Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

28

Дунёнинг гўзаллиги саломатликда эканлигини англаб етдик


Бугун дунё аҳолиси ташвишда, океан тўлқинларидек қалқиб турибди. Коронавирус пандемиясига қарши кураш кун тартибидаги бошқа мавзуларни сиқиб чиқарди. Чунки инсоният саломатлик бўлмаса, бошқа ҳеч нарса қизиқ эмаслигини англаб етди.

Пандемияга қарши кураш турли давлатларда турлича олиб бориляпти. Бу борада Хитой давлатида олиб борилган ҳаракатлар бошқаларга намуна бўлиб тургани сир эмас.

Аммо ривожланган Ғарб давлатларининг барчасида ҳам бирдек вирусга қарши кураш олиб борилаётгани йўқ. Мисол учун, Швеция ҳукумати бу борада ўзига хос йўл тутди. Яъни, Швеция тиббиётчилари аввалбошдан “аҳоли бу вирус билан касалланиб, умумжамоавий иммунитетини мустаҳкамлаб олиши керак”, деган фикрда бўлдилар.

Шу боисдан бу мамлакатда 19 мартга қадар карантин эълон қилинмади. Коронавирус билан касалланганлар алоҳида карантинга олинмади, мактаблар ва корхона, ташкилотлар ёпилмади. Коронавирус билан касалланган одамларнинг оила аъзолари тиббиёт ниқобларини тақиб олган ҳолда бемалол мактабларга, ишга қатнайверишди. Жамоат жойлари ҳам ишлаб турди. Фақат тадбирларда иштирок этувчилар сони 500 нафардан 50 нафарга туширилди, холос.  Мамлакат туристлар учун ҳам ўз чегараларини ёпмади.

Ҳатто, кеча — 27 март кунида ҳам Швецияда бар ва ресторанлар ишлаб турганлиги ҳақида хабар берилди. Ушбу жамоат жойларида “ижтимоий масофа” ушлаб турилибди, яъни ташриф буюрувчилар бир-бирига икки метр масофада яқинлашмайдилар.

Чет эл нашрларининг танқидига жавобан, швед тиббиётчилари ўзларининг услубини яхши тушунмаётганларгина танқид қилаётганини таъкидлашмоқда. Коронавирус пандемияси қанча узоқ давом этади ва аҳолини яна қанча карантинда ушлаб туриш мумкин? Вакцина ишлаб чиқилиб, етиб келгунига қадар қаттиқ изоляцияда сақлаш – мақсадга мувофиқ эмас, касалликдан қутулиш учун одамлар касалликни енгиб ўтишлари керак, – деди 27 март куни Швеция соғлиқни сақлаш агентлиги таҳлилчи директори Лиза Брауэрс.

Бугунги хабарларга қараганда, Швецияда коронавирус билан касалланган сони 3046 нафарни, ташкил қилмоқда, 92 нафар бемор вафот этган,  209 нафар бемор оғир аҳволда. Бир суткада 240 тагача  янги касалланган аниқланмоқда, бир кеча-кундузда 26 нафар инсон вафот этган.

Кечикиб бўлса-да, мамлакатдан коронавирус пандемиясига қарши кураш ўзгача тус олди.

Пандемия хавфини кеч англаган Швеция ҳукумати университет ва мактабларнинг катта синфларида масофадан туриб ўқишни жорий этишди. Ташкилотларга ўз ишчи-ходимларни масофадан туриб ишлашга ўтказишни тавсия беришди.

Мамлакат соғлиқни сақлаш агентлиги томонидан Гётеборг шаҳрида тиббий персонал учун  шошилинч ўқув-курслари ташкил этилди, тўлиқ инструктаждан ўтгач ушбу тиббиёт ходими швед ҳарбийлари томонидан қурилган янги дала госпиталида ишлайдилар.

Шу ўринда, айтиш жоизки, мамлакатимизда  пандемияга қарши курашиш бўйича 100 минг атрофида тиббиёт ходимлари мобилизация қилинган. Уларга ҳокимиятлар, ички ишлар тизими, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари яқиндан кўмаклашмоқда.

Юртимизнинг барча тиббиёт муассасалари кучайтирилган иш режимига ўтказилиб, 11та тиббиёт муассасаси ва 97 та сиҳатгоҳ, оромгоҳ ва ётоқхоналар карантинга ихтисослаштирилган. Мамлакат аҳолиси озиқ-овқат тақчиллигини сезмаслиги учун заҳиралар шакллантирилиб, нарх-навонинг сунъий ўсиб кетмаслиги жамоатчилик назорати остида.

Ушбу вирусли инфекцияни жиловлаш, тарқалишининг олдини олиш ҳамда профилактика қилиш мақсадида уй шароитида 80 мингга яқин, стационарда 12 минг нафар фуқаро карантинга олинган.

Айни вақтгача мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 16 тага ошиб, 104 нафарни ташкил этмоқда.

“Ўзини асраганни Аллоҳ ҳам асрайди”, дейди донолар. Бундай муҳим пайтда ҳеч биримиз лоқайд бўлишимиз керак эмас. Карантин тартиб-қоидаларига ўзимиз қатъий бўйсунган ҳолда, ушбу тартибга риоя этишни бошқалардан  ҳам талаб қилишимиз лозим.  Жамоатчилик назоратини ҳар қачонгидан кучайтиришимиз, зарур бўлмаса кўчага чиқмаслигимиз ва турли оилавий тадбирлар билан ҳам тўпланмаслигимиз керак.

Бугунги кунда мамлакат интернет нашрлари кўплаб саховат тадбирларини ёритмоқда. Виждони бор, ён-атрофидагиларнинг дардини ҳис қила оладиган фуқаро борки, қўни-қўнисига, маҳалладошига ёрдам қўлини чўзмоқда. Ташкилотлар ишчи-ходимлари  жамоавий аризалар билан меҳр-мурувват ва саховат фондларига бир кунлик иш ҳақларини ўтказиб беришмоқда. Ўзбек халқи оғир кунларда ҳар қачонгидан-да мустаҳкам бўлиб жипслашди.

Шу боисдан доноларнинг яна бир нақлини эсга олиш жоиз. “Бу кунлар ҳам ўтиб кетар”, аммо ўзимиз ва яқинларимизни  саломат  сақлаб қолишимиз – бугунги кундаги  энг муҳим вазифамиздир.

Зебо ҲАЙДАРОВА,
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи