Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

30

Синовдамиз сабрли бўлайлик!


Дунё дунё бўлибдики, урушлар тинмаган. Улардан энг аянчлиси Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари ҳисобланади. Биринчи жаҳон уруши давомида 17 миллион ҳарбий  ва тинч аҳоли ҳалок бўлган бўлса, Иккинчи жаҳон уруши даврида 90 миллиондан зиёд ҳарбийлар ва тинч аҳоли ҳалок бўлган.

Узоққа бормайлик, Суриядаги гражданлар уруши  учинчи тарафларнинг қўшилиши натижасида 8 йилдан буён  уруш ўчоғига айланиб қолган. Бу урушда қанчалаб тинч аҳоли бўлган сурияликлар ҳалок бўлди, яна қанчаси ўзга юртларда изсиз ғойиб бўлди, миллионлаб сурияликлар кўчада қолди.

Нима учун юқоридаги фактларни келтиряпман? Ҳозир дунё аҳолисига хавф солаётган коронавирус пандемияси  ана шу ҳалокатли жанглардан кам эмас. Фақат, бу уруш кўзга кўринмас уруш. Кўзга кўринмас жангчилар –вируслар инсониятнинг уруғини қуритишга қасд қилган. Аммо улар кўзга кўринмас бўлгани учун, баъзиларимиз буни юракдан ҳис қилмаяпмиз.

Бугун SARS-CoV-2  вируси кучайиб кетса, киши ўпкасида  шамоллашнинг оғир шаклини (COVID-19) келтириб чиқариши барчага маълум.

Аммо COVID-19 учун тўғридан-тўғри антивирал препаратлар ҳали ишлаб чиқилмаган.

Айтиш жоизки, бугунги кунгача дунё бўйича 722 350 та коронавирус билан касалланган ҳолатлар аниқланган. Улардан 33 минг 980 нафари учун ушбу касаллик аянчли якун топди. 151 793 нафар бемор ўз вақтида аниқланган ва даволангани учун саломатлиги қайта тикланди.

Шифокорларнинг таъкидлашича, инфекция ҳар олтинчи беморнинг ҳаётига хавф солади.

Вирусга қарши вакцина борми?

Бугунги кунда бутун дунё олимлари коронавирус вакцинаси устида ишламоқда.  Россия Фанлар академиясидан хабар беришларича, бугунги кунда улар томонидан ишлаб чиқилган учта препарат коронавирус билан касалланганларни даволаш учун синовдан ўтказилмоқда.

Француз олимлари COVID-19 касаллигини келтириб чиқарадиган CARC-COV-2 коронавирусига қарши препаратни муваффақиятли синовдан ўтказди.

Коронавирусга қарши вакцина яратиш борасида Германия олимлари ҳам тинимсиз меҳнат қилишмоқда.

Биздан нима талаб қилинаяпти?

Сизу биздан талаб этилгани – ўзимиз ва оиламиз, яқинларимиз саломатлигини асрашдан иборат. Буни амалга оширишимиз учун Ўзбекистонда барча шароит яратилди. Фарзандлари 14 ёшдан кичик бўлган ишчи-ходимларга меҳнат таътили берилди,  антисептик воситалар ва тиббиёт ниқобларини ишлаб чиқариш кунига 2 миллион донадан оширилди. Электрон оммавий ахборот воситалари орқали аҳолига коронавирусдан сақланиш бўйича манзилли тарғибот амалга оширилмоқда.

Аммо шунга қарамасдан, айрим юртдошларимиз ҳалиям коронавирус хавфини сезишмаяпти. Бунга Тошкент шаҳрида ўтказилган тўйлар мисол. Ахир “бир кунлик тўй ўтади – кетади”ни қачон йиғиштирамиз? Яқинларимиз, қолаверса, жигарбандларимизнинг ҳаётини хавф остида қолдириб, тўй қилиш шартми? Эртага ўн гулидан бир гули очилмаган келин-куёвда шу вирус аниқланса-чи? Орзу-ҳавасларга фарзандларимизни қурбон қилишни қачон бас қиламиз?

 Шу синовли кунларда озгина орзу-ҳавасни четга қўйиб турайлик

Бу ҳақда Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида: “Албатта, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер. Улар мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз”, дерлар. Ана ўшаларга Роббиларидан саловатлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир”, деган (155-157 – оятлар).

Қўрқинч деганда душмандан бўладиган хавф-хатар туйғуси тушунилади. Қаҳатчилик ёки бошқа сабаблардан келиб чиқадиган очарчилик ҳам Аллоҳ таолонинг бир нави синовидир.
Азизлар, авваламбор, ўзимиз ва фарзандларимиз учун, яқинларимиз ҳаёти учун, шу халқ келажаги учун озгина қўрқайлик, уйда қолайлик.

Қолаверса, қонунчиликда санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди.

Озод ва ҳур, демократик давлат фуқаросисиз, глобал тармоқдан бемалол фойдаланасиз ва  турли ижтимоий тармоқлар орқали фикрингизни бемалол билдирасиз. Шунга кўра, ҳуқуқий онгингиз ҳам шу даражада бўлиши лозим.

Барчангизга карантин қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик масалалари билан Адлия вазирлигининг “Huquqiy axborot” телеграм каналида танишиб чиқишни маслаҳат берардик.

Кўзга кўринмас душман – энг ёмон душман, қаердан зарба беришини олдиндан билиш имконияти йўқ. Шундай экан, келинглар, азиз юртдошлар, ушбу душманга қарши курашишда Ҳукуматимизга, тиббиётчилар армиясига уйда қолиб, ёрдам берайлик.

Омон бўлсак, ҳали бир кунлар келади, қирқ кечаю қирк кундуз тўйлар қиламиз, неча ҳайитлар-у неча Наврўзларни нишонлаймиз. Аммо ҳозир, сабрли бўлайлик, уйда қолайлик!

Зебо ҲАЙДАРОВА,
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи