Республикамиз мустақиллиги эълон қилингандан буён, эркин бозор иқтисодиёти ва кучли ижтимоий ҳимоя тизимига асосланган демократик ҳуқуқий давлат, адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Конституциямиз ва у асосда қабул қилинган қонунлар ҳамда уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш йўли билан татбиқ этилаётган янгиликларнинг туб негизида аввало инсон манфаати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкам ҳимоялаш, юрт фаровонлиги ва аҳоли турмуш даражасини юксалтириш каби эзгу мақсадлар ташкил этади.
Иқтисодиётни эркинлаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини яратиш соҳасига давлат сиёсати даражасида жиддий эътибор қаратилиб, бу борадаги амалдаги қонунчилик тубдан ислоҳ қилинаётганлигини кейинги йилларда қабул қилинаётган қонун ва қонуности ҳужжатлари билан белгилаб берилаётган янги қонун-қоидалар тўла тасдиқлайди.
Қонун асосида қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш қуйидаги йўналишлар бўйича амалга оширилди:
-тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортиш даражасигача ошириш;
-хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатини кучайтириш, тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш жараёнини давом эттириш;
-барча турдаги рўйхатдан ўтказиш, рухсат беришва лицензиялаш, шунингдек. ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни янада соддалаштириш;
-хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратиш, уларнинг моддий ва кредит ресурсларидан фойдаланишини кенгайтириш, бизнес муҳитини яхшилаш.
Қуйида мазкур янги қоидалар билан белгилаб берилаётган тартиботлар ва уларнинг тадбиркорлик фаолияти ҳамда хусусий мулкчиликни ривожлантиришдаги ўрни тўғрисида фикр юритсак:
Тадбиркорлик субъектлари учун яратилган яна бир қулайлик сифатида “Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни янги 301-модда (Тадбиркорлик фаолияти субъектларига берилган имтиёзлар ва преференцияларни қўллашнинг кафолатлари) билан тўлдирилганлигини алоҳида эътироф этиш зарур.
Унга кўра, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари қонун ҳужжатларида берилган имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш тартибини ўз ваколатлари доирасида тушунтиришлари, шунингдек уларнинг қўлланилишини таъминлашлари шартлиги қтъий белгилаб берилди.
Энг эътиборли жиҳати шундаки, кичик тадбиркорлик субъектлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёз ва преференциялар, кафолатлар ва ҳуқуқлар ваколатли органларга ва ташкилотларга (давлат солиқ, божхона хизмати органларига, давлат статистика органларига, банкларга ва бошқаларга) уларнинг ёзма равишдаги мурожаатларисиз берилиши таъминланади.
Бунда, кичик тадбиркорлик субъектлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёз ва преференцияларнинг руйхати Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталидаги Тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзлар ва преференцияларнинг ягона реестрида элон қилинади ҳамда доимий равишда янгилаб борилади.
Қонун билан яна бир муҳим аҳамиятга эга бўлган янгилик киритилган бўлиб, эндиликда мулкдорлар – хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида давлат органлари ва бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилишда давлат божини тўлашдан озод этилдилар.
Шунингдек, амалдаги бир нечта қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилиб, кичик тадбиркорлик субъектлари бўлмиш микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари учун муҳр мавжуд бўлиши шартлиги талаби бекор қилинди.
Бундай янги тартиб-қоидалар давлат назорат ва бошқарув идоралари томонидан тадбиркорлик субъектларини фаолият олиб боришига ҳар қандай тўсқинликлар, асоссиз аралашувларини одини олишга, яратилаётган имтиёз ва преференцияларнинг сўзсиз қўлланилиши ҳамда ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнларини тубдан соддалаштиришга қаратилган комплекс чоралар кўришни, тегишли ташкилотлар ва мансабдор шахслар зиммасига ушбу жараёнларда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш позициясидан туриб иштирок этиш масъулиятини юклайди.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси ҳам ушбу позицияда туриб, доимий равишда тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаб келмоқда.
Жумладан, адлия бошқамаси томонидан Назорат қилувчи органларнинг тадбиркорликка оид қонунчиликка риоя этишлари юзасидан тизимли равишда ўрганишлар ўтказиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 2 ойи давомида 11 та турли идора ва ташкилотларда ўтказилган ўрганишларда жами 1211 та қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди.
Қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан қўлланилган таъсир чораларига асосан идораларнинг жами 5 нафар ходимлар интизомий жавобгарликка тортилиб, 5 та қарорлари бекор қилинди ёки қонунга мувофиқлаштирилди.
Бундан ташқари, тадбиркорлар манфаатлари суд тартибида ҳимоя қилиниши таъминланиб, судларга 270.3 млн. сўмлик 18 та даъво аризалари киритилди.
Шуни қайд этиш лозимки, вилоятда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш билан бирга уларга давлат хизматларидан фойдаланишда қулай шарт-шароитлар яратилиши бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқоридаги фармон ва қарорлари ижроси юзасидан туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари негизида тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатувчи ягона марказларни ташкил этилди.
Айтиш жоизки, адлия органларига “ягона дарча” марказларининг ахборот ресурсларига кириш имкони яратилиб, давлат хизматларини кўрсатиш тартиб-таомилларидан ўтиш жараёнини назорат қилиб бориш вазифаси юклатилган.
Ҳозирги кунгача қонунчиликда белгиланган тартибда тадбиркорликни амалга ошириш учун турли ташкилотлар томонидан лицензия ва рухсатномалар расмийлаштиш бўйича кўрсатилаётган жами 16 турдаги давлат хизматларининг барчаси “ягона дарча” марказлари орқали амалга оширилиши белгиланди.
Эндиликда Республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида фаолият кўрсатиб келаётган фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларида давлат хизматларидан “ягона дарча” тамойилида бир жойнинг ўзидан туриб фойдаланиш имконияти тўлиқ яратилди.
Хулоса қилиб айтганда, Республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорларнинг ишончли ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, бу йўналишда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тўғри англаган ҳолда амалда тўлиқ ижросини ташкил этиш – нафақат бунинг учун масъул бўлган давлат идоралари ва мансабдор шахсларнинг, қолаверса, ҳар биримизнинг устувор вазифамиз эканлигини ёдимиздан чиқармаслигимиз лозим.
Ж.Сулаймонов, Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг ўринбосари