Коррупцияга қарши курашда хорижий мамлакатлар тажрибаси

Коррупция муаммоси сўнги йилларда халқаро миқёсда трансмиллий жиноят сифатида халқаро ташкилотлар томонидан кенг муҳокама қилинаётган мавзу ҳисобланади. Ҳатто, айрим сиёсатчилар томонидан коррупцияга глобал инқирозни келтириб чиқарувчи омил сифатида ҳам таъриф берилади. Коррупциянинг халқаро муносабатларга таъсирини ўрганган тадқиқотчилар эса, ривожланган “биринчи дунё” мамлакатлари коррупция ёрдамида ўзларига маъқул келмаган ҳукуматларни ағдариб ташлаши, ўзларига хайрихоҳ режим ўрнатиши, амалдаги ҳокимиятга оппозицияни моддий таъминлаш имкониятига эга бўлади деган хулосани билдиришган.

Барча хорижий мамлакатлар амалиётида коррупциянинг олдини олишда самарали криминологик тадқиқотлардан фойдаланишга алоҳида эътибор берилади. Хусусан, Скандинавия давлатлари - Дания, Финляндия, Исландия, Норвегия ва Швеция адлия вазирлари томонидан 1962 йилда ташкил этилган Криминология бўйича Скандинавия кенгаши бу мамлакатларда жиноятчиликка қарши кураш сиёсатини шакллантиришда иштирок этишади. Кенгашнинг асосий мақсадлари – иштирокчи мамлакатларда криминология тадқиқотларни мувофиқлаштириш, жиноятчиликка қарши кураш бўйича ҳукуматларга тавсиялар ишлаб чиқиш ҳисобланади. Бу мамлакатлардаги жиноят-ҳуқуқий доктринада ахлоқий категориялар ва ижтимоий қадриятлар тизими алоҳида ўрин тутади. Криминология бўйича Скандинавия кенгаши 15 та аъзодан – ҳар бир давлатдан учтадан вакил, иккитаси таниқли криминолог ва битта адлия вазирлиги вакилидан иборат . Скандинавия мамлакатлари аҳолиси ҳуқуқий онгига ижтимоий тенглик ғояси, жамоатчилик ва юридик институтларга ишонч, шахс даражасида ҳар хил ҳодисаларга бағрикенг-лик, шунингдек, “жиноят”, “жиноятчи”, “жазо” ва “жавобгарлик” сингари ҳуқуқий категорияларга нисбатан намоён бўлувчи умумий адолат ҳисси хос ҳисобланади . Умуман Скандинавия мамлакатлари учун жиноятчиликнинг ижтимоий илдизлари асосий криминоген доминант деган қараш устунлик қилади. Скандинавия давлатлари тажрибаси шуни кўрсатадики коррупцияга қарши самарали курашни ташкил қилиш учун криминологик тадқиқотларни янада ривожлантириш, бунда ҳуқуқ йўналишидаги олий ўқув юртлари ва илмий муассасалар криминология соҳасидаги тад-қиқотларни мувофиқлаш­тириш мақсадга мувофиқдир . Шуни айтиш лозимки, Трансперенси Интернейшнл (Transparency International) ташкилоти томонидан 2009 йилда эълон қилинган жаҳон мамлакатларининг коррупциялашганлиги даражасини акс эттирувчи рейтингда Скандинавия мамлакатларида бу кўрсаткич энг паст даражада эканлиги қайд этилган. Унга кўра, Янги Зеландия, Дания, Сингапур, Швеция, Швейцария, Финляндия мамлакатлари бу борада энг паст кўрсаткичга эга бўлган давлатлар ҳисобланади.

Коррупция, энг аввало, ҳар қандай мамлакатда давлат аппаратининг халқ олдидаги минимал мажбуриятларини бажаришда ожизлигини англата­ди. Бу Африка, Лотин Америкаси ва Осиёнинг кўпгина ривожланаётган давлатларини ҳам қамраб олган ва мазкур мамлакатлар учун жиддий муаммолардан бири ҳисобланади. Бу мамлакатларнинг барчасида коррупция халқнинг қашшоқлиги, мамлакатнинг қолоқлигига сабаб бўлмоқда. Хусусан, Гонконгда ташкил этилган Коррупцияга қарши курашувчи мустақил комиссия мазкур фаолиятда муваффақиятли ва кескин чораларни амалга ошира олувчи институтларга намуна бўлиши мумкин. Ҳокимият идоралари фаолиятини синч-ковлик билан – расмий институтлар, алоҳида фуқаролар томонидан мониторинг қилиб бориш, шунингдек, айбдорларни суд таъқиби Гонконгдаги коррупцияга қарши курашнинг асоси сифатида хизмат қилади.

АҚШда коррупцияга қарши курашга қаратилган махсус қонун ҳужжати қабул қилинган. “Foreign Corrupt Practices Act” деб номланган мазкур қонун ҳужжати Америка компанияларини шартномалар тузишда имтиёзлар ва кафолатлар олишда хорижий мансабдор шахсларга пора берганлик учун жавобгарлигини белгилайди.

Сингапурнинг собиқ бош вазирларидан Ли Куан Ю (1959-1990) “Қачонки ҳокимият халқ ишончини оқлаш учун эмас, шахсий бойлик орттириш мақсадида фаолият юрита бошласа, бу ахлоқ муаммоси ҳисобланади. Узоқ вақт мавжуд бўлишини истаган жамият ҳалоллик принципига амал қилиши лозим, акс ҳолда жамият яшай олмайди. «Коррупцияни тўхтатиб қолишнинг энг осон усули мансабдор шахсларнинг ўз билганларича ҳаракат қилишлари имкониятларини камайтиришда» деган эди . Шуни таъкидлаш жоизки, Сингапурнинг коррупцияга қарши сиёсати бу миллий қадриятларга амал қилишдан кўра кўпроқ зарурият туфайли амалга оширилди. Сингапур хорижий инвестицияларни мамлакатга жалб қилиш учун уларни нотўғри мақсадларда фойдаланиш имкониятини йўққа чиқарди. Трансперенси Интернейшнл (Transparency International) ташкилоти эълон қилган 2009 йил мамлакатларнинг коррупциялашганлиги даражасини акс эттирувчи рейтингда Сингапур коррупция даражаси паст бўлган учинчи, Осиё мамлакатлари ичида эса, биринчи ўринда туриши қайд этилди. Мамлакатда содир этилган айрим коррупция ҳодисалари рўй берганда унинг иштирокчилари тергов қилиниб, айбдорлар судланиб жазога тортилган. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, коррупцияга қарши кураш узлуксиз давом этмоқда. Сингапурда коррупцияга қарши курашга раҳбарлик бевосита сиёсий раҳбарлар ва мансабдор шахсларнинг ўзлари томонидан амалга оширилади ва бу жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланади. Коррупция­га қарши курашга ихтисослашган орган Коррупция ҳодисаларини тергов қилиш Бюроси ҳисобланади. Бу мустақил орган коррупция билан боғлиқ ишларни тергов қилади ва Сингапур иқтисодиётининг давлат ва хусусий секторида унинг олдини олиш чора-тадбирларини кўради. Бюро 1952 йилда ташкил этилган, унинг ваколатлари “Коррупциянинг олдини олиш тўғрисида”ги Актда белгилаб қўйилган. Унинг раҳбари директор ҳисобланади ва бевосита Бош вазир олдида ҳисобдор саналади. Бу бирор-бир вазирнинг унинг фаолиятига аралашишига, терговни тўхтатиш ва бошқача таъсир қилиш мумкин эмаслигига хизмат қилади. Бюрога давлат хизматида ҳалоллик ва сотилмаслик принципи амал қилиши, хусусий секторда коррупция аралашмаган битимлар тузилиши учун жавобгарлик юклатилган. Шунингдек, унинг вазифалари қаторига давлат мансабдор шахсларининг ўз вазифаларини суистеъмол қилиш ҳолатларини текшириш ва шундай ҳолатлар аниқланганда тегишли органларга интизомий жавобгарликка тортиш ҳақида маълумотлар бериш вазифалари ҳам киради. Бюро давлат органларининг коррупция-лашиши сабабларини, коррупцияга олиб келиши мумкин бўлган давлат хизматининг заиф томонларини ҳам ўрганади. Сингапурда (Молия вазирлиги) 1973 йил июл ойидан бошлаб махсус коррупцияга қарши кураш Дастури амалга оширила бошланган. Дастурда қисман қуйидагилар назарда тутилган эди: фуқаролар ва ташкилотлар ўртасидаги алоқаларни турли хил сансалорликлар ва судрашларга йўл қўймаслик мақсадида такомиллаштириш; юқори турувчи мансабдор шахсларнинг қуйи турувчи мансабдор шахслар устидан назоратни амалга оширишда ошкораликни таъминлаш; барқарор коррупциявий боғланишларнинг олдини олиш мақсадида мансабдор шахслар ротациясини киритиш; тўсатдан текширишлар ўтказиш; коррупцияга қарши курашда муҳим ҳисобланган маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш; коррупцияга қарши кураш чоралари мажмуини ҳар 3-5 йилда қайта кўриб чиқиш.

Ўтган асрнинг 90-йилларида япон тадқиқотчилари коррупциявий жиноятчиликни камайтиришда: ҳокимият тузилмалари фаолияти тўғрисида маълумотларни ошкоралаштириш, мансабдор шахсларни назорат қилиш учун марказий ва маҳаллий миқёсда мустақил омбудсман институтини жорий этиш, шу турдаги жиноятларга қаттиқ жазо тайин-лаш (депутатликка сайланишдан маҳрум қилиш, умрбод юқори лавозимга кўтарилишдан маҳрум қилиш, сайлов гуруҳидаги шунга алоқадор кишиларни жазолаш), сайлов компанияларини молиялашни тўла давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширишни таклиф этган эдилар. Японияда коррупцияга қарши курашиш билан бирга нотўғри(туҳматдан) пора олиш ҳақида хабар бериш ҳам, пора олувчиларга нисбатан белгиланган жазога – уч йил муддатга каторга жазоси ёки жарима жазосига тортилиши мумкин. Жиноят қонунчилигида амалга оширилган ислоҳотлар орқали бир қатор мансабдорлик жиноятларига бериладиган жазолар оғирлаштирилди. Масалан, давлат ва жамоат арбобларининг мансабдорлик ваколатлари билан ҳокимиятни суистеъмол қилишига 2 йилгача каторга ёки турма қамоғи жазоси белгиланди. Илгари бундай жиноят учун шахс 6 ойгача шундай жазога тортиларди.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш ҳар бир давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Коррупцияга қарши муваффақиятли кураш тизимини барпо этиш бу борада кенг кўламли халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ҳамда унга танқидий ёндошган ҳолда миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этишни тақозо қилади.

Х.Мелиев, Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи


Рўйҳатга қайтиш