Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

25

БАХТ ҚЎРҒОНИ ДАРЗ КЕТМАСИН


Оила - муқаддас қўрғон. Ушбу иморатни барпо этиш, икки ёшнинг бошини қовуштириш учун ота-боболаримиз, момоларимиз ўзгача ёндашган, ўзига хос урф-одат ва анъаналарга риоя қилган. Дастлаб қуда бўлмишнинг насл-насаби суриштирилган, одоб-ахлоқи, маҳалла-кўй орасидаги обрў-эътибори билан қизиқиб, ёши улуғ инсонларнинг маслаҳатини олишган.

Тўғри-да, миллий қадриятларимизнинг мазмуни ана шундай саъй-ҳаракатларда ўз ифодасини топади. Бироқ, бу яхши ниятлар, орзу-ҳаваслар тантанаси қонуний тасдиқланса, у жамиятнинг бир бўғини сифатида давлат ҳимоясида бўлади.

Конституциямизнинг 63-моддасида қайд этилганидек, Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.

Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.

Дарҳақиқат,никоҳ тузиш ихтиёрийдир.

 Никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун 18 ёш этиб белгиланган. Никоҳнинг тегишли давлат органида қайд этилиши унинг юзага келганлигини исботловчи бирдан-бир далилдир. 

Оила ва никоҳ ҳақида гап кетганда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, баъзан никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатларга ҳам дуч келинади. Бу Оила кодексининг 16-моддасида ўз аксини топган.

Унга кўра, никоҳ тузишга лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида, насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек, фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида, бундан ташқари, лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида никоҳ тузилмайди.

Соғлом ва мустаҳкам оилани барпо этишда унинг ҳуқуқий асосларини ҳам билиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, турмуш қуриш наслнинг давомийлигини таъминлайди. Никоҳ эса муқаддас ришта. У жамиятда оила аталмиш яна бир янги қўрғон барпо бўлганлигининг ҳуқуқий тасдиғидир. Шундай экан, бу риштани муқаддас билиб, унинг мустаҳкамлигини таъминлашимиз зарур. Токи, бахт қўрғони ҳеч қачон дарз кетмасин.

Дилноза Умрзоқова

Сирдарё вилояти адлия бошқармаси

масъул ходими