Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

25

БУЮК КУЗАТУВЧИГА ҲИСОБ БЕРИШ ПАЙТИДА ВИЖДОНИМИЗ ТОЗА БЎЛСИН!


Коронавирус пандемияси ҳукм сураётган, юртимизда карантин давом этаётган бир пайтда ижтимоий тармоқларда, электрон ОАВларда давлат мулкига, энг ёмони, камбағалларга деб йиғилган, хайриядан тушган омонатга хиёнат қилган юртдошларимиз ҳақида хабарлар чиқиб турибди.

"Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам очилади"  дейди доно халқимиз. Ҳозир шундай замонки, 40 йил эмас, 40 кунга ҳам бормаяпти қинғир ишлар. Коррупцияга сабаб бўлувчи ҳар бир омил панжара ортига етаклаяпти.  
Шу билан бирга бир нарсага эътиборингизни қаратмоқчиман. Илгарилари ишга кириш учун пора олиш-бериш ҳақида кўплаб хабарлар чиқар эди. Юртдошларимиздан бу борада ҳуқуқ-тартибот органларига кўплаб мурожаатлар тушар эди.  Кейинги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилганлиги, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар туфайли ишга қабул қилишда коррупция ҳолатлари камайди.

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, эртага Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада  такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги Президент Фармони қабул қилинганига бир йил тўлади.  

Иқтисодиётни янада ўстириш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш мақсадида қабул қилинган ушбу Фармон мамлакат тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга.

Айниқса, давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайинлаш ва юқори лавозимларга кўтаришнинг шаффоф тартибига асосланган давлат хизмати тизимини шакллантириш, улар учун чекловлар, тақиқлашлар, рағбатлантириш чоралари ҳамда коррупциянинг олдини олиш бошқа механизмларининг аниқ рўйхатини белгилаш борасида олиб борилаётган ишлар эътиборга молик.

Адлия соҳасида  ушбу банднинг ижроси ўлароқ, кадрларни танлаш сиёсатида шаффофлик принципига тўла амал қилинади. У ёки бу лавозимларга номзодлар вилоят адлия бошқармаси масъулларидан тузилган ишчи гуруҳ билан бир қаторда Адлия вазирлиги масъуллари билан  онлайн суҳбатдан ўтказилади. Танлаб олинган салоҳиятли кадрларни иш фаолияти давомида рағбатлантиришлар ҳам жорий этилган. Ҳар ойда ходимлар фаолиятининг рейтинги ўрганилиб, улар орасидан онлайн сўровнома орқали  "Ойнинг энг яхши ходими" танланиши ва номзод молиявий рағбатлантирилиши ходимларнинг ишлашга бўлган рағбатини оширади.

Эътироф этиш жоиз бўлган яна бир фаолият - адлия тизимида амалга оширилаётган  ҳуқуқий тарғибот ишларидир.  Қонунчиликдаги ҳар бир янгиликни республика ҳудудидаги ҳар битта туман-шаҳар даражасидаги электрон ОАВлар ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар орқали аҳолига етказиш чораси кўриляпти. Карантин шароитида тизим ходимлари онлайн хизмат кўрсатишга ўтишди.

Мисол учун, Боёвут туманида 37 та маҳалла бўлса, шу маҳаллалар фаоллари томонидан ташкил этилган телеграм гуруҳлари ҳам Адлия вазирлигининг "Huquqiy аxborot" телеграм каналига уланган.  Қонунлар мазмун-моҳияти аҳолига мобил телефонлар орқали етказиляпти. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмуни  нафақат матнда, балки инфографика ҳамда видеороликлар орқали тушунтириб бориляпти.  Шу билан бирга, туман маҳаллаларида ишлаб турган радиокарнайлар орқали ҳам вақти-вақти билан ҳуқуқий мавзуда савол-жавоблар ташкил этилмоқда. Олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида  аҳолининг ҳуқуқий саводхонлик даражаси сезиларли ўсди.

Ҳуқуқий саводхон фуқаро эса ўз ишини битириш учун бировга пора бермайди, пора олмайди. Ўтиш йиллари давомида жамиятимизда илдиз отган коррупциянинг илдизини суғуриб ташлаш осон бўлмайди. Бунинг учун барчамиз бирлашмоғимиз лозим. Ўзимиз учун ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларимизни ўрганайлик. Ҳаром луқма емайлик ва фарзандларимизга едирмайлик, токи, кимдандир олинган порада унинг фарзандлари ҳақи борлиги ҳамиша эсимизда бўлсин. Буюк Кузатувчига ҳисоб бериш пайтида виждонимиз тоза бўлсин!

Зебо Ҳайдарова,

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи