НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ ТАКИЛОТЛАРИ УЧУН МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ БЎЙИЧА ИШ БЕРУВЧИЛАР УЧУН УСЛУБИЙ ҚЎЛЛАНМА
НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ ТАКИЛОТЛАРИ УЧУН МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ БЎЙИЧА ИШ БЕРУВЧИЛАР УЧУН
УСЛУБИЙ ҚЎЛЛАНМА
Мазкур услубий қўлланма ташкилотдаги меҳнат муносабатларини тўғри ташкил этиш ва бошқа меҳнат муносабатларини тартибга солиш учун ишлаб чиқилган.
Ташкилот томонидан биринчи навбатда қуйидагилар:
ü ташкилотнинг регламенти (устав, низоми);
ü штатлар жадвали;
ü ходимларнинг лавозим йўриқномалари;
ü ташкилотнинг ички меҳнат тартиби қоидалари ва жамоа шартномалари (Ўз.Рес.МК-296-м, АВ тартиб рақами - 746-сон);
ü “Моддий рағбатлантириш тўғрисида”ги низом;
ü айрим тоифадаги ходимларга бериладиган қўшимча кафолат ва имтиёзлар белгиланган бўлса, бу бўйича локал ҳужжат ишлаб чиқилиб, тасдиқланади.
Ишга қабул қилиш вақтида талаб қилинадиган ҳужжатлар
Ишга қабул қилиш чоғида талаб этиладиган ҳужжатлар (Ўз.Рес.МК-124-м):
паспортни ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатни ёхуд идентификацияловчи ID-картани, ўн олти ёшгача бўлган шахслар эса туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани ёки идентификацияловчи ID-картани;
охирги иш жойи бўйича тасдиқланган қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасини ёки электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани, бундан биринчи марта ишга кираётган шахслар мустасно. Ўриндошлик асосида ишга кираётган шахслар меҳнат дафтарчасининг ўрнига асосий иш жойидан олинган белгиланган намунадаги маълумотномани тақдим этади;.
ҳарбий хизматга мажбурлар ёки чақирилувчилар учун тегишинча ҳарбий гувоҳномани ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳномани;
олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълим ташкилотини тамомлаганлиги тўғрисидаги дипломни, қайси ишни бажариш учун фақат махсус маълумотга ёки махсус тайёргарликка эга бўлган шахслар қўйилиши мумкин бўлса, ўша ишга кириш чоғида ушбу ишни бажариш ҳуқуқига доир гувоҳномани (сертификатни) ёхуд бошқа тегишли ҳужжатни;
солиқ тўловчининг идентификация рақамини;
жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини (мавжуд бўлганда);
жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасини, бундан биринчи марта ишга кираётган шахслар мустасно.
Иш берувчи:
биринчи марта ишга кирган, беш кундан ортиқ ишлаган шахсларга ва қонунчиликда ўзига нисбатан меҳнат дафтарчаларини юритиш назарда тутилмаган илгари ишлаган шахсларга меҳнат дафтарчасини расмийлаштириши;
илгари жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобда турмаган ходимларни бундай ҳисобга қўйиш учун чоралар кўриши шарт.
Ишга қабул қилиш чоғида ишга кираётган шахсдан ушбу Кодексда, шунингдек бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.
Ишга қабул қилиш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Буйруқ чиқариш учун ходим билан тузилган меҳнат шартномаси асос бўлади (Ўз.Рес.МК-127-м).
Биринчи марта ишга кираётган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномалари, меҳнат фаолиятини юритаётган ходимларнинг меҳнат шартномаларига киритилган ўзгартириш ва уларни бекор қилиш ҳолатлари “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекcидан рўйхатдан ўтказилади (Ўз.Рес.ВМҚ-971, 4502-сон).
Меҳнат дафтарчалари ташкилотнинг кадрлар хизматида сейф ёки қулфланадиган шкафда сақланади (Ўз.Рес.АВ рўйхат рақами-402-сон).
