Репродуктив саломатлик ва никоҳ ёши

Дата: 16.02.2016    

Оилада соғлом муҳитни яратиш ота-онага, аввало аёлнинг маънавияти, жисмонан соғломлигига боғлиқ. Мамлакатимизда оилаларнинг барқарорлигини таъминлаш учун зарур бўлган барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Оила масаласига давлат сиёсати даражасида қаралаётгани келажак авлод баркамоллиги, жамият тараққиёти, эл-юрт фаровонлиги учун қилинаётган ғамхўрликдир. Ўз навбатида масъулият ва бурчни ҳис этадиган эр ва аёл маънавиятини шакллантириш учун, аввало, қизларимизни оилавий ҳаётга тайёрлаш зарур.

Ҳар йили юртимизда 200 мингдан зиёд оила никоҳи қайд этилади. Аммо, уларнинг ҳаммаси ҳам рисоладаги, барқарор оилалар мақомига эга бўла олармикан? Айримлар никоҳсиз яшашни ўзларига эп кўради, оқибати ўйлаб ҳам кўрилмайди. Бунга оила илмининг етишмаслиги, деб қараш мумкин.

Ҳозирги кунда никоҳ ёши қизлар учун 20-22, йигитлар учун 24-26 бўлиши оиланинг мустаҳкамлигини таъминлайди, деган мулоҳазалар ҳам ўртага ташланяпти. Чунки, эрта турмуш қурганларда оила аталмиш неъматни қадрлаш лаёқати етишмайди. Шу ўринда ёшларнинг тиббий-ҳуқуқий маданиятини шакллантириш, оила масъулиятини кучайтириш, бунда аёл – онанинг ролини алоҳида таъкидлаш жоиз. Оқила, солиҳа уй бекалиги қизларимиздан билимдонлик, зукколик, омилкорликни талаб этади. Демак, етарли маълумот ҳаётда энг зарур омил эканлигини қизларимиз яхши тушунишлари керак. Келин бўлиш, аввало, бурч ва масъулият эканлигини ҳам анг-лашлари лозим. Бундай аёлларимиз кўп орамизда, улар ўз фарзандларини ҳам шукру қаноатга ўргата оладилар.

Оиланинг маънавий қиёфаси эр ва хотиннинг нечоғлик билимли, фаросатлилигига боғлиқ. Ҳаётнинг синовларига дош бериш, ҳар қандай шароитда ҳам оталик, оналик масъулиятини унутмаслик – бу ҳақиқий жасорат эмасми? Қолаверса, шундай тинч, ҳур замонда бар¬қарор оила соҳиби бўла олмаслик масъулиятсизликдир.

Оила барқарорлигининг муҳим омили бу – соғлик, омонлик. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, она ва бола фаровонлиги учун шарт-шароит яратиш ҳам давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан. Бунинг учун репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш зарур. Репродуктив саломатлик дегани нафақат аёллар, балки репродуктив тизимдаги барча касалликлар ва камчиликларни бартараф этиш, инсондаги жисмоний, ақлий ва ижтимоий ҳолатнинг тўлиқ уйғунлигидир. Асосийси – бехатар ҳомиладорликни таъминлаш. Бунинг учун бўлғуси оналар – қизларимизнинг саломатлигини назорат қилиш, тиббий кўриклардан ўтказиб туриш зарур. Шунингдек, кийиниш маданиятига ҳам эътибор бериш керак.

Оила илмининг қирралари бисёр. Зарур билим ва кўникмаларга эга бўлган ибратли оила соҳиблари кўп орамизда. Уларнинг йиллар давомида орттирган ҳаётий тажрибалари, бу оилаларда тарбия топган баркамол, етук ўғил-қизлар ҳар бир ёш оила соҳибларига ўрнак бўлиши керак.

Г.Эргашова, Мирзаобод туман ФҲДЁ бўлими инспектори