимнинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир қилиши мумкин бўлган пул маблағлари, моддий ёки номоддий қимматликлар, бошқа мол-мулк, бойлик ва имтиёзлар кўринишида шахсий наф олиш имконияти (шахсий, ижтимоий, молиявий, сиёсий ва бошқа тижорат ёки нотижорат манфаатлари);
маҳаллийчилик – шахсни фақатгина қариндошлиги (қариндошини ҳамма билиши ёки машҳурлиги ва унинг жамоатчилик тан олганлиги) ва бундай шахснинг ҳокимият ваколатига эга бўлган органлардаги қариндошларининг хизмат мавқеи сабабли лавозимга қўйиладиган малака талабларини ҳисобга олмасдан ишга ёллаш, ротация қилиш ҳамда лавозимга тайинлаш;
непотизм (таниш-билишчилик) – ўзининг яқин қариндошлари
ёки дўстларига асоссиз имтиёзлар бериш мақсадида ҳокимиятдан фойдаланиш
ва (ёки) таъсир ўтказиш, бироқ қуйидаги вазиятлар билан чекланиб қолмаслик: яқин қариндошлари ва (ёки) дўстларига асоссиз мукофотлар ҳисоблаш, адлия органлари ва муассасалари манфаатлари зарарига яқин қариндошлари
ва дўстларини ишга қабул қилиш ва лавозимга тайинлаш;
ҳомийлик – ён босиш, қулай меҳнат шароитларини яратиб бериш шаклида адлия органи ва муассасаси ходимини юқорироқ лавозимдаги ходим томонидан ҳимоя қилиниши;
адлия органлари ва муассасалари ходими – адлия органлари
ва муассасалари билан меҳнат муносабатларига киришган шахс;
фаворитизм – адлия органи ва муассасаси ходими бир шахс ёки бир гуруҳ шахслар манфаатларини бошқа шахс ва (ёки) шахслар гуруҳи манфаатларидан устун қўйиш, шу билан бирга, адлия органлари ва муассасаларида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, лавозими бўйича кўтариш, мукофотларни ҳисоблаш ва давлат мукофотларига тавсия қилиш, меҳнат таътиллари бериш ёки санаториялар ва хориж сафарларига юбориш, мурожаатларни кўриб чиқиш навбатини, шунингдек, иш вақти ва навбатчилик графикларини белгилаш шулар жумласидандир.
3-боб. Хизматдаги хулқ-атворнинг асосий тамойиллари ва қоидалари
7. Адлия органлари ва муассасалари ўз хизмат мажбуриятларини қуйидаги тамойиллар асосида бажаришлари шарт:
қонунийлик – адлия органлари ва муассасалари ходимлари Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига сўзсиз риоя қиладилар ҳамда ўз хизмат мажбуриятларини мансаб йўриқномалари, меҳнат шартномалари,
ички ҳужжатлар ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ бажарадилар;
фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги – фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари
ва қонуний манфаатлари адлия органлари ва муассасаларининг олий қадрияти бўлиб ҳисобланади. Адлия органлари ва муассасаларининг ходимлари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишига йўл қўймайдилар ва қонунбузарлик бўлган ҳолларда уларни тиклашга кўмаклашадилар.
