Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

28

Суд-ҳуқуқ тизимидаги янги ислоҳотлар


Эркин фуқаролик жамиятининг муҳим шартларидан бири Президентимиз таъбири билан айтганда, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши лозим”, деган тамойилни амалда қарор топтиришдан иборатдир. Ислоҳотлар жараёнида судларнинг мавқеини илғор мамлакатлардаги одил судлов идоралари билан тенглаштириш мақсадида, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрларига амал қилиш йўлидан борилаётгани ҳам судларнинг халққа тобора яқинлашаётганидан, жамиятнинг маънан соғломлашиб бораётганидан дарак беради.

Мамлакатимизда барча соҳалар қатори суд-хуқуқ соҳасини ривожлантириш, одил судлов тизимини янада такомиллаштириш давлат сиёсатининг устувор йуналишига айланди ва суд тизими тарихида янги - одил судловга бўлган фуқароларнинг ишончини кучайтириш, суд қарорларининг барқарорлигига эришиш хамда суд корпусини ҳар томонлама муносиб, юксак билимли ва етарли тажрибага эга булган судьялар билан шакллантириш даври бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳам ана шу эзгу мақсадларга қаратилган.

 Фармонга мувофиқ, 2021-йил 1 январдан соҳада ўзига хос янгиликлар назарда тутилган. Жумладан, вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари буйича, жиноят ишлари буйича судлар ва иктисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилади, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари буйича судларга ўтказилади, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий малака ҳайъатининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьялари малака ҳайъатларининг қарорлари устидан Судьялар олий кенгашига шикоят килиш ҳуқуқи берилади.Шунингдек, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўрувчи туманлараро маъмурий судлари ташкил этилади ҳамда туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилади.  

Бундан ташқари, Фармонда туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш, апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш, Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар буйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш, давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш, прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш, қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

         Яна бир муҳим жиҳат, Фармонга асосан Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасининг Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби тузилади.

Судлов таркибига инвестиция киритилган санада йигирма миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколати берилади. Бунда инвестициявий низолар бўйича йирик инвесторларнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар бевосита Судлов таркиби томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилади, қолган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши мумкин.

Хулоса ўрнида айтганда, суднинг қарори қанчалик адолатли ва амалдаги қонунларга қатьий риоя қилган ҳолда қабул қилинса, халқнинг суд идораларига бўлган ишончи ортади. Зеро, халқ ўзининг ҳуқуқ ва эркинликларини одил суд орқали ҳимоя қилиш мумкинлигини ва қонун устуворлигини амалда англайди, бунинг натижасида эса, мамлакатимизнинг ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий салоҳияти янада юксалади.

 Абдуманнон Исмоилов

Боёвут туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси