Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

07

Медиаторлар ким, медиация нима?


Мамлакатимизда бозор иқтисодиётига асосланган муносабатлар жадал ривожланиб борар экан, субъектлар ўртасида турли низолар вужудга келиши муқаррар. Бундан ташқари, мавжуд амалиёт оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқаётган низоли ҳолатлар кам эмаслигини ҳам кўрсатмоқда. Тарафлар низонинг ечимини топиш мақсадида анъанавий йўлни танлашга, яъни судга мурожаат қилишларига тўғри келади.

Ҳозирги кунда ривожланган хорижий давлатлар ҳуқуқий тизимида низони судгача олиб бормасдан, муқобил йўл билан ҳал қилишга қаратилган медиация – яраштирув жараёни алоҳида аҳамият касб этмоқда. Юртимизда ҳам чинакам бозор механизмларининг амалга оширилиши соҳасини тартибга солувчи зарур ҳуқуқий замин яратилишини талаб қилади.

“Медиация тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши ҳам ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятли. 2019 йил 1 январдан кучга кирган бу қонун ҳақида фикр юритганда, авваламбор, “медиация” сўзининг луғавий маъносига тўхталиш лозим. Воситачилик маъносини англатувчи бу атама  lotincha “mediare” сўзидан олинган бўлиб, жаҳоннинг кўплаб давлатларида низоларни тинч йўл билан ҳал этишнинг энг мақбул усули сифатида тан олинган.

Шу ўринда тарихга назар ташлаймиз. Қонунни ривожлантириш тарихида Вавилон, Қадимий Греция ва Қадимий Римда медиацияни қўллаш қайд этилган. Рим ҳуқуқида Юстиниан кодексидан бошлаб (милоддан аввалги VI аср) баҳс-мунозараларни ҳал қилиш учун воситачилик тан олинган. Медиация технологияси асосан савдода қўлланилган. Римликлар баҳс-мунозараларни ҳал қилувчи мутахассисларни «medium»-«воситачи» сўзи билан ифодалашган. Воситачиларга алоҳида ҳурмат билан муносабатда бўлишган. Уларни доҳийлар ва руҳонийлар билан бир қаторга қўйишган. Замонавий тушунчаларда медиация XX асрнинг иккинчи ярмида АҚШ, Австралия ва Буюк Британияда ривожлана бошлаган. Европада медиаторлар оилавий мунозараларни ҳал қилишга жалб қилинган.

Медиация нима? Умуман олганда, медиация - баҳс-мунозараларни учинчи бетараф томон иштирокида тартибга солишга доир ҳуқуқий технология. Ушбу йўналиш ўзининг маълум бир шартлари ва тамойилларига эга. Масалан,томонларнинг тенг ҳуқуқлилиги, ихтиёрийлик, ўзаро ҳурмат, конфиденциаллик, жараённинг шаффофлилиги, медиаторнинг холислиги. Мазкур принципларга оғишмай риоя этиш низоларни адолатли ва оқилона ҳал этишнинг муҳим омилидир.

Медиация қачон қўлланилади? Медиация суддан ташқари тартибда, баҳс-мунозарани суд тартибида кўриб чиқиш жараёнида, суднинг қарор чиқариш учун зални тарк этишидан олдин. Агар гап Ҳакамлик суди ҳақида кетаётган бўлса, шакл худди шундай бўлади. Ёдингизда бўлсин, медиацияда иштирок этиш факти айбга иқрор бўлишнинг исботи ҳисобланмайди!

Медиация иштирокчилари. Жараён иштирокчилари - томонлар ва медиатор. Томонлар шунингдек ҳам жисмоний, ҳам юридик шахслар бўлиши мумкин. Томонлар ҳам медиаторлар каби икки нафар ва ундан кўп бўлиши мумкин.

Медиатор ким? Медиатор икки томонидан баҳс-мунозарани тартибга солиш учун жалб қилинувчи шахс. Жараённи ўтказишда воситачи мустақил ва холис бўлади. Воситачининг иши томонлар манфаатига қараб олиб борилади. Воситачилар икки тоифага бўлинади:

профессионал воситачилар - Ўзбекистон Адлия вазирлиги дастури бўйича таълим курсини ўтовчи шахслар;

нопрофессионал воситачилар - 25 ёшдан ошган, медиатор бўлиш истагини билдирган шахслар (улар хоҳишларига кўра Адлия вазирлиги қошида махсус таълим курсини ўташлари мумкин).

Республика юристлар малакасини ошириш марказида медиаторлар учун ўқув курслари ташкил этилади.

Демак, медиаторлар яраштирувчилар, ижобий хулосага келишга ёрдам берувчи кишилардир. Улар турли тушунмовчиликлар ва низоли вазиятларни тинч йўл билан ҳал қилишга, ўзаро келишувга эришишга хизмат қилади.

Профессионал медиаторни қандай топиш мумкин? Агар сизга профессионал воситачи керак бўлса, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг расмий веб-сайти ёки Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ва вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрининг адлия бошқармалари сайтларига киришингиз мумкин. У ерда профессионал воситачилар реестри тақдим этилган. Реестрда медиаторнинг исми ва фамилияси, контактлари, медиация соҳаси ва воситачининг жараённи олиб бориш тилига доир маълумотлар кўрсатилган.

Албатта, ушбу ўқув курсида нопрофессионал асосда медиаторлик фаолияти билан шуғулланувчи шахс ҳам таҳсил олиши мумкин. Бу кейинчалик унга ушбу фаолият билан профессионал асосда шуғулланиш имконини беради ҳамда профессионал медиаторлар реестрига киритиш учун асос бўлади. Давлат вазифаларини бажариш учун ваколат берилган ёки унга тенглаштирилган, муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилган, судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган, жиноий таъқиб остидаги шахслар ушбу фаолият билан шуғуллана олмайди.

Медиатор хизматлари учун қандай ҳисоблашилади? Таъкидлаш жоизки, нопрофессионал воситачилар фаолияти беминнат олиб борилади, профессионал воситачилар фаолияти эса - тўлов асосида ёки беминнат. Агар нопрофессионал мутахассис ишлаётган бўлса, у ҳолда унинг жараён ўтувчи жойга келиш ва кетиш, яшаш ҳамда овқатланиш харажатлари қопланиши мумкин. Ким ва қанча тўлаши томонлар келишувига боғлиқ. Одатда харажатлар томонлар орасида тенг иккига бўлинади. Агар медиатор жараённи ўтказишдан воз кечса, у дастлабки тўланган пул воситаларини қайтаришга мажбур.

Хўш, Медиация жараёни қанча вақт олади? Қонунга мувофиқ жараён 30 кундан ортиқ давом этмайди. Бироқ зарурат туғилганда томонларнинг ўзаро келишуви асосида муддатни яна 1 кундан 30 кунгача узайтириш мумкин.

Медиациянинг ижобий ва салбий томонлари нималардан иборат. Жараён - мутлақо ихтиёрий ва келишув асосида. Томонлар воситачи ёрдамида барчасининг "+" ва "-"ларини ўйлаб кўриш имконига эга бўлишади. Сиз ўзингиз истаган натижага суд оворагарчиликларисиз эришишингиз мумкин. Ушбу технология деярли салбий жиҳатларга эга эмас. Медиацияда ғолиб томон бўлмайди. Медиатор томонларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериши, иш юзасидан бирор бир қарор қабул қилиши мумкин эмас. Медиатор хеч қандай хулоса ҳам бермайди. Унинг вазифаси фақатгина икки томоннинг нима демоқчи бўлаётганлигини бир-бирига яхшилаб тушунтиришдан иборат.

Айтиш жоизки, шиддат билан ривожланиб бораётган айни замонда фуқаролик, иқтисодий ва меҳнатга оид низоларни медиация ёрдамида ҳал этиш тарафларнинг қимматли вақти ва маблағини тежаши баробарида, улар ўртасидаги дўстона муносабатлар сақланишига ҳам замин яратади. Зотан, ушбу низоларни суд тартибида ҳал этиш ва суд қарорининг ижросини таъминлаш муайян муддатларни талаб этибгина қолмай, аксарият ҳолларда чиқимларга ҳам сабаб бўлишидан кўз юмолмаймиз.

Нисбатан бирмунча содда ва қулай медиация усулидан фойдалана олиш учун эса унинг мазмун-моҳияти, афзал жиҳатлари ва қандай тартибда қўлланишини билиш ғоятда муҳим. Шу нуқтаи назардан, янги қонуннинг айрим нормаларига тўхталиб ўтсак.

Қонунда медиация иштирокчилари ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилган. Хусусан, тарафлар ва медиатор медиация иштирокчилари бўлиб, жисмоний шахслар ҳам, юридик шахслар ҳам иштирокчи бўлиши мумкин. Тарафларнинг медиаторни ихтиёрий танлаш ва ундан воз кечиш, медиацияда шахсан ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқлари бўлиб, тарафлар келишувни назарда тутилган тартиб ва муддатларда бажаришга мажбур.

Шу ўринда низоларни тинч йўл билан ҳал этишдек хайрли ишни амалга оширадиган шахс муайян ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиши зарурлигига эътибор қаратмоқчимиз. Ҳужжатда медиаторнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилган. Бу ҳуқуқлардан унумли фойдалана биладиган ҳамда мажбуриятларини тўлиқ адо этадиган шахсларгина медиатор сифатида ҳурмат ва эътибор қозона олади. 

Медиация тарафларнинг хоҳиш-истаги асосида қўлланилади. У суддан ташқари тартибда, низони суд тартибида кўриш жараёнида, суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд алоҳида хонага – маслаҳатхонага киргунига қадар қўлланилиши мумкин. Медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишув шартномадаги унинг таркибий қисми бўлган шарт тарзида ёки алоҳида келишув тарзида ёзма шаклда тузилади. Келишувда тарафлар ўртасида келиб чиққан ёки келиб чиқиши мумкин бўлган барча ёки муайян низолар медиация тартиб-таомилини амалга ошириш йўли билан ҳал этилиши кераклиги ҳақидаги қоида бўлиши даркор.

Тартиб-таомилни амалга ошириш чоғида давлат органининг бевосита аралашуви тақиқланади. Суд муҳокамаси жараёнида, низони ваколатли давлат органида кўриш асносида медиация тартиб-таомилини амалга ошириш чоғида тарафлар томонидан эришилган медиатив келишув тегишли иш қайси суд ёки ваколатли давлат органининг юритувида турган бўлса, дарҳол ўша судга ёки ваколатли давлат органига юборилади. Низо келишув билан медиация тартибида ҳал қилинган тақдирда, тўланган давлат божи қайтарилиши лозим.

Давлат органи иштирокида низо келиб чиққан тақдирда, давлат органи медиацияни қўллаш бўйича чоралар кўриши керак. Келишув тузилган кундан эътиборан тартиб-таомил бошланади.

Умуман олганда мамлакатимизда ушбу қонуннинг қабул қилинишидан тадбиркорлик билан боғлиқ муносабатларни ривожлантириш, соҳада умумэътироф этилган ҳалқаро стандартлар даражасига чиқиш назарда тутилган. Ҳозирда АҚШ, Буюк Британия, Германия, Япония, араб давлатлари, Россия Федерацияси ва қўшни Қозоғистон Республикасида медиация кенг қўлланилади. 

Юқорида қайд қилганимиздек, медиацияни оилавий муносабатларга боғлаб таҳлил қиладиган бўлсак, бир қатор афзалликларни кўришимиз мумкин. 

Хусусан, халқимиз учун оила тинчлиги ва фаровонлиги азал-азалдан асосий қадриятлардан бири бўлиб келган. Оиладаги можаролар, уйдаги гаплар ташқарига чиқмасдан, барча муаммолар тинч йўл билан ҳал қилишга ҳаракат қилинган.

Хўш, бу низо ёки можаролар қандай ҳал қилинган? Авваламбор низолашувчи шахслар муаммоларни бартараф этиш учун мулоқот ёки музокара орқали барча масалаларни муҳокама қилишга ҳаракат қилишган. Кези келганда, бундай мулоқотларда оиладаги ёши улуғ шахсларнинг иштироки уни самарали ўтишига ёрдам берган.

Афсуски, кейинги вақтларда оиладаги арзимаган муаммолар ва тушунмовчиликлар, ҳаётнинг иссиқ ва совуғига чидай олмаслик оқибатида яқиндагина турмуш қурган шахслар, оиладаги қийинчиликларни енгиш ўрнига, ажралишни афзал деб кўрадилар.