ватанпарварлик ва хизмат бурчига содиқлик – адлия органлари
ва муассасаларининг ходимлари ўз фаолиятини маънавий ва ватанпарварлик қадриятлари, Ватанга садоқат, хизмат бурчига содиқлик асосида жамиятнинг адлия органлари ва муассасаларига бўлган талабини ифодалаган ҳолда амалга оширадилар. Адлия органлари ва муассасаларининг ходимлари ўз хизмат бурчларини шахсий хайрихоҳлик, ўз манфаатлари ва мафкуравий қарашларидан қатъи назар бажарадилар;
давлат ва жамият манфаатларига садоқат – адлия органлари
ва муассасаларининг ходимлари ўз хизмат мажбуриятларини виждонан бажаришга ҳамда давлат ва жамият манфаатларини кўзлашга тўсқинлик қиладиган шахсий манфаатдорлиги таъсири билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракатлардан ўзларини тийишлари лозим;
адолат, ҳалоллик ва холислик – адлия органлари ва муассасаларининг ходимлари адлия органлари ва муассасаларига мурожаат қилган барча шахсларга нисбатан адолатли, ҳалол ва холис муносабатда бўлишни таъминлайдилар;
профессионаллик ва компетентлилик – адлия органлари ва муассасаларининг ходимлари адлия органлари ва муассасаларининг асосий қадрияти бўлиб ҳисобланади, уларнинг малакаси, ишончи, эзгу нияти, ҳамкорлиги
ва жамоавий руҳи қўйилган мақсадларга эришиш ҳамда адлия органлари
ва муассасаларини такомиллаштириш имконини беради. Aдлия органлари
ва муассасалари ходимлари профессионаллик, бенуқсон ишчанлик обрўси, жамоада қулай маънавий ва руҳий муҳитни яратишда ёрдам бериш, шунингдек, ҳамкасблари билан самарали билим ва тажриба алмашишни таъминлаши мажбурийдир;
самарадорлик ва тежамкорлик – адлия органлари ва муассасалари
ўз фаолияти самарадорлигини оширишни, жумладан, эришилиши жамият
ва давлат фаровонлигини ошириш имконини берадиган стратегик вазифалардан бири сифатида ички бошқарув, фуқаролар, ташкилотлар ва давлат органлари билан ўзаро алоқалар тизимини такомиллаштириш, инновацион технологияларни тадбиқ этиш ва бошқа йўллар билан доимий равишда кўриб чиқадилар. Адлия органлари ва муассасаларининг ходимлари, ўз навбатида, адлия органлари ва муассасаларининг мулкига, ўзининг ва бошқа ходимларнинг вақтига масъулият ва эҳтиёткорлик билан ёндашадилар.
4-боб. Ўзига бўйсунувчи ходимларнинг ахлоқий хулқ-атворини шакллантиришда адлия органлари ва муассасаларининг роли
8. Адлия органлари ва муассасаларининг раҳбарлари ходимларнинг ахлоқий хулқ-атворини шакллантиришда қуйидагиларга мажбурдирлар:
ўз мансаб мажбуриятларини бажаришда мазкур Қоидаларда белгиланган ахлоқ нормалари ва тамойилларга сўзсиз риоя қилинишида шахсий намуна кўрсатиш;
адлия органлари ва муассасаларининг ходимлари билан ўзаро муносабатларда ҳалол бўлиш, уларнинг таклифлари, ғоялари, талаблари
ва шикоятларига ўз вақтида жавоб бериш;
камситишга оид сиёсатга йўл қўймаслик ва ходимларга меҳнатга ҳақ тўлаш ва хизмат бўйича кўтарилишида тенг ҳуқуқ ва имкониятларга кафолат бериш;
ходимларга уларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказмайдиган шароитларни яратиш;
адлия органлари ва муассасаларининг ходимлари билан муносабатларини узоқ муддатли ҳамкорлик қилиш, мақсадлар умумийлиги, ўзаро манфаатларни ҳурмат қилиш ва ҳисобга олиш, ижтимоий шериклик асосида ўрнатиш;
манфаатлар тўқнашувини олдини олиш ва ҳал қилиш бўйича ўз вақтида бирламчи чораларни кўриш;
