Пора олиш ҳам, бериш ҳам жиноят

ИСТИҚЛОЛ йилларида мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган кенг қамровли ўзгариш ва янгиланишлар амалда кутилган самараларни бермоқда. Айтиш жоизки, бу борадаги туб ислоҳотлар ўз моҳиятига кўра, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашга хизмат қилиши баробарида, кўплаб юртдошларимиз тақдирида том маънода ижобий ўзгаришлар ясамоқда. Жорий йилнинг 14 май куни қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги Қонун бу борада амалга оширилаётган эзгу ишларнинг мантиқий давоми бўлди, десак янглишмаймиз. Мазкур Қонунга мувофиқ Жиноят кодексининг 211 ва 212-моддалари янги таҳрирда баён этилди.

Айтиш жоизки, порахўрлик ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш жамият учун ижтимоий хавфи юқори ва оғир оқибатларга олиб келувчи жиноятлар тоифасига киради. Ушбу жиноятлар жамиятнинг маънавий-ахлоқий негизига путур етказибгина қолмай, янги жиноий қилмишлар содир этилишига ҳам йўл очиб бериши мумкин. Шу боис, пора берганлик ва пора олиш-беришда воситачилик қилганлик учун жиноий жазоларнинг кучайтирилгани салбий ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Мазкур Қонунга мувофиқ Жиноят кодексининг 211-моддасида назарда тутилган жазо чоралари бирмунча кучайтирилди ва 210-модданинг санк­цияси билан тенглаштирилди.

Жиноят кодексининг 211-моддаси тўртинчи қисмидан "Башарти, шахсга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилади", деган рағбатлантирувчи меъёр ўрин олган.

Ўзига нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган ёки пора олиш-беришда воситачилик қилган шахс, жиноий ҳаракатлар содир этилганидан сўнг ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилган ҳолларда, Жиноят кодексининг 237-моддаси тартибида огоҳлантирилади ҳамда чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган тақдирда жиноий жавобгарликдан озод этилиши тушунтирилади.

Агарда ариза пора олиш-бериш жинояти иштирокчиларидан бири томонидан берилиб, бу ҳақда бошқа иштирокчилар мурожаат қилмаган бўлса, ариза билан мурожаат этган шахсдан ташқари бошқа иштирокчилар (ташкилотчи, бажарувчи, далолатчи, ёрдамчилар) жавобгарликдан озод қилинмайди.

Товламачилик йўли билан пора сўралганлиги ёки пора берилганлиги ҳақида ихтиёрий арз қилиш асосида пора берувчи ва воситачининг Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддаси, 1-қисми, 8-банди билан жиноий жавобгарликдан озод қилиниши, бу шахсларнинг ҳаракатида жиноят таркиби йўқлигини англатмайди. Шу сабабли улар жабрланувчи сифатида эътироф этилмайди ва пора тариқасида берилган қимматликлар қайтариб берилишини талаб қилишга ҳақли эмас.

Пора сўраб товламачилик қилинган ёки пора олиш-беришда воситачилик қилган шахсни жавобгарликдан озод қилиш: товламачилик йўли билан пора талаб қилинган ҳолат далиллар билан тўлиқ тасдиқланганида; ариза қонунда назарда тутилган муддатда, яъни ўттиз сутка мобайнида тақдим қилинганида; ҳар қандай ноқонуний ташқи таъсирлардан (жисмоний, руҳий) холи тарзда ўз ихтиёри билан арз қилинганида; пора берганлик ва воситачилик қилганлик ҳақида ариза берган шахс содир этган жиноий қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлик билдирган ва ушбу жиноятни очишда фаол иштирок этган тақдирда жавобгарликдан озод қилинади.

Маълумки, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қи­лиш жиноятларида по­ра олувчи поранинг лоақал бир қисмини олган пайтдан тугалланган, деб топилади ва бўлиб-бўлиб пора берилганида қонунда назарда тутилган ўттиз сутка дастлабки пора бериш амалга оширилган куннинг эртасидан бошлаб ҳисобланади.

Тергов ёки суриштирув даврида аниқланган ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга олдиндан маълум бўлган пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш ҳолатлари юзасидан берилган ариза жиноий жавобгарликдан озод қилишга асос бўлолмайди ва шахснинг жавобгарлик масаласи қонунда белгиланган умумий тартибда ҳал қилинади.

Ўзига нисбатан пора сўраб, товламачилик қилинган ёки пора олиш-беришда воситачилик қилган шахснинг аризаси ҳар бир ҳолатда Жиноят-процессуал кодексининг 22, 95-моддаларига асосан синчковлик билан ҳар томонлама тўла ва холисона текширилиши керак, аризачининг кўрсатмаларидан таш­қари бошқа объектив далиллар аниқланмаганида жиноят иши қўзғатилишига, шахснинг қамоққа олинишига, жиноий жавобгарликка тортилишига йўл қўйилмайди.

Ушбу кодекснинг 23-моддаси талабларига асосан, ҳар қандай ҳолатда айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти, уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг фойдасига ҳал этилади.

Агар тасаввур қилинган пора мансабдор шахс томонидан олинмаган ёки олишдан бош тортилган бўлса, пора беришга ҳаракат қилган шахснинг ҳаракатини пора бериш учун суиқасд қилиш тарзида таснифлаш талаб этилади. Аммо пора бериш ва олиш нафақат мансабдор шахснинг ўзи уни олганида, балки унинг ихтиёри ёки унинг топшириғи бўйича уни бошқа шахслар қабул қилганида ҳам тугалланган жиноят ҳисобланади.

Бошқа шахсга пора бериш йўли билан исталган ҳаракат ёки ҳаракатсизликка эришишни таклиф қилган шахс пора берувчи тариқасида жавобгар бўлади, пора учун келишилган ҳаракатни бажаришга келишган ва порани топширган шахс эса пора беришда иштирокчи тариқасида жавобгар бўлиши лозим. Агар у таклифнинг моҳиятини билган ҳолда порани фақатгина тақдим этса, унинг ҳаракати порахўрликда воситачилик тариқасида квалификация қилиниши керак.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши амалда қилмишидан пушаймон бўлганлиги муносабати билан шахсни жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод этиш институтининг амалиётда тўғри ва бир хилда қўлланилишига хизмат қилади.

Мамадали АҲМЕДОВ, жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судининг судьяси 


Рўйҳатга қайтиш