Оқибатда эса, бу масалани ҳал қилиш учун судга мурожаат этадилар. Нима учун айнан судга? Аксарият фуқароларда оилавий низолар фақат суд орқали ҳал қилиниши мумкин каби тушунча шаклланиб қолган. Ваҳоланки, вужудга келган низоларни ҳал қилишнинг муқобил усуллари мавжуд, улардан бири медиациядир.

Яна шу савол туғилади, Медиация нима? Медиация - бу низоли ва мураккаб вазиятларда қўлланиладиган музокаралар жараёни бўлиб, унинг асосий мақсади – тарафларнинг келишувига эриши учун йўл топиш. Унда тарафларнинг ихтиёрий розилиги асосида ўзаро мақбул қарорга эришиш учун учинчи шахс, медиатор кўмагида ҳал қилинади. Медиатор - бу тарафлар томонидан низони ҳал этиш учун жалб этилган мустақил холис, бетараф шахс.

Медиация - фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низолар, якка меҳнат низолари, оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларда қўлланилади.

Медиация жараёнида ким айбдор ёки ким ҳақ эканлигини аниқлашга эмас, балки низолашувчи шахсларни келажакдаги муносабатларига ва низоли ҳолатларни ечимини топиш масалаларига аҳамият берилади.

Чунки эр-хотиннинг ажралиши билан, қатор муаммолар ва ҳуқуқий ечимини топиши лозим бўлган ҳолатлар ҳам вужудга келади. Жумладан, умумий мулкни бўлиш, фарзандларни яшаш жойини аниқлаш, улар билан кўришиб туриш, алимент, моддий таъминот каби масалалар. Чунки эр-хотиннинг никоҳи бекор қилинса ҳам, улар фарзандлари учун ота-она бўлиб қолаверадилар, медиация эса ана шу муносабатларда келишувга эришишга ёрдам беради.  

Оилавий низолар судда кўрилиши, табиийки фуқароларга қатор муаммоларни туғдириши мумкин. Яъни, суд қанча давом этиши номаълум, бу ўз навбатида анча узоқ давом этадиган жараёндир. Медиацияда эса уни ўтказилиш вақтини тарафларнинг ўзлари белгилайдилар. Медиаторни шахслар ўз ихтиёри билан танлайдилар. Судьяни танлаш мумкин эмас. Медиацияда ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди, судга эса низога оид қатор ҳужжатлар тақдим этилади. Медиация жараёнида низолашувчи шахслар, низога оид ҳолатларни истаганларича муҳокама қилишлари мумкин. Судда эса вақт чегараланган, ҳис-ҳаяжонга берилиш ман этилади. Энг аҳамиятлийси, медиация жараёни маҳфий ҳисобланади, тарафларнинг розилигисиз ҳеч қандай гаплар ошкор қилиниши мумкин эмас. Суд жараёни эса очиқ бўлиб, барча низога оид важлар баённомага киритилади. Медиация жараёнида тарафлар ҳар бирининг манфаатига мос бўлган келишувга эришадилар, судда эса қарор бир тарафнинг фойдасига чиқарилади. Ва ниҳоят, низонинг турига қараб судда давлат божи тўланади, медиация жараёни эса бепул ўтказилиши ҳам мумкин.

Оила қураётган ҳар бир шахс бахтли яшашни истайди. Оилаларда можаро ва низолар келиб чиққан тақдирда, уларни ҳал қилишда судга эмас, балки медиаторга мурожаат этинг, бу оилавий муносабатларни тиклашга яна бир имкониятдир.

Хулоса ўрнида айтганда, ҳар қандай янгилик сингари медиация институти ҳам амалда синаб кўрилганидан кейингина унинг ижобий жиҳати, афзалликлари аниқ намоён бўлади. Ўйлаймизки, мазкур қонун жисмоний ва юридик шахслар ўртасида юзага келадиган фуқаролик, меҳнатга оид ва иқтисодий низоларни тинч йўл билан ҳал этиш ҳамда тарафларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда муҳим ўрин эгаллайди.


Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

бошлиғи ўринбосари С.Тоғаев