Савол: Васиятнома тушунчаси ва васиятномаларни тасдиқлаш тартиби бўйича маълумот берсангиз?

Ж.Шукуралиев, Сирдарё шаҳри

Жавоб: Фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият деб эътироф қилинади.

Васиятнома шахсан тузилиши лозим. Васиятноманинг вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди.

Васиятнома матни васият қилувчи томонидан ёзилиб, нотариусга шахсан тақдим этилган ёки унинг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган бўлиши лозим.

Васиятномани тасдиқлаб беришда васият қилувчидан унинг васият қилинаётган мол-мулкка бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш талаб қилинмайди.

Васиятнома ёзилган жойи ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши лозим. Ёзма шаклдаги васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши, фамилияси, исми ва отасининг исми тўлиқ ёзилиши шарт.

Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани ўз қўли билан имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан нотариус ҳозир бўлганида васият қилувчи ўз қўли билан имзолай олмаганлигининг сабабларини кўрсатилган ҳолда, васиятномага бошқа шахс имзо қўйиши мумкин. Бундай ҳолатда, нотариус Фуқаролик кодексининг 1128-моддасига асосан васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаган фуқарога мерос очилгунга қадар васиятноманинг мазмуни, унинг тузилиши, бекор қилиниши ёки ўзгартирилишига дахлдор маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмаслиги тушунтиради ва бу ҳақда васиятнома матнида ва тасдиқловчи ёзувда қайд этади.

Савол: Васиятнома сир сақланадими?

Н.Азизова, Сайхунобод тумани 

Жавоб: Фуқаролик кодексининг 1128-моддасига асосан нотариус, васиятномани тасдиқловчи бошқа мансабдор шахс, шунингдек васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаган фуқаро мерос очилгунга қадар васиятноманинг мазмунига, унинг тузилиши, бекор қилиниши ёки ўзгартирилишига дахлдор маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас.

Савол: Васиятнома ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинми?

А.Очилов, Сирдарё тумани

Жавоб: Фуқаролик кодексининг1130 моддасига кўра Тегишли шаклда тузилмаган васиятнома ҳақиқий эмас. Васиятноманинг ҳақиқий эмаслиги ушбу Кодекснинг битимлар ҳақиқий эмаслиги тўғрисидаги қоидаларга ҳам асосланади.

Васиятноманинг ҳақиқий эмас деб топилишидан мулкий оқибатларга эга бўладиган шахснинг даъвоси бўйича васиятнома уни тузиш, имзолаш ва тасдиқлашнинг ушбу Кодексда белгиланган тартиби бузилиши натижасида ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Васиятномадаги айрим фармойишларнинг ҳақиқий эмаслиги васиятноманинг қолган қисми ҳақиқийлигига дахл қилмайди.

Васиятнома ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, ушбу васиятномага биноан меросдан маҳрум бўлган меросхўр умумий асосларда мерос олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Саволларга Сирдарё тумани 3-сон ДНИ нотариуси Барно Исламова жавоб берди. 


Савол: Автомототранспорт воситасини тасарруф этиш ҳуқуқи билан ишончнома бераётган фуқаронинг эри йўқ бўлса нотариал ҳаракат қандай тартибда расмийлаштирилади ? Шу ҳақида тушунча берсангиз?

Р.Эгамбердиев, Янгиер шаҳар

Жавоб: Агар кўчмас мулк ва автомототранспорт воситасини тасарруф этиш ҳуқуқи билан ишончнома бераётган фуқаронинг эри ёки хотини йўқ бўлса (бева бўлса ёки бўйдоқ), бу ҳақда нотариусга ёзма ариза тақдим этади. Бунда, фуқаронинг эри (хотини) йўқлиги (бўйдоқ, бева эканлиги) нотариус томонидан аниқланади. Ушбу ҳолатни аниқлаш учун нотариусга фуқаронинг паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлари, никоҳдан ажралганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки ўлим ҳақидаги гувоҳнома ва никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёхуд булар ҳақидаги далолатнома ёзувларидан кўчирмалар асос бўлади.

Савол: Транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасида яшаш жойим Сирдарё вилояти, Ширин шаҳри деб кўрсатилган. Тошкент шаҳрида автомашинамни олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун нотариал идорага мурожаат қилганимда, автомашинам тақиқда туриш ёки турмаслиги ҳақида маълумотномани тақдим қилишимни сўрашди, ушбу маълумотномани қаердан олишим мумкин.

Т. Абдураззақов, Ховос тумани

Жавоб: Сиз ушбу маълумотномани Сирдарё вилояти, Ширин шаҳри нотариал идорасидан олишингиз мумкин. Чунки, у “Автомототранспорт воситаларини хатлаш, бошқа шахсга беришни тақиқлаш ва тақиқни олиб ташлаш, шунингдек, автомототранспорт виситаларини хатлаш ва бошқа шахсга беришни тақиқлаш тўғрисидаги маълумотларнинг ҳужжатлаштирилган банкини юритиш ҳуқуқига эга.

Савол: Бошқа шахсга ишониб топшириш тартибида берилган ишончнома ҳақида тушунча берсангиз?

И.Қаххаров, Сайхунобод тумани

Жавоб: Ўз ваколатини бошқа шахсга ишониб топшириш тартибида берилган ишончнома матнида асосий ишончнома тасдиқланган сана, жой ва реестр рақами, асосий ишончнома олган, берган ва ваколат ишониб топширилаётган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ва доимий ёки вақтинча прописка қилинган (ҳисобга олинган) манзили, асосий ишончнома билан берилган барча ёки айрим ваколатларини (масалан, автомототранспорт воситасини сотиш, бошқариш, таъмирлаш, ҳайдаб олиб бориш ва шу кабилар) берилаётганлиги ҳақида аниқ кўрсатилиши керак. Тасдиқловчи ёзувда эса ваколат берилган шахс асосий ишончномага асосан ҳаракат қилаётганлиги кўрсатиб ўтилади. Нотариал идорада қолдириладиган асосий ишончномага эса мазкур ишончнома бўйича ваколатлар бошқа шахсга берилганлиги ҳақида ёзиб қўйилади. Асосий ишончноманинг нусхаси нотариал идорада қолдириладиган ўз ваколатини бошқа шахсга ишониб топшириш тартибида берилган ишончномага қўшиб тикиб қўйилади.

Саволларга Гулистон шаҳар 6-сон ДНИ нотариуси Мухиддин Суяров жавоб берди. 



Савол: Нималарни васият қилиб қолдириш мумкин?

Ш.Эгамбердиев, Ховос тумани

Жавоб: Мерос қолдирувчи ҳар қандай мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли.

Мерос қолдирувчи васият қилаётган пайтида ўзига тегишли бўлмаган мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли. Агар мерос очилган пайтга келиб, бундай мол-мулк унга тегишли бўлиб қолса, тегишли фармойиш ҳақиқий ҳисобланади.

Савол: Васиятнома қандай шаклларда ва тартибда тузилади?

Н.Турсунов, Янгиер шаҳри

Жавоб: Васиятнома ёзилган жойи ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши лозим.

Қуйидаги васиятномалар ёзма шаклда тузилган ҳисобланади:

нотариал тасдиқланган васиятномалар,

нотариал тасдиқланган васиятномаларга тенглаштирилган васиятномалар.

Ёзма шаклдаги васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши лозим.

Савол: Васиятномани имзолай олмайдиган васият қилувчи ўрнига васиятномани ҳар қандай фуқаро имзоласа бўладими ёки бу борада ҳам чеклашлар борми?

Г.Норматова, Ширин шаҳри

Жавоб: Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васяитномани ўз қўли билан имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан нотариус ёки қонунга мувофиқ васиятномани тасдиқлайдиган бошқа шахс ҳозир бўлганида васият қилувчи ўз қўли билан имзолай олмаганлигининг сабаблари кўрсатилган ҳолда васиятномага бошқа шахс имзо қўйиши мумкин.

Ҳар ким ҳам васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолайвериши мумкин эмас. Васиятномани имзолай олмайдиган васият қилувчи ўрнига васиятномани имзоловчи хат-саводли, имконият даражасида васият қилувчини таниган ёки билган бўлиши мақсадга мувофиқ. Лекин қонунда кўрсатилган шахслар васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаши мумкин эмас.

Саволларга Янгиер шаҳар 3-сон ДНИ нотариуси Ҳ.Шодиева жавоб берди. 



Савол: Мен тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчиман. Бунинг учун тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтишим керак экан. Мен тегишли ҳужжатларни интернет тармоғи орқали тақдим этишим, тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтиш жараёнини Интернет тармоғи орқали амалга оширишим мумкинми?

С.Олимов, Самарқанд тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 ноябрдаги 312-сонли “Тадбиркорлик субъектларини интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш механизмини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан мамлакатимизда 2014 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини Интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш механизми жорий этилди.

Унга кўра, электрон рўйхатдан ўтказиш таъсис ҳужжатларини масофадан туриб ва интерактив расмийлаштириш йўли билан намунавий шакллар асосида тайёрлаш имконияти бўлган Ўзбекистон Республикаси интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали амалга оширилади. Электрон рўйхатдан ўтказишда зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда рўйхатдан ўтказиш учун ариза бериш, шунингдек рўйхатдан ўтказилган таъсис ҳужжатларини ва тадбиркорлик субъектларининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани бериш электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Маълумки, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сонли қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низом билан белгиланган. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 ноябрдаги 312-сонли қарори билан мазкур Низомга ҳам тегишли ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилди ҳамда унда тадбиркорлик субъектини электрон тарзда давлат рўйхатидан ўтказиш механизми белгиланди.

Шунингдек, мазкур механизмнинг ҳуқуқий асоси Шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари тўғрисида намунавий низомда (рўйхат рақами 2580, 2014 йил 5 май) ҳам белгиланган. Унда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш учун ҳужжатларни топшириш ариза берувчи томонидан ўз яшаш жойидаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциясига келган ҳолда, почта алоқаси воситасида, шу билан бирга Интернет тармоғи орқали ҳам амалга оширилиши мумкинлиги назарда тутилди.

Савол: Мен тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаяпман. Солиқ органларининг жойлашган жойи менинг ташкилотим жойлашган жойдан узоқ масофада жойлашганлиги сабабли, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни амалга ошириш, уларни расмийлаштириш жуда кўп вақт ва харажатни талаб қилмоқда. Мазкур тўловларни ва уларнинг ҳисоботларини электрон тарзда топширишим мумкинми?

Т.Исломов, Узун тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 24 августдаги ПФ–4354-сонли “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳисоботлар тизими ҳамда молия, солиқ ва статистика идораларига ҳисоботларни топшириш механизмини уларни электрон тизим бўйича тақдим этишга босқичма-босқич ўтиш орқали тубдан соддалаштириш Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликларининг муҳим вазифалари этиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 18 июлдаги ПФ–4455-сонли Фармонига асосан, 2013 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларининг солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича “Интернет-банкинг” тизими жорий қилинди.

Шунингдек, тижорат банкларига тўловларни электрон шаклда амалга оширувчи кичик тадбиркорлик субъектларининг ҳисобварақларига хизмат кўрсатганлик учун ундириладиган тўлов миқдорини камида 20 фоизга камайтириш тавсия этилди.

Бундан ташқари, Сиз тадбиркорлик субъектларига янада кўпроқ эркинликлар бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 15 апрелдаги ПҚ–2164-сонли “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 2014 йил 1 октябрдан бошлаб, Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталида махсус “тадбиркорлик субъектининг кабинети” ишлаши белгиланди.

“Тадбиркорлик субъектининг кабинети”нинг жорий этилиши, биринчидан, молия, солиқ, статистика ва бошқа турдаги ҳисоботларни интерактив расмийлаштириш ва тақдим этиш, иккинчидан, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни, коммунал тўловларни, лицензия ва рухсат этиш характерига эга ҳужжатлар бўйича кўриб чиқишда ва уларни олишда тўланадиган йиғимларни ва давлат божларини Интернет-банкинг тизими орқали тўлаш, учинчидан, мазкур “Тадбиркорлик субъектининг кабинети” орқали маълумотномалар олиш ва бошқа интерактив давлат хизматларидан фойдаланиш имконини берди.

Савол: Мен Тошкент шаҳрида жойлашган акциядорлик жамиятининг акциядориман. Ҳозирда мазкур акциядорлик жамиятининг акциядорлари ўртасида жамиятнинг фаолияти билан боғлиқ низо келиб чиқмоқда. Мазкур низони суд тартибида ҳал қилиш учун қайси судга мурожаат қилиш керак?

М.Усмонов, Тошкент шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ–352-сонли Қонунига асосан, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ушбу кодекснинг 23-моддасига асосан, иштирокчилар ўртасида, иштирокчилар билан хўжалик ширкатлари ва жамиятлари ўртасида, шу жумладан акциядорлар ўртасида, акциядор билан акциядорлик жамияти ўртасида хўжалик ширкатлари ва жамиятлари фаолиятидан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар (бундан меҳнатга оид низолар мустасно) бўйича низолар хўжалик судлари томонидан кўриб чиқиладиган бўлди.

Шундай экан, саволингизда қайд этилган масала юзасидан хўжалик судларига мурожаат қилишингиз лозим.

Савол: Мен фаолият юритаётган ташкилот ва хизмат кўрсатувчи ташкилот ўртасида тузилган шартномага бўйича низоли вазият юзага келмоқда. Мазкур низо бўйича тадбиркорлик субъекти сифатида хўжалик судларига мурожаатимизни электрон тарзда беришимиз мумкинми?

Б.Махсадов, Ургут тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 18 июлдаги ПФ–4455-сонли “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида “бир ойна” тамойили бўйича тадбиркорлик субъектларининг даъво аризалари ва илтимосномаларини хўжалик судларига бериш Интернет хизмати орқали амалга ошириладиган бўлди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ–352-сонли Қонунига асосан, Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик-процессуал кодексига қўшимча киритилди. Эндиликда, амалдаги тартибга кўра, ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишни сўраб хўжалик судига мазкур Кодексда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли бўлиб, мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар хўжалик судига ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.

Савол: Ҳозирда мен тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланяпман. Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг қўллаб-қувватлаш юзасидан барча соҳаларда ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Жиноят қонунчилигида ҳам бошқа соҳалардаги каби тадбиркорлик субъектлари учун қулайликлар яратилгани каби енгилликлар белгиланганми?

И.Тургунов, Андижон шаҳри

Жавоб: Таъкидлаш жоизки, ўтган давр мобайнида тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг жиноят-ҳуқуқий муҳофазасини янада кучайтириш мақсадида бошқа соҳалар қаторида жиноят қонунчилигига ҳам қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 41-моддасига (касб ёки хўжалик фаолиятига боғлиқ асосли таваккалчилик) қўшимча киритилиб, тадбиркорлик субъектларининг ўзларига кўрсатилган хизматлар, шу жумладан берилган кредитлар юзасидан банклар ва бошқа молия ташкилотлари олдидаги шартнома мажбуриятларини тадбиркорлик таваккалчиликлари ҳамда бошқа тижорат таваккалчиликлари билан боғлиқ ҳолда бажармаганлиги банклар ва бошқа молия ташкилотлари ходимларини жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўлмаслиги қонуний мустаҳкамланди. Кодексга киритилган мазкур қўшимча мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш билан бир қаторда, тадбиркорлик субъектларининг янада эркин ҳаракатланишига имконият яратди ҳамда иқтисодий юксалиш юзасидан асосли таваккалчиликка асосланган фаолиятларини қўрқмасдан амалга оширишларига йўл очиб берди.

Шунингдек, жиноят-ҳуқуқий соҳада жиноят натижасида етказилган зарарнинг миқдорини аниқлашда янгича ёндашув белгиланди, бунда етказилган зарар миқдорини аниқлашда анча миқдор – энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача, кўп миқдор – энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача, жуда кўп миқдор – энг кам ойлик иш ҳақининг беш юз баравари ва ундан ортиқ бўлган миқдор деб ҳисобланиши белгиланди.

Жиноят қонунига киритилган мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини муҳофаза қилиш тизимини янада кучайтиришга хизмат қилади, уларнинг ўз иқтисодий салоҳиятини янада ошириш юзасидан дадил қадам ташлашларини рағбатлантиради.

Саволларга Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи О.Файзиев жавоб берди 


Савол: Молия-хўжалик фаолияти деганда нима тушунилади?

Б.Махсадов, Тошкент шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 июлдаги “Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартиби тўғрисида”ги 327-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 1.2-бандига асосан корхоналарнинг маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ҳамда бухгалтерия-молия, ҳисоб-китоб ва товарга илова ҳужжатларини юритиш билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш фаолияти молия-хўжалик фаолияти деб ҳисобланади.

Савол: Корхоналарни молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаганлиги қандай тартибда аниқланади?

Т.Саидбобоев, Узун тумани

Жавоб: “Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартиби тўғрисида”ги 327-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 2.1-бандига асосан корхоналарни молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаганлиги савдо ва савдо-воситачи корхоналар томонидан уч ой мобайнида, бошқа хўжалик юритувчи субъектлар – юридик шахслар томонидан эса – олти ой мобайнида банк ҳисоб рақамлари бўйича пул операцияларини ўтказган ҳолда молия-хўжалик фаолияти амалга оширилмаган ҳолларда тижорат банклари уч кун муддатда у ҳисобга қўйилган жойдаги солиқ хизмати органига ахборот тақдим этиши орқали аниқланади.

Савол: Матбуотда корхонанинг тугатилиши тўғрисида эълон чиққандан сўнг қанча муддатда ва қандай ҳужжатлар тақдим этилганда корхона рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан давлат реестридан чиқарилиши мумкин?

Х.Маматов, Самарқанд шаҳри

Жавоб: “Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартиби тўғрисида”ги 327-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 4.2-бандига асосан корхонанинг тугатилиши тўғрисида матбуотда эълон чиққандан сўнг камида бир ойдан кейин қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилганда корхона рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан давлат реестридан чиқарилиши мумкин:

- корхонани унинг тугатилиши муносабати билан юридик шахслар давлат реестридан чиқариш тўғрисидаги ариза;

- хўжалик судининг корхонани тугатиш тўғрисидаги қарори;

- давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг;

- банк муассасасининг фойдаланиш ҳуқуқини бермайдиган махсус ҳисобварағи ҳамда кутилмаган ҳолатлар ҳисобварағи ёпилганлигини тасдиқловчи ҳужжати;

- солиқ органининг корхона давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаганлиги тўғрисидаги маълумотномаси;

- оммавий ахборот воситаларида корхонанинг тугатилиши тўғрисида эълон чиқарилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

- солиқ органи томонидан тасдиқланган тугатиш баланси;

- ҳужжатлар Давлат архивига топширилганлигини тасдиқловчи маълумотнома тақдим этилганда.

Савол: Ихтиёрий тартибда тугатилаётган молия-хўжалик фаолиятини амалга оширувчи корхоналарни давлат реестридан чиқариш учун қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

Д.Саъдуллаев, Оқдарё тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги ПҚ–630-сон Қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 34-бандига асосан молия-хўжалик фаолиятини амалга оширувчи корхоналарни ихтиёрий тугатиш учун тугатувчи рўйхатдан ўтказган органга қуйидаги ҳужжатларни:

– бир ёки бир неча даврий босма нашрларда чиққан корхонанинг ихтиёрий тугатилганлиги тўғрисидаги эълонни;

– давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномани;

– корхонанинг барча ҳисоб рақамлари ёпилганлиги тўғрисида хизмат кўрсатувчи банкларнинг маълумотномаларини;

– корхонанинг муҳр ва штампларини;

– ваколатли органнинг, агар мавжуд бўлса, чиқарилган қимматли қоғозларини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотномасини;

– агар мавжуд бўлса, барча лицензиялар (рухсатномалар)нинг асл нусхаларини;

– давлат солиқ хизмати органининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарз йўқлиги тўғрисидаги хулосасини;

– тугатилаётган корхона қарздор сифатида иштирок этган ва ижро этилмаган ижро ҳужжати Суд департаменти органлари иш юритувида мавжуд эмаслиги ҳақидаги Суд департаменти ҳудудий бошқармасининг ёзма жавоби;

– корхона ҳужжатларининг давлат архивига топширилганлигини тасдиқловчи маълумотномани тақдим этади.

Саволларга Адлия вазирлиги масъул ходими Илхомжон Абдусатторов жавоб берди. 



Савол: Васийлик ва ҳомийлик органларининг асосий вазифалариганималар киради?

Ш.Азимов, Тошкент шаҳри

Жавоб:Васийлик ва ҳомийлик органларининг асосий вазифаларигавасийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларни ўз вақтида аниқлаш ва ҳисобга олиш, васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларнинг зарур ҳужжатларини тайёрлаш ва уларни жойлаштириш, васийликдаги ёки ҳомийликдаги ҳамда васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, васийлар ва ҳомийларнинг мажбуриятлари бажарилишини, васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг таъминоти, уларга тарбия ва таълим бериш шароитларини, шунингдек мол-мулки бут сақланишини таъминлаш устидан назорат қилиш киради.

Савол: Кимлар васий ёки ҳомий этиб тайинланиши мумкин эмас?

А.Шерматов, Самарқанд тумани

Жавоб:Ўзбекистон Республикасининг «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги Қонунининг 22-моддасига асосан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ёки ота-оналик ҳуқуқлари чекланган шахслар, суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар, собиқ фарзандликка олувчилар, агар фарзандликка олиш уларнинг ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги, ота-оналик ҳуқуқларини суиистеъмол қилганлиги, фарзандликка олинганлар билан шафқатсиз муносабатда бўлганлиги, сурункали алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлганлиги оқибатида бекор қилинган бўлса, ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги ёхуд ўз ҳуқуқларини суиистеъмол қилганлиги учун васий ёки ҳомий мажбуриятларини бажаришдан четлаштирилган шахслар, қасддан содир этган жинояти учун илгари ҳукм қилинган шахслар васий ёки ҳомий этиб тайинланиши мумкин эмас.

Саволларга Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази бош маслаҳатчиси М.Мамажонов жавоб берди 


Савол: Менинг яқин қариндошим хорижий давлат ҳудудида вафот этган, уни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дафн этиш тартиби қандай бўлади?

Ш.Маматова, Сирдарё тумани

Жавоб: Хорижий давлат ҳудудида вафот этган шахсни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дафн этишда кўмаклашиш тартиби “Дафн этиш ва дафн тўғрисида”ги қонунда белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вафот этганда, ўлимни рўйхатга олиш консуллик округи ҳудудида марҳум яшаган ёки ўлим юз берган ҳудудида жойлашган консуллик муассасаси томонидан амалга оширилади. Ўлимни қайт этиш учун консуллик муассасасига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

1. Хорижий тиббий хулоса ёки ўлим ҳақидаги гувоҳнома;

2. Паспорт, йўл ҳужжати ёки вафот этганнинг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат, ёҳуд уларнинг нусхаси;

Паспорт ёки шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг мавжуд эмаслиги, ўлимни қайд этиш учун тўсиқ бўла олмайди. Бу ҳақда ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувининг “белгилар учун” графасида кўрсатилади.

Консул бирор объектив сабабларга кўра ўлимни ўз вақтида қайд эта олмаса, у Ўзбекистон Республикасига белгиланган тартибда легализация қилинган тиббий хулоса ёки ўлим ҳақида гувоҳномани таржимаси билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ФҲДЁ органлари томонидан хорижий тиббий хулоса асосида ўлим қайд этилиши лозим.

Фуқаронинг ўлими тўғрисидаги маълумот олиниши билан консул вафот этганнинг шахсини аниқлаш бўйича тезкор чораларни кўради ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи Ишлар Вазирлигига содир бўлган ҳодиса ҳақида тезкор хабар юборади, унда марҳум ҳақидаги маълумотларни (Ф.И.О, туғилган йили, яшаш жойи), унинг ўлими сабаблари, тобут жўнатиладиган сана, рейс рақами, Ўзбекистон Республикасидаги вафот этган шахс яшаган манзил, қариндошларининг мавжудлиги ва улар билан боғланиш маълумотлари тўғрисида Ўзбекистон Республикасида дафн этиш учун жасадни ёки ҳокини юбориш билан боғлиқ ҳаражатлар тўғрисида маълумот қилади. Вафот этган шахсларни жасадларини ёки ҳокини транспортда ташишга тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикасига етказиш билан боғлиқ бўлган ҳаражатлар марҳумнинг қариндошлари ва яқинларининг маблағлари, шунингдек, воқеа содир бўлган мамлакатдаги диаспора вакилларининг ва бошқа ҳамдард бўлган шахсларнинг ихтиёрий хайр-эҳсонлари ҳисобидан қопланади.

Саволга Сирдарё туман ФҲДЁ бўлими мудираси М.Каримова жавоб берди

Савол: Акам ўзига тегишли бўлган кўчмас мулкларини гаровга қўйиб оилавий тадбиркорликни йўлга қўйган эди. Ҳозирда молиявий аҳволи яхши бўлганлиги сабабли, гаровга қўйилган мол-мулкни гаров предметидан чиқариб укамга ҳадя қилиб бермоқчи. Ипотека предмети сифатида эса ўзига тегишли бошқа мол-мулкни қўймоқчи. Ипотека нарсасини алмаштириш мумкинми?

М.Хўжақулова, Янгиер шаҳри

Жавоб: Мумкин. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири томонидан 2010 йил 30 мартда тасдиқланган “Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 131-бандига мувофиқ ипотека нарсасини алмаштириш зарурияти туғилган ҳолларда, ипотека нарсаси ипотекага олувчининг розилиги билан алмаштирилади. Нотариус ипотекага олувчининг ипотека нарсасини алмаштиришга розилиги ҳақидаги юридик шахснинг ёзма шаклдаги хабарномаси (бошқа тегишли ҳужжатлар), жисмоний шахснинг эса нотариус ёки Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг консуллари томонидан шаҳодатлантирилган аризаси асосида ипотека нарсасини алмаштириш тўғрисида битимни тасдиқлайди.

Саволга Янгиер шаҳар 2-сон ДНИ нотариуси А.Мансуров жавоб берди

Савол: Нотариус ўз касб мажбуриятларини бузганлиги оқибатида етказилган зарар ким томонидан қопланади?

Ю.Халилов, Ховос тумани

Жавоб: Нотариусларнинг ўз касбий мажбуриятларини бузганлиги учун етказилган зарар миқдори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 декабрдаги 318-сонли қарори билан тасдиқланган “Нотариус томонидан ўз касб мажбуриятлари бузилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низом асосида қопланади.

Мазкур низомга асосан, юридик ва жисмоний шахслар ўзларига етказилган зарарни қоплатиш ҳуқуқига эга. Фуқаролик ишлари бўйича тегишли суднинг зарарни қоплаш тўғрисида қонуний кучга кирган қарори зарар қопланиши учун асос ҳисобланади. Зарар давлат томонидан кейинчалик нотариусга тўланган қоплаш миқдорида аксинча талаб қўйилган ҳолда суд ва адлия органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

Саволга Янгиер шаҳар 1-сон ДНИ нотариуси О.Зокирова жавоб берди. 



Савол: Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари давлат ҳисоби деганда нима тушунилади?

Т.Саидов, Тошкент шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг буйруғи билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг давлат ҳисоби тўғрисидаги Низомнинг 1-бандига мувофиқ (рўйхат рақами 1856, 2008 йил 10 сентябрь) Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари давлат ҳисоби ўз ичига ушбу ҳужжатларни марказлаштирилган тартибда йиғиш, ҳисобга олиш, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик тармоқларининг умумҳуқуқий классификатори асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга код бериш, тизимлаштирилган картотека юритиш, улар фондларининг назорат ҳолати ҳамда
бундай ҳужжатлар тўғрисидаги марказлаштирилган ахборотни барпо этиш ва сақлаб туришни қамраб олади.

Савол: Қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат ҳисоби юритилиши керак ва қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат ҳисоби юритилмайди?

С.Чориев, Сурхондарё вилояти

Қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат ҳисоби юритилиши керак:

а) Ўзбекистон Республикасининг қонунлари

б) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари;

в) Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари;

г) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари;

д) вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари;

е) Қорақалпоғистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари;

ж) маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари.

Қуйидагилар давлат ҳисобига олинмайди:

а) «Махфий» ва «Ўта махфий» белгиси қўйилган ҳужжатлар;

б) якка тартибдаги хусусиятга эга бўлган ҳужжатлар:

шахсий тусдаги (лавозимга тайинлаш, бошқа лавозимга ўтказиш ёки лавозимдан озод қилиш, комиссия ва бошқа коллегиал органлар таркибини тасдиқлаш, орден ва медаллар билан мукофотлаш, фахрий ва ҳарбий унвонлар бериш, муайян шахсларга имтиёзлар бериш тўғрисидаги ва бошқа шу кабилар);

муайян корхона, муассаса, ташкилот ва фуқароларга ер участкаларини бериш (реализация қилиш) тўғрисидаги ҳужжатлар;

тезкор-фармойишли тусдаги (бир марталик топшириқлар);

в) лойиҳаларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритиш тўғрисидаги ҳужжатлар;

г) муқаддам белгиланган тартибни ижро этишни ташкил этишга йўналтирилган ҳамда янги ҳуқуқий нормаларни ўз ичига олмаган, шу жумладан, бутун мазмуни бошқа органлар ва мансабдор шахсларнинг ҳужжатлари тўғрисида хабардор қилишдан иборат бўлган ҳужжатлар;

д) техник ҳужжатлар, агар улар ўз ичига ҳуқуқий нормаларни олмаса;

е) тавсия тусидаги ҳужжатлар;

ж) сессия, йиғилиш, конференцияларни чақириш тўғрисидаги ҳужжатлар;

з) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга расмий шарҳ бериш тўғрисидаги ҳужжатлар;

и) умумий мажбурий тусга эга бўлмаган бошқа ҳужжатлар.

Савол: Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари давлат ҳисоби реестрларини қайси орган юритади ва ушбу реестрларга қайси маълумотлар киритилади?

М.Маматов, Самарқанд тумани

Жавоб: Адлия вазирлиги ва адлия бошқармалари Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари давлат ҳисоби реестрларини (кейинги ўринларда матнда реестрлар деб юритилади) юритади. Адлия вазирлигига ва адлия бошқармаларига келиб тушган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотларни реестрларга киритиш билан давлат ҳисобига олинади.

Адлия бошқармалари ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 3-кунигача, давлат ҳисобига олинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида реестрдан кўчирма шаклида олинган қоғоз ва электрон шакллардаги маълумотларни Адлия вазирлигига жўнатади.

Реестрга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар киритилади:>

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг реестрдаги тартиб рақами;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни реестрга киритиш санаси;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тури;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган орган(лар);

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг номи;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш санаси ва унинг рақами (вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари учун уларнинг Адлия вазирлигида давлат рўйхатига олинган рақами ва санаси);

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг кучга кириш санаси ва амал қилиш муддати;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг расмий нашрларда эълон қилиниши тўғрисидаги маълумотлар;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда ўз кучини йўқотганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик тармоқлари умумҳуқуқий классификатори бўйича коди;

бошқа маълумотлар (изоҳ).

Савол: Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари давлат ҳисоби реестрларида жойлаштирилган маълумотлардан жисмоний шахслар ҳам ахборот олишлари мумкинми?

Г.Гаримова, Бухоро шаҳри

Жавоб: Барча юридик ва жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари давлат ҳисобиреестрларида жойлаштирилган маълумотлардан ёзма мурожаатлар асосида ёки Адлия вазирлигининг расмий сайтидан ахборот олишлари ва ундан фойдаланишлари мумкин.Реестрлардан маълумот тақдим этиш аризачининг ёзма мурожаати асосида тегишлича Адлия вазирлиги ва адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади. Реестрларда маълумот олиш учун ёзма мурожаатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қидириш учун керакли бўлган маълумотлар кўрсатилиши лозим.

Г. Эргашева, Адлия вазирлиги масъул ходими


Савол: Тадбиркор бўлмоқчиман. Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш қайси давлат органи томонидан амалга оширилади?

О.Умиров, Сирдарё тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 25 майдагиТадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидагиҚонунига кўра - Тадбиркорлик фаолияти субъектлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган, таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускор фаолиятдир.

Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш юқорида қайд этиб ўтилган Низомга мувофиқ, шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари томонидан амалга оширилади.

Савол: Юридик шахс бўлмаган тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун қайси ҳужжатлар тақдим қилинади?

Р.Эминжонов, Ховос тумани

Жавоб: Юридик шахс бўлмаган тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим қилинади:

1) якка тартибдаги тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш учун:

— 3х4 сантиметр ўлчамдаги иккита фотосурат;

— давлат божининг белгиланган миқдори тўланганлиги ҳақидаги банк тўлов ҳужжати;

— икки нусхада муҳр ва штамп эскизлари (тадбиркор хоҳишига кўра);

— паспорт нусхаси;

2) деҳқон хўжалигини давлат рўйхатидан ўтказиш учун:

— туман ҳокимининг ер участкаси ажратиб бериш тўғрисидаги қарори;

— муҳр ва штамп эскизлари (ариза берувчининг хоҳишига кўра);

— паспорт нусхаси.

3) оилавий тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш учун:

— юридик шахсни ташкил этмаган оилавий тадбиркорлик субъекти шаклида фаолият олиб борувчи оила аъзоларининг сурати, 3х4

— давлат божининг белгиланган қиймати тўланганлиги ҳақидаги банк тўлов ҳужжати;

— икки нусхада муҳр ва штамп эскизлари (оилавий тадбиркорлик субъектининг хоҳишига кўра);

Оилавий тадбиркорлик субъекти шаклида фаолият олиб борувчи оила аъзоларининг қариндошлик даражасини тасдиқловчи паспортлари ва бошқа ҳужжатлари нусхалари.

Саволларга Сирдарё туман 3-сон ДНИ нотариуси Барно Исламова жавоб берди.  



          Савол: Нотариус стажировкасини ташкил этиш тартиби ҳақида маълумот берсангиз.

О.Давронов,

Гулистон шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Респуликаси Адлия вазирининг 2013 йил 14 октябрь куни “Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги буйруғига асосан, “Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра олий юридик маълумотга, юридик мутахассислик бўйича камида бир йиллик иш стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси стажёр бўлиши мумкин.

Шунингдек, Низомга янги 11 (1) банди ҳам қўшилди. Унга кўра, стажёрликка қабул қилинадиган шахс нотариус, адвокат, терговчи, прокурор, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими лавозимида ишлаган бўлса, унинг ушбу лавозимларда ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этмаганлигини аниқлаш мақсадида тегишли идоралардан маълумотлар олиниши белгиланди. Бундан ташқари, стажёрликка қабул қилинишда номзод билан ўтказиладиган суҳбат тартиби ҳам ўрнатилди. Унга кўра фуқаро стажёрликка қабул қилинишидан олдин адлия бошқармасида суҳбатдан ўтади. Суҳбат адлия бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан ташкил этиладиган махсус комиссия томонидан ўтказилади. Махсус комиссия адлия бошқармасининг масъул ходимлари, шу жумладан тажрибали нотариуслар орасидан 5 кишидан иборат таркибда тузилади. Махсус комиссияга адлия бошқармаси бошлиғи раҳбарлик қилади. Суҳбатда фуқаронинг юриспруденция соҳасидаги умумий билим даражаси ҳамда унинг стажёр бўлишга лаёқати мавжудлиги аниқланади. Суҳбат натижаси бўйича хулоса тузилади ва махсус комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланади. Стажёрликка қабул қилишда фуқаронинг нотариат соҳасидаги тажрибаси устувор аҳамиятга эга бўлади.

Саволга Ширин шаҳар ДНИ нотариуси М.Шукуров жавоб берди.

Савол: Эр-хотин биргаликдаги никоҳи давомида орттирилган квартира хотиннинг номида бўлиб, эри рўйхатда турмаган, кейинчалик эр чет элга ишлашга кетиб қолган, шу сабабли хотин унинг розилигисиз квартирани тасарруф қилиши мумкинми?

З. Ҳикматова, 

Янгиер шаҳри

Жавоб: Агар мулк эр-хотиннинг биргаликдаги никоҳи давомида орттирилган бўлса, Оила кодексининг 23-модддасига асосан эрнинг квартирада рўйхатда турган ёки турмаганлигидан қатъий назар квартирани тасарруф қилиш учун эрнинг нотариал тасдиқланган розилиги талаб қилинади. Агар эр чет элда бўлса, эрнинг кўчмас мулкни сотишга, ҳадя қилишга оид розилиги Ўзбекистоннинг чет элдаги элчихонаси ёки ўша давлатдаги нотариал идора орқали тасдиқланган бўлиши лозим.

СаволгаЯнгиер шаҳар 2-сон ДНИ нотариуси А.Мансуров жавоб берди.

Савол: Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказишнинг асосий принциплари қандай?

Ш.Маматова, Сайхунобод тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги қонуни 1-моддасига асосан Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўп партиялилик асосида беш йил муддатга ўтказилади.

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланадилар.

Савол: Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари қачон тузилади?

Ш.Абдуллаев, Ховос тумани

Жавоб: Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан сайловга камида саксон кун қолганида комиссиянинг раиси ва олти — ўн тўрт нафар бошқа аъзосидан иборат таркибда тузилади ҳамда ўз ваколатларини тегишли халқ депутатлари Кенгашларига сайлов юзасидан навбатдаги сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингунга қадар амалга оширади.

Савол: Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов юзасидан сайлов кампанияси бошланганлигини эълон қилиш тартиби қандай?

Ш.Сарабекова, Сирдарё тумани

Жавоб: Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов юзасидан сайлов кампанияси бошланганлиги депутатларнинг ваколат муддати тугашидан камида уч ой олдин Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Саволларга Гулистон шаҳар ФҲДЁ бўлими  мудираси Р.Ўролова жавоб берди.

Савол: Вақтинчалик рўйxатга олиш тартибини тушинтириб беринг?

М.Шерзаноров, Боёвут туман

Жавоб: Вактинча кайд этиш, шаxсининг ўзи белгилаган истиқомат жойида бўлиши даврида амалга оширилади.

Вактинча кайд эттириш учун Ўзбекистон фуқаролари қуйидаги ҳужжатларни такдим этадилар:

- турар-жойни сотиб олиш ҳақида шартнома ёки тегишли органлар томонидан берилган ордер, 3-шакл бўйича ариза;

- Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти;

- туғилганлик тўғрисида гувоxнома – 16 ёшга тўлмаган, ота-оналаридан (васийлар ва xомийлардан) алоҳода яшовчи шаxслар учун;

- давлат божи тўланганлиги тўғрисида квитантсия.

Доимий ёки вактинчалик рўйхатдан ўтмаган шаxслар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 223-моддасига кўра маъмурий жавобгарликка тортилади.

Саволга Боёвут туман ДНИ нотариуси Л.Болтаев жавоб берди. 



— МЕН тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ниятидаман. Шунга кўра, тадбиркорлик субъ­ектларининг ҳуқуқлари нималардан иборатлиги ҳақида тушунча берсангиз?

О.АҲМЕДОВ, Юнусобод тумани

— “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга асосан, тадбиркорлик фаолия­ти субъектлари қуйидагиларга ҳақли:

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга;

юридик шахс бўлган бошқа тадбиркорлик субъектларининг муассислари (иштирокчилари) бўлишга;

мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган мол-мулкка эгалик қилишга, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишга;

ўз фаолияти йўналишларини, товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчиларни ва ўз товарларининг (ишларининг, хизматларининг) истеъмолчиларини мустақил равишда танлашга;

тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад (фойда) олишга, бундан товарлар (ишлар, хизматлар) бозорида устун мавқени эгаллаб турган тадбиркорлик фаолияти субъектлари мустасно;

ўз товарларини (ишларини, хизматларини), ишлаб чиқариш чиқиндиларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, мустақил равишда белгиланадиган нархлар ва тарифлар бўйича ёки шартнома асосида реализация қилишга;

барча ишлаб чиқариш харажатларининг ўрни қопланиб, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қолган даромадни (фойдани) эркин тасарруф этишга;

кредитлар олишга, бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг пул маблағларини ҳамда ўзга мол-мулкини шартнома шартлари асосида жалб этишга, шу жумладан, биноларни, иншоотларни, ускуналарни ва ўзга мол-мулкни олишга ва (ёки) текин, ижарага (лизингга) олишга ҳамда уларни тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга йўналтиришга;

ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишга ҳақли.

Волида АХТАМОВА, Тошкент шаҳар хўжалик суди судьяси

— ХЎЖАЛИК судлари томонидан чиқарилган қандай ҳал қилув қарорлари дарҳол ижро этилади?

О.АЛИМБЕКОВА, Юнусобод тумани

— Хў­жа­лик процессуал кодек­си­га асосан, давлат, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳужжатларини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги ҳал қилув қарорлари, шунингдек, келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажримлари, хўжалик судининг ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ажрими дарҳол ижро этилади.

Назокат АББАСОВА, Тошкент шаҳар хўжалик суди судьяси

— МУЛК ҳуқуқи қачондан бошлаб вужудга келиши мумкин?

Б.САЛИМОВ, Чилонзор тумани

— Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига кўра, мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари қуйидагилардан иборат:

меҳнат фаолияти;

мол-мулкдан фойдаланиш соҳасидаги тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти, шу жумладан, мол-мулк­ни яратиш, кўпайтириш, битимлар асосида қўлга киритиш;

давлат мол-мулкини хусусийлаштириш;

мерос қилиб олиш;

эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат;

қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа асослар.

Мол-мулк олиш-сотиш, айрибошлаш, ҳадя қилиш шартномалари, ҳамда қонун билан тақиқланмаган бош­қа битимлар асосида мулк қилиб олиниши мумкин.

Башарти, қонунларда бошқача кўрсатилмаган бўлса, мол-мулк янги мулкдорга ўтганида, универсал ҳуқуқий ворислик тартибида собиқ мулкдорнинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳам унга ўтади.

Шартнома асосида мол-мулк олувчида мулк ҳуқуқи, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ашё топширилган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Агар мол-мулкни бошқа шахсга бериш ҳақидаги шартнома давлат рўйхатидан ўтказилиши ёки нотариал тасдиқланиши керак бўлса, мол-мулкни олувчида мулк ҳуқуқи шартнома рўйхатдан ўтказилган ёки тасдиқланган пайтдан бошлаб, шартномани ҳам нотариал тасдиқлаш, ҳам давлат рўйхатидан ўтказиш зарур бўлганида эса — рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка ўн беш йил давомида ёки бошқа мол-мулкка беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини олади.

Анвар ОМОНОВ, Тошкент шаҳар хўжалик суди судьяси

— УМРБОД таъминлаш шарти билан уй-жойни бошқа шахсга бериш шартномасини тузиш тартиби ҳақида батафсил билмоқчи эдим.

Н.ИМОМОВ, Каттақўрғон шаҳри

— Умрбод таъминлаш шарти билан уйни, квартирани бошқа шахсга бериш шартномасини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Умрбод таъминлаш шарти билан уйни, квартирани бошқа шахсга бериш шартномасининг предмети бўлган тураржойдан фойдаланиш шу шартнома шартларига мувофиқ амалга оширилади. Шартномада тураржойдан фақат тураржойни бошқа шахсга бераётган ва уни олаётган шахс фойдаланиши назарда тутилиши, тураржойдан фойдаланиш тартиби белгилаб қўйилиши ёки белгиланмаслиги ёхуд тураржойни фойдаланиш учун учинчи шахсга (учинчи шахсларга) бериш ёки қонун йўл қўядиган бошқача усулда фойдаланиш белгиланиши мумкин.

Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (уйнинг бир қисми)ни, квартирани бошқа шахсга бериш шартномасига мувофиқ бир тараф (олувчи) ёши ёки соғлиғи туфайли меҳнатга лаёқатсиз бўлган бошқа тараф (бошқа шахс­га берувчи)ни натура ҳо­лида (уй-жой бериш, овқатлантириш, парваришлаш ва зарур ёрдам кўрсатиш тарзида) умрбод моддий таъминлаш мажбурия­тини олади, бошқа шахсга берувчи эса олувчига уй-жой (уйнинг бир қисми)ни, квартирани мулк қилиб бериш мажбуриятини олади.

Саволга Каттақўрғон шаҳар 2-сон давлат нотариал идораси нотариуси Нодира ЭРГАШЕВА жавоб берди. 



Ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий вазифалари.

Савол-жавоб

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий вазифалари нималардан иборат? Бу жараёнда қандай йўналишларда ишлар олиб борилади?

О.Шойимов, Бухоро вилояти

Жавоб:

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий вазифалари шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, ўрганиш, бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш, ҳуқуқбузарликдан жабрланувчиларни, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарлик содир этган, шу жумладан илгари судланган ва озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш, жисмоний шахсларнинг ҳуқуқбузарликдан жабрланувчига айланиши хавфини камайтириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасалар фаолиятининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиришдан иборат.

2010 йилда мамлакатимизда “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган эди. Жорий йилда эса, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Ҳар икки қонуннинг ўзига хос хусусиятлари нималардан иборат?

А.Мадумаров, Тошкент шаҳри

Жавоб:

Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси вояга етмаганларнинг назоратсизлиги, қаровсизлигига, улар томонидан ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этилишига имкон берадиган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этишга қаратилган, якка тартибдаги профилактика иши билан биргаликда амалга ошириладиган ижтимоий, ҳуқуқий, тиббий ва бошқа чора-тадбирлар тизимидан иборат. Шу сабабли, 2010 йилда қабул қилинган Қонунда вояга етмаганларнинг жисмоний ва маънавий ривожланишидаги хусусиятлар инобатга олинган. Шунингдек, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширишда асосий масъулият ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар зиммасига юклатилади. Давлат органлари ва муассасаларининг мазкур йўналишдаги фаолияти ҳуқуқбузарликлар содир етишга мойиллиги бўлган вояга етмаганларни нормал ҳаёт тарзига қайтаришга йўналитирилади. Жорий йилда қабул қилинган “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонунда эса, ҳуқуқ-тартиботни сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга барҳам бериш, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш қаратилган, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойиллиги бўлган барча шахсларга қаратилган ва нисбатан кенг кўламли фаолиятнинг ҳуқуқий асослари белгиланди. Айни пайтда вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳуқуқбузарликлар махсус профилактикасининг йўналишларидан бири ҳисобланди.

Ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган ёки илгари ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларга нисбатан бевосита қандай профилактик тадбирлар амалга оширилади?

Ш.Содиқова, Фарғона вилояти

Жавоб:

Мазкур йўналишдаги ишлар ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикасини ташкил этади. Якка тартибдаги профилактика чора-тадбирлари профилактика суҳбати, расмий огоҳлантириш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабаблари ва уларга имкон бераётган шарт-шароитлар тўғрисида хабардор қилиш, ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш, профилактик ҳисобга олиш, мажбурий даволанишга юбориш ва ички ишлар органларининг маъмурий назорати шаклида олиб борилади.

Саволларга Адлия вазирлиги етакчи маслаҳатчиси Элдор Ҳамроев жавоб берди 



Савол: Маҳалладошимиз чет давлатга ишлаш мақсадида кетган эди, бироқ у ерда касаллиги туфайли вафот этган. Бундай ҳолатда унинг ўлими қандай тартибда расмийлаштирилади?

М.Валижонова, Янгиер шаҳри

Жавоб: Чет элда вафот этган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг ўлимини қайд этиш марҳум яшаб турган ёки ўлими содир бўлган жойдаги консуллик муассасаси томонидан амалга оширилади.

Агар ўлимни қайд этиш марҳумнинг яшаш жойидан бошқа округда амалга оширилса, у ҳолда ўлимни қайд этган консуллик муассасаси марҳум ҳисобда турган консуллик муассасасига унинг фамилияси, исми, отасининг исми, ўлган санаси, шунингдек ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувининг рақами ва ўлим қайд этилган сана кўрсатилган хабарнома юборади.

Савол: Ўлган фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати тақдим этилмаган ҳолларда ўлимни қайд этиш рад этиладими?

А.Турсунов, Сирдарё тумани

Жавоб: Ўлган фуқаронинг ҳужжати тақдим этилмаган ҳолларда ўлимни қайд этиш рад этилмайди, бундай ҳолда далолатнома ёзувининг “Белгилар учун” устунида “Ҳужжати топширилмади, далолатнома ёзуви ўлим ҳақида тиббий гувоҳномага ёки суднинг фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қарорига асосан қайд этилди” деб ёзиб қўйилади.

Савол: Шахси аниқланмаган фуқаронинг ўлими қандай тартибда расмийлаштирилади?

Б.Аскаров, Боёвут тумани

Жавоб: Шахси аниқланмаганларнинг ўлимини қайд этиш давлат соғликни сақлаш тизими тиббий муассасасининг хабарига асосан шу муассаса жойлашган ердаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан амалга оширилади. Бу ҳолларда ўлим ҳақидаги гувоҳнома марҳумнинг шахси аниқлангандан кейингина берилади.

Савол: Ўлимни қайд этиш учун ФҲДЁ бўлимига қандай хужжатлар тақдим этилиш керак? Муддатини ўтказиб ўлимни қайд этиш қандай тарибда расмийлаштирилади?

Б.Рахимов, Мирзаобод тумани

Жавоб: Ўлимни қайд эттириш учун ФҲДЁ органига ўлим ҳақида тиббий гувоҳнома ёки суднинг фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қонуний кучга кирган (бу ҳақда белги қўйилган ёки тегишли маълумотнома билан тасдиқланган) қарори билан бирга 16 ёшгача бўлган фуқароларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси, 16 ёшдан ошганларнинг эса паспортлари ва ҳарбий билети тақдим этилади.

Ўлимни кайд этиш муддатини ўтказиб мурожаат этилганида, ўлим ҳақида тиббий гувоҳноманинг асл нусхаси тақдим этилмаган ҳолларда, фуқаронинг вафот этган ва ўлимидан олдин яшаган жойидаги адлия бошқармаси ФҲДЁ архиви томонидан ўлим қайд этилмаганлиги ҳақида маълумотнома олинганидан кейингина далолатнома ёзуви қайд этилади.

Саволларга Янгиер шаҳар ФҲДЁ бўлими мудираси Раъно Батирова жавоб берди  



Савол: Вақтинчалик рўйxатга олиш тартибини тушунтириб беринг?

Т.АбдураззоқовСайхунобод туман

Жавоб: Вақтинча қайд этиш, шаxсининг ўзи белгилаган истиқомат жойида бўлиши даврида амалга оширилади.

Вақтинча қайд эттириш учун Ўзбекистон фуқаролари қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

- турар-жойни сотиб олиш ҳақида шартнома ёки тегишли органлар томонидан берилган ордер, 3-шакл бўйича ариза,

- Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти

- туғилганлик тўғрисида гувоҳнома – 16 ёшга тўлмаган, ота-оналаридан (васийлар ва ҳомийлардан) алоҳида яшовчи шаxслар учун;

- давлат божи тўланганлиги тўғрисида квитантция.

Доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтмаган шаxслар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 
223-моддасига кўра маъмурий жавобгарликка тортилади.

Саволга Сирдарё туман 4-сон ДНИ нотариуси К.Хушвақов жавоб берди. 



Хайр-эҳсон ҳақида умумий тушунча берсангиз?

Д.Тошбеков, Сайхунобод туман

Жавоб:Умумфойдали мақсадларда қилинган ҳадя хайр-эҳсон ҳисобланади.

Хайр-эҳсон фуқароларга, даволаш, тарбия, ижтимоий ҳимоя муассасаларига ва шунга ўхшаш бошқа муассасаларга, хайрия, илмий ва ўқув муассасаларига, фондларга, музейлар ва бошқа маданият муассасаларига, жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотларга, шунингдек давлатга ва бошқа фуқаролик ҳуқуқи субъектларига қилиниши мумкин.

Хайр-эҳсонни қабул қилишга бирор кимсанинг рухсати ёки розилиги талаб қилинмайди.

Хайр-эҳсон қилувчи мол-мулкни фуқарога хайр-эҳсон қилганида бу мол-мулкдан маълум бир мақсадда фойдаланишни шарт қилиб қўйиши лозим, юридик шахсларга хайр-эҳсон қилганда эса бу шартни қўйиши мумкин. Бундай шарт бўлмаганида мол-мулкни фуқарога хайр-эҳсон қилиш оддий ҳадя деб ҳисобланади, қолган ҳолларда эса хайр-эҳсон қилинган мол-мулкдан ҳадя олувчи унинг вазифасига мувофиқ фойдаланади.

Аниқ мақсадда фойдаланишга мўлжалланган хайр-эҳсонни қабул қилиб олаётган юридик шахс хайр-эҳсон қилинган мулкдан фойдаланиш бўйича амалга оширилган операцияларнинг алоҳида рўйхатини юритиши лозим.

Агар хайр-эҳсон қилинган мулкдан хайр-эҳсон қилувчи кўрсатган мақсадда фойдаланиш вазият ўзгарганлиги туфайли мумкин бўлмай қолса, мулкдан бошқа мақсадда фақат хайр-эҳсон қилувчининг розилиги билан, мол-мулкни хайр-эҳсон қилган фуқаро вафот этган бўлса ёки мулкни хайр-эҳсон қилган юридик шахс қайта ташкил этилган ёхуд тугатилган бўлса –– суд қарорига мувофиқ фойдаланиш мумкин.

Саволга Сирдарё вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Азизжон Мавланов жавоб берди 



Савол: Мен коллеж ўқувчисиман. Яқиндан бизнинг коллеждан бир ўқувчини ўқишдан четлаштиришди. Коллеж ўқувчиси ҳам ўқишдан четлатилиши мумкинми?

Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 декабрдаги 367-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 18-бандига асосан ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси ўқувчилари қуйидаги ҳолларда ўқишдан четлаштирилиши мумкин:

а) саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида) академик таътил олганда;

б) ўқиши бошқа таълим муассасасига кўчирилиши муносабати билан;

в) доимий яшаш учун бошқа давлатга чиқиб кетганда;

г) суднинг қарори билан озодликдан маҳрум этилганда;

д) вафот этганлиги сабабли.

Савол: Мен бир корхонада ишлайман. Яқинда меҳнат дафтарчамнинг асл нусхаси зарур бўлиб қолганлиги сабабли, уни бериб туришларини сўраганимда корха раҳбариятидан сўраганимда, улар меҳнат дафтарчасининг асл нусхасини ходимга берилмаслигини айтишни. Уларнинг бу гапи тўғрими?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 1998 йил 29 январда 402-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқноманинг 2.5-бандига мувофиқ иш берувчи ходимнинг талабига биноан меҳнат дафтарчасидан кўчирма ёки нусхани тасдиқланган ҳолда беради.

Ходимнинг ёзма равишдаги илтимосномасига кўра, қайтариб бериш шарти билан меҳнат дафтарчаси унинг эгасига 5 кундан ортиқ бўлмаган муддатга бериб турилиши мумкин. Бунда меҳнат дафтарчасига охирги иш жойи ва лавозими ҳақида киритилган маълумотларнинг тасдиғи сифатида ташкилот томонидан маълумотнома берилиши лозим. Бу даврда қонун ҳужжатларида белгилангандан ўзгача тартибда меҳнат дафтарчасига қўшимча ёзувлар киритиш, уни ўзгартириш, гаровга бериш ёки йўқ қилиш қатъиян ман этилади ва барча жавобгарлик ходимнинг зиммасига юклатилади.

Савол: Никоҳдан ўтувчилар учун тиббий кўрик натижаси бўйича берилган маълумотноманинг амал қилиш муддати белгиланганми?

Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги 365-сон қарори билан тасдиқланган Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомнинг 11-бандига мувофиқ тиббий маълумотноманинг амал қилиш муддати – уч ой қилиб белгиланган.

Иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил олмоқчи эдим. Мен қанча муддатгача ушбу таътил турини олишим мумкин?

Меҳнат кодексининг 150-моддасига асосан ходимнинг аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади, лекин у ўн икки ойлик давр мобайнида жами уч ойдан ортиқ бўлмаслиги керак.

Савол: Уч ёшга тўлмаган фарзандим бор. Давлат ташкилотида ишлайман. Менга нисбатан иш вақтининг қисқартирилган муддати белгиланиши борми?

Жавоб: Ўзбекистон РеспубликасиМеҳнат кодексининг 2281-моддасига асосан уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга иш вақтининг ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади. Иш вақтининг қисқартирилган муддати чоғида ушбу тоифадаги аёллар меҳнатига ҳақ ҳар кунги тўлиқ иш муддати чоғида тегишли тоифадаги ходимлар учун белгиланган миқдорда тўланади.

Савол: Олий таълим муассасалари талабалари қандай ҳолларда академик таътил олишлари мумкин? Академик таътил қандай муддатларга берилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2010 йил 4 сентябрда 2138-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари талабаларига академик таътил бериш тўғрисидаги низомга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари талаблари ҳарбий хизматни ўташ, саломатлигини тиклаш, ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда болаларни парвариш қилиш учун академик таътил олиш ҳуқуқига эга.

Академик таътил ўқув йилининг ҳар қандай қисмида, қуйидаги муддатларга берилади:

ҳарбий хизматни ўташ учун – қонун ҳужжатларида белгиланган ҳарбий хизматни ўташ муддатига;

саломатлигини тиклаш учун – 12 ой муддатга;

ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек болаларни парвариш қилиш учун – қонун ҳужжатларида белгиланган ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек болаларни парвариш қилиш таътиллари муддатига.

Биринчи курс талабаларига академик таътил, истисно тариқасида, фақат уларнинг касаллиги туфайли берилиши мумкин.

Тошкент юридик коллежини тугатганман. Мутахассислигим бўйича қайси соҳаларда ишлашим мумкин?

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта маҳсус таълим вазирлигининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг 2006 йил 4 октябрдаги 117, 12, 37/ҚҚ-сон қарори билан тасдиқланган Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари – ёш мутахассисларнинг ишга жойлашиши учун лавозим, касблар рўйхатида (рўйхат рақами 1631, 2006 йил 18 октябрь) ўрта махсус, касб-ҳунар коллежларини “ҳуқуқ” йўналиши бўйича тугатган шахсларнинг қуйидаги лавозимларда ишлаши мумкинлиги кўрсатилган:

– хўжалик ташкилотларида ҳуқуқшунос;

– ижтимоий масалалар бўйича ҳуқуқшунос;

– меҳнат муҳофазаси бўйича инспектор;

– пенсия тайинлаш ва тўлаш бўйича инспектор;

– ижтимоий кўмак ва ижтимоий хизмат ходими;

– ФҲДЁ органларида инспектор;

– адвокат ёрдамчиси;

– нотариус ёрдамчиси (референт);

– ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўйича инспектор;

– вояга етмаганлар билан ишлаш инспектори;

– суд ижрочиси;

– суд мажлиси котиби;

– девонхона ходими.

Ҳуқуққа ихтисослашган коллежни тугатганман. Давлат ташкилотларида ҳуқуқшунос сифатида ишлашим мумкинми?

Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 24 августдаги 182-сон “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридадавлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этиладиган хўжалик бошқаруви органлари ҳамда давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходими лавозимида олий юридик маълумотга эга бўлган шахс ишлаши мумкинлиги, қайд этиб ўтилган ташкилотлардан бошқа хўжалик юритувчи суъбектлар учун эса, ушбу талаблар тавсиявий хусусиятга эгалиги белгиланган.


 

“Бола ҳуқуқлари – давлат ҳимоясида” мавзусида

САВОЛ-ЖАВОБЛАР

1-савол: Мамлакатимизда ҳар бир соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. Келажагимиз эгалари бўлган ёшларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида қандай ҳуқуқий асослар яратилган?

Жавоб: Мустақиллик йилларида Муҳтарам Президентимизнинг бевосита раҳбарлигида ёшлар камолотига давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътибор қаратила бошланди. Барча соҳалар каби таълим тизими ҳам тубдан ислоҳ қилинди. Хусусан, халқимизнинг бой интеллектуал мероси ҳамда умумбашарий қадриятлари асосида замонавий фан ва техниканинг илғор ютуқларига асосланган кадрлар тайёрлашнинг мукаммал тизими яратилди.

Бугунги кунда юртимизда болаларни ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий жиҳатдан ҳимоя қилиш бўйича жуда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тегишли ҳуқуқий база шаклланган десак ҳеч муболаға бўлмайди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Оила кодекси, Фуқаролик кодекси, Меҳнат кодекси, Жиноят кодекси ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид нормалар ўз ифодасини топган.

1989 йилда имзоланган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан кейин ратификация қилган энг биринчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлардан ҳисобланади. 1992 йилда мазкур Конвенцияга қўшилиб, Ўзбекистон бола ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича бир қанча халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларни ўз зиммасига олди. Бундан ташқари, Конвенция қоидаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар ташкилотининг бола ҳуқуқлари бўйича Қўмитасига Конвенциянинг бажарилиши тўғрисида доимий равишда ҳисоботлар ҳам тақдим этиб туради.

Шуни таъкидлаш жоизки, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида қабул қилинган халқаро мажбуриятларни бажариш учун Ўзбекистон халқаро ҳуқуқий нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш йўлида катта ишларни амалга оширмоқда. Амалдаги қонунчиликда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига, шунингдек уларнинг ҳимоясига алоҳида эътибор берилмоқда.

Маълумки, бола ҳуқуқлари соҳасида қонунчиликнинг асосини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ташкил этади. Унга мувофиқ болада туғилиши биланоқ инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ, эркинликлари вужудга келади ҳамда улар давлат томонидан кафолатланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддасига кўра болалар ота-оналарининг келиб чиқиши ва фуқаролик ҳолатидан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар.

Болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалда бўлган қонунчилик Конституциямиз нормаларини Бола ҳуқуқлари ҳақидаги Конвенцияга мувофиқ ҳолда такомиллаштиришга йўналтирилган.

Конвенция талабларига мувофиқ бола ҳуқуқларини мустаҳкамлаган ва уларнинг ҳимоя килиниш шаклларини такомиллаштирган Фуқаролик ва Оила Кодексларининг қабул қилиниши бола ҳуқуқлари ҳимояси бўйича қонунчилик ривожига жиддий ҳисса қўшди.

Бола ҳуқуқлари тўғрисида конвенция БМТнинг болаликни муҳофазалаш бобидаги энг универсал ҳужжати ҳисобланади. Унда мустаҳкамлаб қўйилган бола ҳуқуқ ва манфаатларининг барча қирраларини “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қамраб олган.

“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг энг асосий жиҳатларидан бири, унда бола ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қарийб барча қоидаларнинг жам қилинганлигидир. Мазкур қонун ҳужжати Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида назарда тутилган бола ҳуқуқларининг асосий ва қўшимча кафолатларини ўз ичига олган.

2-савол: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳамда ушбу қарор билан тасдиқланган Дастурда қандай мақсадлар назарда тутилган?

Жавоб: Юртбошимизнинг 6 февраль куни “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорининг қабул қилиниши мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлашга, уларнинг таълим-тарбиясини янада яхшилашга қаратилган улкан қадам бўлди.

Ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикасида 2014 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури тасдиқланди ва олдимизда турган вазифалар белгилаб берилди.

Дастур 7 бўлим, 67-банддан иборат.

Дастурнинг 1-йўналиш 1-бандида “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланганлиги ҳам бугунги кунда ёшлар камолотига давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътибор қаратилаётганлигидан далолат беради.

3-савол: “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш ишлари қай даражада бўляпти?

Жавоб: Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия томонидан 2014 йил 19 февралда масъул ташкилот вакилларидан иборат ишчи гуруҳи шакллантирилди.

2014 йил 14 мартда Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳи йиғилиши ўтказилди. Унда ишчи гуруҳи аъзолари ўртасида қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди. Шунга мувофиқ, 2014 йил 
17 мартда “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича Чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Адлия вазирлиги томонидан янги таҳрирдаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўлиқ хатловдан ўтказилди. Ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги хорижий мамлакатларнинг қонунчилик тажрибаси ўрганилиб, шу асосда таҳлилий маълумот ҳамда қиёсий жадвал тайёрланди.

Шунингдек, ҳозирда Бош прокуратура, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, “Камолот” ЁИҲ, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси ҳамда “Ижтимоий фикр” жамоатчилик марказидан олинган маълумотлар асосида қонун лойиҳасининг концепцияси ишлаб чиқилди.

Ҳозирда ишчи гуруҳ томонидан Қонун лойиҳаси тайёрланмоқда.

4-савол: Ёшлар орасида, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишга қаратилган “Ёшлар ва қонун” тарғибот лойиҳасини амалга ошириш юзасидан олиб борилаётган ишлар, аслида бу қандай лойиҳа?

Жавоб: 2014 йил 19 февраль куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия йиғилиши бўлиб ўтди ва унда Дастурнинг 53-банди бўйича, яъни ёшлар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишга қаратилган “Ёшлар ва қонун” тарғибот лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳ таркиби, лойиҳа концепцияси, уни амалга оширишнинг чора-тадбирлар режаси ҳамда хисобот шакли тасдиқланди.

Мазкур тадбир – ёшлар, шу жумладан, вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишга қаратилган “Ёшлар ва қонун” тарғибот лойиҳасини амалга оширишдир.

Лойиҳа, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш, ёшларни қонунга итоаткорлик руҳида тарбиялаш, уларни юксак маънавиятли 
ва мустақил фикрлайдиган бўлишларини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.

Ушбу тадбир кенг қамровли бўлиб, уни амалга оширишда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишга алоҳида эътибор қаратилади.

Лойиҳа умумтаълим мактабларида, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ўртасида тарғибот тадбирларини ўтказиш орқали амалга оширилади.

“Ёшлар ва қонун” тарғибот лойиҳаси доирасида муайян ишлар амалга оширилди.

Хусусан, лойиҳани амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳининг йиғилиши ўтказилиб, гуруҳ аъзолари ҳудудларга бириктирилди ва чора-тадбирлар режасининг тегишли бандларига масъул этиб белгиланди ҳамда йиғилиш баёни ижрога қаратилди.

Шунингдек, лойиҳа юзасидан тарғибот материаллари яъни, маъруза матнлари, тақдимотлар, тарқатма материаллар, кўргазмали тарғибот воситалари видеороликлар тайёрланиб, тарғибот тадбирларида фойдаланиш ҳамда барча таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда талабалари эътиборига етказиш учун ҳудудий ишчи гуруҳларига, Олий ва ўрта махсус таълим ва Халқ таълими вазирликларига ҳамда Ўрта махсус касб-ҳунар таълими марказига юборилди.

5-савол: Мазкур тарғибот лойиҳасининг айрим бандларида белгиланган вазифаларга изоҳ берсангиз. Уларда аниқ қандай мақсадлар кўзда тутилган?

Жавоб: Лойиҳа умумтаълим мактабларида, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ўртасида тарғибот тадбирларини ўтказиш орқали амалга оширилади.

Бундан ташқари, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида барча таълим муассасаларида жорий йилнинг апрелига қадар “Ҳуқуқий саводхонлик бурчаги” ташкил этилиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 8 февралдаги 42-сонли буйруғи қабул қилинган ва Маънавият-маърифат хонаси ҳамда Ахборот ресурс маркази бўғинидан кенг фойдаланиш, бу борада фаолият самарадорлигини кўриб чиқиш, ушбу ташкил этилаётган бурчакка ёшларга оид, эгаллаётган касбга доир конун ҳужжатлари, юридик адабиётлар ва бошқа тегишли маълумотларни жамлаш, жиҳозлаш ҳамда ёшларнинг эътиборини кучайтириш чораларини кўриш вазифаси таълим муассасаларига юклатилган.

Шунингдек, “Вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш”, “Ватан меҳридан юксалаётган авлод”, “Ўсмир ва қонун”, “Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш – барчамизнинг бурчимиздир” мавзуларида оммавий ахборот воситаларида чиқиш белгиланган.

Дастурда ўқувчи ёшларни мамлакатда бола ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш борасида ҳамда юридик таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништириш, билим ва малакаларини ошириш мақсадида Тошкент шаҳридаги юридик коллежлар ҳамда ТДЮУ ҳузуридаги академик лицейи ўқувчилари билан учрашув ўтказиш белгиланган.

Шунга кўра, 14 март ва 9 апрель кунларида Бош прокуратурада Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия томонидан бошқа манфаатдор идоралар билан ҳамкорлиқда Тошкент шаҳридаги ҳуқуқшуносликка ихтисослашган коллежлар ва Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицей ўқувчилар иштирокида учрашув ўтказилди.

Бундан ташқари, 2 апрелда Адлия вазирлигида Тошкент юридик колежи ўқувчиларини адлия органларининг қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш борасидаги фаолияти ҳақидаги билимларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ушрашув ташкил этилиб, шу куни Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Наманган вилоятларидаги коллеж ўқувчилари иштирокида ҳам ўтказилди.

Шу каби учрашувлар 8 апрелда Бухоро, Жиззах ва Фарғона вилоятларида ташкил этилиб, ҳуқуқшуносликка ихтисослашган коллежларнинг 595 нафардан ортиқ ўқувчилари иштироки таъминланди.

Учрашувларда битирувчиларни қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан жавоб берилиб, эсдалик совғалар тарқатилди, тадбир тафсилотлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.

6-савол: Тарғибот лойиҳаси ишга тушганига уч ойдан ошиқ вақт ўтди. Мана шу муддат мобайнида қандай амалий чора-тадбирлар кўрилди?

Жавоб: “Ёшлар ва қонун” тарғибот лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2014 йил 19 февраль куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия йиғилиши бўлиб ўтди ва унда Дастурнинг 53-банди бўйича, яъни ёшлар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишга қаратилган ишчи гуруҳ таркиби, лойиҳа концепцияси, уни амалга оширишнинг чора-тадбирлар режаси ҳамда хисобот шакли тасдиқланди.

Бугунги кунда “Ёшлар ва қонун” тарғибот лойиҳаси доирасида муайян ишлар амалга оширилди.

Хусусан, лойиҳани амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳининг йиғилиши ўтказилиб, гуруҳ аъзолари ҳудудларга бириктирилди ва чора-тадбирлар режасининг тегишли бандларига масъул этиб белгиланди ҳамда йиғилиш баёни ижрога қаратилди.

Шунингдек, лойиҳа юзасидан тарғибот материаллари яъни, маъруза матнлари, тақдимотлар, тарқатма материаллар, кўргазмали тарғибот воситалари видеороликлар тайёрланиб, тарғибот тадбирларида фойдаланиш ҳамда барча таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда талабалари эътиборига етказиш учун ҳудудий ишчи гуруҳларига, Олий ва ўрта махсус таълим ва Халқ таълими вазирликларига ҳамда Ўрта махсус касб-ҳунар таълими марказига юборилди.

Шунга кўра 2 130 нафар мутахассислардан иборат таркибда 233 та ишчи гуруҳлар тузилиб, улар томонидан 2 668 та ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди. Тадбирларнинг 1 635 таси давра суҳбати, 6 таси конференция, 438 таси семинар шаклида амалга оширилиб, 179 та матбуотда материал эълон қилинди, 101 та радиода эшиттириш берилиб, 257 та кўрсатув эфирга узатилди. Электрон ахборот тизимида эса 52 та материал жойлаштирилди.

Тадбирларда 183 354 нафар тингловчиларнинг иштироки таъминланиб, 152 473 нафари таълим муассасаларининг ўқувчи талабалари, 14 739 нафари маҳалла фаоллари, 8 143 нафари меҳнат жамоалари ва 7 999 нафари бошқа жамоатчилик вакиллари.

Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган ишларни кенг ёритиш мақсадида 50 дан ортиқ номдаги тайёрланган теле, радиороликлар телерадиокомпания тизимидаги телерадиоканаллар орқали кундалик тарзда мунтазам эфирга бериб борилмоқда.

Шу каби, жорий йилнинг 13 мартида Бош прокуратурада халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълим, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Республика болалар ижтимоий мослашув маркази, хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, маънавият тарғибот маркази, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, Тошкент давлат юридик ва Тошкент давлат педагогика университетларининг профессор-ўқитувчилари иштирокида илмий-амалий семинар ташкил этилди.

7-савол: Ёшлар ўртасида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари ҳақида сўз юритганимизда умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий ўқув юртларида таҳсил олаётган эртамиз эгалари иштирокидаги тадбирларга кўпроқ эътибор қаратамиз. Лекин уюшмаган ёшлар қатлами ҳам борки, улар билан ишлаш бугунги куннинг асосий талабларидан ҳисобланади. Лойиҳа доирасида бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Жавоб: Юқорида таъкидланганидек, “Ёшлар қа қонун” тарғибот лойиҳаси концепциясида тарғибот тадбирларини кенг қамровли тарзда ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ўртасида тарғибот тадбирларини ўтказиш орқали амалга оширилади.

Бугунги кунда тарғибот Лойиҳасини амалга оширишга масъул бўлган гуруҳлар томонидан республикамизнинг барча худудларини, айниқса чекка худудларида ҳам тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда.

Масалан, 12 мартда Амударё туманидаги 7-сонли умумтаълим мактабида, 18 март кунида Жиззах вилояти Фориш туманидаги “Нурак” маҳалла фуқаролар йиғинида, 8 апрелда Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги “Меҳнат” маҳалласида, 11 апрелда Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги 1-сон умумтаълим мактабида тарғибот тадбирлари ташкил этилди.

8-савол: Вояга етмаганлар ҳуқуқларига оид қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини аҳолига, айниқса ёшларга тушунтириш борасида қандай сайъи ҳаракатлар амалга оширилмоқда?

Жавоб: Вояга етмаганлар ҳуқуқларига оид қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини аҳолига, айниқса ёшларга тушунтириш бўйича адлия органлари ва муассасалари томонидан биргина жорий йилнинг биринчи чораги давомида 2306 маротаба ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилди.

Тадбирларнинг 401 таси оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилиб, 65 та телекўрсатув, 125 та радиоэшиттириш ташкил этилди. Газета ва журналларда 176 та мақолалар чоп этилиб, мавзуга оид 35 та мақола ВЕБ саҳифага жойлаштирилди.

“Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш”, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари”, “Вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари”, “Гиёҳвандлик – аср вабоси”, “Одам савдосига қарши кураш – давр талаби” мавзуларида 730та тушунтириш маърузалари, 855 та давра суҳбатлари, 197 та семинарлар ташкил этилди. Мавзуга оид 2 та рисолалар чоп этилиб, 2 та мақолалар тўпламга киритилди.

Тадбирларда жами 93.033 нафар тингловчилар иштироки таъминланиб, улар учун 115 турдаги плакат ва буклетлар 3481 нусхада тайёрланиб, тарқатилди.

Саволларга

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ МАСЪУЛ ХОДИМИ ЛОЛАХОН КАРИМОВА жавоб берди. 



Савол:

Ёз таътиллар даври, айтингчи ходимларга меҳнат таътили бериш тартиби қандай?

Қ.Бердиёрова, Оқолтин тумани

Жавоб:

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 143-моддасига асосан, йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун олти ой ишлагандан кейин берилади.

Таътил қуйидаги ходимларга уларнинг хоҳиши бўйича олти ой ўтмасдан олдин берилади:

аёлларга-ҳомиладорлик ва туғиш таътили олдидан ёки ундан кейин;

ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга;

муддатли ҳарбий хизматдан заҳирага бўшатилган ва ишга жойлашган ҳарбий хизматчиларга;

ўриндошлик асосида ишлаётганларга – асосий иш жойидаги таътил билан бир вақтда, ўриндошлик асосида ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўлаган ҳолда;

таътил ҳар йили, шу таътил берилаётган иш йили тугагунга қадар берилиши лозим.

Ишлаб чиқариш тусидаги сабабларга кўра жорий йилда таътилни тўлиқ бериш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда, ходимнинг розилиги билан таътилнинг ўн икки иш кунидан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин, шу йили ундан албатта фойдаланилмоғи лозим.

Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларга йиллик таътилни, меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос бўлган ишлар учун бериладиган йиллик қўшимча таътилларни бермаслик таъқиқланади.

Йиллик асосий таътил иккинчи ва ундан кейинги иш йиллари учун таътиллар жадвалига мувофиқ иш йилининг исталган вақтида берилади.

Саволга Янгиер шаҳри 2-сон ДНИ нотариуси Асқар Мансуров жавоб берди. 



Савол: — Хусусий корхонанинг раҳбари қариндошини кассир лавозимига ишга олиши мумкинми?

Одил ТўрақуловГулистон шаҳри

Жавоб:—Ха, раҳбар кассир лавозимига қариндошини ишга олиши мумкин.

Муайян ҳоллар учун қонунчиликда ҳақиқатдан ҳам яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахсларнинг биргаликда ишлашига чеклов белгиланган.

Чунончи, Меҳнат Кодексининг 79-моддасига биноан ўзаро яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахсларнинг (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғил ва қизлар, эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари), башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, бир давлат корхонасида бирга хизмат қилишлари тақиқланади.

Бироқ, кўриб чиқилаётган ҳолатда хусусий корхона тўғрисида сўз бораяпти. Тегишлича, биргаликда хизмат қилишга доир чеклашлар мазкур корхона ходимларига татбиқ этилмайди.

Савол: — Хусусий корхонанинг бош бухгалтери кассир бўлиб ишлаши ҳам мумкинми?

Назира АбдураззоқоваХовос тумани

Жавоб: — Йўқ. Бош бухгалтер бир вақтнинг ўзида кассир бўлиб ишлаш ҳуқуқига эга эмас. Юридик шахслар томонидан касса операцияларини юритиш қоидаларининг (Адлия Вазирлиги томонидан 17.12.1998 йилда 565-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 35-бандига биноан бухгалтерлар ва касса ҳужжатларига имзо чекиш ҳуқуқидан фойдаланувчи бошқа ходимлар кассирлик мажбуриятларини бажариши мумкин эмас.

Битта кассирга эга бўлган ташкилотларда, уни вақтинча алмаштириш зарур бўлган тақдирда, кассир мажбуриятларини бажариш ташкилот раҳбарининг ёзма буйруғига (қарорига, фармойишига) биноан бошқа ходимга юкланади.

Бўлинмалари кўп бўлган ёки марказлаштирилган бухгалтериялар хизмат кўрсатадиган ташкилотларда иш ҳақи, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари, стипендиялар, пенсия ва мукофотлар ташкилот раҳбарининг ёзма буйруғи (қарори)га кўра, кассирлардан ташқари, тўлиқ шахсан моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузиладиган ва кассирлар учун белгиланган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар татбиқ этиладиган бошқа шахслар томонидан тўланиши мумкин.

Ана шу тартибда касса операцияларини амалга ошириш бўйича мажбуриятлар штат рўйхатига кўра кассир лавозими назарда тутилмаган ташкилотнинг бошқа ходимларига юкланади.

Саволларга Сирдарё туман 3-сонли ДНИ нотариуси Барно Исломова жавоб берди.



— ТОШКЕНТ шаҳрида доимий рўй­хат­да туриб яшасам-да, Гулистон шаҳрида 3 хонали квартирам бор, олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун кўчмас мулк жойлашган жойдаги нотариал идорага бормасдан уни қандай расмийлаштириш мумкин?

Р.АСЛАНОВА, Сирдарё тумани

— Кўчмас мулк жойлашган жойдаги нотариал идорага боришингизнинг имкония­ти бўлмаса, cиз ўзга шахс номига нотариус томонидан тасдиқланган кўчмас мулкни сотиш ҳуқуқи билан ишончнома беришингиз мумкин. Шунингдек, агарда кўчмас мулк турмуш ўртоғингиз билан никоҳингиз давомида орттирилган бўлса, Оила кодексининг 23-моддасига асосан унинг ҳам нотариус томонидан тасдиқланган розилик аризаси керак бўлади.

Саволга Сирдарё тумани 4-сон давлат нотариал идораси Комилжон ХУШВАКОВ жавоб берди. 


Савол: Қонуний никоҳдан ўтиш тартиби қандай?

К.Каримов, Сирдарё тумани

Жавоб: Оила кодексининг 13-моддасида ФҲДЁ органларида қоқонуний никоҳдан ўтиш тартиби ёритилган бўлиб:

Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади.

Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.

Никоҳ тузиш никоҳланувчиларнинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берганларидан кейин бир ой ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилади.

Узрли сабаблар бўлганда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи бир ой ўтгунга қадар никоҳ тузишга рухсат бериши мумкин.

Алоҳида ҳоллар (ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқалар)да никоҳ ариза берилган куни тузилиши мумкин.

Никоҳ тузиш фуқаролик ҳолати далолатномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

Савол: Ота-онам мени мажбурлаб эрга бермоқчи, мени ота-онам мажбурлаб эрга бериши мумкинми?

Н.Маматова, Ховос тумани

Жавоб: Оила кодексининг 14-моддасига асосан

Никоҳ тузиш ихтиёрийдир.

Никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши керак. Никоҳ тузишга мажбур қилиш тақиқланади.

Савол: Қонунда никоҳ ёши неччи ёш деб белгиланган?

У.Мирзабоев, Мирзаобад тумани

Оила Кодексининг 15-модда. Никоҳ ёши кўрсатиб ўтилган.

Никоҳ ёши эркаклар учун ўн саккиз ёш, аёллар учун ўн етти ёш этиб белгиланади.

Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин.

Саволларга Гулистон шаҳар никоҳ уйи мудираси Г.Расулова берди.



Савол:Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жойни бошқа шахсга бериш шартномасини тузиш тартиби ҳақида батафсил билмоқчи эдим.

Ж.Казаков, Сайхунобод тумани

Жавоб: Умрбод таъминлаш шарти билан уйни, квартирани бошқа шахсга бериш шартномасини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Умрбод таъминлаш шарти билан уйни, квартирани бошқа шахсга бериш шартномасининг предмети бўлган турар жойдан фойдаланиш шу шартнома шартларига мувофиқ амалга оширилади. Шартномада турар жойдан фақат турар жойни бошқа шахсга бераётган ва уни олаётган шахс фойдаланиши назарда тутилиши, турар жойдан фойдаланиш тартиби белгилаб қўйилиши ёки белгиланмаслиги ёхуд турар жойни фойдаланиш учун учинчи шахсга (учинчи шахсларга) бериш ёки қонун йўл қўядиган бошқача усулда фойдаланиш белгиланиши мумкин.

Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (уйнинг бир қисми)ни, квартирани бошқа шахсга бериш шартномасига мувофиқ, бир тараф (олувчи) ёши ёки соғлиғи туфайли меҳнатга лаёқатсиз бўлган бошқа тараф (бошқа шахсга берувчи)ни натура ҳолида (уй-жой бериш, овқатлантириш, парваришлаш ва зарур ёрдам кўрсатиш тарзида) умрбод моддий таъминлаш мажбуриятини олади, бошқа шахсга берувчи эса олувчига уй-жой (уйнинг бир қисми)ни, квартирани мулк қилиб бериш мажбуриятини олади.

Саволга Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи И.Қорабоев жавоб берди. 



Савол: Нотариусларнинг касбий мажбуриятларини бажариши устидан қайси давлат органи назорат қилади?

Азиза Азимова, Сирдарё туман

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги қонунининг 13 моддасига асосан нотариусларнинг ўз касбий мажбуриятларини бажариши устидан назоратни Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари амалга оширади.

Савол: Нотариуснинг касб мажбуриятлари ҳақида тушунтириб берсангиз?

Лолахон Маматова, Ховос туман

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги қонунининг 18 моддасида нотариус жисмоний ва юридик шахсларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда кўмаклашиши, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириб бериши ҳамда томонлар тақдим этган битимлар лойиҳаларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириши, ушбу битимлар мазмуни томонларнинг асл мақсадига мос келиш-келмаслигини ва қонун талабларига зид келиш-келмаслигини текшириши, юридик жиҳатдан бехабарлик жисмоний ва юридик шахслар зарарига фойдаланилмаслиги учун амалга оширилаётган нотариал ҳаракатларнинг оқибатлари ҳақида уларни огоҳлантириши, қонун ҳужжатларига мос келмайдиган нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиши, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш вақтида фуқаролар ёки мансабдор шахслар томонидан қонунчилик бузилганлигини аниқлаган тақдирда, зарур чора-тадбирлар кўрилиши учун тегишли корхоналар, муассасалар, ташкилотларга ёки прокурорга бу ҳақда хабар қилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда беш йилда камида бир марта ўз касбий малакасини ошириши;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда кўчмас мулк ижараси шартномаларини тасдиқлаш ва ижара ҳақининг миқдори тўғрисидаги, мерос ёки ҳадя тартибида фуқаролар мулкига ўтаётган мол-мулкнинг қиймати ҳақидаги маълумотномаларни давлат солиқ хизмати органига тақдим этиши;

суд, прокуратура, тергов органлари талабига биноан мазкур органларнинг юритувида бўлган ишлар билан боғлиқ нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик тўғрисида маълумотномалар беради.

Саволларга Сайхунобод тумани ДНИ нотариуси Махбуба Юсупова жавоб берди.


Судда иш қўзғатишнинг процессуал тартиби

Савол: Фуқаролик ишлари бўйича судида фуқаролик ишлари қандай қўзғатилади?

Жавоб: Судда фуқаролик ишлари ёзма шаклда ариза бериш йўли билан қўзғатилади.

Савол:Фуқаролик ишини қўзғатиш бўйича аризасининг мазмунида нималар кўрсатилиши лозим?

Жавоб: Фуқаролик ишини қўзғатиш бўйича аризада қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

1) ариза берилаётган суднинг номи;

2) даъвогарнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми) ва яшаш жойи, агар даъвогар ташкилот бўлса, унинг номи ва қаерда жойлашганлиги, шунингдек агар ариза вакил томонидан берилаётган бўлса, вакилнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми) ва манзили;

3) жавобгарнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми), яшаш жойи ёки агар жавобгар ташкилот бўлса, унинг номи ва қаерда жойлашганлиги;

4) даъвогарнинг талаби;

5) агар даъвони баҳолаш лозим бўлса, унинг баҳоси;

6) даъвогар ўзининг талабларига асос қилиб кўрсатаётган ҳолатлар ва бу ҳолатларни тасдиқлайдиган далиллар;

7) аризага илова қилинган ҳужжатларнинг рўйхати.

Савол: Фуқаролик ишини қўзғатиш бўйича ариза ким томонидан имзоланади? Ариза вакил томонидан берилган бўлса, аризага қандай қўшимча ҳужжатлар илова қилиниши лозим?

Жавоб: Ариза даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Агар ариза вакил томонидан берилган бўлса, аризага ишончнома ёки унинг ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилиниши лозим.

Савол: Бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида прокурор, давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ёки айрим фуқаролар томонидан бериладиган аризаларда яна нималар кўрсатилиши лозим?

Жавоб: Бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида прокурор, давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ёки айрим фуқаролар томонидан бериладиган аризаларда, шу моддада санаб ўтилган маълумотлардан ташқари, ариза кимнинг манфаатини кўзлаб берилган бўлса, ўша шахснинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми) ва манзили кўрсатилиши лозим.

Савол: Судга ариза қанча нусхада берилади?

Жавоб:Судга ариза жавобгарларнинг сонига мутаносиб миқдорда нусхалари билан берилади.

Савол: Судья даъвогарни аризага илова қилинган ҳужжатларнинг нусхаларини ҳам жавобгарларнинг сонига мутаносиб миқдорда тақдим этишга мажбур қилиши мумкинми?.

Жавоб: Судья ишнинг мураккаблиги ва хусусиятига қараб, даъвогарни аризага илова қилинган ҳужжатларнинг нусхаларини ҳам жавобгарларнинг сонига мутаносиб миқдорда тақдим этишга мажбур қилиши мумкин.

Савол: Фуқаролик ишини қўзғатиш бўйича аризалар ким томонидан қабул қилинади? Фуқаролик иши қўзғатиш масаласини ким ҳал қилади ва бу ҳақда суд нима чиқаради?

Жавоб: Аризалар судларда суднинг раиси, унинг ўринбосари ёки судья томонидан қабул қилинади.

Фуқаролик иши қўзғатиш масаласини судья ҳал қилади ва бу ҳақда суд ажрим чиқаради.

Савол:Қандай ҳолларда суд аризани қабул қилишни рад этади?

Жавоб: Суд қуйидаги ҳолларда аризани қабул қилишни рад этади, агар:

1) ариза судда кўришга тегишли бўлмаса;

2) суднинг айнан ўша тарафлар ўртасида, айнан бир предмет тўғрисида ва айнан бир асослар бўйича чиққан низо юзасидан қабул қилиниб, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёхуд даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечганлигини қабул қилиш ёки тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрими мавжуд бўлса;

3) суд айнан ўша тарафлар ўртасида, айнан бир предмет тўғрисида ва айнан бир асослар бўйича чиққан низо юзасидан иш юритаётган бўлса;

4) тарафлар ўртасида ушбу низони ҳал қилиш учун ҳакамлик судига топшириш ҳақида ҳакамлик битими тузилган бўлса;

5) иш шу суднинг судловига тааллуқли бўлмаса;

6) ариза муомалага лаёқатсиз шахс томонидан берилган бўлса;

7) манфаатдор шахс номидан аризани иш юритиш ваколатига эга бўлмаган шахс берган бўлса.

Савол:Аризани қабул қилишни рад этиш қандай расмийлаштирилади ва бу ҳақда суд томонидан қандай ҳужжат чиқарилади?

Жавоб: Судья ариза судда кўришга тегишли бўлмаса; суднинг айнан ўша тарафлар ўртасида, айнан бир предмет тўғрисида ва айнан бир асослар бўйича чиққан низо юзасидан қабул қилиниб, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёхуд даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечганлигини қабул қилиш ёки тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрими мавжуд бўлса; суд айнан ўша тарафлар ўртасида, айнан бир предмет тўғрисида ва айнан бир асослар бўйича чиққан низо юзасидан иш юритаётган бўлса; тарафлар ўртасида ушбу низони ҳал қилиш учун ҳакамлик судига топшириш ҳақида ҳакамлик битими тузилган бўлса; иш шу суднинг судловига тааллуқли бўлмаса; ариза муомалага лаёқатсиз шахс томонидан берилган бўлса; манфаатдор шахс номидан аризани иш юритиш ваколатига эга бўлмаган шахс берган асосларга кўра аризани қабул қилишни рад этар экан, бу ҳақда ариза тушган кундан эътиборан ўн кун ичида асослантирилган ажрим чиқаради.

Савол: Иш судга тааллуқли бўлмаса, судья ажримда нималар кўрсатилиши шарт ва даъвогарга қандай ҳужжатлар қайтарилади?

Жавоб: Башарти иш судга тааллуқли бўлмаса, судья ажримда аризачи қайси органга мурожаат қилиши кераклигини ёки иш қўзғатишга тўсқинлик қилаётган ҳолатларни қандай бартараф этишни кўрсатиши шарт.

Ариза иловалар ва ажримнинг нусхаси билан биргаликда даъвогарга қайтарилади.

Савол:Қандай ҳолларда ариза ҳаракатсиз қолдирилади ва бу ҳақда суд томонидан қандай ҳужжат чиқарилади?

Жавоб: Судья ариза Фуқаролик процессуал кодекснинг 149 ва 150-моддаларида баён этилган талабларга риоя қилинмай берилганлигини ёки давлат божи тўланмаганлигини аниқласа, аризани ҳаракатсиз қолдириш тўғрисида ажрим чиқариб, бундан даъвогарни хабардор қилади ва камчиликларни тузатиш учун унга муҳлат беради.

Савол: Агар даъвогар белгиланган муддатда судьянинг кўрсатмаларига мувофиқ Фуқаролик процессуал кодекснинг 149 ва 150-моддаларидаги талабларни бажарса ва давлат божини тўласа, ариза қайси куни берилган ҳисобланади?

Жавоб: Агар даъвогар белгиланган муддатда судьянинг кўрсатмаларига мувофиқ ушбу Кодекснинг 149 ва 150-моддаларидаги талабларни бажарса ва давлат божини тўласа, ариза судга дастлаб тақдим этилган куни берилган ҳисобланади. Акс ҳолда, ариза берилмаган ҳисобланиб, даъвогарга қайтарилади ва бу ҳақда ажрим чиқарилади.

Савол: Даъвогар аризада бир неча талабни бирлаштириш ҳақлими?

Жавоб: Даъвогар бир аризада ўзаро боғлиқ бўлган бир неча талабни бирлаштиришга ҳақли.

Савол: Судья бир турдаги ишларни бирлаштиришга ҳақлими?

Жавоб: Судья шу судда айнан бир тарафлар иштирок этаётган бир турдаги бир неча иш юритилаётганлигини ёхуд бир шахснинг турли жавобгарларга ёки бир неча даъвогарнинг айнан битта жавобгарга нисбатан аризалари бўйича бир неча иш юритилаётганлигини аниқласа, агар бу ишларни бирлаштириш ишнинг ўз вақтида ва тўғри ҳал қилинишига ёрдам берса, уларни биргаликда кўриш учун битта ишга бирлаштиришга ҳақли.

Савол: Судья бирлаштирилган талаблардан бирини ёки бир нечасини алоҳида иш юритиш учун ажратишга ҳақлими?

Жавоб: Агар аризани қабул қилаётган судья талабларни алоҳида кўришни мақсадга мувофиқ деб топса, бирлаштирилган талаблардан бирини ёки бир нечасини алоҳида иш юритиш учун ажратишга ҳақли.

Савол: Бир неча даъвогар томонидан ёки бир неча жавобгарга нисбатан талаблар тақдим этилса, улардан бири ёки бир нечасини алоҳида иш юритиш учун ажратишга судья ҳақлими?

Жавоб: Бир неча даъвогар томонидан ёки бир неча жавобгарга нисбатан талаблар тақдим этилса, аризани қабул қилаётган судья, агар талабларни алоҳида кўриб чиқишни мақсадга мувофиқ деб топса, улардан бири ёки бир нечасини алоҳида иш юритиш учун ажратишга ҳақли.

Саволларга Адлия вазирлиги масъул ходими Н.Каримова жавоб берди.


 

Ҳуқуқшунос маслаҳатчилар ҳар неча йилда аттестациядан ўтишлари лозим?

К.Каримов, Мирзаобод тумани

Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 22 ноябрдаги “Юридик хизмат ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисида” Низомни тасдиқлаш ҳақидаги 244-сонли қарорига асосан ҳуқуқшунос маслаҳатчилар 5 йилда бир маротаба ҳудудий адлия органларидан аттестациядан ўтишлари лозим.

Мазкур қарор билан олий ўқув юртини битирган ва мутахассислиги бўйича янги ишга кирган юридик хизмат ходимлари 2 йил ишлаганларидан сўнг ҳудудий адлия органларидан аттестациядан ўтказилади. Аммо, улар 2 йил тугашидан 3 ой олдин ҳудудий адлия органларига ариза билан мурожаат қилишлари лозим.

Агар ҳуқуқшунос маслаҳатчи олий ўқув юртини битириб янги ишга кирган тақдирда, унга ҳуқуқшунос маслаҳатчи бўлиб ишлаш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома талаб этиладими?

А.Турсунов, Сайхунобод тумани

Жавоб: Йўқ, у Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 22 ноябрдаги “Юридик хизмат ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисида” Низом талабига кўра 2 йилгача гувоҳномасиз ишлаш ҳуқуқига эга. Шунингдек, ҳуқуқшунос маслаҳатчи 2 йиллик муддат тугашига 3 ой вақт қолганда вилоят адлия бошқармасига аттестациядан ўтиш учун ҳужжат топширади.

Ҳуқуқшунос маслаҳатчи давлат органларида 5 йил ёки 10-15 йил ишлаб ҳуқуқшунос маслаҳатчи бўлиб янги ишга кирган тақдирда муддатларни ҳисоблаш қай тартибда амалга оширилади?

Н.Каримова, Сардоба тумани

Жавоб: Муддатлар Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 22 ноябрдаги “Юридик хизмат ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисида” Низом нормасига асосан ҳуқуқшунос маслаҳатчи бўлиб ишга кирган вақтдан ҳисобланади. Чунончи, Низом талаби ҳуқуқшунос маслаҳатчининг ҳуқуқшунос бўлиб ишлаган даври билан ҳисобланади.

Ҳуқуқшунос маслаҳатчилар аттестациядан ўтолмаган тақдирда қанча муддатдан кейин қайта аттестациядан ўтиш учун мурожаат қилиш ҳуқуқига эга?

Т.Валиев, Янгиер шаҳар

Жавоб: Ҳуқуқшунос маслаҳатчилар ҳудудий адлия органларидан аттестациядан ўтолмаган тақдирда 6 ойдан сўнг қайта аттестациядан ўтиш учун мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Ҳуқуқшунос маслаҳатчилар қайта аттестациядан ўтолмаган тақдирда ҳудудий адлия органлари томонидан қандай таъсир чоралари қўлланилади?

М.Ҳатамова, Гулистон шаҳар

Жавоб: Ҳудудий адлия органлари томонидан ҳуқуқшунос маслаҳатчи ишлаётган идорага эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисида тақдимнома киритилади.

Саволларга Сирдарё вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Жасурбек Юсуфалиев жавоб берди.



Ўзбекистон Республикасига хорижий инвестицияларни жалб қилишга яратилган шарт-шароитлар

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари ва Ўзбекистон Республикасида турган чет давлатлар фуқароларининг шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган мол-мулклар бўйича қайси қонунда қандай имтиёзлар берилган?

– “Бож тарифи тўғрисида”ги Қонуннинг 33-моддаси ҳамда “Чет эл инвестициялари тўғрисида” ги Қонуннинг 12-моддасида устав фондида чет эл инвестицияларининг улуши камида ўттиз уч фоиз бўлган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан икки йил давомида ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган мол-мулк бож ундиришдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда озод қилинади. Чет эллик инвесторларнинг ва чет эллик инвесторлар билан тузилган меҳнат шартномаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида турган чет давлатлар фуқароларининг шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган мол-мулкдан бож ундирилмаслиги белгиланган.

Мамлакатимизда ташкил этилган эркин индустриал-иқтисодий зоналар ҳақида маълумот беринг?

– 1996 йил 25 апрелда “Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 2 декабрдаги ПФ-4059-сон Фармонига асосан Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий зона, 2012 йил 13 апрелдаги ПФ-4436-сон Фармонига асосан “Ангрен” махсус индустриал зонаси ҳамда 2013 йил 18 мартдаги ПФ-4516-сон Фармонига асосан “Жиззах” махсус индустриал зонаси ташкил этилган. Шунингдек, 2009 йил 9 апрелда “Хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳудудига кириши, ундан чиқиб кетиши, у ерда бўлиши ва ишга ёлланишининг соддалаштирилган тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 104-сонли қарори қабул қилинган.

Чет эл инвестицияларини қандай амалга ошириш шакллари мавжуд?

– Ўзбекистон Республикасининг “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги Қонунининг 5-моддасига асосан чет эллик инвесторлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида инвестицияларни қуйидаги йўллар билан амалга оширишлари мумкин:

Ўзбекистон Республикасининг юридик ва (ёки) жисмоний шахслари билан биргаликда ташкил этилган хўжалик жамиятлари ва ширкатларининг, банклар, суғурта ташкилотлари ва бошқа корхоналарнинг устав жамғармаларида ва бошқа мол-мулкида улуш қўшиб қатнашиш;

чет эллик инвесторларга тўлиқ қарашли бўлган хўжалик жамиятлари ва ширкатларини, банклар, суғурта ташкилотлари ва бошқа корхоналарни барпо этиш ва ривожлантириш;

мол-мулк, акциялар ва бошқа қимматли қоғозларни, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан эмиссия қилинган қарз мажбуриятларини сотиб олиш;

интеллектуал мулкка, шу жумладан муаллифлик ҳуқуқлари, патентлар, товар белгилари, фойдали моделлар, саноат намуналари, фирма номлари ва ноу-хауга, шунингдек ишчанлик нуфузига (гудвиллга) ҳуқуқлар киритиш;

концессиялар, шу жумладан табиий ресурсларни қидириш, ишлаб чиқиш, қазиб олиш ёки улардан фойдаланишга бўлган концессиялар олиш;

савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари объектларига, турар жой биноларига улар жойлашган ер участкалари билан биргаликда мулк ҳуқуқини, шунингдек ерга эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш (шу жумладан ижара асосида фойдаланиш) ҳамда табиий ресурсларга эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқларини сотиб олиш орқали.

Чет эллик инвесторлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида инвестицияларни амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шаклларда ҳам амалга оширишлари мумкин.

“Чет эл инвестициялари” бирламчи ёки такроран амалга оширилаётган шаклларининг ўзгартирилиши уларнинг инвестиция сифатидаги моҳияти ўзгаришига олиб келмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 апрелдаги “Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4434-сон Фармонига асосан солиқ соҳасида қандай имтиёзлар, афзалликлар ва кафолатлар белгиланди?

– Хорижий инвесторнинг пул шаклидаги улуши 5 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган янгидан ташкил этилаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 10 йил мобайнида солиқ қонунчилигида ўзгаришлар юз берган ҳолларда, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи (товарлар, ишлар, хизматларни реализация қилиш айланмаси), 
мол-мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона ижтимоий тўлов, ягона солиқ тўлови, шунингдек, Республика йўл жамғармасига ҳамда Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашнинг мазкур корхоналар давлат рўйхатидан ўтиш санасида амал қилган меъёрлари ва қоидаларини қўлланилиши мумкинлиги белгиланди.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона шўъба корхоналари, филиаллари ва ваколатхоналари ташкил этиши мумкинми?

– Ўзбекистон Республикасининг “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги Қонунининг 7-моддасига асосан чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг талабларига риоя этган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган шўъба корхоналар, филиаллар, шунингдек юридик шахс бўлмаган ваколатхоналар ва бошқа алоҳида бўлинмалар ташкил этиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг шўъба корхоналари, филиаллари, ваколатхоналари ва бошқа алоҳида бўлинмалари ташкил этилиши мумкин.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган мол-мулкларга қандай имтиёзлар берилган?

– “Бож тарифи тўғрисида”ги Қонуннинг 33-моддаси ҳамда “Чет эл инвестициялари тўғрисида” ги Қонуннинг 12-моддасида устав фондида чет эл инвестицияларининг улуши камида ўттиз уч фоиз бўлган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан икки йил давомида ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган мол-мулк бож ундиришдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда озод қилинади. Чет эллик инвесторларнинг ва чет эллик инвесторлар билан тузилган меҳнат шартномаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида турган чет давлатлар фуқароларининг шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган мол-мулкдан бож ундирилмаслиги белгиланган.

Инвестицияга оид низолар қандай тартибда ҳал этилади?

 – “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ чет эл инвестициялари билан бевосита ёки билвосита боғлиқ низо (инвестицияга оид низо), тарафлар келишувига кўра, улар ўртасидаги маслаҳатлашувлар орқали ҳал этилиши мумкин. Агар тарафлар келишилган ҳал қилувга эриша олмасалар, бундай низо Ўзбекистон Республикасининг хўжалик суди томонидан ёхуд ҳакамлик воситасида инвестицияга оид низоларни ҳал этишга доир Ўзбекистон Республикаси қўшилган халқаро шартномаларнинг (битимлар ва конвенцияларнинг) қоидалари ва тартиботига мувофиқ ҳал этилиши лозим.

Инвестицияга оид низога жалб этилган тарафлар ўзаро келишувга кўра бундай низони кўриб чиқувчи органни, шунингдек инвестицияга оид низо бўйича ҳакамлик судловини амалга оширувчи мамлакатни аниқлашлари мумкин.

Чет эллик инвесторларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги инвестиция фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низоларни Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади, шартномада низоларни ҳал қилишнинг халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ўзга тартиби назарда тутилган ҳоллар бундан мустаснодир.

Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни рўйхатдан ўтказишда қанча миқдорда давлат божи тўланади?

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 5-бандига асосан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида ва вилоятлар адлия бошқармаларида давлат рўйхатидан ўтказилганлик учун хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналардан — энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари, шунингдек 500 АҚШ доллари миқдорида давлат божи тўланади.

Саволларга Адлия вазирлиги масъул ходими А.Эранов жавоб берди 



Савол: Васийлик ва ҳомийлик тайинлаш тартиби ҳақида маълумот берсангиз?

Б. Ашурова,Гулистон тумани

Жавоб: Васийлик ва ҳомийлик ота-онанинг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни таъминлаш, уларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш, шунингдек, уларнинг шахсий ва мулкий ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоялаш мақсадида белгиланади.

Васийлик 14 ёшга бўлмаган болаларга ва суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга, ҳомийлик эса 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаганларга ва суд томонидан муомала лаёқати чекланган деб топилган шахсларга нисбатан белгиланади.

Соғлиғининг ёмонлиги сабабли мустақил равишда ўз ҳуқуқларини амалга ошира олмайдиган ва мажбуриятларини бажара олмайдиган вояга етмаган муомалага лаёқатли шахсларга нисбатан ҳомийлик бу шахснинг илтимосига кўра белгиланади.

Васийлик ва ҳомийлик васий ёки ҳомий бўлишни ҳоҳловчи шахсларнинг аризасига биноан туман ёки шаҳар ҳокимнинг қарори билан белгиланади.

Васийлик ва ҳомийлик васий ва ҳомий тайинланишга муҳтож бўлган шахс яшаётган жойда, агар шахснинг муайян яшаш жойи бўлмаса, васий ёки ҳомий яшаётган жойда белгиланади. Васийлик ва ҳомийликдаги шахсларнинг мол-мулкини бошқариш мол-мулк жойлашган ерда белгиланади.

Васийлар ўз қарамоғидаги шахсларнинг қонуний вакиллари ҳисобланиб улар номидан ҳамда уларнинг манфаатларини кўзлаб зарур битимларни тузадилар.

ҳомийлар ўз қарамоғидаги шахсларга ўз ҳуқуқларни амалга оширишда ва мажбуриятларини бажаришда кўмаклашадилар.

Васийлар ва ҳомийлар васийлик ва хомийликдаги шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини барча муассасаларда, шу жумладан судда ҳам алоҳида ишончномасиз ҳимоя қилади.

Васий ва ҳомий ҳуқуқларининг амалга оширилиши ҳамда мажбуриятларининг бажарилишини васийлик ва ҳомийлик органлари назорат қиладилар.

Саволга Гулистон шаҳар ФҲДЁ бўлими инспекториЭътибор ҲАЛИМОВА жавоб берди 



Қандай тартибда фарзандликка олиш ҳаракати амалга оширилади?

Собиржон Абдуллаев, Гулистон тумани

Жавоб: Оила кодексининг 151-моддасига асосан, Фарзандликка олиш болани фарзандликка олишни истаган шахсларининг (шахснинг) аризасига кўра, васийлик ва хомийлик органларининг фарзандликка олишнинг асослилиги ва фарзандликка олинаётган бола манфаатларига тўғри келиши ҳақидаги хулосаси ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан амалга оширилади.

Боланинг розилигисиз фарзандликка олиш мумкинми?

Салохиддин Абдураззаков, Сирдарё тумани

Жавоб: Ҳа мумкин сабаби агар бола фарзандликка олувчиларнинг оиласида тарбияланаётган бўлса ва уларни ўз ота онаси деб эьтироф этса, фарзандликка олиш фарзандликка олинаётган боланинг розилигисиз амалга оширилиши мумкин.

Ота-онанинг розилигисиз фарзандликка олиш кандай ҳолатларда амалга оширилади?

Мехриддин Каримов, Мирзаобод тумани

Жавоб: Қуйидаги холларда: яьни ота онасининг кимлиги номаьлум бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса, ота-она муомалага лаёқатсиз бедарак йўқолган ёки вафот этган деб эьлон қилинган бўлса ва бир йилдан ортиқ боласидан хабар олмаган бўлса Оила кодексининг 160–моддасига биноан улардан розилик олинмайди.

Саволларга Мирзаобод туман ФҲДЁ органи инспектори Гули Эргашева жавоб берди.


 

Савол: ННТ тушунчаси?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги Конуннинг 2 моддасига асосан нодавлат нотижорат ташкилоти — жисмоний ва (ёки) юридик шахслар томонидан ихтиёрийлик асосида ташкил этилган, даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз қатнашчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган ўзини ўзи бошқариш ташкилотидир.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакллари турлари қандай?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуннинг 10 моддасига қўра жамоат бирлашмаси, ижтимоий фонд, муассаса шаклида, шунингдек қонунларда назарда тутилган бошқа шаклда ташкил этилиши мумкин.

Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари ўзларининг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, шунингдек умумий манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида уюшмалар (иттифоқлар) шаклида бирлашмалар тузиши мумкин.

Халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти тушунчаси?


Жавоб: Ўз уставига ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳамда битта ёки ундан кўпроқ чет эл давлати ҳудудида фаолият олиб бориши мумкин бўлган халқаро ташкилот халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти деб ҳисобланади.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотининг таъсис ҳужжатларига нималар киради?


Жавоб: Муассислар (аъзолар) томонидан тасдиқланган устав ва қатнашчилар томонидан тузилган таъсис шартномаси ва улар тасдиқлаган устав — уюшма (иттифоқ) учун.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотини қайта ташкил этиш йўллари?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуннинг 20 моддасига қўра нодавлат нотижорат ташкилотини қайта ташкил этиш унинг юқори органи қарорига биноан бирлашиш, қўшилиш, бўлиниш, ажралиб чиқиш ва ўзгартириш йўли билан амалга оширилади.

Савол: Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари, халқаро ҳамда чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари қайси давлат органида рўйхатдан ўтказилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари, халқаро ҳамда чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилади.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказиш учун рўйхатга олувчи органга қандай ҳужжатлар тақдим этилади?


Жавоб: - Мазкур нодавлат нотижорат ташкилотининг раҳбар-органи аъзолари ҳар бирининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ва жойи, яшаш жойи ҳамда манзилини кўрсатган ҳолда улар томонидан имзоланган ариза;

- нодавлат нотижорат ташкилотининг икки нусхадаги устави;

- таъсис съезди (конференцияси) ёки умумий йиғилишнинг нодавлат нотижорат ташкилотини ташкил этиш тўғрисидаги, муассислари хусусидаги, унинг уставини тасдиқлаш ҳақидаги, раҳбар органлари ва бошқа органларини шакллантириш тўғрисидаги маълумотлар албатта мавжуд бўлган баённомаси;

- давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги банк тўлов ҳужжати.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилоти фаолиятининг турлари?


Жавоб: Нодавлат нотижорат ташкилоти қонун билан тақиқланмаган ҳамда ўзининг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган мақсадларга мувофиқ бўлган фаолиятнинг ҳар қандай турини амалга ошириши мумкин.

Савол: Диний ташкилотлар деб нималар ҳисобланади?


Жавоб: Диний жамиятлар, диний ўқув юртлари, масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва бошқалар.

Савол: Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотни тузиш тартиби?

Жавоб: Диний ташкилот Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаётган юз нафардан кам бўлмаган фуқаролари ташаббуси билан тузилади.

Савол: Қайси орган диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш ваколатига эга?


Жавоб: Диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органларини рўйхатга олиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан, бошқа диний ташкилотларни эса тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар, Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашшаклларини санаб беринг?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга асосан давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклида қўллаб-қувватлаши мумкин.

Савол: 2012 йил 12 ноябрь Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасининг бешинчи йўналиши Фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш деб номланади. Мана шу соҳадаги қайси янги қонун лойиҳалар бўйича Президентимиз ўз таклифларини берган?

Жавоб:

-"Ижтимоий шериклик тўғрисида"

-"Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида"

-"Экологик назорат тўғрисида"ги қонунлар.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини тартибга солувчи қонунлар номларини санаб беринг?

Жавоб:

1. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (13 боб – Жамоат бирлашмалари);

2. “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун;

3. “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Қонун;

4. “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун;

5. “Жамоат фондлари тўғрисида”ги Қонун;

6. “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонун;

7. “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун;

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 12 мартдаги Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмаларини рўйхатдан ўтказишни тартибга солиш тўғрисида 132-сонли қарори;

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 12 мартдаги Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўйимча чора-тадбирлар тўғрисида ПҚ-2085-сонли қарори;

Савол: Жамоат бирлашмасининг жамоат фондидан нима фарқи бор?

Жавоб:

- жамоат бирлашмасида аъзолик мавжуд, жамоат фондларида эса йўқ;

- жамоат фондлари фаолияти фақат суд томонидан тугатилади, жамоат бирлашмалари фаолияти эса ихтиёрий равишда тугатилиши мумкин;

- жамоат бирлашмаларининг аъзолари камайса тугатилиши мумкин, жамоат фондларига бундай норма тадбиқ этилмайди.

- Жамоат фондларининг молия йили тугаганда аудиторлик текширувидан ўтказиш шарт, жамоат бирлашмаларига бундай норма тадбиқ этилмайди.

- Жамоат бирлашмаларининг ҳудудий бўлимлари ўз уставига эга бўлиб давлат рўйхатидан ўтказилса, юридик шахс бўлиши мумкин. Жамоат фондларининг ваколатхона ва бўлимлари юридик шахс бўлмайди.

- Жамоат фондлар юридик ва жисмоний шахсларининг муассислигида тузилиши мумкин. Жамоат бирлашмалари фақат камида 10 та фуқаронинг ташаббуси билан тузилади.

- Жамоат фонди воситачилик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган. Жамоат бирлашмасига бундай норма тадбиқ этилмайди.

Савол: Қонунчиликда нодавлат нотижорат ташкилотларига имтиёзлар берилганми, бўлса қанақа?

Жавоб:

Ўзбекистон Республикаси “Нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда:

1. Нодавлат нотижорат ташкилотлари қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган ҳар қандай фаолият турини ўз уставларида белгиланган мақсадлари доирасида амалга ошириши мумкин;

2. Давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлашга бўлган ҳуқуқини таъминлайди;

3. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг мол-мулки национализация, реквизиция ва мусодара қилинмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

4.Нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда давлат божи тўлашдан озод этилади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига асосан:

Нодавлат нотижорат ташкилотлар юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғларидан озод этилган.

Савол: Ўзбекистон Республикасида сиёсий партиялар нечта ва улар қандай номланади?

Жавоб:

1) Ўзбекистон халқ демократик партияси;

2) Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси;

3) Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси;

4) Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилоти тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкинми?

Жавоб:

Нодавлат нотижорат ташкилоти қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз устав мақсадларига мос келадиган доираларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин.


Савол: Нодавлат нотижорат ташкилоти фаолиятини тугатиш тартиби қандай?

Жавоб:

Нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш унинг юқори органи қарорига биноан ёки суд тартибида амалга оширилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотининг муассислари, қатнашчилари (аъзолари) ёки нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган орган давлат рўйхатидан ўтказувчи адлия органи билан келишган ҳолда тугатиш комиссиясини тайинлайди.

Нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш тўғрисидаги ёзув уни давлат рўйхатидан ўтказган адлия органи томонидан қуйидаги ҳужжатлар асосида юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритилади:

нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш тўғрисидаги ёзувни юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритиш тўғрисидаги ариза (ихтиёрий равишда тугатилаётган тақдирда);

тегишли органнинг нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш тўғрисидаги қарори;

нодавлат нотижорат ташкилотининг устави ва бошқа таъсис ҳужжатлари ҳамда у давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;

тугатиш баланси ёки топшириш ҳужжати ёхуд тақсимлаш баланси.

Кредиторларнинг талаблари қондирилгандан кейин қолган мол-мулк ташкилот қатнашчилари (аъзолари), шунингдек раҳбар органларнинг аъзолари ёки нодавлат нотижорат ташкилотларининг ходимлари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас ҳамда ундан белгиланган тартибда фойдаланилади.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолиятини тўхтатиб қўйиш мумкинми?

Жавоб:

Нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолияти у Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонун ҳужжатларини бузган тақдирда суд томонидан тўхтатиб қўйилиши мумкин.

Нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган, шунингдек устав мақсадларига зид ҳаракатлар содир этилган тақдирда прокуратура органлари ёки адлия органлари кўрсатилган қоидабузарликлар тўғрисида мазкур нодавлат нотижорат ташкилотининг раҳбар органларига тақдимнома киритади ҳамда бу қоидабузарликларни бартараф этиш муддатини белгилайди. Агар бу қоидабузарликлар белгиланган муддатда бартараф этилмаса, нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолияти прокуратура ва адлия органларининг тақдимномаси асосида суднинг қарори билан олти ойгача бўлган муддатга тўхтатиб қўйилади.

Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этилган тақдирда нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолиятини тўхтатиб қўйиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотининг мол-мулкини шакллантириш манбаларини санаб беринг?

Жавоб:

- кириш ва аъзолик бадаллари, агар улар уставда назарда тутилган бўлса;

- муассислардан, қатнашчилардан (аъзолардан) бир маротаба ва мунтазам равишда келадиган тушумлар;

- ихтиёрий мулкий бадаллар ва эҳсонлар;

- тадбиркорлик фаолиятидан олинган, фақат устав мақсадлари учун ишлатиладиган даромадлар (фойда);

- қонунларда тақиқланмаган бошқа тушумлар.

Савол: Жамоат бирлашмалари фаолиятининг принципларини санаб беринг?

Жавоб:

“Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Конунга кўра жамоат бирлашмалари ўз аъзолари (қатнашчилари)нинг ихтиёрийлиги, тенг ҳуқуқлилиги, ўзини ўзи бошқариш, қонунийлик ва ошкоралик асосида тузилади ва ҳаракат қилади.

Савол: Сиёсий партияни тузиш учун ......

Жавоб: Камида саккизта ҳудудий субъектда (вилоятда), шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида яшаётган ҳамда партияга бирлашиш истагида бўлган камида йигирма минг фуқаронинг имзоси бўлиши талаб этилади.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотининг рамзий белгиларга нималар киради ва улар қайси орган томонидан рўйхатга олинади?

Жавоб:

Нодавлат нотижорат ташкилоти байроқ, эмблема, вимпел ва бошқа рамзий белгиларга эга бўлиши мумкин. Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотининг рамзий белгилари давлат рамзий белгиларига ўхшамаслиги керак.

Нодавлат нотижорат ташкилотининг рамзий белгилари адлия органлари томонидан рўйхатга олинади.



Қонунлардаги ҳаволаки нормаларни амалга ошириш механизми
билан таъминлашнинг долзарб масалалари

Ҳаволаки норма деганда қандай нормалар тушунилади?

Жавоб. Қонун ҳужжатларидаги моддаларда бошқа моддаларга ёки илгари қабул қилинган қонун ҳужжатларига ҳавола қилиш ёки нормаларнинг ўзаро боғлиқлигини кўрсатиш, яъни агар норманинг ўзида юриш-туриш, феъл атвор қоидалари белгиланган бўлмаса, шу қоидаларни ўзида мужассам этган бошқа нормага ҳавола этиш тушунилади. Нормалардаги ҳаволалар фақат амалдаги ва қонуний кучга кирган қонун ҳужжатларга кўрсатилиши мумкин.

Қонун ҳужжатларида ҳаволаки нормалардан нима мақсадда фойдаланилади?

Жавоб. Ҳаволаки нормалар қонун ҳужжатининг моддалари, қисмлари, бандлари, кичик бандлари, хатбошиларида унинг бошқа моддалари, қисмлари, бандлари, кичик бандлари, хатбошиларига, шунингдек бошқа қонун ҳужжатлари ва уларнинг айрим қоидаларига ҳаволалар норматив кўрсатмаларнинг ўзаро боғлиқлигини кўрсатиш зарурати бўлган ҳолларда ёхуд такрорлашларга йўл қўймаслик учун қўлланилади.

Қонун ҳужжатларда ҳаволаларнинг қўлланилиши нормада тартибга солинган муносабатни қайта такроран тартибга солишни олдини олишда катта аҳамиятга эга.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда адлия органларининг роли нимадан иборат?

Жавоб: 2012 йил 24 декабрда янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунининг 22-моддасига асосан Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ҳуқуқий экспертизаси – норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, унга нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги, шунингдек ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ҳамда мақсадга мувофиқлигини текшириш масадида ўтказилади.

Кейинги йилларда адлия органларининг фаолиятини янада такомиллаштирилиши муносабати билан, Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 14 февралдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти”га 2013 йил 7 декабрда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, адлия органларига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар экспертизасини ўтказиш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.

Унга кўра, Адлия вазирлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунчиликка, шунингдек қонунчилик техникаси қоидаларига шунингдек уларда ҳаволаки нормалар қўлланилишининг мақсадга мувофиқлигини ва асослилигини аниқлаш ҳамда қонунлар лойиҳаларини мамлакатда ўтказилаётган ислоҳотлар мақсадлари ва вазифаларига мувофиқлиги, уларда коррупциянинг юзага келиши, давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида бошқа ҳуқуқ бузилишларининг содир этилиши учун шарт-шароитлар яратувчи, шунингдек тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча маъмурий ва бошқа чеклашларни киритувчи ҳамда тадбиркорлик субъектларининг асосланмаган харажатлари юзага келишига олиб келувчи қоидалар ва нормаларни аниқлаш юзасидан таҳлил қилиш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказишни амалга ошириши белгиланди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда қонунлардаги ҳаволаки нормаларни амалга оширишга қаратилган қандай амалий чоралар кўрилди?

Жавоб: Бу борада 2013 йил 15 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қонунларнинг ҳаволаки нормаларини амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш режаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-2003-сон қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикаси қонунларида мавжуд бўлган ҳаволаки нормаларни амалга ошириш механизмларини таъминлашга қаратилган 105 та ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилди. Бу эса ўз навбатида, қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқлар ва “оқ доғлар”ни бартараф этишда муҳим амалий аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 15 июлдаги “Қонунларнинг ҳаволаки нормаларини амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш режаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-2003-сон қарори қайси соҳалардаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш назарда тутилган?

Жавоб: Мазкур қарорда қонунларнинг ҳаволаки нормаларини давлат ва жамият қурилиши (19 та), суд-ҳуқуқ, (7 та), иқтисодий ривожланиш (40 та), ижтимоий ва гуманитар ривожланиш (39 та) соҳаларида амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Саволларга Адлия вазирлиги Қонунчиликка риоя  этилиши устидан назорат қилиш
бош бошқармаси бош маслаҳатчиси  Юнус Ходжиев жавоб берди. 



Савол; Ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган фуқаро томонидан тузилган битим ҳақиқий ҳисобланадими?

Ш.Абдуллаев, Гулистон шаҳар

Жавоб: Гарчи муомалага лаёқатли бўлса-да, бироқ битим тузиш вақтида ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган ҳолатда бўлган фуқаро томонидан тузилган битим шу фуқаронинг ёки ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бундай битимни тузиш натижасида бузилган бошқа шахсларнинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Кейинчалик муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро томонидан тузилган битимни, агар битимни тузиш пайтида фуқаро ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмаганлиги ёки уларни бошқара олмаганлиги исботланган бўлса, унинг васийси қилган даъвога мувофиқ суд ҳақиқий эмас деб топиши мумкин.

Агар битим ушбу модда асосида ҳақиқий эмас деб топилган бўлса, ушбу Кодекс 117-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.

Бундан ташқари, битим тузиш пайтида ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмаган ёки уларни бошқара олмаган тарафга иккинчи тараф, агар у ўзи билан битим тузган фуқаронинг бундай ҳолатда эканлигини билган ёки билиши лозим бўлган бўлса, қилинган харажатларни, йўқотилган мол-мулкнинг ёки унга етказилган шикастнинг ҳақини тўлаши керак.

Савол; Янглишиш таъсирида тузилган битим ҳақиқий ҳисобланадими?

Т.Тўрақулов, Сирдарё тумани

Жавоб: Жиддий аҳамиятга эга бўлган янглишиш таъсирида тузилган битим янглишиш таъсирида ҳаракат қилган тарафнинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Битимнинг табиати, унинг нарсасининг ўз вазифаси бўйича фойдаланиш имкониятини анча пасайтирадиган ўхшашлиги ёки сифати ҳақида янглишиш жиддий аҳамиятга эгадир. Битимнинг сабаблари хусусида янглишиш жиддий аҳамиятга эга эмас.

Агар битим янглишиш таъсирида тузилганлиги туфайли ҳақиқий эмас деб топилса, ушбу Кодекс 114-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.

Бундан ташқари, ўз даъвосига кўра битим ҳақиқий эмас деб топилган тараф янглишиш иккинчи тарафнинг айби билан юз берганлигини исботлай олса, иккинчи тарафдан ўзига етказилган ҳақиқий зарарни тўлашни талаб қилишга ҳақли. Агар бу ҳол исботланмаса, ўз даъвосига кўра битим ҳақиқий эмас деб топилган тараф иккинчи тарафнинг талаби билан, башарти ҳатто янглишиш янглишган тарафга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра юз берган бўлса ҳам, етказилган ҳақиқий зарарни унга тўлаши шарт.

Саволларга Гулистон шаҳар 8-сонли давлат нотариал идораси нотариуси Шухрат Синдаров жавоб берди 



Савол Юридик шахс ҳақида тушунча берсангиз?

Б.Тўрақулов, Сирдарё тумани


Жавоб: Ўз мулкида, хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида алоҳида мол-мулкка эга бўлган ҳамда ўз мажбуриятлари юзасидан ушбу мол-мулк билан жавоб берадиган, ўз номидан мулкий ёки шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўла оладиган ва уларни амалга ошира оладиган, мажбуриятларни бажара оладиган, судда даъвогар ва жавобгар бўла оладиган ташкилот юридик шахс ҳисобланади.

Юридик шахслар мустақил баланс ёки сметага эга бўлишлари керак.

Савол Юридик шахсларнинг турлари ҳақида тушунча берсангиз?

О.Бобоқулов, Боёвут тумани

Жавоб: Фойда олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олган (тижоратчи ташкилот) ёки фойда олишни ана шундай мақсад қилиб олмаган ташкилот (тижоратчи бўлмаган ташкилот) юридик шахс бўлиши мумкин.

Тижоратчи ташкилот бўлган юридик шахс хўжалик ширкати ва жамияти, ишлаб чиқариш кооперативи, унитар корхона ва қонунларда назарда тутилган бошқача шаклда тузилиши мумкин.

Тижоратчи ташкилот бўлмаган юридик шахс жамоат бирлашмаси, ижтимоий фонд ва мулкдор томонидан молиявий таъминлаб туриладиган муассаса шаклида, шунингдек қонунларда назарда тутилган бошқача шаклда ташкил этилиши мумкин.

Тижоратчи бўлмаган ташкилот ўзининг уставда белгиланган мақсадларига мос келадиган доираларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин.

Юридик шахслар уюшмалар (иттифоқлар)га ва бошқа бирлашмаларга Қонунга мувофиқ бирлашишлари мумкин.

Саволларга Гулистон шаҳар 8-сонли давлат нотариал идораси нотариуси Шухрат Синдаров жавоб берди  



Савол: Гаровга қўйилган мол-мулкдан ундирувни амалга оширишнинг асослари нималардан иборат?

М.Абдураззакова, Сайхунобод тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 279-моддаларига асосан;

Гаровга олувчининг (кредиторнинг) талабларини қондириш учун ундиpувни қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни ўзи жавобгаp бўлган вазиятларда бажармаган ёки лозим даpажада бажармаган тақдирда гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш мумкин.

Агар гаров билан таъминланган мажбуриятнинг қарздор томонидан бузилиши жуда арзимас бўлса ва шу туфайли гаровга олувчининг талабларининг миқдори гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматига мутлақо мос келмаса, ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишни рад этиш мумкин, қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Савол: Кредит олиш учун гаровга кўчмас мол-мулкини қўйган эдим, ҳозирги кунда уйни сотмоқчиман, шу сабабли гаровга қўйилган мол-мулкни қандай тартибда алмаштириш мумкин?

Л.Пардаева, Гулистон шаҳар

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 276-моддаларига асосан,

Гаров нарсасини алмаштиришга, агар қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, гаровга олувчининг розилиги билан йўл қўйилади.

Агар гаров нарсаси нобуд бўлган ёки шикастланган ёхуд унга бўлган мулк ҳуқуқи ё хўжалик юритиш ҳуқуқи қонунда белгиланган асосларга кўра бекор қилинган бўлса, гаровга қўювчи оқилона муддатда (низо чиққан тақдирда эса — суд белгилаган муддатда) гаров нарсасини тиклашга ёки шартномада бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, уни тенг қийматли бошқа мол-мулк билан алмаштиришга ҳақли.

Саволларга Ширин шаҳар давлат нотариал идораси нотариуси Мирзаулуғбек Шукуров жавоб берди 



Тадбиркорлик фаолиятимни янада ривожлантириш мақсадида ОАТБ “Микрокредит банк” Боёвут филиалидан кредит олмоқчи бўлиб, Янгиер шаҳрида жойлашган савдо дўконимни гаровга қўймоқчиман, ушбу масала билан Боёвут туман давлат нотариал идорасига мурожаат қилишим мумкин-ми?

Д.Миршаева, Мирзаобод тумани

Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 51-бандига асосан кўчмас мулкни гаровга(ипотекага) қўйиш тўғрисидаги шартнома шу мулк жойлашган ҳудуддаги нотариус томонидан тасдиқланиши лозим, Сиз ушбу масала билан Ширин шаҳар давлат нотариал идорасига мурожаат қилишингиз керак.

Транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасида яшаш жойим Тошкент вилояти, Бекобод шаҳри деб кўрсатилган, Тошкент шаҳрида автомашинамни олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун нотариал идорага мурожаат қилганимда, автомашинам тақиқда туриш ёки турмаслиги ҳақида маълумотномани тақдим қилишимни сўрашди, ушбу маълумотномани қаердан олишим мумкин.

Б.Таваккалов, Сардоба тумани

Сиз ушбу маълумотномани “Автомототранспорт воситаларини хатлаш, бошқа шахсга беришни тақиқлаш ва тақиқни олиб ташлаш, шунингдек автомототранспорт виситаларини хатлаш ва бошқа шахсга беришни тақиқлаш тўғрисидаги маълумотларнинг ҳужжатлаштирилган банкини юритувчи Тошкент вилояти, Бекобод шаҳар нотариал идорасидан олишингиз мумкин.

Саволларга Сирдарё туман 4-сонли ДНИ нотариуси Комилжон Хушваков жавоб берди


Мен лизингга автомашина сотиб олмоқчиман. Лизинг шартномаси ҳақида тушунча берсангиз?

Ш.Тобекова, Сирдарё тумани

Лизинг-молия ижарасининг алоҳида тури булиб, унда бир тараф (лизинг берувчи) иккинчи тарафнинг (лизинг олувчининг) топшириғига биноан учинчи тарафдан (сотувчидан) лизинг шартномасида шартлашилган мол-мулкни (лизинг объектини) мулк қилиб сотиб олади ва уни шу шартномада белгиланган шартларда хақ эвазига эгалик қилиш ва фойдаланиш учун лизинг олувчига ўн икки ойдан ортиқ муддатга беради.

Келажакда лизинг олувчига лизинг буйича топшириш мақсадида мол-мулкни ўзига мулк қилиб олувчи шахс лизинг берувчи деб тан олинади. Эгалик қилиш ва фойдаланиш учун лизинг объектини оладиган шахс лизинг олувчи деб ҳисобланади. Лизинг берувчи лизинг объектини кимдан олаётган бўлса, шу шахс сотувчи деб эътироф этилади. Лизинг берувчи мол-мулкни бўлажак фойдаланувчидан сотиб олган такдирда ёхуд лизинг берувчи келажакда мол-мулкни сотувчига лизинг буйича топшириш учун ундан шу мол-мулкни сотиб олиш мақсадида уни маблағ билан таъминлаган тақдирда бир шахснинг ўзи ҳам лизинг олувчи, ҳам сотувчи бўлишига йул қуйилади.

Лизинг шарномаси буйича олинган нарса сифатсиз чиқса ким жавобгар булади?

Ш.Абдуллаева, Мирзаобод тумани

Лизинг олувчи лизинг шартномасининг нарсаси бўлган мол-мулкни сотувчига сотувчи билан лизинг берувчи ўртасида тузилган олди-сотди шартномасидан келиб чиқадиган талабларни, хусусан мол-мулкнинг сифати ва бутлиги, уни етказиб бериш муддатлари хақидаги талабларни ва шартнома сотувчи томонидан зарур даражада бажарилмаётган бошқа ҳоллардан келиб чиқадиган талабларни қуйишга хақли. Бунда лизинг олувчи, мазкур мол-мулкнинг олди-сотди шартномасидаги тарафлардан бири бўлгани каби, сотиб олувчи учун назарда тутилган ҳуқуқларга эга бўлади ва мажбуриятларни ўз зиммасига олади (сотиб олинган мол-мулк хақини тўлаш мажбурияти бундан мустасно). Бироқ лизинг олувчи сотувчи билан олди-сотди шартномасини лизинг берувчининг розилигисиз бекор қила олмайди. Сотувчи билан бўладиган муносабатларда лизинг олувчи ва лизинг берувчи солидар кредиторлар бўладилар. Агар лизинг шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, лизинг берувчи олди-сотди шартномасидан келиб чиқадиган талабларнинг сотувчи томонидан бажарилиши учун лизинг олувчи олдида жавобгар бўлмайди, сотувчи танлаш буйича жавобгарлик лизинг берувчининг зиммасида бўлган ҳоллар бундан мустасно. Сотувчини лизинг берувчи танлаган тақдирда, лизинг олувчи олди-сотди шартномасидан келиб чиқадиган талабларни ўз хохишига қараб, солидар жавобгар бўлган мол-мулк сотувчи олдига ҳам лизинг берувчи олдига ҳам қўйишга ҳақли.

Ер лизинг объекти бўлиши мумкинми?

Н.Абдураззакова, Гулистон шаҳри

Истеъмол қилинмайдиган, тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланиладиган ҳар қандай ашёлар лизинг объекти бўлиши мумкин, ер участкалари ва бошқа табиат объектлари бундан мустасно.

Саволларга Сирдарё туман 4-сонли ДНИ нотариуси Комилжон Хушваков жавоб берди



Савол:

Бошқа нотариал округда фаолият юритаётган нотариус муайян нотариал округда нотариал ҳаракатларни амалга ошириши мумкинми?

М.Саламов, Сирдарё тумани

Жавоб:

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари аниқ ҳолатларни ҳисобга олиб муайян нотариал округда нотариал ҳаракатларни амалга оширишни бошқа нотариал округда фаолият юритаётган нотариусга юклаши мумкин. Нотариусга мазкур нотариал округ доирасида иш жойи берилиши шарт.

Савол:

Ҳар қандай фуқаро ёки юридик шахс нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун хоҳлаган нотариусга мурожаат қилишга ҳақлими?

Ж.Валиев, Сардоба тумани

Жавоб:

Ҳар бир фуқаро ёки юридик шахс нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун хоҳлаган нотариусга мурожаат қилишга ҳақлидир қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Нотариуснинг нотариал ҳаракатни белгиланган фаолият ҳудудидан ташқарида амалга ошириши бу ҳаракатни ҳақиқий эмас, деб топишга асос бўлмайди.

Савол:

Агар васият қилувчи оғир касал бўлган ҳолларда васиятномани тасдиқлаш учун у яшаб турган ҳудудда нотариус бўлмаса бошқа ҳудуддаги нотариус васиятномани тасдиқлаши мумкинми?

Э.Норхўжаев, Гулистон шаҳри

Жавоб:

Нотариус мавжуд бўлмаган ҳудуддаги васият қилувчи оғир касал бўлган ҳолларда васиятномани тасдиқлаш учун нотариус ўзи хизмат кўрсатадиган ҳудуддан ташқарига чиқишга албатта ҳақли.

Саволларга Мирзачўл тумани давлат нотариал идораси нотариуси А.Хайдаров жавоб берди. 



— Гаров қай ҳолларда бекор бўлади?

И.Отабоев, Сирдарё тумани

— Фуқаролик кодексининг 283-моддасига кўра, қуйидаги ҳолларда гаров бекор бўлади:

— гаров билан таъминланган мажбурият бекор бўлганида;

— гаровга қўйилган мол-мулк йўқолиши ёки унинг шикастланиши хавфи пайдо бўлганда гаровга қўювчининг талаби билан;

— гаровга қўйилган ашё нобуд бўлганида ёки гаровга қўйилган ҳуқуқ бекор бўлганида;

— гаровга қўйилган мол-мулк кимошди савдосида сотилган тақдирда, шунингдек, уни сотиш мумкин бўлмаган тақдирда;

— агар гаровга олувчи гаров нарсасини ўзида олиб қолиш ҳуқуқидан такрорий кимошди амалга ошмаган, деб эълон қилинган кундан эътиборан бир ой давомида фойдаланмаса, гаров шартномаси бекор қилинади.

Кўчмас мулкни гаровга қўйиш ипотека ҳисобланади ва ипотека бекор бўлганида ипотека тўғрисидаги шартнома рўйхатга олинган реестрга белги қўйилади.

Саволга Сирдарё тумани 4-сон давлат нотариал идораси нотариуси

Комил Хушвақов жавоб берди.



Савол:

Пудрат шартномаси ҳақида умумий тушунча берсангиз?

А.Бозоров, Гулистон шаҳри

Жавоб:

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 631-моддасига кўра, пудрат шартномаси бўйича бир тараф (пудратчи) иккинчи тараф (буюртмачи)нинг топшириғига биноан маълум бир ишни бажариш ва унинг натижасини буюртмачига белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини олади, буюртмачи эса иш натижасини қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади. Агар қонун ҳужжатларида ёхуд тарафлар келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ишни бажариш учун пудратчи таваккал қилади.

Савол:

Пудрат шартномаси бўйича ишни бажариш муддатлари ҳақида маълумот берсангиз?

В.Тошматов, Сайхунобод тумани

Жавоб:

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 635-моддасига кўра, пудрат шартномасида ишни бажаришнинг бошланғич ва охирги муддатлари кўрсатилади. Тарафлар ўртасидаги келишувга мувофиқ, шартномада ишнинг айрим босқичларини тугаллаш муддатлари (оралиқ муддатлар) ҳам назарда тутилиши мумкин.

Пудрат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, пудратчи ишни бажаришнинг бошланғич ва охирги, шунингдек оралиқ муддатларини бузганлик учун жавобгар бўлади.

Пудрат шартномасида кўрсатилган ишни бажаришнинг бошланғич, охирги ва оралиқ муддатлари шартномада назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ўзгартирилиши мумкин.

Ушбу Кодекс 337-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган ижро муддатини кечиктириш оқибатлари ишни бажаришнинг охирги муддатига риоя этилмаган ҳолларда юзага келади.

Савол:

Пудрат шартномаси бўйича ишга ҳақ тўлаш тартиби қандай тартибда амалга оширилади?

М.Жалилов, Сирдарё тумани

Жавоб:

Пудрат шартномаси бўйичаишга ҳақ тўлаш тартиби Фуқаролик кодексининг 638-моддасига мувофиқ, агар пудрат шартномасида бажарилган ишга ёки унинг айрим босқичларига олдиндан ҳақ тўлаш назарда тутилган бўлмаса, буюртмачи пудратчига шартлашилган ҳақни иш тегишли тарзда ва келишилган муддатда ёхуд буюртмачининг розилиги билан муддатидан олдин бажарилиб, унинг натижалари узил-кесил топширилганидан кейин тўлаши шарт.

Пудратчи қонун ҳужжатларида ёки пудрат шартномасида назарда тутилган ҳолларда ва миқдордагина ўзига бўнак ёки закалат берилишини талаб қилишга ҳақли.

Саволларга Сирдарё вилояти адлия бошқармаси масъул ходими А.Мавланов жавоб берди. 



— Нотариус ўз мижозига хизмат кўрсатишни рад этиши мумкинми? Бундай ҳолатда у рад этишининг сабабларини асослаб бериши керакми?

Асила АЗИЗОВА, Гулистон тумани

— “Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг 38-моддасига кўра нотариус қуйидаги ҳолларда нотариал ҳаракатларни амалга оширишни рад этиши мумкин:

— бундай ҳаракатни амалга ошириш қонунга зид бўлса;

— муомалага лаёқатсиз фуқаро ёхуд зарур ваколатлари бўлмаган вакил нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган бўлса;

— юридик шахс номидан амалга ошириладиган битим унинг уставида ёки низомида кўрсатилган мақсадларга зид бўлса;

— битим қонун талабларига мувофиқ бўлмаса;

— нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаса.

Нотариус нотариал ҳаракатни амалга ошириш тўғрисидаги мурожаати рад этилган шахснинг илтимосига биноан рад этиш сабабини ёзма равишда баён этиши лозим.

Саволга Гулистон тумани давлат нотариал идораси нотариуси

Шамсиддин КАРИМОВ жавоб берди.



Жамиятда хуқуқий маданиятни юксалтиришда хуқуқий ахборотлар тизимининг ўрни ва вазифалари

Савол:

Ҳуқуқий ахборот тизимининг тушунчаси ҳақида маълумот берсангиз?

Б.Сафаров, талаба

Жавоб:

Ҳуқуқийахборот тизими бу – ҳуқуқий ахборотни тўплаш, сақлаш, излаш, унга ишлов бериш ҳамда ундан фойдаланиш имконини берадиган, ташкилий жиҳатдан тартибга солинган жами ҳуқуқий ахборот ресурслари, ахборот технологиялари ва алоқа воситаларидир.

Савол:

Ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар қандай ҳуқуқий ҳужжатлар асосида амалга оширилади?

К.Насимов, шифокор

Жавоб:

Ўзбекистон Республикасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ахборот-коммуникация технологиялари самарадорлигини ошириш, давлат ва жамият қурилиши соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишни таъминлаш мақсадида бир неча қарорлар қабул қилинган.

Жумладан, ахборот-коммуникация технологияларини Ўзбекистон Республикасида ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг Президентининг 2005 йил 8 июлдаги, 5 сентябрдаги, 28 сентябрдаги, 2012 йил 21 мартдаги, 2013 йил 20 сентябрдаги Қарорлари асосида амалга оширилади.

Савол:

«Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури» қачон қабул қилинган ва ушбу Дастур қандай мақсадни кўзлаб қабул қилинган?

А.Валиев, ўқитувчи

Жавоб:

Ушбу Дастур Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан 1997 йил 29 августдаги Қарори билан тасдиқланган бўлиб, унинг асосий мақсади аҳолининг, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг, мансабдор шахслар ва мутахассисларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, илмий, илмий-оммабоп ва юридик маълумотнома адабиётлар нашр этишни кўпайтириш шунингдек, мактабгача тарбия муассасалари, умумий ўрта мактаблар, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежларида ва олий ўқув юртларида ҳуқуқий таълим ва ҳуқуқий тарбия бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқишдан иборатдир.

Савол:

Жамиятда аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини оширишда ҳуқуқий ахборотлар тизимининг қандай аҳамиятли жиҳатлари мавжуд?

Х.Жалилова, журналист

Жавоб:

Аҳолини ҳуқуқий ахборотлардан тўсиқларсиз, тўла-тўкис ва эркин фойдалана олишини таъминлаш ва уларга керак бўлган маълумотларни тақдим этиш шунингдек қонунчиликда рўй бераётган янгиликлардан хабардор қилиш ҳамда шу орқали аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ва саводхонлигини юксалтиришдан иборатдир.

Савол:

“LexUz” ҳуқуқий ахборот тизими қачон ва қандай мақсадда ташкил этилган?

У.Мадаминов, тадбиркор

Жавоб:

Мамлакатимизда қабул қилинган қонун ҳужжатларни тезкор ва ишончли тарзда оммага етказиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардан кенг фойдаланишини таъминлаш, миллий қонунчилигимизда рўй бераётган янгиликлардан хабардор қилиш орқали аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 5 августдаги «Қонун ҳужжатларини туркумлашни такомиллаштириш ва ҳукуқий ахборотларни тарқатишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ташкил этилган.

Савол:

“LexUz” ҳуқуқий ахборот тизимининг бошқа ҳуқуқий ахборот тизимларидан фарқи ва афзаллик жиҳатлари ҳақида маълумот берсангиз?

Б.Фармонов, пенсионер

Жавоб:

“LexUz” ҳуқуқий ахборот тизими Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тегишли бўлиб, барча ҳужжатлар фақат расмий манбалардан киритилиши шунингдек, тизимдан фойдаланишнинг бепуллиги, тизимда мавжуд ҳужжатларнинг доимо янгиланиб бориши, мобиллик яъни, бунинг учун интернет тармоғига уланган компьютер (ёки бошқа қурилма ) керак бўлади.

Саволларга Адлия вазирлиги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази бош маслаҳатчиси 

У. Маҳмудов жавоб берди. 


Савол:

Касаба уюшмалари меҳнат низоларини кўриб чиқишда қандай ҳуқуқларга эга бўлади?

Г.Эгамбердиева, ўқитувчи

Жавоб:

Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлда қабул қилинган “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида” гиқонунининг 12-моддасига кўра, касаба уюшмалари касаба уюшмаси аъзоси билан маъмурият ўртасида пайдо бўлган якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқади ва улар юзасидан қонунларга мувофиқ тегишли қарорлар қабул қилади.

Касаба уюшмалари меҳнатга доир амалдаги қонунларнинг жамоа шартномаси, битим шартларининг бузилиши, меҳнат ва турмушнинг янги ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитларини белгилаш ёки мавжуд шарт-шароитларини ўзгартириш билан боғлиқ масалаларга доир жамоа меҳнат низоларини кўриб чиқишда қатнашади.

Савол:

Касаба уюшмаларининг меҳнат қилиш ҳуқуқини ҳимоя этиш соҳасидаги ҳуқуқлари ҳақида маълумот берсангиз?

Ў.Жалилов, шифокор

Жавоб:

“Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида” гиқонунининг 8-моддасига кўра, касаба уюшмалари ўз аъзоларининг меҳнат қилиш ҳуқуқини ҳимоя этадилар, аҳолини иш билан таъминлаш давлат сиёсати ишлаб чиқилишида қатнашадилар. Корхоналарда ишдан ҳоли этиб олинадиган шахсларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилишнинг қонунлар асосида жамоа шартномасида белгилаб қўйиладиган чораларини таклиф этадилар.

Маъмурият, мулкдор ёки улар вакил қилган бошқарув идорасининг ташаббуси билан иш жойларининг қисқартирилиши ёки иш шароитининг ёмонлашувига олиб келадиган корхонани ва ундаги таркибий бўлинмаларни тугатиш, ишлаб чиқаришни тўлиқ ёки қисман тўхтатиб қўйиш тегишли касаба уюшмалари камида уч ой олдин хабардор қилиб қўйилган ва улар билан меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари ҳамда манфаатларига риоя этиш юзасидан музокара ўтказилган тақдирдагина амалга оширилиши мумкин.

Касаба уюшмалари аҳолини иш билан таъминлашнинг аҳволини ва бу соҳадаги қонунларга риоя этилишини назорат қилиб боради.

Меҳнат шартномаси маъмуриятининг ташаббуси билан бекор қилинишига Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ тегишли касаба уюшма қўмитаси билан олдиндан келишилган тақдирдагина йўл қўйилади.

Савол:

Маъмурият, давлат ва хўжалик идоралари, жамоат ташкилотлари ва мансабдор шахсларнинг касаба уюшмаларига нисбатан қандай мажбуриятари мавжуд?

З.Алиева, журналист

Жавоб:

“Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида” қонунининг 17-моддасига кўра, давлат ва хўжалик идораларининг маъмурияти, жамоат ташкилотлари, мансабдор шахслар касаба уюшмаларининг ҳуқуқларига риоя этишлари, уларнинг фаолият кўрсатишларига кўмаклашишлари шарт. Бу идоралар ва шахслар касаба уюшмалари ҳуқуқларини бузганликлари ёки уларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганликлари учун қонунларда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар. Давлат ва хўжалик идораларининг маъмурияти жамоат ташкилотлари, мансабдор шахслар касаба уюшмаларининг вакиллари шу касаба уюшмаси аъзолари ишлаётган корхоналарга уставда белгиланган вазифаларни ва қонунларда белгилаб қўйилган ҳуқуқларни амалга ошириш учун киришларига тўсқинлик қилишга ҳақли эмас.

Савол:

Ишлаб чиқаришдаги ишдан озод қилинган ҳолда меҳнаткашларнинг касаба уюшмалари идораларига сайланган ходимлар учун қандай кафолатлар берилиши мумкин шу ҳақда маълумот берсангиз?

Р.Бозоров, ўқитувчи

Жавоб:

“Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида” қонунининг 19-моддасига кўра, касаба уюшма идораларидаги сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайланганлиги туфайли ишдан озод қилинган ходимларга сайлов ваколатлари тугаганидан сўнг аввалги ўз иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) бўлмаган тақдирда ўша корхонада ёки ходимнинг розилиги билан бошқа корхонада аввалгисига тенг келадиган бошқа иш (лавозим) берилади.

Тегишли иш (лавозим) бериш имконияти бўлмаган тақдирда олдинги иш жойидаги корхона маъмурияти, корхона тугатилган тақдирда эса касаба уюшмаси ходим учун ишга жойлашиш даврида ўртача иш ҳақини сақлаб қолади, лекин бу муддат олти ойдан ошмаслиги керак, малакасини ўзгартириш учун ўқиш чоғида эса бир йил муддатгача ўртача иш ҳақи сақлаб турилади.



Савол: Яқинда нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун нотарусга мурожаат қилганимда у хизмат қилишини рад этди.Қандай ҳолатларда нотариус ўз мижозига хизмат кўрсатишни рад этиши мумкин ва у бунга ҳақлими?

А.Азизова, Гулистон тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси«Нотариат тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ бундай ҳолат 38-модда билан тартибга солинган. Унда айтиладики, нотариус қуйидаги ҳолларда нотариал ҳаракатларни амалга оширишни рад этиши мумкин:

- бундай ҳаракатни амалга ошириш қонунга зид бўлса;

- бу ҳаракат бошқа нотариус томонидан амалга оширилиши керак бўлса;

- муомалага лаёқатсиз фуқаро ёхуд зарур ваколатлари бўлмаган вакил нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган бўлса;

- юридик шахс номидан амалга ошириладиган битим унинг уставида ёки низомида кўрсатилган мақсадларга зид бўлса;

- битим конун талабларига мувофиқ бўлмаса;

-нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун такдим этилаётган ҳужжатлар қонун ҳужжатлари талабларига мувофик бўлмаса.

Нотариус нотариал ҳаракатни амалга ошириш тўғрисидаги мурожаати рад этилган шахснинг илтимосига биноан рад этиш сабабини ёзма равишда баён этиши ва рад этиш устидан шикоят килиш тартибини тушунтириб бериши лозим.

Савол: Нотариуснинг ўз мижозлари олдидаги асосий мажбуриятлари нималардан иборат?

Ш.ДавроновБоёвут тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси «Нотариат тўғрисида»ги Қонунинг 18-моддасига биноан нотариусларга қуйидаги мажбуриятлар юклатилган:

- жисмоний ва юридик шахсларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва қонуний манфаатларини ҳимоя килишда кўмаклашиши, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириб бериши;

- томонлар такдим этган битимлар лойиҳаларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириши, ушбу битимлар мазмуни томонларнинг асл мақсадига мос келиш-келмаслигини ва қонун талабларига зид келиш-келмаслигини текшириши;

- юридик жиҳатдан бехабарлик жисмоний ва юридик шахслар зарарига фойдаланилмаслиги учун амалга оширилаётган нотариал ҳаракатларнинг оқибатлари ҳакида уларни огоҳлантириши;

- қонун ҳужжатларига мос келмайдиган нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиши;

- нотариал харакатларни амалга ошириш вақтида фуқаролар ёки мансабдор шахслар томонидан қонунчилик бузилганлигини аниқлаган такдирда, зарур чора-тадбирлар кўрилиши учун тегишли корхоналар, муассасалар, ташкилотларга ёки прокурорга бу ҳақда хабар қилиши;

- Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда беш йилда камида бир марта ўз касбий малакасини ошириши;

- қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда кўчмас мулк ижараси шартномаларини тасдиқлаш ва ижара ҳақининг микдори тўғрисидаги, мерос ёки ҳадя тартибида фуқаролар мулкига ўтаётган мол-мулкнинг қиймати ҳақидаги маълумотномаларни давлат солиқ хизмати органига такдим этиши;

- суд, прокуратура, тергов органлари талабига биноан мазкур органларнинг юритувида бўлган ишлар билан боғлиқ нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик тўғрисида маълумотномалар (маълумотнома) бериши;

- битим предмети бўлган объектни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ёки хатлов мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномаларни кредит бюроларининг сўровига кўра тақдим этиши;

- жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномаларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда махсус ваколатли давлат органига тақдим этиши шарт.

Саволларга Гулистон туман давлат

нотариал идорасининг нотариуси

Ш.Каримов жавоб берди.



Савол:

Яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун хужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан “Фарзандликка олиш” тартибига қандай ўзгартиш киритилди ва унинг илгариги тартиб билан қандай фарқи бор?

Д.Исаева, Гулистон шаҳри

Жавоб:

Илгари Фарзандликка олиш Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 апрелдаги қарори билан тасдиқланган “Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида” низом асосида болани фарзандликка олишни хоҳлаган шахсларнинг аризасига ва васийлик ва ҳомийлик органлари тавсиясига кўра туман, шаҳар ҳокими қарори билан амалга оширилган бўлса, эндиликда мазкур қунун билан Фуқаролик процессуал кодекси “Фарзандликка олиш” деб номланган янги 311-боб билан тўлдирилиб, унга кўра фарзандликка олишнинг қонунчиликда белгиланган процессуал тартиби асосида суд томонидан амалга оширилиши белгиланди.

Хусусан, эндиликда фарзандликка олиш истагида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари фарзандликка олинаётган боланинг яшаш жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман ва шаҳар судларига ариза билан мурожаат қиладилар. Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳисобланган болани фарзандликка олишни истаган Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар эса боланинг яшаш жойидаги тегишлилигига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий судига, фуқаролик ишлари бўйича вилоят ёки Тошкент шаҳар судига ариза беради. Фарзандликка олиш тўғрисидаги аризада фарзандликка олувчиларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, уларнинг яшаш жойи, фарзандликка олинаётган боланинг фамилияси, исми, отасининг исми ва туғилган санаси, унинг яшаш жойи, фарзандликка олинаётган боланинг ота-онаси тўғрисидаги, ака-ука ва опа-сингиллари бор-йўқлиги ҳақидаги маълумотлар, фарзандликка олувчиларнинг фарзандликка олиш ҳақидаги илтимосини асословчи ҳолатлар ва бошқа маълумотлар кўрсатилиши лозимлиги белгиланди.

Шунингдек, суд фарзандликка олиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб уч кун ичида ушбу қарордан кўчирмани боланинг туғилганлиги рўйхатга олинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юбориши шарт.

Саволга Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

масъул ходими Б.Назаров жавоб берди. 



Савол: Мева-сабзавотчилик ва узумчилик йўналишидаги фермер хўжаликларининг қайта ишлаш корхоналари ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан ўзаро муносабатлари қандай амалга оширилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 
9 январдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-3709-сон Фармонига асосанмева-сабзавотчилик ва узумчилик йўналишидаги фермер хўжаликларининг қайта ишлаш корхоналари ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан ўзаро муносабатлари, маҳаллий бошқарув органлари аралашмаган ҳолда, тузилган шартномалар асосида амалга оширилади.

Савол:Пудрат шартномаси ҳақида тушунча беринг.

Жавоб:Пудрат шартномаси бўйича бир тараф (пудратчи) иккинчи тараф (буюртмачи)нинг топшириғига биноан маълум бир ишни бажариш ва унинг натижасини буюртмачига белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини олади, буюртмачи эса иш натижасини қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади. Агар қонун ҳужжатларида ёхуд тарафлар келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ишни бажариш учун пудратчи таваккал қилади.

Савол: Фермер хўжаликлари билан қайта ишлаш (тайёрловчи) корхоналар ўртасида узумни тайёрлаш ва етказиб беришдаги муносабатлар ҳақида нима дея оласиз?

Жавоб:Фермер хўжаликлари ва қайта ишлаш (тайёрловчи) корхоналари ўртасида узум етказиб бериш шартномавий муносабатлар асосида амалга оширилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 13 мартдаги “2013-2015 йиллар даврида республикада узумчиликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1937-сон қарорида харид қилинадиган узум маҳсулотининг умумий қийматидан 60 фоизидан кам бўлмаган миқдорда фермер хўжаликларига аванс (бўнак) маблағларини тўлаб берлиши назарда тутилган.

Мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, 2013 йил апрель ойида Адлия вазирлигида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзвиносаноат-холдинг” холдинг компанияси вакиллари билан биргаликда узумни етказиб бериш бўйича контрактация шартномасининг намунавий лойиҳаси ишлаб чиқилиб, амалиётда тузиш учун тавсия қилинди.

Савол: Фермер хўжаликлари билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ва таъминот ташкилотлари ўртасидаги шартномавий муносабатларда Фермерлар кенгаши қандай вазифаларни амалга оширади?

Жавоб:Фермер хўжаликлари билан тайёрлов ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида контрактация шартномалари ҳамда моддий-техника ресурслари етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) юзасидан шартномалар тузиш туман фермерлари кенгашининг шартномавий-ҳуқуқий муносабатлари бўйича бош мутахассиси иштирокида амалга оширилади ва шартномалар ушбу мутахассис томонидан имзоланади.

Савол: Боғ ва узумзорлардан мақсадсиз фойдаланилганлик учун ер участкасини ижарага бериш шартномасини муддатидан олдин бекор қилишга нималар асос бўлади?

Жавоб: Боғ ва узумзорлардан қатъий белгиланган мақсадда фойдаланилади. Боғ ва узумзорлардан мақсадсиз фойдаланганлик учун ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш асослари қуйидагилардан иборат:

ердан бошқа мақсадларда фойдаланиш учун боғ ва узумзорлар бузиб ташланганда;

эскирган майдонларда янги боғ ва узумзорлар ташкил этилмаганда;

қулай табиий — иқлим шароити мавжуд бўлишига қарамасдан, ижарага олувчининг айби билан боғ ва узумзорларнинг ҳосилдорлик даражаси кейинги уч йил мобайнида белгиланган нормативдан (кадастр баҳосига кўра) пасайтириб юборилганда;

боғ ва узумзорлар олинган пайтдан бошлаб бир йил ичида улардан фойдаланишга киришилмаганда.

Ер участкасини ижарага бериш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш шартнома тарафларининг келишувига асосан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, туман ҳокимининг ер ижара шартномасини бекор қилиш бўйича даъво аризасига мувофиқ, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилади.

Ерни ижарага олувчи ва туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими, шунингдек бошқа тегишли ташкилотлар вакиллари иштирокида тузилган далолатнома ер ижара шартномасини бекор қилиш бўйича даъво аризаси киритиш учун асос бўлиб ҳисобланади.

Ер ижара шартномасини бекор қилиш бўйича даъво аризасини судга киритиш масаласи ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи туман комиссияси (кейинги ўринларда «Комиссия» деб юритилади) томонидан кўриб чиқилади.

Саволларга Адлия вазирлиги масъул ходими

О.Бекмурадов жавоб берди 



Нотариал харакатларнинг махфийлиги нима? Шу ҳақда батафсил маълумот берсангиз.

А.Ибрагимов, Ширин шаҳри.

Бу тушунча Ўзбекистон Республикаси «Нотариат тўғрисидаги» қонунининг 6-моддаси мазмуни билан тартибга солинади, бунга кўра: «Нотариуснинг, нотариал ҳаракатларни амалга оширучи бошқа мансабдор шахсларнинг, шунингдек амалга оширилаётган нотариал ҳаракатлардан хизмат вазифасини бажариш муносабати билан хабардор бўлиб қолган шахсларнинг ўзларига маълум бўлган ахборотларни ошкор қилиши, шу жумладан меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ҳам ошкор қилиши тақиқланади». Бу моддада нотариус маълумотларни кимга ва қайси ҳолатларда бериши мумкинлиги тўғрисидаги банд ҳам бор. Унга кўра: «Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотлар (ҳужжатлар) бу ҳаракатлар кимнинг номидан ёки кимнинг топшириғи билан амалга оширилган бўлса, ўша шахсларнинг ўзигагина берилиши мумкин».

Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар) суд, прокуратура, тергов органларининг талабига биноан улар юритаётган ишлар муносабати билан берилади. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар) қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда махсус ваколатли давлат органига тақдим этилади. Кўчмас мулк ижараси шартномаларининг тасдиқлаш ва ижара хақининг миқдори тўғрисидаги, мерос ёки ҳадя тартибида фуқаролар мулкига ўтаётган мол-мулкнинг қиймати ҳақидаги маълумотномалар қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда давлат солиқ хизмати органига такдим этилади. Васиятнома тўғрисидаги маълумотномалар васият қилувчининг вафотидан кейингина берилади.

Амалга оширилган нотариал ҳаракатларнинг махфийлигини бузишда айбдор бўлган шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Саволга Гулистон туман давлат нотариал идорасининг нотариуси 

Шамсиддин Каримов жавоб берди. 



Ўзбекистонда дин ва давлат муносабати, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар

Савол-жавоб

1. Ўзбекистон Республикасида дин ва давлат муносабати, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолияти қайси қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади?

Республикамизда дин ва давлат муносабати, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолият юритиши бўйича ҳуқуқий асосан яратилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунлари ҳамда “Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги 1998 йил 20 июндаги 263-сон, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 2004 йил 23 апрелдаги 196-сон, “Диний таълим муассасаларининг фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 2004 йил 1 мартдаги 99-сон Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

2. Виждон эркинлиги ҳуқуқи нима?

Виждон эркинлиги фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир.

Фуқаро ўзининг динга, динга эътиқод қилишга ёки эътиқод этмасликка, ибодат қилишда, диний расм-русумлар ва маросимларда қатнашиш ёки қатнашмасликка, диний таълим олишга ўз муносабатини белгилаётган пайтда уни у ёки бу тарзда мажбур этишга йўл қўйилмайди.

Вояга етмаган болаларни диний ташкилотларга жалб этиш, шунингдек уларнинг ихтиёрига, ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ихтиёрига зид тарзда динга ўқитишга йўл қўйилмайди.

Динга эътиқод қилиш ёки ўзга эътиқодлар эркинлиги миллий хавфсизликни ва жамоат тартибини, бошқа фуқароларнинг ҳаёти, саломатлиги, ахлоқи, ҳуқуқи ва эркинликларини таъминлаш учун зарур бўлган даражадагина чекланиши мумкин.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда виждон эркинлиги ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланадилар ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун қонунда белгиланган тарзда жавобгар бўладилар.

3. Фуқароларнинг динга муносабатидан тенг ҳуқуқлилиги қайси қонунда белгиланган ва унда нима дейилган?

Фуқароларнинг динга муносабатидан тенг ҳуқуқлилиги принципи Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасида белгиланган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари динга муносабатидан қатъи назар қонун олдида тенгдирлар. Расмий ҳужжатларда фуқаронинг динга муносабати кўрсатилишига йўл қўйилмайди. Фуқароларнинг динга муносабатига қараб уларнинг ҳуқуқларини ҳар қандай чеклаш ва уларга бевосита ёки билвосита имтиёзлар белгилаш, душманлик ва адоват уйғотиш ёхуд уларнинг диний ёки даҳрийлик эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний зиёратгоҳларни оёқ ости қилиш қонунда белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради.

Ҳеч ким диний эътиқодини рўкач қилиб қонунда белгиланган мажбуриятларни бажаришдан бош тортишга ҳақли эмас. Қонунга мувофиқ бажарилиши мажбурий бўлган бир вазифани диний эътиқоди туфайли бошқаси билан алмаштиришга қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади.

4. Динни давлатдан ажратилганлигини тушунчаси нима?

Ўзбекистон Республикасида дин давлатдан ажратилган. Ҳеч бир динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирон-бир имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмайди.

Давлат турли динларга эътиқод қилувчи ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, ҳар хил эътиқодларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашади, диний ва ўзга мутаассибликка ҳамда экстремизмга, муносабатларни қарама-қарши қўйиш ва кескинлаштиришга, турли конфессиялар ўртасида адоватни авж олдиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймайди.

Давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлайди. Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади. Ушбу қоиданинг бузилишига айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиладилар.

Давлат диний ташкилотлар зиммасига ўзининг ҳеч қандай вазифасини бажаришни юкламайди, уларнинг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган фаолиятига аралашмайди. Диний ташкилотлар давлат вазифаларини бажармайди. Давлат диний ташкилотларнинг фаолиятини ҳамда даҳрийлик тарғиботига оид фаолиятини маблағ билан таъминламайди.

Ўзбекистон Республикасида диний моҳиятдаги сиёсий партия ва жамоат ҳаракати, шунингдек республикадан ташқарида тузилган диний партияларнинг филиаллари ва бўлимларини тузишга ва уларнинг фаолият юритишига йўл қўйилмайди.

Диний ташкилотлар амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишлари шарт. Диндан давлатга ва конституцияга қарши тарғибот олиб боришда, душманлик, нафрат, миллатлараро адоват уйғотиш, ахлоқий негизларни ва фуқаровий тотувликни бузишда, бўҳтон, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмаларни тарқатишда, аҳоли ўртасида ваҳима чиқаришда ҳамда давлатга, жамият ва шахсга қарши қаратилган бошқа хатти-ҳаракатларда фойдаланишга йўл қўйилмайди. Терроризм, наркобизнес ва уюшган жиноятчиликка кўмаклашадиган, шунингдек бошқа ғаразли мақсадларни кўзловчи диний ташкилотлар, оқимлар, секталар ва бошқаларнинг фаолияти ман этилади.

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига, мансабдор шахсларга тазйиқ ўтказишга қаратилган ҳар қандай уриниш, шунингдек яширин диний фаолият қонун билан тақиқланади.

5. Давлат органларининг ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг диний ташкилотлар билан ўзаро муносабат борасидаги ваколатлари нималардан иборат?

Давлат органлари билан диний ташкилотларнинг ўзаро муносабатларини мувофиқлаштириш ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини назорат қилиш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита зиммасига юкланади. Қўмитанинг ҳуқуқий мақоми Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Низом билан белгиланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тегишли ҳудудларда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши учун қонун бўйича жавобгардирлар.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг асосий вазифаси нимадан иборат?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳар бир шахснинг виждон ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқи, фуқароларнинг динга бўлган муносабатидан қатъи назар тенглигини таъминлаш, шунингдек диний ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги вазифаларни ҳал этиш ваколати берилган давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Қўмитанинг асосий вазифаларига қуйидагилар ҳисобланади:

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ диний масалаларни ҳал қилишда ягона сиёсатни амалга ошириш;

давлат органларининг республика ҳудудида жойлашган диний ташкилотлар билан ўзаро алоқаси ва ҳамкорлигини таъминлаш;

давлат сиёсатида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган диний ташкилотлар манфаатларини акс эттириш.

7. Диний ташкилот ва диний ўқув юртлар нима?

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг динга эътиқод қилиш, ибодат, расм-русумлар ва маросимларни биргаликда адо этиш мақсадида тузилган кўнгилли бирлашмалари (диний жамиятлар, диний ўқув юртлари, масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва бошқалар) диний ташкилотлар деб эътироф этилади.

Диний ташкилот Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаётган юз нафардан кам бўлмаган фуқаролари ташаббуси билан тузилади.

Тегишли конфессияга қарашли диний ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва йўналтириб бориш учун уларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича ягона марказий бошқарув органлари (бундан кейин – марказий бошқарув органлари деб юритилади) тузилиши мумкин.

Марказий бошқарув органи Ўзбекистон Республикасининг камида саккизта ҳудудий тузилмасида (вилоят, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси) фаолият кўрсатаётган, тегишли конфессияларнинг рўйхатга олинган диний ташкилотлари вакиллари таъсис йиғилиши (конференцияси) томонидан тузилади.

Диний ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ёки унинг жойлардаги органларида рўйхатдан ўтказилгандан кейин юридик шахс мақомига эга бўлади ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин.

Тегишли диний маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари диний ташкилотларнинг раҳбарлари бўлишлари мумкин. Диний ташкилотлар раҳбарлигига Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаган шахсларнинг номзоди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан келишиб олинади.

Диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари руҳонийлар ва ўзларига зарур бўлган диний ходимлар тайёрлаш учун диний ўқув юртлари тузишга ҳақли. Диний ўқув юртлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилиб, тегишли лицензия олганидан кейин фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлади.

Олий ва ўрта диний ўқув юртларида таълим олиш учун фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ умумий мажбурий ўрта таълим олганидан кейин қабул қилинади.

Диний ўқув юртларида диний фанларни ўқитаётган шахслар диний таълим олган бўлишлари ва ўз фаолиятларини тегишли марказий бошқарув органининг рухсати билан амалга оширишлари лозим.

Хусусий тартибда диний таълим бериш ман этилади.

8. Диний урф-одатлар ва маросимлар қаерларда ўтказилади?

Диний ташкилотлар ибодат қилиш ёки диний расм-русумлар ўтказиш учун қулай жойлар ташкил этиш ва уларни сақлаб туриш, шунингдек зиёратгоҳларни сақлаб туриш ҳуқуқига эгадир.

Ибодат, диний расм-русумлар ва маросимлар диний ташкилотлар жойлашган манзилдаги ибодатхоналарда ва уларга тегишли ҳудудларда, зиёратгоҳларда, қабристонларда, зарур ҳолларда фуқароларнинг ихтиёрига биноан уларнинг уйларида ўтказилади.

Касалхоналарда, госпиталларда, кексалар ва ногиронлар уйларида, дастлабки қамоқ ва жазони ўташ жойларида ибодатлар ва диний расм-русумлар шу ердаги фуқароларнинг илтимосларига биноан ўтказилади.

Диний маросим ва ибодат биноларидан ташқарида ўтказиладиган оммавий ибодатлар, диний расм-русумлар ва маросимлар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди.

Диний ташкилотлар диндорлар мажбурий пул йиғимлари ва тўловлар ундиришга, шунингдек уларга нисбатан шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи чораларни қўллашга ҳақли эмас.



Савол: Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар қандай шаклларда амалга оширилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 791-моддасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўлов топшириқномалари, аккредитивлар, чеклар, инкассо бўйича, шунингдек қонунда назарда тутилган бошқа шаклларда амалга оширилиши мумкинлиги назарда тутилган.

Савол: Нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартибини алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжатда белгилаб қўйиш зарурати нима билан изоҳланади?

Жавоб: Фуқаролик кодексида нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга оширишнинг энг муҳим ва устувор қоидалари белгиланган. Бироқ, мазкур муносабатларнинг кенг қамровлилиги, ушбу жараёнда ноаниқликлар, тушунмовчиликлар ёки суиистеъмолликлар келиб чиқишига йўл қўймаслик ва айни шу мақсадларда нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга оширишни расмийлаштиришда ягона ёндашувни ишлаб чиқиш зарурати мазкур соҳадаги муносабатларни янада батафсил ҳуқуқий тартибга солишни тақозо этади.

Савол: Нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимида тўлов топшириқномаларидан кенг фойдаланилади. Ҳисоб-китобларнинг мазкур шакли қандай ўзига хос хусусиятларга эга?

Жавоб: Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомнинг (рўйхат рақами 2465, 2013 йил 3 июнь) 31-бандига мувофиқ, тўлов топшириқномаси мижознинг унга хизмат кўрсатувчи банкка ўз ҳисобварағидан топшириқномада белгиланган суммани маблағларни олувчининг ҳисобварағига ўтказиш тўғрисидаги топшириғи назарда тутилган ҳисоб-китоб ҳужжати ҳисобланади. Тўлов топшириқномалари билан ҳисоб-китоблар товарларнинг ҳақини тўлаш учун амалга оширилиши мумкин. Бундан ташқари, банк ҳисобварағи шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, тўлов топшириқномаси банк томонидан мижознинг ҳисобварағида маблағлар мавжуд бўлгандагина қабул қилинади.

Савол: Баъзан кундалик ҳаётимизда “акцептли тўлов талабномаси” ва “акцептсиз тўлов талабномаси” деган тушунчаларга дуч келамиз. Улар ўртасида қандай фарқ мавжуд?

Жавоб: Юқорида айтиб ўтилган Низомнинг 41-бандида акцептли ва акцептсиз тўлов талабномаларининг фарқи кўрсатиб ўтилган бўлиб, унга кўра, акцептли тўлов талабномаси тўлов талабномасида назарда тутилган сумма маблағларни тўловчи томонидан акцептланганидан, яъни тан олинганидан сўнг, тўловлар амалга ошириладиган ҳисоб-китоб ҳужжати ҳисобланади. Акцептсиз тўлов талабномаси эса, тўлов талабномасида назарда тутилган сумма маблағларни тўловчининг розилиги бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, тўловлар амалга ошириладиган ҳисоб-китоб ҳужжати ҳисобланади.

Савол: Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомнинг янги таҳририда қандай муҳим масалалар белгиланди?

Жавоб: Ҳужжатнинг янги таҳририда қуйидаги муҳим масалалар белгиланди:

биринчидан, ҳужжатнинг нормалариқонун ҳужжатлари талаблари асосида тўлиқ қайта кўриб чиқилди;

иккинчидан, давлат тилида ишлаб чиқилди;

учинчидан, солиқ органлари томонидан электрон равишда тақдим этиладиган инкассо топшириқномаларини электрон равишда чақириб олиш тизими жорий этилди;

тўртинчидан, иссиқлик энергияси учун тўловлар акцепли тўлов талабномалари асосида амалга оширилиши белгиланди;

бешинчидан, нақд пулсиз ҳисоб-китоб ҳужжатларининг турлари ҳамда улар бўйича амалга ошириладиган ҳисоб-китоб операциялари аниқ ва батафсил баён этилди;

олтинчидан, мазкур соҳада банк амалиётида юзага келган бошқа муаммолар ўз ечимини топди.

Саволларга Адлия вазирлиги масъул ходими О.Файзиев жавоб берди. 




Савол:

Норма ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштиришда адлия органларининг вазифа ва функциялари нималардан иборат?

Жавоб:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низомга биноан мамлакатимизда норма ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштириш йўналишида Адлия вазирлиги зиммасига давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмаларининг норма ижодкорлиги фаолиятини тизимли таҳлил қилишни ташкиллаштириш, улар томонидан киритиладиган ёки қабул қилинадиган қонун ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонун ҳужжатларига, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига, шунингдек қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлигини аниқлаш юзасидан ҳар томонлама экспертизани амалга ошириш; амалдаги қонун ҳужжатларида «оқ доғлар»ни, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида коррупциянинг келиб чиқишига, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилишига шароит яратаётган қоидалар ва нормаларни аниқлаш вазифалари юклатилган.

Ушбу вазифаларни бажариш учун Адлия вазирлиги бир қатор функцияларни амалга оширади. Хусусан:

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради ва уларга услубий раҳбарликни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари бўйича ва ўз ташаббусига кўра қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва уларни кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда киритади;

қонун ҳужжатларини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига мувофиқлаштириш, ҳуқуқий тартибга солишнинг тизимлилиги ва яхлитлигини таъминлаш, қонунчиликдаги «оқ доғлар»ни бартараф қилиш тўғрисида таклифлар ишлаб чиқади, қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифларни таҳлил қилади ва умумлаштиради ҳамда уларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига тақдим қилади, қонун ҳужжатларини кодекслаштириш бўйича ишларни олиб боради;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, уларнинг кенгашлари, қўмиталари ва комиссиялари билан қонунчилик фаолиятини такомиллаштириш масалалари бўйича доимий амалий алоқада бўлади;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказади ва уларнинг реестрини юритади;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказади ва давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, эълон қилиш ва манфаатдор шахслар эътиборига етказишнинг белгиланган тартибига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг назорат нусхаларини юритади.

Савол:

Адлия вазирлиги томонидан қонун лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши жараёни ҳақида батафсилроқ маълумот берсангиз?

Жавоб:

Конституциямизнинг 15-моддасига кўра Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Унинг 16-моддасида эса бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва тамойилларига зид келиши мумкин эмаслиги ҳақидаги тамойил мустаҳкамлаб қўйилган. Ушбу меъёр қонунийликни, қонун лойиҳалари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мослигини таъминлашга хизмат қилади. Мазкур конституциявий тамойилни амалга ошириш мақсадида мамлакатимизда қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси институти шакллантирилди.

Қонун лойиҳасини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишнинг шартлиги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунга асосланади. Қонуннинг 21-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши зарурлиги белгилаб қўйилган бўлиб, у экспертиза қилишнинг энг анъанавий ва синалган турларидан бири саналади ва норма ижодкорлиги фаолиятининг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланади.

Қонун лойиҳасини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишнинг аҳамияти шу билан белгиланадики, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий, илмий ва бошқа соҳалардаги кўплаб масалалар фақат экспертиза ёрдамида ҳал қилиниши мумкин ва ўтказилган экспертиза хулосаси мақбул қарор қабул қилиш учун асос вазифасини ўтайди.

Савол:

Адлия вазирлиги томонидан қонун ҳужжатлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш йўналишида амалга оширилган ишлар тўғрисида рақамларга мурожаат қилган ҳолда, қисқача маълумот берсангиз?

Жавоб:

Йил давомида ҳуқуқий экспертизанинг хажмига қисқача тўхталадиган бўлсак, биргина 2012 йил мобайнида вазирлик ва идоралар томонидан Адлия вазирлигига 1500 тага яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун тақдим этилган бўлиб, улардан 150 тадан зиёд қонун лойиҳалари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари лойиҳалари, 200 га яқин Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари лойиҳалари ва 750 тадан зиёд Ҳукумат қарорлари лойиҳаларидир.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, Мамлакатимиз Раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида қонун ижодкорлигининг сифатини кескин ошириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Ҳозирги кунда концепция доирасида 
20 га яқин қонунлар ва 10 га яқин бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилинишида ҳуқуқий экспертиза жараёни муҳим аҳамият ва ўринга эга. Ваҳоланки, ҳуқуқий экспертиза қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини сифатли бўлишига, сифатли қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат ва жамият ҳаётида олиб борилаётган ислоҳотларнинг муваффақиятли бўлишига хизмат қилади.

Саволларга Адлия вазирилиги масъул ходими

О.Файзиев жавоб берди. 


Савол:

Мамлакатимизда ташкил этилган эркин индустриал-иқтисодий зоналар ҳақида маълумот беринг?

Жавоб:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 2 декабрдаги Фармонига асосоан Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий зона, 2012 йил 13 апрелдаги Фармонига асосан «Ангрен» махсус индустриал зонаси ҳамда 2013 йил 18 мартдаги Фармонига асосан «Жиззах» махсус индустриал зонаси ташкил этилган.

Cавол:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 апрелдаги “Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан солиқ соҳасида қандай имтиёзлар, афзалликлар ва кафолатлар белгиланди?

Жавоб:

Хорижий инвесторнинг пул шаклидаги улуши 5 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган янгидан ташкил этилаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 10 йил мобайнида солиқ қонунчилигида ўзгаришлар юз берган ҳолларда, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи (товарлар, ишлар, хизматларни реализация қилиш айланмаси), мол-мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона ижтимоий тўлов, ягона солиқ тўлови, шунингдек, Республика йўл жамғармасига ҳамда Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашнинг мазкур корхоналар давлат рўйхатидан ўтиш санасида амал қилган меъёрлари ва қоидаларини қўлланилиши мумкинлиги белгиланди.

Cавол:

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган мол-мулкларга қандай имтиёзлар берилган?

Жавоб:

“Бож тарифи тўғрисида”ги Қонуннинг 33-моддаси ҳамда “Чет эл инвестициялари тўғрисида” ги Қонуннинг 12-моддасида устав фондида чет эл инвестицияларининг улуши камида ўттиз уч фоиз бўлган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан икки йил давомида ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган мол-мулк бож ундиришдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда озод қилинади. Чет эллик инвесторларнинг ва чет эллик инвесторлар билан тузилган меҳнат шартномаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида турган чет давлатлар фуқароларининг шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган мол-мулкдан бож ундирилмаслиги белгиланган.

Cавол:

Инвестицияга оид низолар қандай тартибда ҳал этилади?

Жавоб:

Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ чет эл инвестициялари билан бевосита ёки билвосита боғлиқ низо (инвестицияга оид низо), тарафлар келишувига кўра, улар ўртасидаги маслаҳатлашувлар орқали ҳал этилиши мумкин. Агар тарафлар келишилган ҳал қилувга эриша олмасалар, бундай низо Ўзбекистон Республикасининг хўжалик суди томонидан ёхуд ҳакамлик воситасида инвестицияга оид низоларни ҳал этишга доир Ўзбекистон Республикаси қўшилган халқаро шартномаларнинг (битимлар ва конвенцияларнинг) қоидалари ва тартиботига мувофиқ ҳал этилиши лозим.

Инвестицияга оид низога жалб этилган тарафлар ўзаро келишувга кўра бундай низони кўриб чиқувчи органни, шунингдек инвестицияга оид низо бўйича ҳакамлик судловини амалга оширувчи мамлакатни аниқлашлари мумкин.

Чет эллик инвесторларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги инвестиция фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низоларни Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади, шартномада низоларни ҳал қилишнинг халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ўзга тартиби назарда тутилган ҳоллар бундан мустаснодир.

Саволларга Адлия вазирлиги бошқарма бўлим бошлиғи А.Турдиев жавоб берди. 


Савол:Ишдан қўшимча таътиллар олиши мумкинми?

Ш.Каримов, Мирзаобод тумани

Жавоб: Қўшимча таътиллар:

меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос бўлган ишларда банд бўлган ходимларга;

оғир ва ноқулай табиий-иқлим шароитларида иш бажараётган ходимларга;

меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда, меҳнат шартномасининг шартларида назарда тутилган бошқа ҳолларда берилади.

Савол: Таътилни узайтириш ёки уни бошқа муддатга кўчириш мумкинми?

С.Тоҳиров, Гулистон тумани

Жавоб: Ходимлар қуйидаги ҳолларда таътилни узайтириш ёки бошқа муддатга кўчириш ҳуқуқига эгадирлар:

вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида;

ҳомиладорлик ва туғиш таътили муддати бошланганда;

йиллик таътил ўқув таътилига тўғри келиб қолганда;

давлат ёки жамоат вазифаларини бажараётганда, башарти қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда бундай вазифаларни бажариш учун ходимни ишдан озод этиш назарда тутилган бўлса.

Агар таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар таътил бошлангунга қадар келиб чиққан бўлса, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан таътилдан фойдаланишнинг янги муддати белгиланади. Бундай сабаблар таътил даврида келиб чиққан ҳолларда таътил тегишли кунлар сонига узайтирилади ёки ходим билан иш берувчининг келишувига биноан таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми бошқа муддатга кўчирилади.

Ходим таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар тўғрисида иш берувчини хабардор қилиши шарт.

Агар ходим белгиланган муддатда таътилнинг бошланиш вақти тўғрисида ўз вақтида хабардор қилинмаган ёки унга таътил бошлангунга қадар таътил вақти учун ҳақ тўланмаган бўлса, таътил ходимнинг аризасига мувофиқ бошқа вақтга кўчирилади.

Савол: Таътилни қисмларга бўлиш мумкинми?

Б.Маматова, Янгиер шаҳари

Жавоб: Ҳа, ходимнинг хоҳишига кўра унинг ёзма аризаси асосида таътилни қисмларга бўлишга йўл қўйилади. Бунда таътилнинг бир қисми ўн икки иш кунидан кам бўлмаслиги лозим.

Саволларга Гулистон шахар 8-сонли

давлат нотариал идорасининг

нотариуси Ш.Синдаров жавоб берди


Савол: Маъмурий ножўя ҳаракат деганда нима тушунилади ва унинг оқибатлари нимага олиб келади?

Т.Абдуллаев, Гулистон шаҳар

Жавоб: Маъмурий ножўя ҳаракат деганда жамоатга тажовуз қилувчи ғайриқонуний хавфли ҳаракат ёки ҳаракатсизлик тушунилади. Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган пайтда ўн олти ёшга тўлган шахслар маъмурий жавобгарликка тортилади ва маъмурий жазонинг турларига қуйидагилар киради: жарима; маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилиш; муайян шахсни унга берилган махсус ҳуқуқдан (транспорт воситаларини бошқариш ва ҳ.к.з. кабилар) маҳрум этиш; маъмурий қамоққа олиш.

Вояга етмаганлар ишлари билан шуғулланувчи туман (шаҳар) комиссиялари вояга етмаган шахслар томонидан содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқадилар.

Маъмурий йўл билан ушлаб туриш 3 соатдан ортиқ давом этиши мумкин эмас. Маъмурий йўл билан ушлаб туриш муддати ҳуқуқбузарни баённома тузиш учун олиб кетиш пайтидан бошланади, маст ҳолдаги шахслар учун эса улар ҳушёр тортган вақтдан бошланади.

Савол: Муомала лаёқати қачон вужудга келади?

Д. Жўраева, Ширин шаҳар

Жавоб: Фуқароларнинг ўз ҳаракатлари билан фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлиш ва уларни амалга ошириш, ўзи учун фуқаролик бурчларини вужудга келтириш ва уларни бажариш лаёқати (муомала лаёқати) у вояга етгач, яъни ўн саккиз ёшга тўлгач, тўла ҳажмда вужудга келади.

Вояга етгунга қадар қонуний никоҳдан ўтган фуқаро никоҳдан ўтган вақтидан эътиборан тўла ҳажмда муомала лаёқатига эга бўлади.

18 ёшга тўлмасдан никоҳ бузилса ҳам муомала лаёқати тўла сақланиб қолади. Лекин никоҳ ҳақиқий эмас, деб топилганида суд вояга етмаган эр (хотин) суд белгилаган пайтдан бошлаб тўла муомала лаёқатини йўқотганлиги ҳақида қарор қабул қилиши мумкин.

18 ёшга тўлмасдан вояга етмаганлар битимларини ўз ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийларининг ёзма розилиги билан тузганларидагина ҳақиқий деб ҳисобланади.

14 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаганлар ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийларнинг ёзма розилигисиз қуйидагиларни мустақил амалга оширишга ҳақли:

- ўз иш ҳақи, стипендияси ва бошқа даромадларини тасарруф этиш;

- фан, адабиёт ёки санъат асарининг, ихтиронинг ёҳуд ўз интеллектуал фаолиятининг қонун билан қўриқланадиган муаллифлик ҳуқуқини амалга ошириш;

- қонунга мувофиқ кредит муассасаларига омонатлар қўйиш ва уларни тасарруф этиш;

- майда маиший битимларни, текин манфаат кўришга қаратилган, нотариал тасдиқланиши ёки давлат рўйхатидан ўтказишни талаб қилмайдиган битимлар, қонуний вакили ёки унинг розилиги билан учинчи шахс томонидан бирор-бир мақсад ёки тасарруф этиш учун берилган маблағларни тасарруф этиш борасидаги битимлар.

14 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаганлар юқоридагиларга мувофиқ ўзлари тузган битимлар бўйича мустақил равишда мулкий жавобгар бўладилар;

Болага исм ота-онанинг келишувига биноан, ота исми отасининг исмига кўра берилади. Боланинг фамилияси ота-онанинг фамилиясига қараб белгиланади. Ота-она турли фамилияларда бўлганда ота-онанинг келишувига биноан отасининг ёки онасининг фамилияси ота-онанинг ҳохишига кўра берилади.

Болага ота ёки она томонидан миллий анъаналарга кўра бобонинг исми бўйича ҳам фамилия берилиши мумкин.

Боланинг исми ва фамилияси ота-онанинг биргаликдаги аризасига биноан бола 16 ёшга тўлгунча бола манфаатларини эътиборга олган ҳолда (отасининг ёки онасининг фамилиясига) ўзгартирилиши мумкин.

16 ёшга тўлган боланинг исми ёки фамилиясини ўзгартириш фақат унинг розилиги билан амалга оширилади.

Вояга етмаган болалар қонунда белгиланган тартибда ҳадя, мерос тариқасида олган мол-мулки, шунингдек, шахсий меҳнати ва тадбиркорлик фаолияти натижасида орттирган мол-мулки уларнинг шахсий мулки ҳисобланади.

Вояга етмаганларнинг шахсий фойдаланишдаги буюмлари (кийим-кечак, ишлаб чиқариш қуроллари, ўқув-анжомлари кабилар) уларнинг хусусий мулки ҳисобланади.

Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатларда катта ёшдаги ходимлар билан тенг ҳуқуқлидирлар.

16 ёшдан 18 ёшгача бўлган ходимларга ҳафтасига 36 соатдан иш куни белгиланади.

15-16 ёшгача бўлган (таътил даврида ишлаётган 14 ёшдан 16 ёшгача бўлган ўқувчилар учун) шахслар учун ҳафтасига 24 соатдан ошмаган иш куни белгиланади.

14 ёшга тўлмаган вояга етмаганларнинг (кичик ёшдаги болаларнинг) ёки васийликда бўлган фуқароларнинг қонуний вакиллари – ота-оналари, фарзандликка олувчи-лари ёки васийлари яшаётган жой вояга етмаганларнинг ёки васийликда бўлганларнинг яшаш жойи ҳисобланади.

Савол: Вояга етмаган шахслар неча ёшдан ҳамда қандай жиноятларни содир қилганда жиноий жавобгарликка тортилади?

Г.Казакова, Янгиер шаҳар

Жавоб: Жиноят содир этганга қадар 13 ёшга тўлган шахслар жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдирганликлари учунгина жиноий жавобгарликка тортиладилар.

Жиноят содир этганга қадар 14 ёшга тўлган шахслар қуйидаги жиноятлар учун жавобгарликка тортиладилар:

қасддан одам ўлдирганлик;

қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказганликлари;

номусга тегиш;

эҳтиёжини зўрлик ишлатиб, ғайри табиий усулда қондириш;

одам ўлдириш;

босқинчилик, товламачилик, талончилик;

одам ўғирлаш;

мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга тузатиб бўлмас зарар етказиш;

озодликдан маҳрум қилиш жойларидан қочиш;

ўқ отар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлаш қуроллари, радиактив материалларни қонунга хилоф равишда эгаллаш;

темир йўл, денгиз, дарё, ҳаво транспорти воситаси ёки алоқа йўлларини яроқсиз ҳолга келтириш;

транспорт воситасини олиб қочиш;

гиёҳвандлик ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш;

айбни оғирлантирувчи ҳолларда безорилик қилиш.

Саволларга Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бўлими бошлиғи

Ўткир Абдураҳмонов жавоб берди.


Савол: Болаларга таъминот беришда ота-она мажбуриятлари тенгми?

Ш.Абдураззакова,

Сайхунобод тумани

Жавоб:Вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир.

Вояга етган, меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир.

Савол: Ота-онанинг вояга етмаган болаларига алимент тўлаш тартиби қандай бўлади?

Н.Баҳодирова,

Гулистон шаҳри

Жавоб: Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартибини ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақлидирлар.

Вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартиби ва шакли ҳақида ота-она ўртасидаги келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак.

Савол: Ота-онага моддий таъминот бериладими?

Б.Казаков,

Сирдарё тумани

Жавоб: Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ўз ота-онасига ихтиёрий равишда моддий ёрдам беришдан бўйин товласалар, таъминот миқдори болаларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда суднинг ҳал қилув қарорига асосан белгиланади.

Ота-она, алимент ундириш ҳақидаги талабни ўз болаларининг бирига ёки бир нечтасига нисбатан қўйганлигидан қатъи назар, алимент миқдорини белгилашда суд вояга етган, меҳнатга лаёқатли болаларнинг барчасини ҳисобга олиши лозим.

Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан алимент ундириш низоси узил-кесил ҳал бўлгунга қадар судья шу низо бўйича вақтинча тўлаб турилиши лозим бўлган суммани кўрсатиб, ажрим чиқариши мумкин.

Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан ундирилаётган алимент миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорининг учдан бир қисмидан кам бўлмаслиги керак.

Саволларга Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

тарғибот ва ҳуқуқий маърифат

бўйича етакчи маслаҳатчиси

Азизжон Мавланов жавоб берди. 


Корхоналарни ихтиёрий тугатишда қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилиши

Савол: Корхоналарни ихтиёрий тугатиш қайси қонун ҳужжатлари асосида тартибга солинади?

Жавоб: Корхоналарни ихтиёрий тугатиш Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фолиятини тўхтатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ–630-сон Қарори ва ушбу қарор билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фолиятини тўхтатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги Низом билан тартибга солинади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва бошқа қонун ҳужжатларида корхоналарни ихтиёрий тугатишни назарда тутувчи нормалар мавжуд.

Савол: Тадбиркорлик субъекти ихтиёрий тартибда тугатилаётганда иштирокчилар умумий йиғилишининг баённомасида нималар акс эттирилган бўлиши лозим?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 
27 апрелдаги ПҚ–630-сон Қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 3-бандига асосан корхонани ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор унинг муассислари (қатнашчилари) томонидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилинади. Қарорда қуйидагилар кўрсатилади:

тугатувчи – тугатиш комиссияси (унинг аъзолари таркиби) ёки жисмоний шахс (паспорти маълумотлари);

мўлжалланаётган тугатиш муддати.

Савол: Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширувчи корхоналарни ихтиёрий тугатиш учун тугатувчи рўйхатдан ўтказган органга қандай ҳужжатларни тақдим этиши лозим?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 
27 апрелдаги ПҚ–630-сон Қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 34-бандига асосан молия-хўжалик фаолиятини амалга оширувчи корхоналарни ихтиёрий тугатиш учун тугатувчи рўйхатдан ўтказган органга қуйидаги ҳужжатларни:

–бир ёки бир неча даврий босма нашрларда чиққан корхонанинг ихтиёрий тугатилганлиги тўғрисидаги эълонни;

– давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномани;

– корхонанинг барча ҳисоб рақамлари ёпилганлиги тўғрисида хизмат кўрсатувчи банкларнинг маълумотномаларини;

– корхонанинг муҳр ва штампларини;

– ваколатли органнинг, агар мавжуд бўлса, чиқарилган қимматли қоғозларини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотномасини;

– агар мавжуд бўлса, барча лицензиялар (рухсатномалар)нинг асл нусхаларини;

– давлат солиқ хизмати органининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарз йўқлиги тўғрисидаги маълумотномасини;

– тугатилаётган корхона қарздор сифатида иштирок этган ва ижро этилмаган ижро ҳужжати Суд департаменти органлари иш юритувида мавжуд эмаслиги ҳақидаги Суд департаменти ҳудудий бошқармасининг ёзма жавоби;

– корхона ҳужжатларининг давлат архивига топширилганлигини тасдиқловчи маълумотномани тақдим этади.

Савол: Давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб молия-хўжалик фаолиятини юритмаётган корхоналарни давлат реестридан чиқариш учун рўйхатдан ўтказган органга қандай ҳужжатлар тақдим этиши лозим?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 
27 апрелдаги “Тадбиркорлик субъектларини фаолиятини тўхтатиш 
ва ихтиёрий тугатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 
ПҚ–630-сонли Қарори билан тасдиқланган Низомнинг 46-бандига асосан тугатувчи корхонани давлат реестридан чиқариш учун рўйхатдан ўтказган органга ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги эълон чиққан санадан кейин бир ойдан эрта бўлмаган муддатда қуйидаги ҳужжатларни:

– корхонанинг ихтиёрий тугатилганлиги тўғрисида бир ёки бир неча даврий босма нашрларда чиққан эълонни;

– давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномани;

– банкларда ҳисоб рақамлари очилмаганлиги тўғрисидаги хат ёки, агар мавжуд бўлса, асосий ҳисоб рақами ёпилгани тўғрисидаги банк маълумотномасини;

– тугатилаётган корхона қарздор сифатида иштирок этган ва ижро этилмаган ижро ҳужжати Суд департаменти органлари иш юритувида мавжуд эмаслиги ҳақидаги Суд департаменти ҳудудий бошқармасининг ёзма жавоби.

– муассислар (қатнашчилар)нинг улар ўртасида мол-мулк тақсимланганлиги тўғрисидаги қарорини;

– корхонанинг муҳр ва штампларини;

– корхона ҳужжатлари давлат архивига топширилганлигини тасдиқловчи маълумотномани тақдим этади.

Савол: Корхоналарни ихтиёрий тугатишга оид қонун нормаларини такомиллаштирилиши муносабати билан қандай қонун ҳужжатлари қабул қилинди?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 
29 декабрда “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ–1900-сон қарори қабул қилинган бўлиб, ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 
27 апрелдаги ПҚ–630-сон қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг тегишли бандларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, мазкур Низомнинг 9, 17-бандларига асосан тугатувчига корхона қарздор сифатида иштирок этган ижро ҳужжатларининг ижросини тугатиш тартиботи доирасида таъминлаши, корхонанинг активлари ва мажбуриятларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хатловдан ўтказиши, шу жумладан корхона қарздор сифатида иштирок этган ижро ҳужжатлари реестрини тузиши каби вазифалар юклатилди. Шунингдек, ушбу Низомнинг 18-бандига рўйхатдан ўтказган органга корхонанинг ихтиёрий тугатилганлиги тўғрисидаги қарор нусхаси олингандан сўнг кейинги кундан кечиктирмай юридик шахсларнинг давлат реестрига корхонанинг ихтиёрий тугатиш жараёнида эканлиги тўғрисидаги маълумотларни киритади ҳамда бу тўғрида суд ижрочиларининг туман (шаҳар) бўлимини хабардор қилиш вазифаси юклатилди.

Бундан ташқари, юқоридаги Низомнинг 34, 46-бандларига тугатувчи томонидан корхонани давлат реестридан чиқариш учун рўйхатдан ўтказган органга тугатилаётган корхона қарздор сифатида иштирок этган ва ижро этилмаган ижро ҳужжати Суд департаменти органлари иш юритувида мавжуд эмаслиги ҳақидаги Суд департаменти ҳудудий бошқармасининг ёзма жавобини тақдим этиши вазифаси ҳам юклатилганлиги алоҳида аҳамият касб этади.

Юқоридагилардан келиб чиқадики, корхоналарни ихтиёрий тугатишнинг ҳуқуқий асослари ҳам қонун нормалари билан мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, бу жараённи амалга оширишда ваколат берилган органлар қонун талабларига қатъий амал қилишлари лозим.

Саволларга Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигининг масъул ходими

Э.Холмахматов жавоб берди.


Савол:

Мен лизингга автомашина сотиб олмоқчиман. Лизинг шартномаси хақида тушунча берсангиз?

Н.Солиева,

Оқолтин тумани

Жавоб:

Лизинг-молия ижарасининг алоҳида тури бўлиб, унда бир тараф (лизинг берувчи) иккинчи тарафнинг (лизинг олувчининг) топшириғига биноан учинчи тарафдан (сотувчидан) лизинг шартномасида шартлашилган мол-мулкни (лизинг объектини) мулк қилиб сотиб олади ва уни шу шартномада белгиланган шартларда хақ эвазига эгалик қилиш ва фойдаланиш учун лизинг олувчига ўн икки ойдан ортиқ муддатга беради. Келажакда лизинг олувчига лизинг бўйича топшириш мақсадида мол-мулкни ўзига мулк қилиб олувчи шахс лизинг берувчи деб тан олинади. Эгалик қилиш ва фойдаланиш учун лизинг объектини оладиган шахс лизинг олувчи деб ҳисобланади. Лизинг берувчи лизинг объектини кимдан олаётган бўлса, шу шахс сотувчи деб эътироф этилади. Лизинг берувчи мол-мулкни бўлажак фойдаланувчидан сотиб олган такдирда ёхуд лизинг берувчи келажакда мол-мулкни сотувчига лизинг бўйича топшириш учун ундан шу мол-мулкни сотиб олиш мақсадида уни маблағ билан таъминлаган тақдирда бир шахснинг ўзи ҳам лизинг олувчи, ҳам сотувчи бўлишига йўл қўйилади.

Савол:

Лизинг шарномаси бўйича олинган нарса сифатсиз чиқса ким жавобгар бўлади шу ҳақда маълумот берсангиз?

З.Бобоқулов,

Гулистон тумани

Жавоб:

Лизинг олувчи лизинг шартномасининг нарсаси бўлган мол-мулкни сотувчига сотувчи билан лизинг берувчи ўртасида тузилган олди-сотди шартномасидан келиб чиқадиган талабларни, хусусан мол-мулкнинг сифати ва бутлиги, уни етказиб бериш муддатлари хақидаги талабларни ва шартнома сотувчи томонидан зарур даражада бажарилмаётган бошқа ҳоллардан келиб чиқадиган талабларни қўйишга ҳақли. Бунда лизинг олувчи, мазкур мол-мулкнинг олди-сотди шартномасидаги тарафлардан бири бўлгани каби, сотиб олувчи учун назарда тутилган ҳуқуқларга эга бўлади ва мажбуриятларни ўз зиммасига олади (сотиб олинган мол-мулк хақини тўлаш мажбурияти бундан мустасно). Бироқ лизинг олувчи сотувчи билан олди-сотди шартномасини лизинг берувчининг розилигисиз бекор қила олмайди. Сотувчи билан бўладиган муносабатларда лизинг олувчи ва лизинг берувчи солидар кредиторлар бўладилар. Агар лизинг шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, лизинг берувчи олди-сотди шартномасидан келиб чиқадиган талабларнинг сотувчи томонидан бажарилиши учун лизинг олувчи олдида жавобгар бўлмайди, сотувчи танлаш бўйича жавобгарлик лизинг берувчининг зиммасида бўлган ҳоллар бундан мустасно. Сотувчини лизинг берувчи танлаган тақдирда, лизинг олувчи олди-сотди шартномасидан келиб чиқадиган талабларни ўз хоҳишига қараб, солидар жавобгар бўлган мол-мулк сотувчи олдига ҳам лизинг берувчи олдига ҳам қўйишга хақли.

Саволларга Янгиер шаҳар 2-сон давлат нотариал идораси

нотариуси А.Мансуров жавоб берди. 


Савол:

Мен лизингга автомашина сотиб олмоқчиман. Лизинг шартномаси хақида тушунча берсангиз?

Н.Солиева,

Оқолтин тумани

Жавоб:

Лизинг-молия ижарасининг алоҳида тури бўлиб, унда бир тараф (лизинг берувчи) иккинчи тарафнинг (лизинг олувчининг) топшириғига биноан учинчи тарафдан (сотувчидан) лизинг шартномасида шартлашилган мол-мулкни (лизинг объектини) мулк қилиб сотиб олади ва уни шу шартномада белгиланган шартларда хақ эвазига эгалик қилиш ва фойдаланиш учун лизинг олувчига ўн икки ойдан ортиқ муддатга беради. Келажакда лизинг олувчига лизинг бўйича топшириш мақсадида мол-мулкни ўзига мулк қилиб олувчи шахс лизинг берувчи деб тан олинади. Эгалик қилиш ва фойдаланиш учун лизинг объектини оладиган шахс лизинг олувчи деб ҳисобланади. Лизинг берувчи лизинг объектини кимдан олаётган бўлса, шу шахс сотувчи деб эътироф этилади. Лизинг берувчи мол-мулкни бўлажак фойдаланувчидан сотиб олган такдирда ёхуд лизинг берувчи келажакда мол-мулкни сотувчига лизинг бўйича топшириш учун ундан шу мол-мулкни сотиб олиш мақсадида уни маблағ билан таъминлаган тақдирда бир шахснинг ўзи ҳам лизинг олувчи, ҳам сотувчи бўлишига йўл қўйилади.

Савол:

Лизинг шарномаси бўйича олинган нарса сифатсиз чиқса ким жавобгар бўлади шу ҳақда маълумот берсангиз?

З.Бобоқулов,

Гулистон тумани

Жавоб:

Лизинг олувчи лизинг шартномасининг нарсаси бўлган мол-мулкни сотувчига сотувчи билан лизинг берувчи ўртасида тузилган олди-сотди шартномасидан келиб чиқадиган талабларни, хусусан мол-мулкнинг сифати ва бутлиги, уни етказиб бериш муддатлари хақидаги талабларни ва шартнома сотувчи томонидан зарур даражада бажарилмаётган бошқа ҳоллардан келиб чиқадиган талабларни қўйишга ҳақли. Бунда лизинг олувчи, мазкур мол-мулкнинг олди-сотди шартномасидаги тарафлардан бири бўлгани каби, сотиб олувчи учун назарда тутилган ҳуқуқларга эга бўлади ва мажбуриятларни ўз зиммасига олади (сотиб олинган мол-мулк хақини тўлаш мажбурияти бундан мустасно). Бироқ лизинг олувчи сотувчи билан олди-сотди шартномасини лизинг берувчининг розилигисиз бекор қила олмайди. Сотувчи билан бўладиган муносабатларда лизинг олувчи ва лизинг берувчи солидар кредиторлар бўладилар. Агар лизинг шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, лизинг берувчи олди-сотди шартномасидан келиб чиқадиган талабларнинг сотувчи томонидан бажарилиши учун лизинг олувчи олдида жавобгар бўлмайди, сотувчи танлаш бўйича жавобгарлик лизинг берувчининг зиммасида бўлган ҳоллар бундан мустасно. Сотувчини лизинг берувчи танлаган тақдирда, лизинг олувчи олди-сотди шартномасидан келиб чиқадиган талабларни ўз хоҳишига қараб, солидар жавобгар бўлган мол-мулк сотувчи олдига ҳам лизинг берувчи олдига ҳам қўйишга хақли.

Саволларга Янгиер шаҳар 2-сон давлат нотариал идораси

нотариуси А.Мансуров жавоб берди. 


Савол:

Тадбиркорлик фаолиятимни янада ривожлантириш мақсадида ОАТБ “Микрокредит” банк Боёвут филиалидан кредит олмоқчи бўлиб, Янгиер шаҳрида жойлашган савдо дўконимни гаровга қўймоқчиман, ушбу масала билан Боёвут туман давлат нотариал идорасига мурожаат қилишим мумкинми?

З.Казаков,

Сайхунобод тумани

Жавоб:

Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 51-бандига асосан, кўчмас мулкни гаровга(ипотекага) қўйиш тўғрисидаги шартнома шу мулк жойлашган ҳудуддаги нотариус томонидан тасдиқланиши лозим, ушбу масала билан Ширин шаҳар давлат нотариал идорасига мурожаат қилишингиз керак.

Савол:

Транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасида яшаш жойим Тошкент вилояти, Бекобод шаҳри деб кўрсатилган. Тошкент шаҳрида автомашинамни олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун нотариал идорага мурожаат қилганимда, автомашинам тақиқда туриш ёки турмаслиги ҳақида маълумотномани тақдим қилишимни сўрашди, ушбу маълумотномани қаердан олишим мумкин?

А.Очилов,

Мирзаобод тумани

Жавоб:

Ушбу маълумотномани “Автомототранспорт воситаларини хатлаш, бошқа шахсга беришни тақиқлаш ва тақиқни олиб ташлаш, шунингдек автомототранспорт виситаларини хатлаш ва бошқа шахсга беришни тақиқлаш тўғрисидаги маълумотларнинг ҳужжатлаштирилган банкини юритувчи Тошкент вилояти, Бекобод шаҳар нотариал идорасидан олишингиз мумкин.

Савол:

Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда туриб яшасамда, Гулистон шаҳрида 3 хонали квартирам бор, олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун кўчмас мулк жойлашган жойдаги нотариал идорага бормасдан уни қандай расмийлаштириш мумкин?

Ш.Абдуллаев,

Сирдарё тумани

Жавоб:

Кўчмас мулк жойлашган жойдаги нотариал идорага бориш имкониятингиз бўлмаса, ўзга шахс номига нотариус томонидан тасдиқланган кўчмас мулкни сотиш ҳуқуқи билан ишончнома беришингиз мумкин.

Шунингдек агарда кўчмас мулк эрингиз билан биргаликдаги никоҳингиз давомида ортирилган бўлса, Оила Кодексининг 23-моддасига асосан унинг ҳам нотариус томонидан тасдиқланган розилик аризаси лозим.

Саволларга Ширин шаҳар давлат нотариал идораси

нотариуси М.Шукуров жавоб берди.


Савол:

Кекса ёшдаги яқин қариндошимиз касалхонада оғир аҳволда ётганлиги туфайли диний расм-русмларни ушбу касалхонада ўтказиш мумкинми?

Ж.Абдуллаев,

ўқитувчи

Жавоб:

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” (янги таҳрирда)ги қонунининг 14-моддасига биноан ибодат, диний расм-русумлар ва маросимлар диний ташкилотлар жойлашган манзилдаги ибодатхоналарда ва уларга тегишли ҳудудларда, зиёратгоҳларда, қабристонларда, зарур ҳолларда фуқароларнинг ихтиёрига биноан уларнинг уйларида ўтказилади.

Касалхоналарда, госпиталларда, кексалар ва ногиронлар уйларида, дастлабки қамоқ ва жазони ўташ жойларида ибодатлар ва диний расм-русумлар шу ердаги фуқароларнинг илтимосларига биноан ўтказилади.

Савол:

Мен олий ўқув юртида ибодат либосда юришим мумкинми, шу ҳақда ҳуқуқий тушунтириш берсангиз?

Н.Каримова,

талаба

Жавоб:

Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1 майда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” (янги таҳрирда)ги қонунининг 14-моддасига биноан ибодат, Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди.

Савол:

Диний ташкилотлар ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолияти билан шуғулланишга ҳақлими шу ҳақда маълумот берсангиз?

И.Одилов,

иқтисодчи

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” (янги таҳрирда)ги қонунининг 17-моддасига биноан, ибодат, диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари уставдаги мақсадларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ, ноширлик, ишлаб чиқариш, таъмирлаш-қурилиш, қишлоқ хўжалик корхоналари ва бошқа корхоналарни, шунингдек хайрия муассасаларини (етимхоналар, касалхоналар) таъсис этишга ҳақлидир.

Савол:

Фаолиятини тугатган диний ташкилотларнинг мол-мулкини тасарруф этиш қандай тартибда амалга оширилади?

А.Махмудов,

пенсионер

Жавоб:

Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1 майда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” (янги таҳрирда)ги қонунининг 18-моддасига асосан, диний ташкилотларнинг фаолияти тугатилгандан кейин уларга фойдаланиб туриш берилган мол-мулк ўз эгаларига қайтарилади.

Диний ташкилотларнинг фаолияти тугатилган тақдирда, уларга қарашли мол-мулкка эгалик қилиш уларнинг устави ва қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади. Кредиторларнинг талабларини қондириш учун ундириш қаратилиши мумкин бўлмаган ибодатга оид мол-мулк рўйхати диний ташкилотларнинг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ҳуқуқий ворислари бўлмаган мол-мулк давлат мулки ҳисобига ўтади.

Савол:

Виждон эркинлиги ва унинг қонуний асослари ҳақида тушунча берсангиз?

Б.Жалилов,

хайдовчи

Жавоб:

Виждон эркинлиги ва унинг қонуний асослари 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида ва Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1 майда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” (янги таҳрирда)ги қонунида мустаҳкамлаб қўйилган. Мазкур қонуннинг 3-моддасига асосан, Виждон эркинлиги фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир.

Фуқаро ўзининг динга, динга эътиқод қилишга ёки эътиқод этмасликка, ибодат қилишда, диний расм-русумлар ва маросимларда қатнашиш ёки қатнашмасликка, диний таълим олишга ўз муносабатини белгилаётган пайтда уни у ёки бу тарзда мажбур этишга йўл қўйилмайди.

Вояга етмаган болаларни диний ташкилотларга жалб этиш, шунингдек уларнинг ихтиёрига, ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ихтиёрига зид тарзда динга ўқитишга йўл қўйилмайди.

Динга эътиқод қилиш ёки ўзга эътиқодлар эркинлиги миллий хавфсизликни ва жамоат тартибини, бошқа фуқароларнинг ҳаёти, саломатлиги, ахлоқи, ҳуқуқи ва эркинликларини таъминлаш учун зарур бўлган даражадагина чекланиши мумкин.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда виждон эркинлиги ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланадилар ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун қонунда белгиланган тарзда жавобгар бўладилар.

Савол:

Жамоат бирлашмалари қандай мақсадларни кўзлаб тузилиши мумкин?

Ф.Бозорбоев,

тадбиркор

Жавоб:

“Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги қонуни 3-моддасига кўра, жамоат бирлашмалари фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий, ҳуқуқлар ҳамда эркинликларни рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилиш; фуқароларнинг фаоллиги ва ташаббускорлигини, давлат ва жамият ишларини бошқаришда уларнинг иштирок этишини ривожлантириш; касб-кор ва ҳаваскорлик қизиқишларини қондириш; илмий, техникавий ва бадиий ижодкорликни ривожлантириш; аҳолининг сиҳат-саломатлигини сақлаш, хайрия фаолиятида қатнашиш; маданий-маърифий, физкультура-соғломлаштириш ва спорт ишларини ўтказиш; табиатни, тарих ва маданият ёдгорликларини муҳофаза қилиш; ватанпарварлик ва инсонпарварлик тарбияси; республикалараро ва халқаро алоқаларни кенгайтириш, халқлар ўртасида тинчлик ва дўстликни мустаҳкамлаш; қонунда тақиқланмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш мақсадида тузилади.

Савол:

Жамоат бирлашмаларига аъзо бўлиш тартиби ҳақида маълумот берсангиз?

Ў.Нуралиев,

шифокор

Жавоб:

Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 15 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги қонуни 9-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жамоат бирлашмаси аъзолари (қатнашчилари) бўладилар. Сиёсий партиялардан ташқари жамоат бирлашмаларининг уставида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг бирлашмага аъзо бўлишлари кўзда тутилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари жумҳурият сиёсий партияларининг аъзолари бўлишлари мумкин.

Бир сиёсий партиянинг аъзоси айни вақтда бошқа сиёсий партиянинг аъзоси бўла олмайди.

Сиёсий партиялар ва касаба уюшмаларидан ташқари жамоат бирлашмаларининг фаолиятида уларнинг уставларида кўзда тутилган ҳолларда жамоа аъзолари: корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг меҳнат жамоатлари, фуқароларнинг бирлашмалари иштирок этишлари мумкин.

Савол:

Касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқи ҳақида маълумот берсангиз?

Д.Сафоева,

ўқитувчи

Жавоб:

“Ўзбекистон Республикасининг касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг 2-моддасига кўра, меҳнаткашлар, шунингдек олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таълим олаётган шахслар ҳеч қандай тафовутсиз ўз хоҳишларига кўра ва олдиндан ижозат олмай туриб, ихтиёрий равишда касаба уюшмалари тузиш ҳуқуқига, шунингдек уставларга риоя этиш шарти билан касаба уюшмаларига кириш ҳуқуқига эгадирлар.

Меҳнаткашлар корхоналарда, муассасаларда, ташкилотларда ва бошқа иш жойларидакасаба уюшмалари тузишга ҳақлидирлар.

Ишламайдиган пенсионерларнинг касаба уюшмаси аъзолигига кириш ёки ундан чиқиш тартиби касаба уюшмаларининг уставлари билан йўлга солиб борилади.

Касаба уюшмалари ихтиёрийлик асосида республика ва бошқа ҳудудий ҳамда тармоқ бирлашмалари тузишлари, шунингдек уларга киришлари мумкин.


Савол:

Қандай орган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари деб эътироф этилади?

Н.Ваҳобов,

талаба

Жавоб:

“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида” (янги таҳрирда)ги қонунининг 8-моддасига асосан, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар, шунингдек шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ҳамда овуллардаги маҳаллалар фуқаролар йиғинлари (бундан буён матнда фуқаролар йиғини деб юритилади) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидир.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди ва қонун ҳужжатлари билан берилган ўз ваколатларини тегишли ҳудуд доирасида амалга оширади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари юридик шахс ҳуқуқларидан фойдаланади, белгиланган намунадаги муҳрга эга бўлади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳисобга олиниши керак.

Савол:

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан жамоатчилик назорати қандай тартибда амалга оширилади?

М.Тошпўлатов,

пенсионер

Жавоб:

“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида” (янги таҳрирда)ги қонунининг 16-моддасига кўра, жамоатчилик назорати фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

тегишли ҳудудда қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолатини ўрганиш;

тегишли чоралар кўрилиши учун давлат органларига мурожаат этиш;

давлат органлари ваколатига кирувчи ва ижтимоий аҳамиятга молик масалалар бўйича сўровлар юбориш.

Жамоатчилик назорати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шаклларда ҳам амалга оширилиши мумкин.

Жамоатчилик назорати оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилиши мумкин.

Давлат органлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига жамоатчилик назоратини амалга оширишда кўмаклашиши ва қонун ҳужжатларига мувофиқ уларнинг мурожаатлари юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўриши шарт.

Савол:

Яқин қариндошимизнинг вафот этди унинг ўлимини қайд эттирмоқчимиз лекин ФҲДЁ органлари анча узоқда жойлашганлиги сабабли ўлимни Фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) томонидан ҳам ўлимни қайд этиш мумкинми?

У.Расулов,

фермер

Жавоб:

“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида” (янги таҳрирда) ги қонунининг 15-моддасига кўра, шаҳарча, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) белгиланган тартибда ўлимни қайд этиши мумкин.

Савол:

Хизмат сафарига кетаётганлим сабабли ойлик маошимни касбдошларим бири олиб қўйишлиги учун ишончнома бермоқчиман. Ушбу ишончномани фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) ҳам тасдиқлаши мумкинми шу ҳақда маълумот берсангиз?

А.Турсунов,

банк ходими

Жавоб:

“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида” (янги таҳрирда)ги қонунининг 15-моддаси 2-қисмига биноан, шаҳарча, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) хат-хабарларни, шу жумладан пул ва посилкаларни олишга, иш ҳақини ҳамда меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бўлган бошқа тўловларни олишга, муаллифлар ва ихтирочиларга тўланадиган ҳақларни, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларни, шунингдек банклардан суммаларни олишга ишончномаларни белгиланган тартибда тасдиқлаши мумкин.

Савол:

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларга қандай талаблар қўйилиши мумкин шу ҳақда маълумот берсангиз?

Ш.Муродов,

тадбиркор

“Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида” (янги таҳрирда)ги қонунининг 17-моддасига асосан, Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлиши, қоида тариқасида, олий маълумотга эга бўлиши, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши, ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларда ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига, шунингдек ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши керак.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, оғир ёхуд ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар, шунингдек суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган, ҳақиқий ҳарбий хизматдаги шахслар, диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига сайланиш учун номзод этиб кўрсатилиши мумкин эмас.

Савол:

Фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) ваколатларини муддатидан илгари қайси ҳолатларда тугатиш мумкин шу ҳақда маълумот берсангиз?

Ф.Қосимова,

ҳунарманд

Жавоб:

“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида” (янги таҳрирда)ги қонунининг 24-моддасига асосан, фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) ваколатлари қуйидаги ҳолларда муддатидан илгари тугатилади:

у ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилганда;

фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) умумқабул қилинган ахлоқ, одоб нормаларини қўпол равишда бузувчи, раис (оқсоқол) мақомини бадном қилувчи ва фуқаролар йиғини обрўсига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар ва ножўя ишлар содир этган, шунингдек ўз вазифаларини мунтазам равишда узрли сабабларсиз бажармаган тақдирда фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан қарор қабул қилинганда;

у белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилганда;

унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

у суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида бедарак йўқолган деб топилган ёхуд вафот этган деб эълон қилинганда;

у Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда;

у соғлиғи ҳолати ёки бошқа узрли сабабларга кўра уч ой давомида ўз вазифаларини бажара олмай қолганда;

у вафот этганда.


Тадбиркор бўлмоқчиман.

Бунинг учун..."

— Мен 5 000 000 сўм устав фонди билан Тошкент шаҳрида корхона ташкил қилмоқчиман. Бунинг учун қаерга учрашим ва қандай ҳужжатлар тақдим қилишим керак бўлади?

А.РАСУЛОВ, Тошкент шаҳри

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 майдаги ПҚ-357-сонли ва Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сонли қарорлари билан тасдиқланган Низомларга асосан Сиз корхонангиз жойлашган туман ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциясига мурожаат қилиб, қуйидаги ҳужжатларни тақдим қилишингиз лозим.

- ариза;

- давлат тилидаги таъсис ҳужжатларининг икки асл нусхаси;

- давлат божининг белгиланган миқдори тўланганлиги ҳақидаги банк тўлов ҳужжати;

- корхона номини марказлаштирилган маълумотлар базасида қулай фирма номи захирага олинганлигини тасдиқлайдиган ягона логин ва пароль;

- икки нусхада муҳр ва штамп эскизлари.

— Тадбиркорлик субъектларининг почта манзили ўзгарган тақдирда давлат рўйхатидан ўтказиладими ва давлат божи тўланадими?

С. АЛИМАРДОНОВ, Наманган вилояти

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 майдаги ПҚ-357-сонли ва Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сонли қарорлари билан тасдиқланган Низомларга асосан тадбиркорлик субъектининг почта манзили ўзгарган тақдирда бу ҳақда рўйхатдан ўтказувчи орган ёзма равишда хабардор қилинади ва бунда давлат божи ундирилмайди.

— Тадбиркорлик субъектини ихтиёрий тугатиш қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан амалга оширилади?

П. САТТОРОВ, Тахиатош шаҳри

— Тадбиркорлик субъектини ихтиёрий тугатиш Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги ПҚ-630-сонли Қарори билан тасдиқланган "Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида"ги Низом билан тартибга солинади.

Саволларга Адлия вазирлиги

масъул ходими Миродил МАҲМУДОВ

жавоб берди. 


Фаолиятим давомида кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлари билан ишлашга тўғри келади. Шу ўринда қонун ҳужжатлари ўзи нима, у қандай қабул қилинади деган саволлар туғилиши табиий. Шулар ҳақда бироз маълумот берсангиз.

Қ.Алламуродов, фермер.

— Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қонун ҳужжатларидир ва улар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари мажмуини ташкил қилади, Конституция ва қонунлар, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари қонунлар деб аталса, Президент фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқ ҳамда қарорлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари қонун ости ҳужжатлари ҳисобланади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг турлари деганда эса Конституциямиз, қонунлар, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Президент фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқ ва қарорлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари тушунилади.

Қайд этилган норматив ҳуқуқий ҳужжатларни ваколат доирасидан келиб чиқиб ва ҳужжатнинг турига қараб Олий Мажлис палаталари, Президент, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёки мансабдор шахсларига қабул қилиш ҳуқуқи берилган.

Умуман олганда, қонун ҳужжатлари “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади. Хабарингиз бор, ўтган давр мобайнида қонун ижодкорлиги жараёни кенгайиб, мураккаблашди, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сифатига нисбатан талаблар сезиларли даражада ошди. Шу маънода 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган парламент палаталарининг қўшма мажлисида Президентимиз томонидан эълон қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепсиясида ушбу қонуннинг янги таҳриририни қабул қилиш лозимлиги алоҳида қайд этилган эди. Концепцияда билдирилган таклифлардан келиб чиққан ҳолда, ушбу қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

—Янги таҳрирдаги“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг аввалгисидан қандай асосий фарқлари мавжуд?

Л.Хўжаев, талаба

— Ушбу қонунда нормалар аниқ ва батафсил ёритилган ҳамда кенгроқ қамраб олингани билан аҳамиятга молик. Шу билан бирга, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўзаро нисбатини аниқлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш тартиби ҳамда уларнинг мазмунига қўйиладиган асосий талабларни белгилаш, шунингдек, уларнинг ижроси ташкил этилишини таъминлаш кабилар ушбу қонуннинг асосий вазифаларига киритилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон адлия вазири ҳар йили Олий Мажлис Сенатига давлат бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар фаолиятидаги қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот бериши, шунингдек, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг мансабдор шахслари давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалга киритганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаб қўйилди.

Шунингдек, мазкур қонун юқоридагиларга ўхшаган, бугунги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда қатор янги моддалар билан ҳам тўлдирилди.

— Қонун ҳужжатлари қабул қилингунга қадар текшириладими, бу жараён кимлар томонидан ва қандай амалга оширилади?

С.Саломов, тадбиркор

— Албатта, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади. Яъни, ҳуқуқий экспертиза давомида ҳужжат лойиҳасининг нафақат Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига, балки қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги, шунингдек, ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ҳамда мақсадга мувофиқлиги ҳам текширилади.

Ҳуқуқий экспертиза ҳужжат ишлаб чиқувчининг ёки қабул қилувчи органнинг юридик хизмати, шунингдек, Ўзбекистон Адлия вазирлиги ва бошқа ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтказилиши мумкин. Адлия вазирлиги ҳуқуқий экспертизани бошқа турдаги экспертизалар ўтказилганидан кейин амалга оширади. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларига юклатилган.

— Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг амал қилиши тўхтатилиб турилиши ёки тугатилиши мумкинми? Бу қандай ҳолатларда амалга оширилиши мумкин.

Ф.Имомов, банк ходими

— Мазкур саволга жавоб қонуннинг 35-моддасида аниқ ва лўнда кўрсатиб ўтилган. Ушбу моддага кўра норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг қисмининг амал қилиши уни қабул қилган орган ёхуд унинг юқори турувчи органи томонидан муайян муддатга ёки муайян ҳодиса юз бергунига қадар тўхтатиб турилиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 9 октябрдаги қарори билан тасдиқланган “Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар меъёрий ҳужжатларини ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги низомнинг 18- ва 20-бандлари ҳамда Адлия вазирлиги томонидан 2009 йил 14 февралда 1905-сон билан рўйхатга олинган “Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини тайёрлаш ва қабул қилиш қоидалари”нинг 94-бандига мувофиқ Ўзбекистон Адлия вазирлиги низоли масалалар келиб чиққанда, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қўллаш билан боғлиқ бўлган янги ҳолатлар аниқланганда, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни барча манфаатдор шахслар эътиборига етказилиши тўғрисидаги талаблар бажарилмаган тақдирда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туришга ҳақли.

Саволларга Адлия вазирлиги

масъул ходими Б.Худойқулов жавоб берди. 


Фаолиятни текшириш беш йилда бир марта

“Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг аҳамияти нимада?

Мазкур Қонун хусусий мулкка асосланган лизинг, суғурта компаниялари, микромолиявий ташкилотлар каби молиявий институтларни ташкил этишнинг муҳим ҳуқуқий асоси бўлиб, ушбу Қонун хусусий банклар ва молия институтлари фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиши, уларнинг фаолияти кафолатларини таъминлаши, молиявий хизматлар кўрсатиш сифатини янада ошириши, бу соҳада рақобатни кучайтириши, шунингдек, халқаро стандартларга мос бўлган банк-молия инфратузилмасини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Хусусий банк ва молия институтларига устав фондида муассислар бўлган жисмоний шахсларнинг улуши камида эллик фоизни ташкил этиши лозим бўлган банклар ва бошқа кредит, суғурта ташкилотлари, шунингдек, фақат молиявий хизматлар кўрсатувчи ўзга юридик шахслар киради.

Хусусий банк ва молия институтлари, шунингдек, улар муассисларининг (иштирокчиларининг) мулк ҳуқуқи дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари хусусий банк ва молия институтларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас. Хусусий банк ва молия институтларининг фаолиятини текшириш қонун ҳужжатларига мувофиқ назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли органнинг қарорига биноан режали тартибда кўпи билан беш йилда бир марта амалга оширилиши мумкин.

Ойбек ҲАКИМОВ,

Адлия вазирлиги бошқарма

бошлиғи ўринбосари


Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш

Ўриндошлик асосида бошқа ташкилотга ишга кираётган шахслар қайси ҳужжатларни топширади?

Ўриндошлик асосида бошқа ишга кираётган шахслар паспортни ёхуд унинг ўрнини босувчи ҳужжатни ва меҳнат дафтарчаси ўрнига асосий иш жойидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги буйруғи билан тасдиқланган шакл бўйича маълумотномани тақдим этади.

Ўриндошлик асосида ишлаш учун иш берувчининг, асосий иш жойидан касаба уюшмаси (ходимларнинг бошқа вакиллик органининг) ёки бошқа органнинг розилиги талаб қилинадими?

Ўриндошлик асосида ишлаш учун иш берувчининг, асосий иш жойидан касаба уюшмаси қўмитасининг (ходимларнинг бошқа вакиллик органининг) ёки бошқа органнинг розилиги талаб қилинмайди.

Ўриндошлик асосида бошқа ташкилотга ишга кириш учун асосий иш жойидан бериладиган маълумотнома ҳамда ўриндошлик асосидаги иш жойидан бериладиган маълумотнома шакллари тасдиқланганми?

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан 2012 йил 29 декабрда 77-сон “Ўриндошлик асосида бошқа ташкилотга ишга кириш учун асосий иш жойидан бериладиган маълумотнома ҳамда ўриндошлик асосидаги иш жойидан бериладиган маълумотнома шаклларини тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи билан тасдиқланиб Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган (рўйхат рақами 2417, 2013 йил 29 январь).

Ўриндошлик асосида ишлаш ҳисобланмайдиган ишларга қайси ишлар киради?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ўриндошлик асосида ишлаш ҳисобланмайдиган ишларга қуйидаги ишлар киради:

1.Илмий фаолиятни ёки ўқитувчилик фаолиятини амалга ошириш, агар бундай фаолият асосий иш жойи бўйича бажариладиган иш ҳисобланмаса.

2. Фан, адабиёт ва санъат асарлари яратиш.

3. Ходим томонидан, асосий ишдан ташқари, ўша ташкилотнинг ўзида штат лавозимини эгалламасдан бошқа ишни бажариш, шу жумладан:

умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ҳамда касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқитувчилари томонидан кабинетларга, лабораторияларга мудирлик қилиш бўйича вазифаларни бажариш, тўгаракларга раҳбарлик қилиш, шунингдек улар томонидан белгиланган юкламадан ортиқ ўқув-тарбиявий ишларни бажариш;

ишнинг ушбу тури бўйича иш вақти нормал давом этишининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳажмда меҳнатга соатбай ҳақ тўланадиган педагогик иш;

таълим муассасалари раҳбарларининг ўқитувчи лавозими бўйича йиллик иш режасида (иш вақти нормаси билан) назарда тутилган жами иш вақтининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳажмда ўқитувчилик иши;

ташкилотлар муҳандис-техник ходимларининг талабалар ва ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш таълими ва амалиётига раҳбарлик қилиш бўйича иши;

тиббиёт ходимларининг белгиланган вақт нормасидан ортиқча навбатчилик қилиши;

Ҳукумат қарорлари билан ходимнинг иш ҳақига устамалар белгиланган вазифаларни бажариш.

4. Муаллифлик гонорари шаклида ҳақ тўланадиган адабий иш, шу жумладан алоҳида асарларни таҳрир, таржима қилиш ва уларга тақриз ёзиш бўйича ишлар.

5. Меҳнатга бир марта ҳақ тўланган ҳолда техник, тиббий, бухгалтерия, ҳуқуқий ва бошқа экспертиза (маслаҳат бериш).

6. Умумтаълим мактаблари ва мактабдан ташқари таълим муассасалари ўқитувчилари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари усталари, мактабгача таълим муассасаларининг педагог ходимлари, таълим муассасалари концертмейстерлари ва аккомпаниаторларининг айнан бир таълим муассасасидаги ўқув юкламасининг белгиланган нормасидан ортиқча иши.

7. Соғлиқни сақлаш муассасаларида ойига 24 соатдан ортиқ бўлмаган ҳажмда, меҳнатга бир марта ёки соатбай ҳақ тўланган ҳолда, тиббиёт маслаҳатчилари вазифаларини бажариш.

8. Илмий-тадқиқот муассасаларида ва олий таълим муассасаларида ушбу таълим муассасалари штатида турмаган илмий ходимлар томонидан катта илмий ходимларга – изланувчиларга раҳбарлик қилиш.

9. Ходим томонидан сиёсий партиялар, касаба уюшмалари ва жамоат бирлашмалари марказий ва ҳудудий органларининг сайлаб қўйиладиган лавозимларида раҳбар ходим, Кузатувчи кенгаш ёки Директорлар (бошқарувчилар) кенгаши раиси ёки аъзоси, Маҳсулот тақсимотига оид битим доирасида қўмитани бошқарувчи, ишончли бошқарувчи ёки ташкилотда давлатнинг ишончли вакили сифатида бажариладиган иш.

10. Жамоатчилик асосида бажариладиган ишлар.

Саволларга Адлия вазирлиги

бошқарма бош маслаҳатчиси

Хуршид Умаров жавоб берди. 


Хорижий инвестиция иштирокидаги корхона ташкил этиш ва тугатиш

Тошкент шаҳрида хорижий инвестиция иштирокидаги корхона ташкил этганимга бир йил бўлди. Аммо, ҳозирги кунга қадар корхона устав фондини тўлиқ шакллантиришга имкон бўлмади. Менга уни шакллантириш учун қўшимча муддат керак. Бундай вазиятда мен кимга мурожаат қилишим керак?

Х.Дониёров, Навоий шаҳри

Сиз бундай ҳолларда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги корхоналарни тугатиш бўйича доимий ишловчи махсус комиссияга мурожаат қилишингиз лозим. Махсус комиссия томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 июлдаги “Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартиби тўғрисида”ги 327-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 2.7-бандига кўрақонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналар бўйича — устав жамғармасини шакллантириш учун қўшимча муддат берилади ва назорат қилиб борилади.

Биз корхонамизни ихтиёрий тугатмоқчимиз. Тугатиш жараёнида корхонани қайта тиклашимиз мумкинми?

Б.Ахмедов, Бухоро вилояти

Албатта тиклашингиз мумкин, яъни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги “Тадбиркорлик субъектларини фаолиятини тўхтатиш ва ихтиёрий тугатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ–630-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 7-бандига кўра, корхона муассислари (қатнашчилари), тадбиркорлик субъекти — жисмоний шахс тугатишнинг исталган босқичида фаолиятини тиклаш ва тугатиш жараёнини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

Биз янги корхона ташкил этдик. Аммо, айрим сабабларга кўра фаолиятимизни йўлга қўя олмадик. Шу сабабли, корхонани тугатишга қарор қилдик. Корхонани қандай тугатишимиз мумкин?

И.Турсунов, Тошкент шаҳри

Корхоналарни ихтиёрий тугатиш тартиби қонунчилик билан тартибга солинган, яъни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги “Тадбиркорлик субъектларини фаолиятини тўхтатиш ва ихтиёрий тугатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ–630-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 3-бандига кўра, корхонани ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор унинг муассислари (қатнашчилари) томонидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилинади. Қарорда қуйидагилар кўрсатилади, яъни тугатувчи — тугатиш комиссияси (унинг аъзолари таркиби) ёки жисмоний шахс (паспорти маълумотлари) ҳамда мўлжалланаётган тугатиш муддати кўрсатилиши лозим. Мазкур қарор қабул қилингандан сўнг Сиз рўйхатдан ўтказувчи органга мурожаат қилишингиз лозим бўлади.

Саволларга Адлия вазирлиги масъул ходими

М.Дарбишев жавоб берди. 


Риэлторлик фаолияти тўғрисида

Савол:Риэлторлик фаолияти тўғрисида кўп эшитганман. Бу қандай фаолият. Ушбу фаолият қандай қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади?

У.Камолов, Тошкент вилояти

Жавоб:Риэлторлик фаолияти юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулк объектларига ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимлар тузиш билан боғлиқ хизматларни шартнома асосида кўрсатиш бўйича тадбиркорлик фаолиятидир.

Риэлторлик фаолияти риэлторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органи томонидан бериладиган риэлторлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия асосида амалга оширилади.

Риэлторлик фаолият Ўзбекистон Республикасининг “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 10 майдаги 129-сон қарори билан тасдиқланган Риэлторлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низом ва ушбу фаолиятга оид бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Савол:Риэлторлик хизматларига нималар киради. Мен жисмоний шахс сифатида риэлторлик фаолияти билан шуғулланишим мумкинми?

Р.Султонов, Самарқанд вилояти

Жавоб:“Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонунга кўра риэлторлик фаолияти қуйидаги турлардаги риэлторлик хизматларини кўрсатиш орқали амалга оширилади:

кўчмас мулк объектларига ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимларни тузиш чоғидаги воситачилик;

кўчмас мулк объектларининг ва уларга бўлган ҳуқуқларнинг савдосини ташкил этиш;

кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш;

кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматлари.

Риэлторлик фаолияти юридик ва жисмоний шахслар томонидан амалга оширилади. Бунда жисмоний шахсга — риэлторга лицензия фақат кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш ҳуқуқига берилади.

Савол:Риэлторлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия олиш учун қандай ҳужжатлар талаб этилади?

Қ.Азизов. Наманган вилояти

Жавоб:Риэлторлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисида низомга кўра Лицензия олиш учун лицензия талабгори лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

Юридик шахс учун:

а) лицензия бериш тўғрисида ариза, унда қуйидагилар кўрсатилади:

юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банк муассасасидаги талаб қилиб олинадиган депозит ҳисоб рақамлари;

лицензия талабгори амалга оширишни мўлжаллаётган риэлторлик хизматларининг тури (турлари);

б) давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг ҳамда рўйхатдан ўтказилган барча ўзгартиришлар ва қўшимчалар билан биргаликда уставнинг нусхалари;

в) лицензияловчи орган томонидан лицензия талабгорининг аризаси кўриб чиқилганлиги учун лицензия талабгори томонидан йиғим тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг нусхаси;

г) асосий иш жойи бўйича штатдаги риэлторларни ишга қабул қилиш тўғрисидаги меҳнат дафтарчаси ва буйруқларнинг юридик шахс муҳри билан тасдиқланган нусхалари;

д) лицензия талабгори штатида турган ходимларнинг риэлторлар малака сертификатларининг юридик шахс муҳри билан тасдиқланган нусхалари;

е) риэлторлик фаолиятининг тегишли турини амалга ошириш учун ушбу Низомда назарда тутилган миқдорда устав капиталининг тўлиқ шакллантирилганлигидан далолат берадиган ҳужжат нусхаси. Бунда риэлторлик хизматлари кўрсатишда фойдаланиладиган мол-мулкни киритиш ҳисобига устав капиталини пулсиз шаклда қисман ёки тўлиқ шакллантиришга йўл қўйилади;

ж) кўрсатиладиган хизматлар сифатини назорат қилишнинг тасдиқланган ички қоидалари нусхаси.

Жисмоний шахс учун:

а) лицензия бериш тўғрисида ариза, унда қуйидагилар кўрсатилади:

фамилияси, исми, отасининг исми, паспортининг маълумотлари;

лицензия талабгори амалга оширишни мўлжаллаётган риэлторлик хизматнинг тури;

б) якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

в) лицензияловчи орган томонидан лицензия талабгорининг аризаси кўриб чиқилганлиги учун лицензия талабгори томонидан йиғим тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг нусхаси;

д) риэлтор малака сертификатининг нусхаси;

Савол: Мен фаолият кўрсатаётган риэлторлик ташкилоти кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш хизматларини кўрсатиш учун лицензия олмоқчи. Бунинг учун қанча миқдорда устав капиталига эга бўлиши керак?

С.Нодирова, Тошкент шаҳри

Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 10 майдаги 129-сон қарори билан тасдиқланган Риэлторлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисида низомда риэлторлик фаолиятининг тегишли турини амалга ошириш учун талаб этиладиган устав капиталининг миқдори кўрсатилган. Унга кўра, кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатадиган риэлторлик ташкилотлари — энг кам ойлик иш ҳақининг камида 100 бараварига тенг миқдорда, кўчмас мулк объектларига ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимлар тузиш чоғида воситачилик қиладиган риэлторлик ташкилотлари — энг кам ойлик иш ҳақининг камида 500 бараварига тенг миқдорда, кўчмас мулк объектларини ишончли бошқаришни амалга оширадиган риэлторлик ташкилотлари — энг кам ойлик иш ҳақининг камида 1000 бараварига тенг миқдорда, кўчмас мулк объектлари ва уларга бўлган ҳуқуқлар савдосини ташкил этадиган риэлторлик ташкилотлари — энг кам ойлик иш ҳақининг камида 3000 бараварига тенг миқдорда устав капиталига эга бўлиши керак.

Риэлторлик хизматларининг бир неча турларини амалга оширмоқчи бўлган лицензия талабгори риэлторлик хизматларининг устав капиталини максимал миқдорда шакллантириш назарда тутилган тури бўйича шакллантирилган устав капиталига эга бўлиши керак.

Савол: Риэлторлик фаолияти билан шуғулланиш тўғрисида менинг номимга берилган лицензия йўқолиб қолди. Уни қайта тиклаш мумкинми?

А.Жалилов, Навоий вилояти

Жавоб: Йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензия ўрнига лицензия талабгори аризасига кўра дубликат берилади. Лицензия дубликатларини беришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади.

Саволларга Адлия вазирлиги

Ташкилий-назорат ва таҳлил

бошқармаси бош маслаҳатчиси

Жасур АСАДОВ жавоб берди.


ДАВЛАТ БОЖИ ҚАНДАЙ УНДИРИЛАДИ?

Давлат божини ундириш тартиби Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги қонуни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрда қабул қилинган “Давлат божи ставкалари тўғрисида”ги карорига мувофиқ амалга оширилади.

Масалан, уй-жойлар, квартиралар, дала-ҳовлилар, гаражлар ва бошқа кўчмас мулкларнинг олди-сотдиси, алмаштириш, ижарага олиш, умрбод таъминлаш шарти билан бошқаларга бериш, ҳадя шартномаларини тасдиқлашда давлат божи мазкур кўчмас мулкларнинг 1 кв.м, майдони учун энг кам ойлик иш ҳақининг муайян фоизи миқдорида ундирилади. Автомототранспорт воситаларини ўзгача ўтказиш билан боғлиқ нотариал ҳаракатлар энг кўп амалга ошириладиган нотариал ҳаракатлар жумласига киради. Ушбу нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун давлат божлари ундириш ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, давлат божининг миқдорини белгилашда транспорт воситасининг тури, қайси мамлакатда ишлаб чикарилганлиги, двигателининг от кучи, фойдаланиш муддатига эътибор қаратилади.

Мазкур қарорда яқин қариндошалр ўртасида мол-мулк ва автомототранспорт воситалари билан боғлиқ нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун давлат божини ундиришда имтиёзлар берилиши назарда тутилган. Унга кўра, яқин қариндошлар ўртасида олди-сотди, алмаштириш ва ҳадя қилиш шартномалари расмийлаштирилаётганда белгиланган ставканинг 5 фоизи миқдорида бож ундирилади.

Саволга Гулистон шаҳридаги

7-сонли давлат нотариал идораси нотариуси

М.ЭМИНОВА жавоб берди


— Айтинг-чи, чет эл фуқароси Ўзбекистон фуқароси билан қандай тартибда никоҳдан ўтиши мумкин?

Гулноза ТУРДИЕВА,

Тошкент шаҳри

— Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар оилавий муносабатларда мамлакатимиз фуқаролари билан бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга эканликлари Оила кодексининг 234-моддасида ўз аксини топган.

Никоҳ тузиш тартиби ва уни расмийлаштириш учун белгиланган шартлар республикамиз фуқаролари билан бир қаторда чет элликлар учун ҳам тааллуқлидир. Шунга кўра, Оила кодексининг 13-17-моддаларида белгиланган нормаларга зид ва никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар мавжуд бўлса, никоҳни қайд этишга йўл қўйилмайди. Масалан, агар чет эл фуқароси никоҳ ёшига етмаган бўлса, Ўзбекистон фуқароси билан никоҳ муносабатларига киришишига йўл қўйилмайди. Ёки чет эл фуқаросининг ўз Ватанида кўп никоҳлилик тақиқланмаган ва у бошқа никоҳда бўла туриб, Ўзбекистон фуқароси билан оила қуриш истагида бўлса, амалдаги қонунчилигимизга мувофиқ бундай никоҳга рухсат этилмайди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон фуқароси билан чет эл фуқароси ўртасида никоҳ тузишга монелик қилувчи ҳолатлар йўқлиги ФҲДЁ органи ходимлари томонидан аниқланади ва буни тасдиқловчи ҳужжат талаб қилиб олинади.

Никоҳ шахсан никоҳга кирувчиларнинг иштирокида, улар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этувчи органга ариза берган кундан бошлаб бир ой ўтгандан кейин тузилади.

Тиббий кўрикдан ўтказиш учун берилган йўлланмалар ФҲДЁ органларида никоҳ тузиш тўғрисидаги аризаларни рўй­хатдан ўтказиш дафтарида қайд этилади. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан никоҳланаётган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўзларининг вақтинча яшаш жойида тиббий кўрикдан ўтадилар.

Яна бир муҳим ҳолат, МДҲ мамлакатлари, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ва Ўзбекистон Республикасининг хорижда яшовчи фуқароларининг никоҳини қайд этишда агар ушбу шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш визаси никоҳ тузиладиган кунда ҳақиқий бўлсагина амалга оширилади.

Саволга Адлия вазирлиги масъул ходими

Заҳро Каримова жавоб берди.


Адвокатура соҳаси бўйича

Ким адвокат бўлиши мумкин?

“Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасига мувофиқ олий юридик маълумотга эга бўлган ва адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси адвокат бўлиши мумкин.

Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия ким томонидан берилади?

“Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 31-моддасига мувофиқ, адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан тегишли малака комиссияларининг қарорлари асосида берилади.

Адвокатлар палатаси нима ва у қандай принцип асосида фаолият юритади?

Адвокатлар палатаси Ўзбекистон Республикаси барча адвокатларининг мажбурий аъзолигига асосланган нотижорат ташкилотидир.

Адвокатлар палатаси ўзининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тузиладиган ҳудудий бошқармалари билан биргаликда адвокатуранинг ягона ўзини ўзи бошқариш тизимини ташкил этади.

Адвокатлар палатаси адвокатларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашмаслик принципи асосида фаолият кўрсатади.

Қандай адвокатлик тузилмалари давлат рўйхатидан ўтказилади?

Адвокатлик бюролари, адвокатлик фирмалари ва адвокатлар ҳайъатлари давлат рўйхатидан ўтказилади.

Рўйхатдан ўтказиш Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Адвокатлик бюроси нима?

“Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 41-моддасига мувофиқ, адвокатлик фаолиятини якка тартибда амалга ошириш учун адвокат томонидан таъсис этилган, нотижорат ташкилоти бўлган адвокатлик тузилмаси.

Адвокатлик сири нима?

Адвокатлик сири жумласига ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) адвокатдан ёрдам сўраб мурожаат этганлигининг ўзи, ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) ёрдам сўраб мурожаат этган масалалар, адвокатдан ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) олган маслаҳатлар, насиҳатлар 
ва тушунтиришларнинг моҳияти, адвокатнинг ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) билан ўтказган суҳбатида тўхтаб ўтилган барча масалалар киради.

Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари қандай мақсадда ташкил этилади?

Зарур билимлар ва касбий малакаларга эга бўлган шахсларга лицензиялар бериш тўғрисидаги масалани ҳал этиш, адвокат қасамёдини қабул қилиш мақсадида, шунингдек адвокатларга нисбатан интизомий иш юритишни олиб бориш учун Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузурида малака комиссиялари тузилади.

Қандай ҳолатларда адвокат мақоми тўхтатиб турилиши мумкин?

“Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 131-моддасига мувофиқ қуйидаги ҳолларда адвокат мақомини тўхтатиб туриш мумкин:

адвокат адвокатлик фаолияти билан бирга олиб бориб бўлмайдиган доимий лавозимга сайланганда ёки тайинланганда – иш даврига;

адвокат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилганда – бедарак йўқолган деб топиш ҳақидаги қарор суд томонидан бекор қилингунига қадар бўлган даврга;

адвокат ҳарбий хизматга чақирилганда – ҳарбий хизматни ўташ даврига;

суд томонидан адвокатга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинганда, агар суднинг мазкур қарори ушбу Қонуннинг 16-моддасига мувофиқ лицензиянинг амал қилишини тугатиш учун асос бўлмаса, – тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари суд томонидан бекор қилингунига қадар ёки ўзгартирилгунига қадар бўлган даврга;

ушбу Қонуннинг 15-моддасига мувофиқ лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилганда – лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилган даврга;

адвокатлик тузилмаси тугатилганда ёки адвокат ундан чиққанида – адвокат томонидан уч ойдан ошмайдиган муддатда амалга ошириладиган бошқа адвокатлик тузилмаси ташкил этилгунига қадар ёхуд мавжуд адвокатлик тузилмаларидан бирига киргунига қадар бўлган даврга.

Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш қандай амалга оширилади?

Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш адвокатга гувоҳнома берган адлия органининг қарори билан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

адвокат жиноий жавобгарликка тортилганда, у айбланувчи тариқасида жалб этилган пайтдан бошлаб ва суд ҳукми қонуний кучга киргунига қадар ёхуд реабилитация қилувчи асосларга биноан уни жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар;

адвокат томонидан адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари, Адвокатнинг касб этикаси қоидалари, адвокатлик сири ва адвокат қасамёди бузилганлиги аниқланганда (малака комиссиясининг қарорига асосан);

адвокатлар палатаси ҳудудий бошқармасининг ёки адлия органининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган, шу жумладан адвокатнинг зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юклайдиган қарорлари адвокат томонидан бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда (малака комиссиясининг қарорига асосан).

Адвокат томонидан адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари, Адвокатнинг касб этикаси қоидалари, адвокатлик сири ва адвокат қасамёди мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузилганда, адвокатнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда адвокатуранинг обрўсини туширадиган қилмиш содир этилганда унга нисбатан қандай чора кўрилади?

Бундай ҳолда унинг адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиясининг амал қилиш муддати адвокатга гувоҳнома берган адлия органининг қарори билан тугатилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги адвокатура соҳасида қандай ваколатларга эга?

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўз ваколатлари доирасида:

адвокатлик тузилмалари ва Адвокатлар палатасининг фаолиятига кўмаклашади;

адвокатура фаолияти тўғрисидаги статистик маълумотларни ўрганади;

адвокатларнинг малакасини оширишга доир тадбирларни амалга оширишга кўмаклашади;

адвокатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига, шунингдек адвокатлик тузилмалари томонидан таъсис ҳужжатларига, уставда белгиланган фаолиятига, қайта рўйхатдан ўтиш ва тугатиш тартибига риоя этилишини назорат қилади;

адвокатлик гувоҳномасининг шаклини ва уни бериш тартибини тасдиқлайди;

ордер шаклини тасдиқлайди.

Нотариат соҳаси бўйича

Ким нотариус бўла олади?

“Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасига асосан, йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик мутахассислик бўйича камида уч йил муддатли иш стажига эга бўлган, шу жумладан нотариал идорада камида икки йил муддатли стажировкани ўтаган, малака имтиҳонини топширган Ўзбекистон Республикаси фуқароси нотариус бўлиши мумкин.

Кимлар нотариус бўла олмайди?

Қуйидагилар нотариус бўла олмайди:

белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахс;

қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс;

ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун нотариус, адвокат, терговчи, прокурор, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими сифатидаги ваколати белгиланган тартибда тугатилган шахс.

Нотариус стажёрини ишга қабул қилишда қандай ҳужжатлар талаб этилади?

Стажёрни ишга қабул қилишда қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:

ариза;

белгиланган шаклда тўлдирилган шахсий варақа;

паспорт нусхаси;

таржимаи ҳол;

олий юридик маълумот тўғрисидаги дипломнинг нотариал тасдиқланган нусхаси;

меҳнат дафтарчаси, (биринчи марта ишга кираётган шахслар бундан мустасно);

ўқиш (аввалги иш) жойидан тавсифнома.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари қандай мақсадда ташкил этилади ва уларнинг таркибига қўйилган талаблар?

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари стажировкадан ўтган шахслардан малака имтиҳонларини қабул қилиш мақсадида ташкил этилади.

Малака комиссиялари Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармаларининг қарорлари билан нотариуслар ҳамда адлия органларининг бошқа ходимлари орасидан тенг миқдорда тузилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида Олий малака комиссияси нима учун тузилади?

Нотариус лавозимига тайинлаш бўйича танлов ўтказиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш, нотариус қасамёдини қабул қилиш, малака комиссияларининг қарорлари устидан берилган апелляцияларни кўриб чиқиш, шунингдек малака комиссияларининг иш амалиётини умумлаштириш ва таҳлил қилиш учун ўн бир кишидан иборат таркибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида Олий малака комиссияси тузилади.

Қайси ҳолатларда нотариал ҳаракатлар ҳақида маълумотлар берилиши мумкин?

“Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига асосан нотариуснинг, нотариал ҳаракатларни амалга оширувчи бошқа мансабдор шахсларнинг, шунингдек амалга оширилаётган нотариал ҳаракатлардан хизмат вазифасини бажариш муносабати билан хабардор бўлиб қолган шахсларнинг ўзларига маълум бўлган ахборотларни ошкор қилиши, шу жумладан меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ҳам ошкор қилиши тақиқланади.

Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотлар (ҳужжатлар) бу ҳаракатлар кимнинг номидан ёки кимнинг топшириғи билан амалга оширилган бўлса, ўша шахсларнинг ўзигагина берилиши мумкин.

Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар) суд, прокуратура, тергов органларининг талабига биноан улар юритаётган ишлар муносабати билан берилади. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар) қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда махсус ваколатли давлат органига тақдим этилади. Кўчмас мулк ижараси шартномаларини тасдиқлаш ва ижара ҳақининг миқдори тўғрисидаги, мерос ёки ҳадя тартибида фуқаролар мулкига ўтаётган мол-мулкнинг қиймати ҳақидаги маълумотномалар қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда давлат солиқ хизмати органига тақдим этилади. Васиятнома тўғрисидаги маълумотномалар васият қилувчининг вафотидан кейингина берилади. Битим предмети бўлган объектни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ёки хатлов мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар) кредит бюросига унинг сўровига кўра тақдим этилади.

Нотариус, нотариус ёрдамчиси ва стажёри фаолиятида қандай чекловлар мавжуд?

Нотариус, нотариус ёрдамчиси ва стажёри:

илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари, тадбиркорлик ва бошқа фаолият билан шуғулланишга;

шартномалар тузишда воситачилик хизмати кўрсатишга ҳақли эмас.

Нотариус лавозимини таъсис этиш ва тугатиш тартиби?

Нотариус лавозими Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан таъсис этилади ва тугатилади.

Муайян ҳудуддаги (нотариал округдаги) нотариуслар лавозимларининг сони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўрнатиладиган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.

Нотариал округдаги нотариус лавозимига тайинлаш Олий малака комиссияси малака имтиҳонини топширган шахслар орасида ўтказадиган танлов асосида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Нотариус билан меҳнат шартномасини бекор қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Нотариуслар амалга оширадиган нотариал ҳаракатлар?

“Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23 -моддасига асосан,нотариуслар қуйидаги нотариал ҳаракатларни амалга оширади:

1) битимларни тасдиқлайди;

2) васиятномаларни тасдиқлайди;

3) эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳномалар беради;

4) мол-мулкни ўзга шахсга ўтказишни тақиқлаб қўяди ва тақиқни бекор қилади;

5) меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома беради;

6) мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўради;

7) ҳужжатлар нусхаларининг ва ҳужжатлардан олинган кўчирмаларнинг тўғрилигини шаҳодатлайди;

8) ҳужжатларнинг бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини шаҳодатлайди;

9) ҳужжатлардаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлайди;

10) кўчмас мулк очиқ савдода сотиб олинганлиги ҳақида гувоҳнома беради;

11) фуқаронинг тирик эканлиги фактини тасдиқлайди;

12) фуқаронинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлайди;

13) фуқаронинг фотосуратда акс эттирилган шахс эканлигини тасдиқлайди;

14) ҳужжатлар тақдим этилган вақтни тасдиқлайди;

15) жисмоний ва юридик шахсларнинг аризаларини бошқа жисмоний ва юридик шахсларга топширади;

16) пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиб олади;

17) ҳужжатларни сақлаш учун қабул қилиб олади;

18) пул тўлаш учун чекларни тақдим этади ва чеклар бўйича пул тўланмаганлигини тасдиқлайди;

19) ижро хатларини ёзади;

20) векселларнинг протестларини амалга оширади;

21) денгиз протестларини амалга оширади;

22) нотариал тасдиқланган ҳужжатларнинг дубликатларини ҳамда реестрлардан кўчирмаларни беради.

Нотариуслар қонунларда назарда тутилган бошқа нотариал ҳаракатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жойи?

Нотариал ҳаракатлар нотариал идораларнинг биноларида амалга оширилади.

Фуқаро касаллиги, ногиронлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра нотариал идорага бора олмайдиган айрим ҳолларда нотариал ҳаракатлар мазкур фуқаро турган жойда амалга оширилиши мумкин.

Қонун ҳужжатларида нотариал ҳаракатлар нотариал идораларнинг биноларидан ташқарида амалга ошириладиган бошқа ҳоллар ҳам назарда тутилиши мумкин.

ФҲДЁ соҳаси бўйича

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этувчи органлар?

Фуқаролик ҳолати далолатномалари туман ва шаҳарларда ФҲДЁ органларида қайд этилади, шаҳарча, қишлоқ ва овулларда эса, ўлим – фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) томонидан ҳам қайд этилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг чет элда доимий ёки вақтинча яшовчи фуқароларининг фуқаролик ҳолати далолатномалари консул томонидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ қайд этилади.

Туғилишни қайд этиш тартиби?

Боланинг туғилишини қайд этиш мажбурий бўлиб, бола туғилган жойдаги ёки ота-онасидан бирининг доимий яшаш жойидаги ФҲДЁ органида амалга оширилиши лозим.

Ота-онанинг истагига кўра ФҲДЁ органи боланинг туғилганлигини қайд этишни тантанали вазиятда ўтказиши мумкин.

Туғилганлик ҳақидаги ариза бола туғилган кундан бошлаб бир ой муддат ичида берилиши зарур.

Бола туғилганлиги тўғрисидаги ариза ота-онаси ёки улардан бири, алоҳида ҳолларда эса қариндошлари, қўшнилари, тиббиёт муассасалари маъмурияти, ички ишлар ёки васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан берилиши мумкин.

Белгиланган муддатнинг ўтиб кетганлиги туғилганликнинг қайд этилишига тўсқинлик қила олмайди. Бундай ҳолларда заруратга қараб, ФҲДЁ органи туғилиш ҳақидаги ҳужжатга қўшимча равишда бошқа ҳужжатлар талаб қилиши мумкин.

Никоҳ тузиш қандай тартибда амалга оширилади?

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 13-моддасига асосан, никоҳ тузиш никоҳланувчиларнинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берганларидан кейин бир ой ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасида никоҳ ёши ва уни қисқартириш асослари?

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасига асосан, никоҳ ёши эркаклар учун ўн саккиз ёш, аёллар учун ўн етти ёш этиб белгиланади.

Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин.

Никоҳ тузишга қандай ҳолатлар монелик қилиши мумкин?

Оила кодексининг 16-моддасига асосан никоҳ тузишга:

лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида;

насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида;

лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида йўл қўйилмайди.

Никоҳ шартномаси нима ва қачондан бошлаб кучга киради?

Никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланади.

Никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар ҳам, шунингдек никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкин.

Никоҳ давлат рўйхатига олингунга қадар тузилган никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киради.

Никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.


Никоҳнинг тугатилиш асослари?

Эр-хотиндан бирининг вафоти ёки суд улардан бирини вафот этган деб эълон қилиши оқибатида никоҳ тугайди.

Никоҳ эр-хотиндан бири ёки ҳар иккаласининг аризасига мувофиқ никоҳдан ажратиш йўли билан, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган эр ёки хотиннинг васийси берган аризага мувофиқ тугатилиши мумкин.

Эр-хотиннинг ўзаро розилиги бўлганда ФҲДЁ органларида никоҳдан ажратиш?

Вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотин никоҳдан ажратишга ўзаро рози бўлсалар, улар никоҳдан фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида ажратилади.

Эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича ФҲДЁ органларида никоҳдан ажратиш?

Агар эр-хотиндан бири:

суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган бўлса;

суд томонидан руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса;

содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, ўртада вояга етмаган болалари борлигидан қатъи назар, эр-хотиндан бирининг аризасига кўра улар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳдан ажратилади.

Ўлимни қайд этиш тартиби?

Ўлимни қайд этиш марҳумнинг яшаш жойи ёки ўлим содир бўлган жойдаги ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади.

Ўлимни қайд этиш тўғрисидаги ариза ўлим тўғрисидаги тиббий гувоҳнома берилган вақтдан бошлаб 3 кундан кечикмай берилиши керак.

Ўлимни қайд эттириш тўғрисида марҳумнинг қариндошлари ёки яқин кишилари, шунингдек тиббий муассаса маъмурияти мурожаат этишлари мумкин, улар ўлим тўғрисида тиббий гувоҳнома ва марҳумнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этадилар.

Ўлимни қайд этишда тақдим этилган тиббий гувоҳнома далолатнома ёзуви иккинчи нусхаси чап томонининг юқори қисмига қистириб қўйилади.

Чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ўлимини қайд этиш умумий асосларда амалга оширилади.

Чет элда вафот этган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ўлимини қайд этиш марҳум яшаб турган ёки ўлим содир бўлган жойдаги консуллик муассасаси томонидан амалга оширилади.

Агар ўлимни қайд этиш марҳумнинг яшаш жойидан бошқа округда амалга оширилса, у ҳолда ўлимни қайд этган консуллик муассасаси марҳум ҳисобда турган консуллик муассасасига унинг фамилияси, исми, отасининг исми, ўлган санаси, шунингдек ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувининг рақами ва ўлим қайд этилган сана кўрсатилган хабарнома юборади. 


Юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш

Юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун қанча миқдорда давлат божи тўланади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 майдаги ПҚ–357-сон ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон Қарорларига асосан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида ва вилоятлар адлия бошқармаларида давлат рўйхатидан ўтказилганлик учун:

– хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун – энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари, шунингдек 500 АҚШ доллари;

– суғурта ва аудиторлик ташкилотлари, солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари, биржалар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорлари билан ташкил этиладиган акциядорлик компаниялари (шу жумладан давлат-акциядорлик компаниялари ва холдинглар) шаклидаги хўжалик бошқаруви органлари, Улгуржи савдо корхоналари уюшмаси таркибига кирадиган ҳудудий (вилоятлар, вилоятлараро ва туманлараро) базалар ва бозорлар учун – энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида давлат божи тўланади.

Давлат божининг 20 фоизи Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасига, қолган сумма тегишли равишда республика бюджетига, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига ва маҳаллий бюджетларга ўтказилади.

деҳқон хўжаликлари, шунингдек давлат корхоналари негизида ташкил қилинадиган акциядорлик жамиятларидан давлат божи олинмайди.

бориш қийин бўлган ва тоғли туманларда ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларидан давлат божи белгиланган миқдорнинг 20 фоизи миқдорида ундирилади.

Тадбиркорлик субъектларининг почта манзили ўзгарган тақдирда давлат рўйхатидан ўтказиладими ва давлат божи тўланадими?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 майдаги ПҚ–357-сон ва Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон Қарорлари билан тасдиқланган Низомларга асосан тадбиркорлик субъекти ўзининг почта манзили ўзгарган тақдирда бу ҳақда рўйхатдан ўтказувчи органни ёзма равишда хабардор қилиши лозимлиги ва бунда давлат божи ундирилмаслиги белгиланган.

Юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун қандай ҳужжатлар тақдим қилиниши шарт?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 майдаги ПҚ–357-сон ва Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон Қарорлари билан тасдиқланган Низомларга асосан тадбиркорлик субъектларини юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказиш учун рўйхатдан ўтказувчи органга белгиланган шаклдаги ариза тақдим этилади. Давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризага:

– давлат тилидаги таъсис ҳужжатларининг икки асл нусхаси (юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказувчи органга тақдим этиладиган таъсис ҳужжатлари – устав ёки таъсис шартномаси ва устав, оилавий корхона ёки фақат таъсис шартномаси, бунда масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар учун – таъсис шартномаси ва устав, оилавий корхона тўлиқ ва коммандит ширкатлар учун эса – фақат таъсис шартномаси, акциядорлик жамиятлари, хусусий корхоналар, фермер хўжаликлари ҳамда юридик шахс бўлган деҳқон хўжаликлари учун – фақат устав). Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ва хорижий сармоя иштирокидаги бошқа корхоналар учун нотариал тасдиқланган таъсис ҳужжатлари талаб этилади;

– давлат божининг белгиланган миқдори тўланганлиги ҳақидаги банк тўлов ҳужжати (деҳқон хўжаликлари, шунингдек давлат корхоналари негизида ташкил этиладиган акциядорлик жамиятларидан ташқари);

– фирма номларининг марказлаштирилган маълумотлар базасида қулай фирма номи захирага олинганлигини тасдиқлайдиган ягона логин ва пароль (кейинги ўринларда – фирма номининг захирага олиниши тасдиғи);

– икки нусхада муҳр ва штамп эскизлари.

Шунингдек, давлат рўйхатидан ўтказиш учун юқорида кўрсатилган ҳужжатларга қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

а) бозорлар учун – бозор ташкил қилишга ер участкаси ажратиб бериш тўғрисидаги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарори;

б) хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ва хорижий сармоя иштирокидаги бошқа корхоналар учун:

хорижий муассис тўғрисида юридик шахс рўйхатдан ўтказилган жойдаги савдо реестридан кўчирма ёки, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси томонидан белгиланган тартибда легализация қилинган ушбу юридик шахс фаолиятини тасдиқловчи бошқа ҳужжат, булар мавжуд бўлмаган тақдирда эса – муассис рўйхатдан ўтказилган давлат Ташқи ишлар вазирлигида, мазкур мамлакатнинг Ўзбекистон Республикасидаги консуллик муассасасида ёки дипломатик ваколатхонасида легализация қилиниб, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик бошқармасида тасдиқланган бошқа ҳужжат, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса. Хорижий муассис тўғрисида савдо реестридан кўчирмада ёки ушбу юридик шахснинг фаолиятини тасдиқловчи бошқа ҳужжатда хорижий юридик шахснинг, у жойлашган жойнинг номи, хорижий юридик шахс номидан имзолаш ҳуқуқига эга бўлган шахснинг маълумотлари мавжуд бўлиши керак. Кўрсатиб ўтилган кўчирма берилган пайтидан бошлаб бир йил мобайнида ҳақиқий ҳисобланади. Жисмоний шахс – Ўзбекистон Республикаси норезиденти ўз паспортининг нусхасини тақдим этади. Ушбу ҳужжатлар белгиланган тартибда нотариал тасдиқланган давлат тилидаги таржимаси билан тақдим этилиши керак. Агар хорижий муассиснинг корхона (ташкилот) устав фондига улуши интеллектуал мулк бўлса, у ҳолда ариза берувчи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда баҳоловчи ташкилот томонидан тайёрланган баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этиши керак;

кредит ташкилотлари учун – муассислардан ҳар бирининг корхона устав фондидаги улуши миқдоридан 30 фоизи киритилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (вақтинча жамғариладиган сўм ва валюта ҳисоб рақамига пул маблағлари ўтказилганлиги тўғрисида банкнинг маълумотномаси, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига мол-мулк олиб кирганлигини тасдиқловчи божхона ҳужжати, мол-мулкнинг олди-берди далолатномаси, киритилаётган мол-мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ва бошқалар.

в) деҳқон хўжаликлари (юридик шахслар) ҳамда фермер хўжаликлари учун – туман ҳокимининг ер участкаси ажратиб бериш тўғрисидаги қарори нусхаси.

Юридик шахсларнининг таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун қандай ҳужжатлар тақдим қилиниши шарт?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 майдаги ПҚ–357-сон ва Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон Қарорлари билан тасдиқланган Низомларга асосан тадбиркорлик субъектларининг таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган тақдирда тадбиркорлик субъектининг ваколатли бошқарув органи томонидан тегишли қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб 1 ой мобайнида уларни рўйхатдан ўтказган органга ўзлари келиб ёки почта алоқаси орқали қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

– ариза;

– тадбиркорлик субъектининг ваколатли бошқарув органининг таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарори;

– ўзгартириш ва қўшимчалар матнининг ваколатли шахс томонидан имзоланган 
ва тадбиркорлик субъекти муҳри билан тасдиқланган икки нусхаси;

– номи ўзгарган тақдирда – давлат рўйхатидан ўтказилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг асл нусхаси ва фирма номининг захирага олиниши тасдиғи, алмаштириладиган муҳр ва штамп, шунингдек янги муҳр ва штампнинг икки нусхадаги эскизи;

– давлат божи белгиланган миқдори тўланганлиги ҳақида банк тўлови ҳужжати;

– устав фондининг миқдори кўпайтирилган тақдирда – тадбиркорлик субъекти ваколатли органининг таъсис ҳужжатларида эълон қилинган устав фонди миқдорининг шакллантирилганлиги ҳақидаги ҳужжат, шунингдек масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар учун-иштирокчи ҳиссасининг тўлиқ киритилганлиги ҳақида жамият томонидан жамият иштирокчисига берилган гувоҳнома нусхаси ҳамда жамият иштирокчилари томонидан қўшимча ҳиссалар ва учинчи шахслар томонидан ҳиссалар тўлиқ миқдорда қўшилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

– устав фонди камайтирилган тақдирда – уларга маълум бўлган барча кредиторлар устав фонди миқдори камайтирилиши ва унинг янги миқдори ҳақида ёзма равишда хабардор этилганлигини ва оммавий ахборот воситаларида қабул қилинган қарор ҳақида ахборот эълон қилинганлигининг тасдиғи (уларга маълум барча кредиторлар устав фонди миқдори камайтирилиши ва унинг янги миқдори ҳақида ёзма равишда хабардор этилган ва оммавий ахборот воситаларида қабул қилингандан кейин бир ҳафта муддатда тақдим қилинади);

– улуш (ҳисса) ёки акция бошқага ўтган тақдирда – ушбу улуш (ҳисса) ёки акциянинг бошқага ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжат (шартнома, хат ва шу кабилар);

– тадбиркорлик субъекти ажратиб чиқариш ва қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этилган тақдирда – қайта ташкил этилаётган юридик шахсга маълум бўлган барча кредиторлар қайта ташкил қилиш ҳақида ёзма равишда хабардор этилганлигининг ва оммавий ахборот воситаларида ахборот эълон қилинганлигининг тасдиғи, қайта ташкил этилаётган юридик шахсларнинг уларнинг барча кредиторлар ва қарздорларига, шу жумладан томонлар даъволашаётган мажбуриятларга нисбатан барча мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворислик тўғрисидаги қоидалар кўрсатилган бўлиш баланси ёки топшириш далолатномаси, шунингдек давлат рўйхатидан ўтказилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг асл нусхаси, қўшиб олинаётган юридик шахснинг муҳр ва штампи.

Таъсис ҳужжатларига муассислар таркибига хорижий шахс кириши билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритишда хорижий муассис тўғрисида юридик шахс рўйхатдан ўтказилган жойдаги савдо реестридан кўчирма ёки, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси томонидан белгиланган тартибда легализация қилинган ушбу юридик шахс фаолиятини тасдиқловчи бошқа ҳужжат, булар мавжуд бўлмаган тақдирда эса – муассис рўйхатдан ўтказилган давлат Ташқи ишлар вазирлигида, мазкур мамлакатнинг Ўзбекистон Республикасидаги консуллик муассасасида ёки дипломатик ваколатхонасида легализация қилиниб, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик бошқармасида тасдиқланган бошқа ҳужжат, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса. Хорижий муассис тўғрисида савдо реестридан кўчирмада ёки ушбу юридик шахснинг фаолиятини тасдиқловчи бошқа ҳужжатда хорижий юридик шахснинг, у жойлашган жойнинг номи, хорижий юридик шахс номидан имзолаш ҳуқуқига эга бўлган шахснинг маълумотлари мавжуд бўлиши керак. Кўрсатиб ўтилган кўчирма берилган пайтидан бошлаб бир йил мобайнида ҳақиқий ҳисобланади. Жисмоний шахс – Ўзбекистон Республикаси норезиденти ўз паспортининг нусхасини тақдим этади. Ушбу ҳужжатлар белгиланган тартибда нотариал тасдиқланган давлат тилидаги таржимаси билан тақдим этилиши керак.

Тадбиркорлик субъектларининг давлат рўйхатидан ўтказиш 
ва таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказиш қайси қонун ҳужжатлари асосида тартибга солинади?

Жавоб: Тадбиркорлик субъектларининг давлат рўйхатидан ўтказиш ва таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 майдаги ПҚ–357-сон ва Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон Қарорлари билан тартибга солинади.

Қайси корхоналар хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар деб ҳисобланади, уларнинг мезонлари?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.11.1996 йилдаги ПФ–1652-сон Фармонига асосан хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар (қўшма корхона, шуъба корхона, хорижий корхона) низом жамғармаси 150 минг АҚШ долларига тенг суммадан кам бўлиши мумкин эмас, корхона иштирокчиларидан бири албатта хорижий юридик шахс бўлиши шарт, хорижий сармоялар улуши корхона низом жамғармасининг камида 30 фоизини ташкил этиши зарур.

Хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарнинг фаолиятини қайси қонун ҳужжатлари асосида тартибга солинади?

Жавоб: Хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарнинг фаолиятини бевосита тартибга солувчи Ўзбекистон Республикаси “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги, “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги Қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.11.1996 йилдаги ПФ–1652-сон Фармони ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари мавжуд.

Тадбиркорлик субъекти реестрдан кўчирма олиш учун қандай ҳужжатларни тақдим этиши лозим ва ушбу реестрдан кўчирма қанча муддатда берилади?

Жавоб: Кўчирма тадбиркорлик субъекти юридик шахсларнинг давлат реестрида турган рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан тадбиркорлик субъектининг хат билан мурожаат қилинади ва ушбу мурожаат олинган пайтдан бошлаб бир кун мобайнида берилади.

Тадбиркорлик субъекти ихтиёрий тартибда тугатилаётганда иштирокчилар умумий йиғилишининг баённомасида нималар акс эттирилган бўлиши лозим?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги ПҚ–630-сон Қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 3-бандига асосан корхонани ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор унинг муассислари (қатнашчилари) томонидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилинади. Қарорда қуйидагилар кўрсатилади:

тугатувчи – тугатиш комиссияси (унинг аъзолари таркиби) ёки жисмоний шахс (паспорти маълумотлари);

мўлжалланаётган тугатиш муддати.

Ихтиёрий тартибда тугатилаётган корхоналарни тугатиш ва давлат реестридан чиқариш учун қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги ПҚ–630-сон Қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 34-бандига асосан молия-хўжалик фаолиятини амалга оширувчи корхоналарни ихтиёрий тугатиш учун тугатувчи рўйхатдан ўтказган органга қуйидаги ҳужжатларни:

–бир ёки бир неча даврий босма нашрларда чиққан корхонанинг ихтиёрий тугатилганлиги тўғрисидаги эълонни;

– давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномани;

– корхонанинг барча ҳисоб рақамлари ёпилганлиги тўғрисида хизмат кўрсатувчи банкларнинг маълумотномаларини;

– корхонанинг муҳр ва штампларини;

– ваколатли органнинг, агар мавжуд бўлса, чиқарилган қимматли қоғозларини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотномасини;

– агар мавжуд бўлса, барча лицензиялар (рухсатномалар)нинг асл нусхаларини;

– давлат солиқ хизмати органининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарз йўқлиги тўғрисидаги маълумотномасини;

– тугатилаётган корхона қарздор сифатида иштирок этган ва ижро этилмаган ижро ҳужжати Суд департаменти органлари иш юритувида мавжуд эмаслиги ҳақидаги Суд департаменти ҳудудий бошқармасининг ёзма жавоби;

– корхона ҳужжатларининг давлат архивига топширилганлигини тасдиқловчи маълумотномани тақдим этади.


Фуқаро вафот этганидан сўнг ундан қолган мол-мулклари меросхўрлар ўртасида қандай тақсимланади?

М.Тошбекова, Сайхунобод тумани

Нотариус мерос очилганлиги хакидаги хабарни олгач, бу хакда турар жойи ва иш жойини маълум булган меросхурларни хабардор килиши шарт.

Нотариус бу хакда оммавий ахборот воситаларида ошкора маълум қилиши ёки хабар бериш йули билан хам меросхўрларни чақириши мумкин.

Мерос очилган жойдаги нотариус конун хужжатларига мувофик меросни қабул қилиш ёки ундан воз кечиш хақидаги аризаларни қабул қилади. Меросни қабул қилиш ёки ундан воз кечиш хақидаги аризалар ёзма равишда берилиши керак.

Мерос очилган жойдаги нотариус қонун ҳужжатларига мувофик мерос қолдирувчининг кредиторларидан даъволарни қабул қилади. даъволар ёзма баён этилиши шарт.

Мерос очилган жойдаги нотариус, башарти меросхурларнинг, васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчиларнинг, кредиторлар ёки давлатнинг манфаатлари учун зарур бўлса, жисмоний ва юридик шахсларнинг хабарига кўра ёки ўз ташаббуси билан мерос мол-мулкнинг кўриқланишига доир чора-тадбирлар кўради.

Агар мерос қолдирувчининг мол-мулки ёки унинг бир қисми мерос очилган жойдан нотариус бу хақда мерос мол-мулк жойлашган ердаги нотариусга мерос мол-мулкнинг кўриқланишига доир чора-тадбирлар кўриш туғрисидаги топшириқ юборади.

Мерос гувохномаси кимларга берилади?

А.Қурбонов,Гулистон шаҳар

Мерос очилган жойдаги нотариус меросхўрларнинг ёзма аризаларига кўра меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувохномалар беради.

Гувохномалар қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда берилади.

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувохнома барча мерохўрларга биргаликда ёки уларнинг хохишига боғлиқ равишда хар бирига алоҳида берилиши мумкин.

Нотариуслар вояга етмаган ёки муомалага лаёкатсиз меросхўрларнинг мулкий манфаатларини мухофаза қилиш учун уларга меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувохнома берилганлиги хақида меросхўрлар яшаётган жойдаги васийлик ва хомийлик органларига хабар қилади.

Мол-мулк ворислик ҳуқуқи буйича давлатга ёки қонунда назарда тутилган холларда фукароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ўтган такдирда меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувохнома тегишли давлат органига ёки фукароларнинг ўзини ўзи бошкариш органига берилади.

Нотариус қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувохнома бериш чогида тегишли далилларни талаб қилиб олиш йули билан мерос қолдирувчининг вафот этганлигини, мерос очилган жой ва вактни, меросга булган ҳуқуқ тўғрисида гувохнома беришни сўраб ариза топширган шахсларнинг мерос колдирувчи билган қонун бўйича ворисликка чақириш учун асос бўладиган муносабатлари мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини, мерос мол-мулкнинг таркиби ва жойини текшириб кўради.

Мухаббат Худайбердиева

Гулистон шаҳар 3-сон ДНИ нотариуси


Савол:Мен лизингга автомашина сотиб олмоқчиман Лизинг шартномаси хақида тушунча берсангиз?

Наргиза Солиева, Сирдарё тумани

Жавоб: Лизинг-молия ижарасининг алоҳида тури булиб, унда бир тараф (лизинг берувчи) иккинчи тарафнинг (лизинг олувчининг) топшириғига биноан учинчи тарафдан (сотувчидан) лизинг шартномасида шартлашилган мол-мулкни (лизинг объектини) мулк қилиб сотиб олади ва уни шу шартномада белгиланган шартларда хақ эвазига эгалик қилиш ва фойдаланиш учун лизинг олувчига ун икки ойдан ортик муддатга беради. Келажакда лизинг олувчига лизинг буйича топшириш мақсадида мол-мулкни ўзига мулк қилиб олувчи шахс лизинг берувчи деб тан олинади. Эгалик қилиш ва фойдаланиш учун лизинг объектини оладиган шахс лизинг олувчи деб ҳисобланади. Лизинг берувчи лизинг объектини кимдан олаётган бўлса, шу шахс сотувчи деб эътироф этилади. Лизинг берувчи мол-мулкни бўлажак фойдаланувчидан сотиб олган такдирда ёхуд лизинг берувчи келажакда мол-мулкни сотувчига лизинг буйича топшириш учун ундан шу мол-мулкни сотиб олиш мақсадида уни маблағ билан таъминлаган тақдирда бир шахснинг узи ҳам лизинг олувчи, ҳам сотувчи бўлишига йул қуйилади.

Савол: Лизинг шарномаси буйича олинган нарса сифатсиз чиқса ким жавобгар булади? 

  Зухриддин Бобокулов, Оқолтин тумани

Жавоб: Лизинг олувчи лизинг шартномасининг нарсаси бўлган мол-мулкни сотувчига сотувчи билан лизинг берувчи ўртасида тузилган олди-сотди шартномасидан келиб чиқадиган талабларни, хусусан мол-мулкнинг сифати ва бутлиги, уни етказиб бериш муддатлари хақидаги талабларни ва шартнома сотувчи томонидан зарур даражада бажарилмаётган бошқа холлардан келиб чиқадиган талабларни қуйишга хақли. Бунда лизинг олувчи, мазкур мол-мулкнинг олди-сотди шартномасидаги тарафлардан бири булгани каби, сотиб олувчи учун назарда тутилган ҳуқуқларга эга бўлади ва мажбуриятларни ўз зиммасига олади (сотиб олинган мол-мулк хақини тўлаш мажбурияти бундан мустасно). Бирок лизинг олувчи сотувчи билан олди-сотди шартномасини лизинг берувчининг розилигисиз бекор қила олмайди. Сотувчи билан бўладиган муносабатларда лизинг олувчи ва лизинг берувчи солидар кредиторлар бўладилар. Агар лизинг шартномасида бошкача тартиб назарда тутилган булмаса, лизинг берувчи олди-сотди шартномасидан келиб чиқадиган талабларнинг сотувчи томонидан бажарилиши учун лизинг олувчи олдида жавобгар бўлмайди, сотувчи танлаш буйича жавобгарлик лизинг берувчининг зиммасида бўлган холлар бундан мустасно. Сотувчини лизинг берувчи танлаган тақдирда, лизинг олувчи олди-сотди шартномасидан келиб чиқадиган талабларни ўз хохишига қараб, солидар жавобгар бўлган мол-мулк сотувчи олдига ҳам лизинг берувчи олдига ҳам куйишга хақли.

Саволларга; Янгиер шаҳар 2-сон давлат нотариал

идораси нотариуси А.Мансуров жавоб берди 


Оилавий тадбиркорлик деганда нима тушунилади?

“Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонуннинг 1-моддасига мувофиқ оилавий тадбиркорлик оила аъзолари томонидан таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олиш мақсадида амалга ошириладиган ташаббускорлик фаолият бўлиб, ўз иштирокчиларининг ихтиёрийлигига асосланади. Оилавий тадбиркорлик юридик шахс ташкил этган ёки ташкил этмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Юридик шахс ташкил этган ҳолда амалга ошириладиган оилавий тадбиркорликнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли оилавий корхонадир.Юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади

Оилавий корхона нима?

Оилавий корхона унинг иштирокчилари томонидан товарлар ишлаб чиқариш ва реализация қилиш учун ихтиёрий асосда, иштирокчиларнинг улушли ёки умумий мол-мулк, шунингдек иштирокчилардан ҳар бирининг мол-мулки негизида ташкил этиладиган кичик тадбиркорлик субъектидир. Оилавий корхона фаолияти унинг иштирокчиларининг шахсий меҳнатига асосланади. Оилавий корхона фаолиятни фақат юридик шахс сифатида фаолият кўрсатади.

Ушбу корхона иштирокчилари ва ёлланма ходимларининг умумий сони кичик тадбиркорлик субъектлари ходимларининг қонун ҳужжатларида белгиланган ўртача йиллик сонидан кўп бўлиши мумкин эмас. Бунда оилавий корхона иштирокчиларининг энг кам сони икки кишидан оз бўлмаслиги керак.

Оилавий корхона иштирокчилари бўлиб ким иштирок этиши мумкин?

Оила бошлиғи, унинг хотини (эри), болалари ва набиралари, ота-онаси, меҳнатга қобилиятли ёшга тўлган бошқа қариндошлари (болалари ва набираларининг эрлари (хотинлари), туғишган ҳамда ўгай ака-ука ва опа-сингиллари, уларнинг эрлари (хотинлари) ҳамда болалари, тоға ва амаки ҳамда амма ва холалари) оилавий корхона иштирокчилари бўлиши мумкин. Бундан ташқари, иштирокчиларнинг муомала лаёқати қонунга мувофиқ тартибда чекланган бўлмаслиги керак. Давлат органларининг мансабдор шахслари, шунингдек қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган бошқа шахслар оилавий корхона иш бўлиши мумкин эмас.

Бир оилавий корхона иштирокчиси бир вақтнинг ўзида бошқа оилавий корхона иштирокчиси бўла олмайди.

Оилавий корхонада устав фонди нима асосида шаклланади?

Оилавий корхонанинг устав фонди пул маблағлари, қимматли қоғозлар, бошқа мол-мулк, жумладан пул билан баҳоланадиган мулкий ҳуқуқлар ёки ўзга шахсга ўтказиладиган бошқа ҳуқуқлар ҳисобидан шакллантирилади. Ягона уй (квартира) оилавий корхонанинг устав фондига киритилиши мумкин эмас. Оилавий корхона иштирокчилари оилавий корхонанинг устав фондига корхона таъсис шартномасида назарда тутилган тартибда ўзлари киритадиган мол-мулкни мустақил равишда белгилайди.

Оилавий корхонанинг устав фонди корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатлар тақдим этиладиган санадаги қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдоридан кам бўлмаслиги керак.

Оилавий корхонанинг мол-мулки қайси маблағлардан таркиб топган?

Оилавий корхонанинг мол-мулки оилавий корхона иштирокчилари томонидан унинг устав фондига киритиладиган мол-мулкдан, қарз маблағлари ва кредитлар ҳисобига олинган мол-мулкдан, товарларни реализация қилишдан, ишлар бажаришдан, хизматлар кўрсатишдан олинган ва оилавий корхонани ривожлантиришга йўналтирилган даромадлардан, шунингдек бу даромадлар ҳисобига олинган мол-мулкдан, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлардан таркиб топади.

Оилавий корхона фаолиятини амалга ошириш шартлари нимадан иборат?

Оилавий корхона фаолиятнинг айрим турларини фақат махсус рухсатнома (лицензия) мавжуд бўлганда амалга ошириши мумкин.

Оилавий корхона акциз солиғи тўланадиган маҳсулотни ишлаб чиқаришни ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган фойдали қазилмалар кавлаб олишни, шунингдек юридик шахслар учун қатъий белгиланган солиқ ёки ягона ер солиғи тўлаш назарда тутилган фаолиятни амалга ошириши мумкин эмас.

Оилавий корхона фаолиятида заҳарли, радиоактив моддалар ва материаллардан, юқори босимли асбоб-ускуналардан ҳамда инсон ва атроф-муҳит учун катта хавф туғдирадиган бошқа асбоб-ускуналардан фойдаланишга йўл қўйилмайди. Оилавий корхона фойдаланиши мумкин бўлмаган моддалар, материаллар ва асбоб-ускуналарнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 сентябрдаги 269-сонли қарори билан тасдиқланган.

Шунингдек, оилавий корхона томонидан саноат тусидаги фаолиятни кўп квартирали уйнинг турар жойларида амалга оширишга йўл қўйилмайди.

Оилавий корхонада ҳам ходимлар ижтимоий муҳофаза қилинадими?

Қонуннинг 22-моддасига биноан оилавий корхона:

- иштирокчилар ва ёлланма ходимларига хавфсиз меҳнат шароитларини, ижтимоий муҳофаза чораларини таъминлаши шарт ҳамда уларнинг ҳаётига ёки соғлиғига етказилган зарар учун жавобгар бўлади;

- иштирокчилар ва ёлланма ходимлари учун қонун ҳужжатларида белгиланганига нисбатан имтиёзлироқ меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитларни мустақил равишда белгилашга ҳақли.

- иштирокчилар ва ёлланма ходимларнинг ишлаган вақти давлат ижтимоий суғуртаси бўйича бадаллар тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ва қонун ҳужжатларидабелгиланган тартибда юритиладиган меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар асосида меҳнат стажига қўшилади;

- иштирокчилари ва ёлланма ходимлари ҳаётига ёки соғлиғига меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки улар ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши сабабли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича ўз фуқаролик жавобгарлигини иш берувчи сифатида қонун ҳужжатларида белгиланган шартлар ва тартиб асосида суғурталаши шарт.

Оилавий корхона фаолияти эркинлигининг кафолатлари нимадан иборат?

Давлат оилавий корхонанинг ҳуқуқларига риоя этилишини ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди.

Давлат органлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда:

фойдаланилмаётган яшаш учун мўлжалланмаган жойлар уларда товарлар ишлаб чиқаришни (ишлар бажаришни, хизматлар кўрсатишни) ташкил этиш учун оилавий корхонага ижарага берилишини;

ишлаб чиқариш майдонлари қуриш учун оилавий корхонага ер ажратилишини;

оилавий корхона ишлаб чиқариш объектларининг муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишини;

оилавий корхона томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотни реализация қилиш учун махсус жойлар берилишини таъминлайди.

Оилавий корхонанинг мол-мулки национализация, мусодара ва реквизиция қилинмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Оилавий корхона қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳар қандай фаолият тури билан шуғулланиши мумкин ҳамда битимлар тузишда эркиндир. Технологияларни, ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг ассортиментини танлашда, маҳсулот нархини ҳамда уни реализация қилиш йўналишларини белгилашда давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг аралашувига йўл қўйилмайди.

Оилавий корхона фаолияти ҳам текширишлар ўтказиладими?

Оилавий корхонанинг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар кўпи билан тўрт йилда бир марта амалга оширилади.Янги ташкил этилган оилавий корхонанинг молия-хўжалик фаолияти у давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан дастлабки уч йил мобайнида режали текширувлардан ўтказилмайди, бундан бюджет маблағларидан ва марказлаштирилган маблағлардан ҳамда ресурслардан мақсадли фойдаланиш билан боғлиқ текширишлар мустасно.

Оилавий корхонанинг коммунал инфратузилма объектларидан фойдаланиши қандай таъминланади?

Оилавий корхона турар жойдан унда истиқомат қилган ҳолда товарлар ишлаб чиқариш (иш бажариш, хизмат кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, коммунал инфратузилма хизматлари (электр энергияси, сув таъминоти, канализация, газ таъминоти ва иссиқлик таъминоти) ҳақини аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида тўлайди.

Коммунал хизмат кўрсатиш, электр ва газ таъминоти корхоналари зарур коммуникация тармоқларининг оилавий корхона фаолияти амалга оширилаётган жойгача етказилишини ҳамда уланишини аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида таъминлайди.

Саволларга Адлия вазирлиги

Бош маслаҳатчиси

Г. Эргашева жавоб берди.


Қандай васиятномалар ва ишончномалар нотариал тасдиқланган васиятномалар ва ишончномаларга тенглаштирилади?

С.Мавлонова,

Сайхунобод тумани.

Фуқаролик кодексининг 136 ва 1126-моддалари ҳамда «Нотариат тўғрисида»ги Қонуннинг 26-моддасига муфовиқ, қуйидагилар нотариал тасдиқланган васиятномалар ва ишончномаларга тенглаштирилади:

-касалхоналарда, госпиталларда, бошқа стационар даволаш муассасаларида даволанаётган ёки қариялар ва ногиронлар уйларида яшаётган фуқароларнинг ушбу касалхоналар, госпиталлар ва бошқа даволаш муассасаларининг бош шифокорлари, уларнинг тиббиёт бўйича ўринбосарлари ёки навбатчи шифокорлари, шунингдек госпиталларнинг бошлиқлари, қариялар ва ногиронлар уйларининг директорлари ва бош шифокорлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

-Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи остида сузиб юрган кемаларда сафарда бўлган фуқароларнинг шу кемаларнинг капитанлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

-қидирув экспедицияларида ёки шунга ўхшаш бошқа экспедицияларда бўлган фуқароларнинг шу экспедициялар бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

-ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий қисмлар жойлашган, нотариуслар бўлмаган пунктларда эса, шу қисмларда ишловчи ҳарбий хизматчи бўлмаган шахсларнинг, улар оила аъзоларининг ҳамда ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ҳарбий қисмларнинг командирлари томонидан тасдиқланган васиятномалари ва ишончномалари, автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно;

-озодликдан маҳрум этиш жойларидаги ёки қамоқдаги шахсларнинг тегишли муассасалар бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалари ва ишончномалари, автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно.

-госпиталларда, санаторийларда ва бошка харбий-даволаш муассасаларида даволанаётган харбий хизматчиларнинг хамда бошқа шахсларнинг шу муассасаларнинг бошлиқлари, уларнинг тиббиёт қисм бўйича ўринбосарлари, катта ва навбатчи шифокорлари томонидан тасдиқланган ишончномалари, автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш хақидаги ишончномалари бундан мустасно.

Агар васият қилувчининг доимий яшаш жойи номаълум бўлса васиятнома қаерга юборилади?

Т.Маматов,

Гулистон шаҳри

Агар васият қилувчининг Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойи бўлмаса ёки унинг доимий яшаш жойи номаълум бўлса, васиятнома Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги белгилайдиган давлат нотариал идорасига юборилади.

Васиятнома кимда сақланади?

Ш.Пардаев,

Сайхунобод тумани

Васиятнома мансабдор шахслар томонидан икки нусхада тузилади ва тасдиқланади. Унинг бир нусхаси васият қилувчига берилади, иккинчи нусхаси эса васият қилувчи доимий яшайдиган жойдаги мерос расмийлаштириладиган давлат нотариал идорасига сақлаш учун ўн кун муддат ичида юборилади.

Саволларга Сирдарё вилоят 

Адлия бошқармаси бошлиқ ўринбосари 

Иномжон Қудратов жавоб берди.


Ҳадя шартномаси ва уни тузиш тартиби ҳақида

Савол- Ҳадя қандай тартибда берилади?

Т. Абдураззақов,

Сайхунобод тумани

Жавоб - Мол мулк, одатда мулк ҳуқуқи, қонун коидаларга риоя қилган ҳолда, бир шахс эгалигидан иккинчи шахсга ўтади. Бундай холларда мол мулк ўзининг дастлабки сифатини йўқотмайди. Фақат унга эгалик қилувчи субъектлар ўзгаради.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 502 моддасида ҳадя шартномасига мувофиқ, бир тараф (ҳадя килувчи) бошка тараф (ҳадя олувчи) га ашёни текинга мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади. Унга ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи талабини бериб ёки бериш мажбуриятини олади. Бирон бир шахсга ашёни ёки мулк ҳуқуқини текинга беришни ёки бирон бир шахсни мулкий мажбуриятдан озод этишни ваъда қилиш (ҳадя этишни ваъда қилиш) агар ваъдага тегишли шаклда берилган бўлса ва келажакда аниқ шахсга ашё ёки мулкий ҳуқуқни текинга бериш ёки уни мулкий мажбуриятдан озод қилиш мақсади аниқ кўриниб турган бўлса, ҳадя шартномаси деб тан олинади.

Савол- Ҳадя шартномасини бекор қилиш мумкинми?

А.Мамарахимов,

Гулистон шаҳар

Жавоб- Ҳадя олувчи ўзига ҳадя топширилгунга қадар истаган вақтида уни рад этишга ҳақли. Бундай ҳолда ҳадя шартномаси бекор қилинган ҳисобланади. Агарда хадя шартномаси ёзма шаклда тузилган бўлса, ҳадяни рад этиш ҳам ёзма шаклда амалга оширилиши керак. Агар хадя шартномаси рўйхатдан ўтказилган бўлса, хадяни қабул қилишни рад этишни ҳам давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Саволларга Янгиер шаҳар 1-сон давлат

нотариал идораси нотариуси Ойгул ЗОКИРОВА

жавоб берди.