Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

31

“САЙЛОВ БИЛИМДОНЛАРИ” КЎРИК-ТАНЛОВИНИНГ ВИЛОЯТ БОСҚИЧИ ҒОЛИБЛАРИ АНИҚЛАНДИ


Сирдарё вилоят юридик коллежи биноси эрталабдан танлов иштирокчилари билан гавжум бўлди. Танловнинг вилоят босқичига туман-шаҳар босқичларидан икки ёш тоифасида 6 нафардан иштирокчилар қатнашдилар.

Тадбирни вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Иномжон Қудратов кириш сўзи билан очиб берди.

-Танловни ўтказишдан асосий мақсад – аҳоли, айниқса, ёшлар, шу жумладан участка ҳамда округ сайлов комиссиялари  аъзоларининг сайлов қонунчилиги бўйича билимларини оширишдан иборат, - деди маърузачи ўз сўзида.

Шундан сўнг танловнинг биринчи шарти-сайлов қонунчилиги бўйича тузилган 25 та саволдан иборат тест синови ўтказилди.

-        Айтиш жоизки, фуқароларимизнинг сайлов қонунчилигидан хабардорлиги жуда яхши, буни улар томонидан ечилган тест жавобларидан билса бўлади, - дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси, “Адолат” социал-демократик партияси вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Валижон Тўйчиев.

-        Тест саволларининг ичида чалғитувчи саволлар ҳам бор эди, 80 фоиз иштирокчи ушбу саволларнинг жавоблари нотўғри эканини аниқлай олдилар.

-        Бизни қувонтиргани - иштирокчилар орасида уюшмаган аҳоли ва ёшлар вакиллари ҳам бўлгани, - дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси, Ўзбекистон Либерал демократик-партияси Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби Сабоҳат Бобоева. – Адлия бошқармаси томонидан ўтказилаётган  бундай тарғибот тадбирлари электоратимизнинг сайлов қонунчилиги бўйича билимларини мустаҳкамлайди ва сайловлар юксак савияда ўтишини таъминлайди.

Тест топширган 60 нафардан ошиқ иштирокчининг 45 нафари 38 баллдан юқори балл тўпладилар ва иккинчи шартга қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.

       Танловнинг иккинчи шарти – “Мен номзод бўлсам...” шарти бўлиб, ушбу шартда ҳар бир иштирокчи   Олий Мажлис қонунчилик палатасига, Халқ депутатлари вилоят, туман-шаҳар Кенгашларига депутатликка ўз номзоди қўйилганда қайси долзарб мавзуни ўз дастурига киритиши ҳақида 5 дақиқа иччида аниқ, қисқа, лўнда  жавоб бериши керак эди.

-        Иштирокчиларимизнинг   депутатликка номзод сифатида олға сурган мавзулари жуда долзарб ва ранг-баранг бўлди, ҳакамлар ҳайъатида аъзо бўлган сиёсий партиялар вакиллари ҳам ўз дастурлари учун баъзи таклифларни ёзиб олдилар, - дейди ҳакамлар ҳайъати раиси, адлия бошқармасининг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи Азизжон Мавлонов.
        Беш соат давом этган қизиқарли савол-жавоблардан сўнг ғолиблар аниқланди. Катта ёш тоифасидагилар орасида танловнинг мутлақ ғолиби – Янгиер шаҳрилик иштирокчи Жамшид Баратов бўлди. Иккинчи ўринни Гулистон туманилик Комилжон Хасанов эгаллади. Учинчи ўрин   Акмалжон Маматқуловга насиб этди.
      Ўттиз ёшгача бўлган ёш тоифасида биринчи ўринга Гулистон туманилик – Ҳожиакбар Сулаймонов, иккинчи ўринга Янгиер шаҳрилик Дониёр Шерматов, учинчи ўрин вилоят юридик коллеж талабаси Шаҳзод Бозорбоев муносиб деб топилдилар.

         Ғолибларга вилоят адлия бошқармасининг ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

- Ушбу танлов мен учун жуда  ҳам қизиқ бўлди, мен билан қатнашган бошқа иштирокчилар ҳам сайлов қонунчилигидан хабардор эканликларини кўриб, бошида озгина ҳаяжонландим. Аммо, ўз билимимга таяниб иш кўрдим ва ғолиб бўлдим. Танлов ташкилотчиларига иштирокчилар номидан миннатдорчилик билдираман, - дейди танлов ғолиби Жамшид Баратов. 
Танлов доирасида Сирдарё вилоят телевидениеси ижодий гуруҳи билан блиц-сўров ўтказилди.