ЖИНОЯТ ИШЛАРИНИ ЮРИТИШНИНГ КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ БОРАСИДАГИ АҲАМИЯТИ

Коррупцияга қарши кураш соҳасида қилмиш учун жиноий жавобгарлик белгилаш каби жиноий-ҳуқуқий; БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1990 йилда қабул қилинган “Ривожланиш учун жиноятчиликни олдини олиш ва одил жиноий судлов соҳасида ҳамкорлик борасидаги тавсиялар” сингари ҳалқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш каби воситалардан ташқари, жиноий процессуал воситаларни қўллаш ҳам самарали ҳисобланади.

Зеро, жиноят ишларини юритишда тезкорлик ва ҳақиқатни аниқлаш учун зарур бўлмаган айрим процессуал ҳаракатлардан воз кечиш орқали судланувчи, жабрланувчи ва жиноят-процессининг бошқа иштирокчиларини ҳуқуқларини кафолатлаш, жиноят ишини юритишга масъул бўлган шахсларни ўз вазифаларини суистеъмол қилишларини, яъни коррупцияга йўл қўйишларини олдини олишга хизмат қилади.

Бу борада жиноят судлов ишларини соддалаштирилган тартибда юритишни такомиллаштириш масалаларини ўрганиш шунингдек, хорижий мамлакатларда мавжуд тартибот билан қиёсий таҳлил қилиш долзарб масалалар қаторига киради.

Назаримизда, ҳар қандай давлат учун жиноят судлов ишларини юритишнинг самарадорлигини ошириш масаласини ҳал этиш усулларидан бири жиноят судлов ишларини юритиш жараёнига соддалаштирилган усулларни киритиш ҳисобланади.

Кейинги пайтларда жиноят судлов ишларини соддалаштирилган тартибда юритишга оид нормаларни такомиллаштириш масалалари кўп таҳлил қилинмоқда, уларни жиноят процессининг одил судлов вазифаларини таъминлаш, судлов ишларини юритиш иштирокчиларининг ҳуқуқларига риоя қилинишини кафолатлашга оид қоидаларини қўллаган ҳолда ишларни юритишни максимал тарзда тезлаштириш ва уларни соддалаштирилган тартибда юритиш мақсадига эришишга қаратилган.

Соддалаштирилган тартибда юритиш механизмининг мавжуд эмаслиги ёки униг кам қўлланилиши тергов жараёнининг чўзилиб кетилишига, суд муҳокамаси жараёнидаги кўплаб танаффузларга ва суд ҳужжатлари қабул қилинишини кечиктирилишига олиб келади.

Шу муносабат билан ҳалқаро ҳамжамият олдида одил судловни самарадорлигини оширишга қаратилган вазифа яъни, жиноят ишининг бошланиши ва у юзасидан суд ҳужжати қабул қилинишига қадар бўлган муддатни қисқартириш – жиноят судлов ишларини юритиш жараёнига соддалаштирилган тартибни киритиш масаласи турибди. БМТнинг нуқтаи назарига кўра “соддалаштирлиган тартиб” (“summary proceedings”) бу – одил судлов тизимини юқори сифатда самарадорлигини ва ҳаражатларни камайтириш орқали суд муҳокамасини тезлаштирилишини таъминлашга қаратилган тартиб бўлиб ҳисобланади.

Турли мамлакатларнинг процессуал қонунчилиги соддалаштирилган, тезкор тартибда судлов ишларини юритишга оид бир хил мақсадга йўналтирилган қоидаларни белгилаган бўлиб, бироқ улар бир-биридан ўзининг моҳияти бўйича фарқ қилади. Америка қўшма штатлари ва Ғарбий Европа мамлакатларида соддалаштирилган тартибда судлов ишларини юритишнинг шаклларидан бири бўлиб “айбни тан олиш ҳақидаги битим” ҳисобланади. Бу босқичда судъя оқилона муддатда жиноят ҳақиқатда содир этилганлиги ва уни содир этишда айнан шу шахс айбдор эканлигини ҳал қилиш учун далиллар билан танишади. Натижада судъя шахснинг уни айбдор деб топиш ҳақидаги аризаси ўз хоҳиши ва айбига тўлиқ иқрор бўлган ҳолда қилинганлиги ҳақида суд буйруғини чиқаради.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, судлов ишларини соддалаштирилган тартибда юритишнинг асоси ҳақиқатни билишга қаратилган бўлиши лозим. Айбни тан олишга қаратилган айблов иш бўйича бошқа далиллар билан ҳам исботланган бўлиши лозим. Ҳуқуқий назарияда ҳақиқатни билиш тушунчаси айбланувчининг ўз айбига иқрор бўлиши ва у ишдаги мавжуд объектив далиллар билан исботланганлигига асосланади.

Суднинг айбни тан олиш ҳақидаги битимни тузиш жараёнидаги роли унда адолат ва қонунийликни таъминлаш бўлиб ҳисобланади. Биринчидан, суд битим тузиш жараёнида иштирок этиб, унинг адолатлилигини кафолатини таъминлаши мумкин бўлса, иккинчидан, суд айбланувчи ўз айбига ҳеч қандай тазйиқ ёки таҳдидларсиз иқрор бўлганлигига амин бўлиши лозим.

Англо-саксон жиноят процесси ҳақиқатни аниқлаш презумциясидан келиб чиқса, континентал давлатлардаги соддалаштирилган тартибда иш юритиш жараёнида тузиладиган битимлар эса, бунда суд текширувининг объекти шахснинг ўз айбига иқрор бўлишининг ҳақиқийлигидан эмас, балки айбланувчининг айблов хулосаси билан келишилган жараёнининг қонуний қайд этилганлиги муҳим аҳамият касб этади.

Соддалаштирилган тартибда иш юритиш жараёни ҳам одил судловни амалга оширишнинг конституциявий тамойилларига мос бўлиши лозим, яъни шахс фақат ўз айбига иқрор бўлганлиги факти билан судланмаслиги лозим.

Россия Федерациясининг амалдаги ЖПК ишларни соддалаштирилган тартибда юритишнинг Америка ва континентал Европа тизимларини ўзида мужассамлаштирган. Россия Федерацияси ЖПКнинг 316-моддаси 5-қисмига кўра, соддалаштирилган тартибда иш юритишда суд умумий тартибда далилларни текширмайди ва уларга баҳо бермайди. Натижада суд муҳокамасининг бир бочқичи бўлган суд тергови жараёни соддалаштирилади.

Италия, Испания Партугалия ва бошқа баъзи Европа давлатларида эса бундай битим бошқача шаклда, яъни айблов билан келишув шаклида намоён бўлади. Ушбу шаклнинг объекти айбнинг ўзи эмас, балки айбланувчининг айблов хулосаси билан розилиги бўлиб ҳисобланади. Айбланувчи ушбу ҳолатда ўзини айбдор деб тан олмаслиги ҳам мумкин. Бироқ, бундай розилик мавжуд бўлганда суд муҳокамасида суд тергови босқичи ўтказилмайди.

Латвия ЖПКга кўра, соддалаштирилган тартибда иш юритишнинг судга қадар жараёнида қўлланиладиган бир неча шакллари мавжуд. Айбни тан олиш ҳақидаги келишув тузилиши натижасида жиноят ишларини юритиш соддалаштирилган тартиби фақат айбланувчининг айблов хулосасининг ҳажми, таснифи ва келишув жараёнига розилигига асосланади. Айбни тан олиш ҳақидаги келишув тузилишига агар, жиноят иши юзасидан бир неча айбланувчи бўлса йўл қўйилмайди. Бироқ, вояга етмаган айбланувчилар билан вакилларининг розилиги асосида бундай келишув тузилишига рухсат этилади.

МДҲ давлатларида эса суд терговини соддалаштирилган тартибда юритиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Масалан, Белоруссия Республикаси ЖПКнинг 237-моддасига кўра, суд айбланувчи ўз айбига иқрор бўлган ҳолатда айбланувчини сўроқ қилиб бўлгандан кейин тарафлар тақдим этган далилларнигина текшириш билан чекланишига ёки суд терговини тамомлаган деб эълон қилиб, тарафлар музокарасига ўтиш ҳуқуқи назарда тутилган. Ушбу ҳолатда суд тергови судланувчининг сўроқ қилиш ва айбига ўз хоҳиши ҳамда онгли равишда иқрор бўлганлигини аниқлаш билан чекланади. Далилларни текширишда эса, тарафлар кўрсатган далилларгина текширалади. Бироқ Белоруссия ЖПКга кўра, судъя соддалаштирилган тартибнинг оқибатларини, яъни унинг қўлланилиши келгусида текширилган далилларни асос қилиб суд ҳукми шикоят қилиниши мумкин эмаслигини тушунтириши лозим. Агар судланувчига келгусида қўлланилаётган санкцияда ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши назарда тутилган бўлса, бундай суд муҳокамаси соддалаштирилган тартибда ўтказилиши мумкин эмас.

Қозоғистон Республикаси процессуал қонунчилигига кўра, жиноят судлов ишларини соддалаштирилган тартибда юритишнинг икки усули назарда тутилган. Қозоғистон Республикаси ЖПКнинг 361-моддасига кўра, давлат айбловчиси далилларни текширишни чеклаш юзасидан илтимоснома билан мурожаат қилиш ҳуқуқи эга бўлиб, бунда илтимоснома тақдим этулгунга қадар текширилган далиллар билан суд тергови чекланишини сўраши мумкин. Яъни, суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг бу юзасидан фикр-мулоҳазаларини эшитади. Бундай илтимоснома билан ҳимоя тараф ҳам мурожаат қилиш ҳуқуқига эга, у фақатгина судланувчининг вакиллари томонидан тақдим этилган далиллар текширилишидан воз кечиши мумкин. Суд ҳимоя томоннинг бундай илтимосномасини қаноатлантиришга мажбур. Соддалаштирилган тартибда иш юритишнинг иккинчи усули қуйидаги шартлар мавжуд бўлганда қўлланилиши мумкин:

- айбланувчи ўз айбини тан олганда;

- жиноят ишини юритишда қонун бузилишига йўл қўйилмаганда;

- тарафлар далилларнинг йўл қўйилганлиги ёки дахлдорлиги юзасидан эътироз билдирмаганда;

- тарафлар далилалрни текширишдан воз кечганда.

Суд тергови ушбу талабларга риоя қилган ҳолда судланувчи ва жабрланувчини сўроқ қилиш билан чекланади.

Молдовия Республикаси жиноят судлов ишларини юритиш соҳасида соддалаштирилган тартибнинг бошқача шакли – айбни тан олиш ҳақидаги келишув ҳисобланади. Молдовия Республикаси ЖПКга кўра, айбни тан олиш ҳақидаги келишув деганда давлат айбловчиси ва айбланувчи ўртасидаги келишув назарда тутилади. Айбни тан олиш ҳақидаги келишув ёзма шаклда ҳимоячи, айбланувчи ёки судланувчининг иштирокида ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унга оғир бўлмаган ёки оғир жиноятлар бўйича тузилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал қонунчилиги ҳам жиноят ишларини юритишни соддалаштиришга оид нормалар назарда тутилган бўлиб, улар ҳам жиноят ишини тезкор суръатларда, ортиқча вақт сарф қилмасдан ҳал этишга, жиноят ишини юритишга масъул бўлган шахсларнинг ўз вазифаларини суисътемол қилишини олдини олишга қаратилган. Жумладан, жиноий жазоларни лебераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг ЖПКга киритилган ўзгартиришга кўра, процессуал қонунчилигида ярашув институти жорий этилди. Ярашув институти жиноий жавобгарликдан озод қилиш тури сифатида шахснинг айбдорлиги масаласини ҳал этмай туриб жиноят ишларини тугатиш учун асос бўлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 84-моддасида жиноят судлов ишларини соддалаштирилган тартибда юритишга қаратилган нормалар бегиланган бўлиб, унга кўра, жиноят иши қуйидаги ҳолларда шахснинг розилиги билан унинг айблилиги ҳақидаги масалани ҳал қилмай туриб тугатилиши мумкин, башарти:

1. ишни тергов қилиш ёки судда кўриб чиқиш пайтига келиб, қилмиш ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотган ёхуд вазият ўзгариши оқибатида бу шахс ижтимоий жиҳатдан хавфли бўлмай қолган деб эътироф этилса;

2. ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унга оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган бўлса;

3. содир этилган қилмишнинг хусусиятини, биринчи марта ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этганнинг шахсини ҳисобга олиб, материалларни вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга қараб чиқиш учун бериш мақсадга бўлса.

Юқорида қайд этилган институтлар таҳлили шуни кўрсатадики, уларнинг мақсади ягона – судлов ишларини юритиш тартибини соддалаштириш, жиноят судлов ишларини юритиш иштирокчиларининг кучи ва вақтини тежаш, жиноят ишларини юритишга масъул бўлган шахслар томонидан ўз мансаб ваколатларини суистеъмол қилишларини олдини олишга қаратилган. Жиноят судлов ишларини юритиш тартибини соддалаштириш институтини хориж тажрибаси ва мамлакатимизда шаклланган амалиётдан келиб чиқиб, назарий жиҳатдан тадбиқ қилиш орқали қонун нормаларини такомиллаштиришга эришиш мумкин.

Соддалаштирилган тартибда иш юритиш бўйича халқаро амалиёт шуни кўрсатадики, айнан дастлабки тергов жараёнида тарафлар иш юзасидан ўзаро келишувга эришадилар. Шунинг учун ҳам шахснинг ҳуқуқлари чекланишини олдини олишга қаратилган қўшимча механизмларни ишлаб чиқишни талаб этади. Бундан ташқари, жиноят содир этган шахснинг ўз айбига иқрор бўлиши тергов органларини иш учун аҳамиятли ҳолатларни аниқлаш мажбуриятидан озод қилмаслиги процессуал қонунчиликда назарда тутилганлиги муҳим аҳамият касб этади.

Яна бир ҳолат, жиноят процессуал қонунчилигида соддалаштирилган тартибда иш юритилганда тарафларнинг музокарасини ҳам соддалаштириш масаласини ҳал этиш талаб этилади. Чунки тарафларнинг музокара билан чиқишлари суднинг соддалаштирилган тартибда иш юритишдан кўзланган мақсади – иш ҳажмини камайтирилишига эришиб бўлмайди.

Хулоса қилиб айтганда, соддалаштирилган тартибни қўллаётганда ёки уни қўллашни такомиллаштиришда шахс учун унинг оқибати оғир ҳолатларга олиб келмаслиги, жиноят содир этилганидан жабрланган шахсларнинг манфаатлари ҳисобга олиниши, фактик ҳолатларни аниқлашга қаратилган белгиларнинг мураккаб эмаслигига оид шартларга риоя қилиниши, жиноят ишини юритишга масъул бўлган шахсларнинг ўз мансаб ваколатларини суистеъмол қилишларини олдини олувчи нормалар билан бойитилиши лозим.

Шерзод Ҳайдаров, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ходими 


Рўйҳатга қайтиш