коррупцияни олдини олиш, шунингдек, коррупцияга қарши курашишда фаол қатнашадиган ходимларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бўйича чоралар кўриш;
вазифалар доирасини аниқ белгилаб олиш ва бўйсунувчи ходимлар ўртасида уларнинг мансаби ва касбий лаёқатидан келиб чиқиб тақсимлаш, ходимларнинг лавозим мажбуриятлари доирасидан четга чиқадиган вазифаларни бермаслик;
ходимни асоссиз равишда рағбатлантириш ва лавозим бўйича кўтарилишига йўл қўймаслик, шунингдек, ғайриҳуқуқий ҳаракатларга эътибор бермасликка қарши чоралар кўриш (масалан, ходимлар томонидан
ўз фаолиятидаги камчиликларни бартараф этиш учун етарли даражада чоралар кўрилмаслиги);
ходимларни мажбурий меҳнатда, жумладан, шаҳар ҳудудларини ободонлаштиришда, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларида, металл қолдиқларини йиғишда, шунингдек, бошқа мавсумий тадбирларда қатнашишларини олдини олиш (тегишли ташкилот ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан хавфсизлик стандартларига қатъий риоя қилинган ҳолда ихтиёрий шанбалик ташкил этилган ҳоллар бундан мустасно);
адлия органлари ва муассасаларининг ходимларини самарали бошқариш, улар томонидан адлия органлари ва муассасаларининг мол-мулки ва молиявий ресурслари билан эҳтиёткор ва тежамкор муносабатда бўлишларини кузатиш;
ўзига бўйсунувчи ходимлар томонидан мазкур Қоидалар бузилишини олдини олишга бўлган ҳаракатсизлиги учун жавоб бериш.
9. Адлия органлари ва муассасаларининг раҳбарлари, шунингдек, адлия органлари ва муассасаларидаги бўлим ва бошқармалар бошлиқлари ўзига бўйсунувчи ходимлар билан муносабатларда профессионал, ҳалол ва адолатли хулқ-автор намунаси бўлиши, қулай иш муҳитини яратиши ҳамда адлия органлари ва муассасаларида ижобий маънавий-психологик муҳитни шакллантиришга кўмаклашишлари лозим.
10. Адлия органлари ва муассасаларининг раҳбарлари, шунингдек, адлия органлари ва муассасаларидаги бўлим ва бошқармалар бошлиқлари непотизм, фаворитизм, маҳаллийчилик, ҳомийлик, уруғ-аймоқчилик ва бошқа белгиларга кўра ходимларни ёллаш, ротация қилиш, лавозимга тайинлаш, рағбатлантириш ёки жазолаш, шунингдек, уларга бошқача субъектив муносабатда бўлишга йўл қўймасликлари керак.
5-боб. Адлия органлари ва муассасалари ходимларининг ахлоқ нормалари ва қоидаларга риоя қилиш бўйича мажбуриятлари
11. Адлия органлари ва муассасаларининг ходимлари ўз хизмат мажбуриятларини бажаришда қуйидагиларга мажбурдирлар:
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига риоя қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари
ва фармойишлари, Адлия вазирлиги Ҳайъати қарорлари, адлия вазирининг буйруқлари, адлия органлари ва муассасаларининг ички идоравий ҳужжатларини бажариш;
ўз хизмат мажбуриятларини виждонан ва профессионал даражада бажариш;
юқори турувчи давлат органлари ва мансабдор шахслари томонидан
ўз ваколати доирасида қабул қилинган фармойишларни ўз вақтида ва сифатли ижро этиш;
ўз фаолиятини қонунчилик ва ички ҳужжатларда белгиланган компетенция доирасида амалга ошириши;
ўз хизмат мажбуриятларини бажараётганда фуқаролар ва бошқа шахсларни камситмаслик, улар таъсиридан ўз мустақиллигини сақлаб қолиш, фуқаролар ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва қонуний манфаатларини ҳисобга олиш;
хизмат мажбуриятларини бажаришга тўсқинлик қилиши ёки уларни бажаришда бирон-бир шахсий, мулкий ёки бошқа манфаатларга тааллуқли бўлиши мумкин бўлган ҳаракатлардан ўзини тийиш;
хизмат мажбуриятларини самарали бажариш учун зарур бўлган билим
ва кўникмаларни доимий асосда ошириш;
ўз ваколатларидан давлат органлари, бошқа ташкилотлар ёки улар мансабдор шахслари фаолиятига ноқонуний аралашиш мақсадида фойдаланмаслик;
турли этник, ижтимоий гуруҳлар ва конфессияларнинг маданий ва бошқа хусусиятларини ҳисобга олиб, ижтимоий барқарорлик, миллатлар
ва конфессиялараро тотувликка кўмаклашган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ва бошқа мамлакатлар халқларининг урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилиш;
ходимлар томонидан ўз хизмат мажбуриятларини виждонан бажаришига шубҳа уйғотиши мумкин бўлган хулқ-автордан ўзини тийиш ва ўз обрўъси ёки адлия органлари ва муассасаларининг нуфузини таҳдид остига олиши мумкин бўлган вазиятларни олдини олиш;
эгаллаб турган лавозими, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, юқори даражада маънавий-ахлоқий сифатларга эга бўлиш, ҳамкасбларига, фуқароларга ва бошқа учинчи шахсларга ҳурмат, хушмуомалалик ва хайрихоҳлик билан муносабатда бўлиш;
адлия органлари ва муассасаларининг иши тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари фаолиятига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, шунингдек, белгиланган тартибда ишончли маълумотларни олишга кўмаклашиш;
махфий ахборотдан фақат хизмат мақсадларида фойдаланиш, шунингдек, махфий ахборот ва шахсий маълумотларни нобуд қилиш, йўқотиш, ўзгартириш, ошкор қилиш, зарар етказиш, рухсатсиз фойдаланиш хавфидан тегишли даражада ҳимоя қилинишини таъминлаш;
ҳақоратли, ҳурматсиз ва камситувчи хулқ-атворда бўлишга, шунингдек, адлия органлари ва муассасалари ва (ёки) улар ходимларининг обрўсига путур етказадиган зўравонлик ёки ёлғон миш-мишларни тарқатилишига йўл қўймаслик;
ўз хизмат мажбуриятларини бажараётганда хизмат хоналари, давлат мулки, моддий-техник базадан ҳамда адлия оргналари ва муассасалари бошқа мулкидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланиш;
хатлар ва хизмат хабарларини етказиш ва олишнинг адлия органлари
ва муассасаларида белгиланган қоидаларига риоя қилиши;
қонунбузарлик содир этишга ундаб ўзига мурожаат қилган ҳолатлар, шунингдек, адлия органлари ва муассасаларининг бошқа ходимлари томонидан содир этилган ва ўзига маълум бўлган ҳар қандай қонунбузарлик фактлари ҳақида ўз раҳбари ёки бошқа ваколатли шахсларни зудлик билан хабардор қилиш;
адлия органлари ва муассасаларининг янги ва бошқа ходимларига зарур амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш, ҳамкасбларини уларнинг касбий интилишларида қўллаб-қувватлаш;
меҳнат интизомига риоя қилиш ва иш вақтидан самарали фойдаланиш;
иш жойида ва (ёки) ўз хизмат мажбуриятларини бажаришда алкоголь, гиёҳванд ва бошқа тақиқланган воситаларни истеъмол қилишдан, шунингдек, иш жойида алкоголь ёки гиёҳванд воситалар таъсирида бўлиш ҳолатидан воз кечиш;
ҳамкасблари ва бошқа шахслардан танқидни тўғри қабул қилиш, шунингдек, холис эътирозлар бўлганда хулқ-атвор моделини ўзгартириш;
берилган вазифаларни бажаришга ижбоий таъсир кўрсатадиган тинч эмоционал ҳолатда бўлиш.
12. Сиёсий, иқтисодий мақсадга мувофиқлик, шунингдек, шахсий ва бошқа субъектив сабаблар ходим томонидан мазкур Қоидалар талабларини бузишга асос бўлиб ҳисобланмайди.
13. Меҳнат шартлари ва хизмат туридан келиб чиқиб, ходимнинг ўз хизмат мажбуриятларини бажаришида ташқи кўриниши фуқаролар томонидан оммавий ҳокимиятни ҳурмат қилишга кўмаклашиши, умумқабулқилинган иш услубига мувофиқ бўлиши ва расмийлик, камтарлик ва интизомлиликни алоҳида таъкидлаши лозим.
14. Ходимлар ишдан бўш вақтларида умумқабул қилинган ахлоқ нормаларига риоя қилишлари ва ахлоққа зид келувчи хулқ–атвордан ўзларини тийишлари керак.
6-боб. Совғалар ва иш муомаласида меҳмондўстлик белгилари
15. Aдлия органлари ва муассасалари ходимларига ходим ўз хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жисмоний ва юридик шахслардан бирон-бир совға ёки иш муомаласида меҳмондўстликнинг белгилари, қарз, кафолатлар, кафилликлар, мукофотлар шаклида рағбатлантириш воситаларини, нақд пул маблағлари ёки уларнинг эквиваленти, қимматли қоғозлар кўринишида моддий ёрдам қабул қилиш тақиқланади.
16. Aдлия органлари ва муассасалари ходимлари томонидан бошқа aдлия органлари ва муассасалари ходимларига уларнинг шахсий байрамлари (туғилган кун, фарзандининг туғилиши, Ватан ҳимоячилари куни, Халқаро хотин-қизлар куни)да берилган, хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ бўлмаган совғалар ходимнинг шахси билан боғлиқ совғалар деб тан олинади.
17. Бундай совғаларни беришда қуйидаги талабларга риоя қилиш лозим:
совғалар адлия органлари ёки муасасаларининг камида уч нафар ходимлари иштирокида берилиши;
совға бериш табрик нутқи билан бирга бўлиши керак, унда совға беришга сабаб бўлган воқеа ўзининг аниқ ифодасини топган бўлиши;
совғанинг умумий қиймати (барча солиқлар ва йиғимларни ҳисобга олган ҳолда) 5 (беш) базавий ҳисоблаш миқдоридан ошмаслиги;
aдлия органи ва муассасасининг битта ходими бошқа ходимга совға учун сарфлайдиган харажат суммаси, ҳар бир ҳолатда 1 (битта) базавий ҳисоблаш миқдордан ошмаслиги керак.
18. Совғаларни қабул қилишнинг қонунийлигида ҳар қандай шубҳалар пайдо бўлганда ходим Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш Сиёсати қоидалари билан танишиб чиқиши
ва Адлия вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш бўлимига маслаҳат сўраб мурожаат қилиши мақсадга мувофиқ.
19. Совғалар ва иш муомаласида меҳмондўстлик белгиларини олиш
ва бериш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш Сиёсати билан тартибга солинади.
7-боб. Коррупцияга қарши курашиш
20. Aдлия органлари ва муассасалари коррупцияни унинг ҳар қандай шакли ва намоён бўлишида қабул қилмайди.
21. Коррупцияга “мутлақо тоқатсизлик” тамойилига таянган ҳолда адлия органлари ва муассасаларининг барча ходимларига пора берувчининг манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилиши ёки ҳаракатсизлиги учун бевосита ёки билвосита, шахсан ёки учинчи шахслар орқали пора, яъни пуллар, қимматбаҳо қоғозлар, бошқа мол-мулкни, мулкий тавсифдаги хизматларни беришни талаб қилиш, товламачилик қилиш, ваъда ва пора бериш (ёки) олишда воситачилик қилиш, расмиятчиликларни соддалаштириш учун тўловларни олиш, шахс томонидан пора олиш ёки ҳуқуққа хилоф бошқа мақсадларда ўз хизмат мавқеидан ноқонуний фойдаланиши қатъий тақиқланади.
