Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

14

СИРДАРЁДА "ҲУҚУҚИЙ БИЛИМЛАР КУНИ" ФЛЕШМОБИ ЎТКАЗИЛДИ


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ташаббуси билан бугун республикамизнинг барча ҳудудларида “Ҳуқуқий билимлар куни” акциясига старт берилди.

Ушбу акция Сирдарё вилоятининг Сайхунобод тумани Маданият ва истироҳат боғида кўтаринки руҳда ўтказилди. Тадбирни вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Иномжон Қудратов очиб берди.

-        Дарҳақиқат, биз инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳамма нарсадан устун бўлган, эркин, демократик давлатда яшаяпмиз. Табиийки, бундай жамиятнинг фуқаролари ўз ҳуқуқ ва бурчларини яхши билиши, қонунларга ҳурмат руҳида муносабатда бўлиши лозим. Юксак ҳуқуқий маданият - демократик жамият пойдевори ва ҳуқуқий тизимнинг етуклик кўрсаткичидир. Бугунги тадбиримизнинг мақсади эса аҳолининг барча қатламининг ҳуқуқий билимларини оширишдан иборат, - дейди И.Қудратов ўз сўзида.

#huquqiybilimlarkuni хештеги остида Сирдарё вилоятининг Сайхунобод тумани Маданият ва истироҳат боғида ўтказилган тадбир мингга яқин ёшлар, аҳолининг турли тоифаларини қамраб олди. Акция доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Сирдарёдаги қабулхонаси, Давлат хизматлари агентлиги ҳудудий бошқармаси, божхона бошқармаси, "Соғлом авлод учун" Халқаро ҳукуматга қарашли бўлмаган хайрия фонди, вилоят Ахборот кутубхона маркази, " Тасвирий оина" ижодий уюшмасининг вилоят бўлими, Миллий маданий марказлар, "Истиқболли авлод" ННТ каби 10дан зиёд вилоят ташкилотлари, туман Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, болалар мусиқа ва санъат мактаби, ўрта махсус коллежлар, туман тиббиёт бирлашмаси, хусусий китоб дўконлари, "Баркамол авлод" маркази каби 20 га яқин ташкилот ва муассасалар иштирок этдилар.

-        Акция давомида адвокатлар ва нотариусларнинг ҳуқуқий маслаҳатлари ташкил этилиб, бизга 10 га яқин фуқаро ўз муаммолари билан мурожаат қилдилар, - дейди Сирдарё туман 2-сон давлат нотариал идораси нотариуси Комилжон Хушвақов.

Тантанали очилиш маросимидан сўнг, 7 ёшдан 14 ёшгача иштирокчилар “Ҳуқуқ билимдонлари”, 18 ёшдан катта аҳоли “Сайлов билимдонлари” танловларида иштирок этдилар. 20 нафар кўнгилли уларнинг тестларни ҳаққоний ечишларини назорат қилиб турди. Танлов сўнггида ғолиблар Адлия вазирлиги логотипи туширилган совғалар билан тақдирландилар.

Флешмоб доирасида Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббус бўйича кўргазмалар ва мусобақалар ўтказилди.

-        Мен бу ерга ўзимнинг хусусий корхонамда ишлаб чиқарилган 10 турдаги маҳсулотларим билан қатнашяпман, - дейди Сайхунободлик тадбиркор Сайёра Асатуллаева. – Корхонам қошида ошхона, тикув цехи, нонвойхона, сартарошхона  мавжуд бўлиб, тикув цехимизда тикилаётган синтефон кўрпа-ёстиқлар бугун вилоятимиз бозларида жуда харидоргир. 10 дан зиёд тикувчи қўли-қўлига тегмай буюртма тикиш билан банд.

-        Бизнинг Баркамол авлод марказимизда турли-туман тўгараклар халқ ичида анча танилган, айниқса, компьютер тўгарагимизда 3Д принтер орқали ишлаб чиқараётган буюмларимиз кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда, - дейди марказ директори Саодат Очилова.

Томошабинларга дзюдо жамоасининг кўргазмали чиқишлари, таэквондочи қизларнинг жанговар машқлари жуда ёқди. Айниқса, халқаро мусобақада фахрли 2-нчи ўринни эгаллаб қайтган шашкачилар жамоасининг қизиқарли ўйинлари ёшларнинг эътиборини тортди.

Худди шу ерда китоблар ярмаркасини ҳам ташкил этилиб, иштирокчилар ўзлари ёқтирган китобларни харид қилдилар.

    Рус миллий маданий маркази қошидаги “Гармония” ансамбли ҳамда тумандаги Болалар мусиқа ва санъат мактабининг ансамбли чиройли қўшиқ ва рақслари билан тадбирга кўтаринки руҳ бағишлади.

  Тадбирда шоир Ҳаёт Шодмон ёш шеърият ихлосмандлари билан мушоира ўтказди.

    Акция сўнгида танловда фаол иштирок этган барчага Адлия вазирлиги логотипи туширилган совғалар тақдим этилди.
    Сайхунобод тумани ўтказилган ушбу флешмоб иштирокчилдар қалбида узоқ вақт сақланиб қолади.