Меҳнат шартномасини бекор қилишни расмийлаштириш
Меҳнат шартномасини бекор қилиш ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар томонидан амалга оширилади ва буйруқ билан расмийлаштирилади (Ўз.Рес.МК-170-м).
Меҳнат шартномасини тарафларнинг келишувига кўра бекор қилиш меҳнат шартномасига доир қўшимча келишув билан ёзма шаклда расмийлаштирилади, унда меҳнат шартномаси бекор қилинадиган сана, қўшимча келишув тузилган сана ва тарафларнинг реквизитлари кўрсатилиши шарт (Ўз.Рес.МК-157-м).
Меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинаётганда, ходим Меҳнат кодексининг 165-моддасида назарда тутилган муддатларда ёзма шаклда огоҳлантирилиши керак.
Иш берувчининг буйруғида меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари ушбу Кодекснинг ёхуд тегишли қонуннинг моддасига (бандига) ҳавола қилинган ҳолда ушбу Кодекс ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар моддаларининг (бандларининг) таърифларига аниқ мувофиқ тарзда кўрсатилиши керак (Ўз.Рес.МК-170-м).
Меҳнат дафтарчасига меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисида ёзувлар ташкилот раҳбари ёки масъул ходимнинг имзоси ва муҳри билан тасдиқланади (Ўз.Рес.АВ рўйхат рақами-402-сон).
Иш берувчи меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ёхуд электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани, шунингдек меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг кўчирма нусхасини бериши шарт. Иш берувчи ходимнинг ёзма аризасига кўра унга иш билан боғлиқ ҳужжатларнинг тегишли равишда тасдиқланган кўчирма нусхаларини ҳам бериши шарт (Ўз.Рес.МК-171-м).
Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходим йўқ бўлганлиги ёки ҳужжатларни олишни рад этганлиги муносабати билан унга меҳнат дафтарчасини ёхуд электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани ҳамда меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг кўчирма нусхасини бериш имконияти бўлмаган тақдирда, иш берувчи кейинги иш кунидан кечиктирмай ходимга меҳнат дафтарчасини олиш учун келиши ёхуд меҳнат дафтарчаси почта орқали юборилишига розилик бериши зарурлиги ҳақида билдиришнома юбориши шарт (Ўз.Рес.МК-171-м,);
Таътилларни расмийлаштириш
Барча ходимларга, шу жумладан ўриндошлик асосида ишлаётган ходимларга дам олиш ва иш қобилиятини тиклаш учун иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда йиллик меҳнат таътиллари берилади
(Ўз.Рес.МК-216-м).
15 Ҳар йилги асосий энг кам меҳнат таътилининг давомийлиги йигирма бир календар кунни ташкил этади (Ўз.Рес.МК-217-м).
Барча ҳолларда қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган таътилларни жамлашда уларнинг умумий муддати эллик олти календар кундандан ошиб кетиши мумкин эмас.
Биринчи иш йили учун ҳар йилги меҳнат таътилидан фойдаланиш ҳуқуқи ходимда у ушбу иш берувчида узлуксиз ишлаган олти ой ўтганидан кейин юзага келади. Меҳнат шартномаси тарафларининг келишувига кўра ходимга ишлаган олти ой ўтгунига қадар ҳам меҳнат таътили берилиши мумкин.
Биринчи бор ташкил этилган ташкилотлар учун ходимларга биринчи иш йили учун ҳар йилги меҳнат таътили биринчи иш йили тугагунига қадар ушбу таътилни бериш шарти билан олти ой ишламасидан илгари ёки ундан кейин берилиши мумкин (Ўз.Рес.МК-227-м).
Таътилларни расмийлаштириш учун зарур бўлган ҳужжатлар:
Ø таътиллар жадвали;
Ø таътил бериш тўғрисида хабарнома;
Ø ходимнинг аризаси;
Ø таътил бериш тўғрисидаги буйруқ;
Ø шахсий варақа;
Ø иш вақтини ҳисобга олиш табели.
Иккинчи ва кейинги иш йиллари учун ҳар йилги меҳнат таътили иш берувчи ва ходим учун мажбурий бўлган таътиллар жадвали билан белгиланадиган ҳар йилги меҳнат таътилларини бериш навбатига мувофиқ берилади (Ўз.Рес.МК-228-м).
Йиллик таътилларни бериш навбати календар йил бошлангунга қадар иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ белгиланади.
Меҳнат кодексининг 228-моддасига мувофиқ, айрим ходимларга таътил уларнинг хоҳишига кўра ёзги ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда берилиши керак.
Таътил бериш вақти ҳақида ходимни таътил бошланишидан камида ўн беш кун олдин хабарнома орқали маълум қилинади.
Таътиллар жадвали ва ходимнинг аризасига кўра унга таътил бериш тўғрисида буйруқ расмийлаштирилади.
Иш вақтини ҳисобга олиш табелини юритиш
Ходимларнинг иш вақтини ҳисобга олиш табели (бундан буён матнда табел деб юритилади) тегишли таркибий бўлинмалар бошлиғи (раҳбар ўринбосари) ёки кадрлар хизмати ходими томонидан юритилади.
Табел кадрлар хизмати ходими томонидан юритилганда, ходимларнинг ҳақиқатда ишлаганлиги барча таркибий бўлинмалар бошлиқлари (раҳбар ўринбосари) имзоси билан тасдиқланади.
Табелни ўз вақтида расмийлаштириш учун меҳнатга лаёқатсизлик варақасини ходим ишга чиққан биринчи кунда кадрлар хизматига тақдим этилади (Ўз.Рес.АВ рўйхат рақами-1136-сон).
Меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси томонидан ишлаб чиқилган таклифлар ҳисобга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида бир вақтнинг ўзида белгиланади ҳамда ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан, мулкчилик шаклларидан ва идоравий бўйсунувидан қатъи назар, барча иш берувчилар учун мажбурийдир (Ўз.Рес.МК-245-м).
Табиий-иқлим ва турмуш шароитлари ноқулай бўлган жойларда меҳнат ҳақига туман коэффициентлари ва устамалар белгиланади (ЎзР ВМҚ-743-сон).
Ходимларга иш ҳақи тўлаш муддатлари жамоа шартномасида ёки ички ҳужжатда, улар мавжуд бўлмаганда эса меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган муддатларда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас. Ходимларга ойлик иш ҳақи, қоида тариқасида, ўн олти кундан кўп бўлмаган танаффус билан икки қисмга бўлинган ҳолда (бўнакда ва қолган қисми миқдорида) тўланади (Ўз.Рес.МК-253-м).
Ходимга тегишли бўлган иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши ва миқдори бошқа тўловларни амалга оширишга ҳамда уларнинг навбатига боғлиқ қилиб қўйилмаслиги керак.
Нормал иш шароитларида оддий ишларни бажариш чоғида иш вақтининг нормасини тўлиқ ишлаб берган ходимнинг малака талаб этмайдиган меҳнати учун қонунчиликда кафолатланган, Ягона тариф сеткасининг биринчи разрядига мувофиқ бўлган ойлик иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридир.
Иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади. Жамоа шартномасида, касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра иш берувчи томонидан қабул қилинган ички ҳужжатда, меҳнат шартномасида иш вақтидан ташқари иш учун қўшимча тўловларнинг юқорироқ миқдорлари назарда тутилиши мумкин (Ўз.Рес.МК-262-м).
Тунги вақтдаги ишнинг ҳар бир соати учун камида бир ярим баравар миқдорда ҳақ тўланади (Ўз.Рес.МК-264-м).
Ишлов бериладиган материалдаги яширин нуқсон туфайли пайдо бўлган яроқсиз маҳсулот учун, шунингдек ходимнинг айбисиз тайёрланган яроқсиз маҳсулот учун яроқли маҳсулотлар билан тенг равишда ҳақ тўланади (Ўз.Рес.МК-267-м).
Бир неча касбда (лавозимда) ишлаганда, хизмат кўрсатиш доираси кенгайганда, иш ҳажми кўпайганда ходимнинг асосий лавозимдаги иш ҳақига қуйидагилар учун қўшимча тўлов белгиланади ва тўланади:
буджетдан молиялаштирилмайдиган ташкилот ходимлари учун — бир неча касбда (лавозимда) ҳақиқатда бажарилган ишга доир иш ҳақи миқдорида;
буджет ташкилотлари ходимлари учун — бир неча лавозимда ишлаганлик учун тариф ставкасининг (маошининг) эллик фоизидан кўп бўлмаган миқдорда (Ўз.Р.МК-259-м).
Иш ҳақи миллий валютада (сўмда) тўланади.
Ходимга иш ҳақини тўлаш, қоида тариқасида, бевосита у ишни бажарган жойда амалга оширилади (Ўз.Рес.МК-256-м).
Рағбатлантиришни расмийлаштириш тартиби
Ишдаги ютуқлар учун ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилиши мумкин. Рағбатлантириш турлари, уларни қўллаш тартиби жамоа келишувларида, жамоа шартномасида, ички меҳнат тартиби қоидалари ҳамда меҳнат тўғрисидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ва меҳнат шартномасида белгиланади (Ўз.Рес.МК-299-м).
Интизомий жазонинг амал қилиш муддати ичида ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари, шу жумладан меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига кирмайдиган ва меҳнат натижаларига асосланмаган мукофотлар ҳам (байрамлар, шу жумладан касб байрамлари, юбилейлар муносабати билан ва ҳоказолар) қўлланилмайди (Ўз.Рес.МК-299-м).
Интизомий жазони расмийлаштириш тартиби
Ташкилотда меҳнат тартиби иш берувчи касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқлайдиган ички меҳнат тартиби қоидалари билан белгиланади.
Интизомий жазо чоралари ишга қабул қилиш ҳуқуқи берилган шахслар (органлар) томонидан қўлланилади (ушбу Кодекс 127-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмлари).
Иш берувчи ходимдан интизомий жазо чораси қўлланилгунига қадар ёзма тушунтиришни талаб қилиши, шу жумладан, агар интизомий қилмиш хизмат текшируви натижаларига кўра аниқланган бўлса, талаб қилиши шарт. Ходимнинг ёзма тушунтириш тақдим этишни рад этганлиги интизомий жазо чораси қўлланилиши учун монелик қилмайди ва ҳозир бўлган гувоҳлар кўрсатилган ҳолда далолатнома билан расмийлаштирилади.
Ҳар бир интизомий қилмиш учун фақат битта интизомий жазо чораси қўлланилиши мумкин. Интизомий жазо чорасини танлаш ҳуқуқи иш берувчига тегишлидир. Интизомий жазо чорасини қўллашда содир этилган қилмишнинг оғир-енгиллиги, унинг содир этилиши ҳолатлари, ходимнинг аввалги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олинади (Ўз.Рес.МК-313-м).
Ўзига нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш ҳақидаги буйруқ билан таништирилмаган ходим интизомий жазоси бўлмаган деб ҳисобланади.
Ходимнинг ўзига нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги буйруқ билан танишишни рад этиши ҳозир бўлган гувоҳлар кўрсатилган ҳолда далолатнома билан расмийлаштирилади. Бундай ҳолда ходим буйруқ билан таништирилган деб ҳисобланади.
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ишларни ташкил қилиш
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ишларни ташкил қилиш учун ташкилотда низом ишлаб чиқилади ва иш берувчининг буйруғи билан тасдиқланиб жорий қилинади.
Иш берувчи ходимга хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитларини таъминлаши шарт (Ўз.Рес.МК-361-м):
1) иш жойлари жойлаштириладиган бинолар (иншоотлар) тузилишига кўра уларнинг белгиланган функционал мақсадига мос ҳолатда фойдаланилиши лозим;
2) ишлатиладиган асбоб ускуналар хавфсиз бўлиши, техник паспортга (сертификатга) эга бўлиши керак;
3) ташкилот ҳудудида пиёдалар ва технологик транспорт воситалари хавфсиз шароитларда ҳаракатланиши учун махсус белгилар ва рангли чизиқчалар билан ҳаракатланиш йўлакчаларини белгилаш керак;
4) хавфли золанарга ажратилиши, махсус белгилар ва тўсиқлар билан бегона шахсларнинг кириш имкониятини чеклаш лозим. Хавфли зоналарга фақат ушбу зонада наряд-допуск асосида ишлашга руҳсат берилган, аввал махсус тайёргарликдан ўтган ҳамда шахсий ҳимоя воситаси билан таъминланган шахслар кириши мумкин;
5) иш вақти давомида ходимларнинг меҳнат қобилияти ва иш самарадорлигини юқори бўлишини таъминлаш учун иш ўринлар жойлашган хонада ҳарорат, ёруғлик, вентиляция санитария талабларга жавоб бериши шарт.
Меҳнатни муҳофаза қилишга оид тадбирлар учун маблағлар ва материалларни ажратиш
Иш берувчи меҳнатни муҳофаза қилишга оид тадбирларни ўтказиш учун зарур маблағлар ва материалларни ажратади (Ўз.Рес.МК-361-м).
Мазкур маблағлар ва материаллардан фойдаланиш тартиби жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра иш берувчи томонидан белгиланади.
Ходимлар меҳнатни муҳофаза қилишга оид тадбирлар ўтказилиши муносабати билан чиқимдор бўлмайди.
Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил қилиш
Ташкилотларда ходимларнинг сони 50 ва ундан ортиқ бўлса иш берувчи меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил қилиши шарт (Ўз.Рес.Қонуни-410-сон, 22.09.2016 й.).
Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматида ходимларнинг сони ташкилотда ишлайдиган ходимларнинг сони, хавфлилик синфи ва технологик жараёнининг ҳусусиятлари инобатга олган ҳолда белгиланиши лозим (Ўз.Рес.ВМҚ-1066, 31.12.2018 й.).
Ташкилотда ходимларнинг сони 50 нафардан кам бўлса меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вазифалар раҳбар ўринбосарига юклатилади (буйруқ ва устама ҳақ белгиланган ҳолда).
Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати тўғридан-тўғри ташкилотнинг раҳбарига бўйсунади. Бу хизматни бошқа таркибий бўлимларга қўшиш, қисқартириш мумкин эмас.
Иш ўринларида аттестaция ўтказиш
Иш жойларда хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларнинг даражасини аниқлаш ва уларнинг ходимга таъсирини камайтириш борасида чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун меҳнат шароитлари бўйича аттестaция ўтказилиши керак.
4 та ҳолатда аттестaция мажбурий равишда ўтказилади (Ўз.Рес.МК-361-м):
қонунчиликда белгиланган тартибда ходимларга меҳнат шароитларига кўра имтиёзлар ва компенсaциялар назарда тутилган иш ўринлари;
ногиронлиги бўлган шахслар банд бўлган иш ўринлари;
имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхатларида кўрсатилган иш ўринлари;
хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги иш ўринлари.
жамоа келишувларида ва жамоа шартномасида меҳнат шароитларига кўра бошқа иш ўринларини ҳам аттестациядан ўтказилиши мумкин.
Меҳнат шароитлари бўйича иш ўринларида аттестaция камида 5 йида бир марта ўтказилиши керак (Ўз.Рес.ВМҚ-263, 15.09.2014 йил).
Ноқулай (зарарли ва хавфли) меҳнат шароитларда ишлайдиган ходимлар учун имтиёзлар ва компенсaциялар
Меҳнат шароитлари бўйича иш ўринларида аттестaция натижаларига ходимларга қуйидаги имтиёзлар ва компенсaциялар белгиланади:
ҳафтасига 36 соатдан ошмаган қисқартирилган иш вақти режими (Ўз.Рес.МК-477-м);
жамоа шартномасида ходимларга белгиланган меҳнат таътили кунларига қўшимча бериладиган меҳнат таътили кунлари (3 кундан 24 кунгача) (Ўз.Рес.МК-477-м);
даволаш-профилактика озиқ-овқатларни (сут, қатиқ ва бошқалар) бепул бериш (Ўз.Рес.МК-363-м);
шахсий ҳимоя воситаларни бепул бериш;
имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини белгилаш (5 йил аввал, 10 йил аввал, ёшидан қаъти назар);
Зарарли ва (ёки) хавфли меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган
ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш оширилган миқдорда белгиланади.
Зарарли ва (ёки) хавфли меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимлар меҳнатига тўланадиган ҳақни оширишнинг энг кам миқдори нормал меҳнат шароитларидаги ҳар хил турдаги ишлар учун белгиланган тариф ставкасининг (маошнинг) тўрт фоизини ташкил этади (Ўз.Рес.МК-482-м).
Мажбурий тиббий кўриклар
Иш берувчи қуйидагиларни дастлабки (меҳнат шартномасини тузаётганда) ва даврий (меҳнат фаолияти давомида) мажбурий тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиши шарт (Ўз.Рес.МК-360-м).
Мажбурий тиббий кўриклар ташкилотларга тиббий хизматлар кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасалари томонидан, улар бўлмаган тақдирда эса ташкилот жойлашган ердаги даволаш-профилактика муассасалари томонидан ўтказилади.
*
Маълумот учун: Ҳар йили 1 декабрга қадар ташкилот бўйича мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши мажбур бўлган лавозимлар рўйхатини давлат санитария-эпидемиология назорати томонидан белгиланади (Ўз.Рес.Адлия вазирлигидан 29.08.2012-йилда 2387-рақам билан рўйхатдан ўтган).
Рўйхат аниқлангандан кейин даволаш-профилактика муассасаси тиббий кўрикдан ўтиш бўйича календарь режани тасдиқлаб беради (тиббий кўрикдан ўтказиш комиссиясида профпатолог бўлиши шарт).
Мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш куни ходимнинг меҳнат ҳақи сақланиб қолинади.
Иш берувчи мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ходимни ишларни бажаришга қўймаслиги ҳақли.
*
Мажбурий тиббий кўрикдан ўтишдан ходим бўйин товлаши мумкин эмас.
Мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш жараёни ходимга бепул бўлиши шарт.
Ходимнинг мажбурий тиббий кўрикдан у дастлабки (ишга қабул қилиш чоғида) ёки даврий (иш жараёнида) хусусиятга эга бўлишидан қатъи назар, ўтиши билан боғлиқ харажатларни компенсaция қилиш иш берувчининг ҳисобидан амалга оширилади (Ўз.Рес.МК-292-м).
Ходимларни шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан таъминлаш
Иш берувчи меҳнат шароити ноқулай ишларда банд бўлган ходимлар белгиланган нормалар бўйича махсус кийим-бош, санитар кийим-бош, махсус пойабзал ва бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан бепул таъминлаши шарт (Ўз.Рес.МК-363-м).
Бундай ишларнинг рўйхати, бериладиган воситаларнинг нормалари, таъминот тартиби ва шартлари жамоа келишувларида, жамоа шартномасида, агар улар тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра қонунчиликда белгиланган нормативларга мувофиқ белгиланади.
Шахсий ҳимоя воситалари ходимнинг бажарадиган иш турига ҳамда ҳимоя ҳусусиятларга эга бўлиши лозим.
Шахсий ҳимоя воситалари мувофиқлик сертификатига эга бўлиши керак.
Шахсий ҳимоя воситаларни тозалаш, таъмирлаш, янгисига алмаштириш иш берувчининг ҳисобидан амалга оширилади.
Шахсий ҳимоя воситалари ходимга имзо қўйилган ҳолда тарқатилади.
Иш берувчи воситаларнинг яроқлилиги ва ходимлар улардан тўғри фойдаланаётганлигини назорат қилади.
Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида локал хужжатлар
Ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилишга оид барча локал хужжатлар иш берувчининг буйруғи билан тасдиқланади. Буйруқда ҳужжатларни жорий этиш муддати белгиланиши лозим.
Ҳужжатларни рўйхатга олиш дафтари ва ҳужжатларни таратиш журнали юритилиши керак.
Барча ҳужжатлар имзо қўйилган ҳолда ходимларга тарқатилади.
Муҳим ҳужжатлардан бири меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлар ва функциялар ташкилотнинг мансабдор шахслари орасида тўғри тақсимланади ва буйруқ билан тасдиқланади.
Ходимларни меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича
йўл-йўриқдан ўтказиш ва ўқитиш
Ташкилотларнинг ходимлари, шу жумладан раҳбарлари меҳнатни муҳофаза қилишнинг давлат бошқарувини амалга оширувчи органлар томонидан ушбу ходимлар ва раҳбарларнинг касби ҳамда иш турлари учун белгиланган тартибда ва муддатларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқитилиши, йўл-йўриқ олиши, билимларининг текширувидан ўтказилиши шарт (Ўз.Рес.МК-362-м).
Ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқитиш, малака ошириш тўғрисида Низом, йўл-йўриқлар дастурлари, билимларни синовдан ўтказиш юзасидан савол-жавоблар ишлаб чиқилади ва иш берувчининг буйруғи билан тасдиқланади.
Малакасини ошириши зарур бўлган ходимларнинг рўйхати ҳамда малака ошириш графиги тузилади ва тасдиқланади.
Билимларни синовдан ўтказиш бўйича доимий фаолиятдаги комиссия иш берувчининг буйруғи билан тасдиқланади.
Комиссия аъзоларининг барчаси малакасини оширганлигини тасдиқлайдиган гувоҳномага эга бўлиши керак.
Ташкилотларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати раҳбарлари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислар уч йилда камида бир марта малака ошириш курсларидан ўтадилар.
Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларини тешкириш ва ҳисобга олиш
Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлари мажбурий равишда текширилиши ва ҳисобга олиб борилиши лозим.
Иш берувчи ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларини ўз вақтида текшириши ҳамда ҳисобга олиши шарт (Ўз.Рес.МК-366-м).
Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар оқибати бўйича қуйидаги турларга ажратилади (Ўз.Рес.ВМҚ-286, 06.06.1997 йил):
v оқибати енгил;
v оқибати ўртача;
v оқибати оғир;
v ўлим билан тугаган.
Жароҳат олган ходимлар сони бўйича гуруҳий бахтсиз ҳодиса бўлади.
Оқибати енгил бахтсиз ҳодисани иш берувчи томонидан тузилган комиссия текширади (3 иш куни ичида) ва Н-1 шаклидаги далолатномани тузади. Мазкур далолатноманинг бир нусҳаси Давлат меҳнат инспекциясига юборилади.
Оқибати ўртача ва оғир, вафот этган, шунингдек бир вақтнинг ўзида
2 нафар ходим жароҳатланган бўлса, комиссия Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармасининг буйруғига асосан тузилган комиссия томонидан 15 кун давомида текширилади ва Н-1 шаклидаги далолатнома тузилади.
Бир вақтни ўзида 3 нафардан 11 нафаргача ходимлар жароҳатланган бўлса, комиссия Ўзбекистон Республикаси Камбалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг буйруғи билан тузилган комиссия томонидан 15 кун давомида текширилади.
Бир вақтнинг ўзида 11 нафар ва ундан ортиқ ходимлар жароаҳтланган бўлса, мазкур бахтсиз ҳодиса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши билан тузилган комиссия томонидан текширилади.
Ходимнинг соғлиғига етказилган зиённи тўлаш
Иш берувчи ходимнинг меҳнатда майиб бўлиши ва (ёки) касб касаллиги туфайли ҳаётига ёки соғлиғига етказилган зиённинг ўрнини қоплаши шарт (Ўз.Рес.МК-321-м).
Иш берувчи ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам меҳнат вазифаларини бажаришда, шунингдек иш берувчи томонидан берилган транспортда иш жойига бориш ёки ишдан қайтиш вақтида меҳнатда майиб бўлиши туфайли ходимнинг ҳаётига ёки соғлиғига етказилган зиён учун моддий жавобгар бўлади.
Ходимнинг соғлиғига зиён етказилганда иш берувчи қуйидагиларни қоплаб бериши шарт:
ходимга бир марталик нафақа тўлаш (тўланадиган нафақа миқдори жабрланган ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи асосида ҳисобланган йиллик иш ҳақидан кам бўлмаслиги керак) (Ўз.Рес.МК-323-м);
ходимга йўқотилган иш ҳақи учун етказилган зиённинг ўрнини қоплаш тарзида амалга ошириладиган ҳар ойлик тўловлар (миқдори жабрланувчи меҳнатда майиб бўлгунига қадар олган ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан унинг касбий меҳнат қобилиятининг йўқотилиши даражасига мувофиқ бўлган фоизли нисбатда белгиланади) (Ўз.Рес.МК-324-м);
ходимнинг қўшимча харажатларини компенсация қилиш (даволаниш, протезлаш, қўшимча овқатланиш, дори воситаларини сотиб олиш, санаторий-курортда даволаниш харажатлари ва бошқалар) (Ўз.Рес.МК-325-м).
Касбий меҳнат қобилиятини йўқотиш ва қўшимча харажатлар даражаси тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси томонидан белгиланади.
Ходимнинг ҳаётига етказилган зиённи тўлаш
Боқувчи бўлган ходим (бундан буён матнда боқувчи деб юритилади) меҳнат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ бўлган меҳнатда майиб бўлганлиги, касб касаллиги ёки соғлиққа етказилган бошқа шикаст туфайли вафот этган тақдирда иш берувчи зиённинг ўрнини қоплаши шарт (Ўз.Рес.МК-327-м).
Боқувчи вафот этганлиги муносабати иш берувчи томонидан қопланишига доир ҳуқуққа эга бўлган шахсларга қуйидагиларни тўлайди:
бир йўла бериладиган нафақани (миқдори марҳумнинг ўртача йиллик иш ҳақининг олти бараваридан кам бўлмаслиги керак) (Ўз.Рес.МК-330-м);
боқувчининг йўқотилган иш ҳақи ўрнини қоплаш учун амалга ошириладиган ҳар ойлик тўловларни (миқдори марҳумнинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида, унинг ўзига тегишли бўлган улушни ва унинг қарамоғида бўлган, аммо зиённинг ўрни қопланишига доир ҳуқуққа эга бўлмаган меҳнатга қобилиятли шахсларнинг улуши чегириб ташланган ҳолда белгиланади) (Ўз.Рес.МК-331-м);
қўшимча харажатларни компенсация қилишни (дафн этиш учун харажатлар) (Ўз.Рес.МК-332-м).
Боқувчи вафот этганлиги муносабати билан етказилган зиённинг ўрни қуйидаги (Ўз.Рес.МК-328-м):
вояга етмаган шахсларга — ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар;
ўн саккиз ёшдан ошган ўқувчиларга — кундузги таълимни тугатгунига, лекин кўпи билан йигирма уч ёшга тўлгунига қадар;
эллик беш ёшдан ошган аёлларга ва олтмиш ёшдан ошган эркакларга — умрбод;
ногиронлиги бўлган шахсларга — ногиронлик муддатига;
марҳумнинг қарамоғида бўлган болаларини, набираларини, ака-укалари ва опа-сингилларини парваришлаш билан банд бўлган ота-онасидан бирига, эрига (хотинига) ёки бошқа оила аъзосига — қарамоғидаги шахслар ўн тўрт ёшга тўлгунига қадар қопланади.
Барча тўловлар иш берувчининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Иш берувчи ўзининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилган тақдирда суғарта шартномаси талабларига мувофиқ суғурта компанияси томонидан коплаб берилади (Ўз.Рес.ВМҚ-177, 24.06.2009 йил).