22. Aдлия органлари ва муассасаларида коррупцияга қарши курашиш бўйича қабул қилинган тамойиллар ва талаблар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш Сиёсатида мустаҳкамланган.
8-боб. Одоб-ахлоқ комиссияси
23. Мазкур Қоидалар, шунингдек, умумқабул қилинган одоб-ахлоқ нормаларига риоя этилиши масалаларини кўриб чиқиш учун aдлия органлари ва муассасаларида одоб-ахлоқ комиссиялари ташкил этилади.
24. Одоб-ахлоқ комиссиялари ҳар бир aдлия органлари
ва муассасаларида қабул қилинган одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги низомлар, мазкур Қоидалар ҳамда aдлия органлари ва муассасалари раҳбарларининг буйруқлари асосида фаолият олиб боради.
25. Одоб-ахлоқ комиссиялари Ўзбекистон Республикаси aдлия органлари ва муассасалари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида манфаатлар тўқнашувини бошқариш тўғрисидаги низомнинг бузилиши билан боғлиқ масалаларни:
aдлия органи ёки муассасаси раҳбарининг кўрсатмаси бўйича;
хизмат текшируви натижаларига кўра;
ўз ташаббуси билан;
aдлия органлари ва муассасалари ходимларидан, шунингдек, aдлия органлари ва муассасалари билан алоқа каналлари орқали келиб тушган ахборот асосида кўриб чиқади.
26. Aдлия органлари ва муассасалари ходимлари томонидан мазкур Қоидалар бузилганда ёки бузилишида шубҳа пайдо бўлганида ушбу вазиятларни кўриб чиқиш бўйича ваколат (функция)ларни масъул бўлинмалар ўртасида тақсимлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида манфаатлар тўқнашувини бошқариш тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда ҳал қилинмаган манфаатлар тўқнашуви аниқланганда, бу вазият Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан Адлия вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш бўлими билан биргаликда кўриб чиқилади;
коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ёки коррупциявий хавф-хатар мавжуд бўлган вазиятлар аниқланганда, улар Адлия вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш бўлими томонидан кўриб чиқилади;
совғалар ва иш муомаласида меҳмондўстлик белгиларига оид қоидалар бузилганида, ушбу вазиятлар Адлия вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш бўлими томонидан кўриб чиқилади;
Адлия вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш бўлими Одоб-ахлоқ комиссияси билан биргаликда, агар қоидабузарликлар нафақат мазкур Қоидаларга, балки Одоб-ахлоқ комиссияси мажлисларида Адлия вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш бўлимининг иштироки бевосита назарда тутилган адлия органлари ва муассасаларининг бошқа ички ҳужжатларига тегишли бўлса, мазкур Қоидаларни бузиш фактлари ва хавф-хатарларини кўриб чиқади.
Мазкур бандда назарда тутилмаган бошқа ҳолларда ушбу Қоидалар талабларининг бузилиши Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан кўриб чиқилади.
9-боб. Одоб-ахлоқ соҳасида қонунбузарликлар ҳақида хабарлар
27. Aдлия органлари ва муассасалари ходимлари ва бошқа шахсларда адлия органлари ва муассасаларининг ходимлари ҳаракатларининг қонунийлиги ва (ёки) ахлоқийлигида шубҳа пайдо бўлганда, одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилишида эҳтимол тутилган ёки уларни содир этилганганлиги факти бўйича асосли гумони бўлганда, бу ҳақда адлия органлари ва муассасаларининг мавжуд алоқа каналлари орқали хабар беришлари мумкин.
28. Адлия органлари ва муассасалари ўз ваколатлари ва мавжуд имкониятлари доирасида қонунбузарлик ҳақида ишончли ахборот берган шахснинг махфийлигини таъминлайдилар, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
29. Адлия органлари ва муассасалари ўз ходимларининг манфаатларини ҳимоя қилади ва қасос олиш, жумладан, ишдан бўшатиш, лавозимини пасайтириш, камситиш, адлия органлари ва муассасаларининг бошқа ходимининг шубҳали хулқ-атвори ёки мазкур Қоидалардаги одоб-ахлоқ нормалари ва тамойилларини бузиш эҳтимоли ҳақида ихтиёрий хабар берган ходимларни таъқиб қилишга йўл қўйилмаслигига кафолат беради.
30. Мазкур Қоидаларнинг бузилиши ҳақидаги хабарлар қуйидаги алоқа каналлари орқали берилиши мумкин:
адлия органлари ва муассасаларининг ходимлари учун – “1008” телефони ёки бевосита Кадрлар бошқармаси (бўлими)га;
адлия органлари ва муассасалари ходимларининг телефонларига ҳамда девонхонага;
жисмоний ва юридик шахсларга – “1008” телефони ёки адлия органлари ва муассасаларининг бошқа телефонларига;
“@anticorbot” Telegram-каналига ҳамда адлия органлари
ва муассасаларининг бошқа Telegram-каналларга.
31. Адлия органлари ва муассасаларининг алоқа каналларига келиб тушган барча хабарлар масъул бўлинма/адлия органи ва муассасасининг мансабдор шахси томонидан қонунчилик ва адлия органи ва муассасасининг ички ҳужжатларига мувофиқ холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилади.
32. Кўриб чиқишга, шунингдек, аноним тарзда (фақат адлия органлари ва муассасаларининг Telegram-канали орқали) йўлланган хабарлар ҳам қабул қилинади. Аноним бўлиб қолишни истаган арз қилувчи бундай ҳолда қуйидагиларга рози бўлади:
адлия органлари ва муассасалари келиб тушган хабарга жавоб бериш учун у билан боғлана олмайдилар;
адлия органлари ва муассасалари зарур қўшимча маълумот олиш имкони бўлмаганлиги туфайли хабарни тўлиқ ва ҳар томонлама текшира олмайдилар.
33. Адлия органлари ва муассасаларининг ходими томонидан била туриб ёлғон маълумот берилиши мазкур Қоидаларнинг бузилиши ва ғайриахлоқий хулқ-атвор намунаси сифатида қаралади, бундай шахс эса қонунчилик ҳамда адлия органлари ва муассасалари ички идоравий ҳужжатларга мувофиқ жавобгарликка тортилиши мумкин.
34. Алоқа каналларининг иши ва олинган хабарларни кўриб чиқиш/қайта ишлаш тартиби тўғрисидаги батафсил маълумот Адлия вазирлигига коррупциявий ҳаракатлар ҳақида хабар бериш учун алоқа каналларидан келиб тушган хабарларни қабул қилиш ва қайта ишлаш регламентида ҳамда адлия органлари ва муассасаларининг шунга ўхшаш ички ҳужжатларида акс эттирилган.
10-боб. Мазкур Қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик
35. Ходимлар томонидан мазкур Қоидаларга риоя қилиш муҳим касбий компетенция сифатида қаралади ва бошқа мезонлар қаторида лавозимини кўтариш, фаолиятини баҳолаш ва ҳ.к.ларга хизмат қилади.
36. Адлия органлари ва муассасалари ходимининг обод-ахлоқ стандартларига содиқлик аттестацияда, юқори турувчи ва бошқа лавозимларга тайинлаш учун кадрлар захирасини тайёрлашда инобатга олинади.
37. Адлия органлари ва муассасаларининг ходими томонидан мазкур Қоидаларнинг бузилиши уни қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга асос бўлиши мумкин.
11-боб. Қайта кўриб чиқиш ва ўзгартириш киритиш тартиби
38. Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти, адлия органлари ва муассасаларининг тамойиллари ва талабларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганда мазкур Қоидалар адлия органлари ва муассасаси раҳбарининг буйруғига асосан қайта кўриб чиқилиши ва янгиланиши лозим.