Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

20

АДЛИЯ ТАДБИРКОРГА ДЎСТ


Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги республикамизда қулай инвестия муҳити  ҳамда кичик ва ўрта бизнес юритишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, коррупциянинг олдини олиш, тадбиркорликнинг йўлига ғов бўлиши мумкин бўлган  ҳар қандай бюрократик тўсиқларнинг олдини олиш борасида қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда.

   Адлия вазирлигининг навбатдаги “Адлия тадбиркорга дўст” лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича қабулхонаси ҳамкорлигида илк маротаба амалга оширилаётган янги лойиҳа бўлиб, унинг доирасида  янгича ёндошув асосида тадбиркорларнинг фикрлари ва таклифларини ўрганиш орқали уларнинг фаолиятида юзага келаётган муаммоларини ҳал этиш, тадбиркорларнинг молиявий ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, давлат хизматларини кўрсатиш тизими ҳамда мазкур соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш мақсадида амалга ошириш режалаштирилган.

Вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан ушбу мавзуда ташкил этилган тадбирда Сирдарё вилояти иқтисодий суди,  Божхона бошқармаси, Давлат солиқ бошқармаси, Сирдарё вилоятидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси, Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси ҳамда вилоят “Тадбиркор аёллар” уюшмаси, шунингдек, тегишли давлат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Дастлаб тадбир қатнашчилари вилоят тадбиркорлари томонидан ташкил этилган кўргазмаларни томоша қилдилар.
-        Мен бошда фаолиятимни ноқонуний юритганман, кейинчалик, туман адлия бўлими ҳамда “Тадбиркор аёл” уюшмаси томонидан тўғри маслаҳатлар олдим ва расман иш бошладим. Шу қисқа давр ичида икки маротаба турли танловларда ҳам қатнашдим. Энг қувончлиси, яқинда Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро ҳунармандчилик фестивалида иштирок этиб қайтдим, - дейди Сирдарё туманилик Наргиза Марасулова. – Фестивалда ўзим тўқиган, қўл меҳнатим билан яратилган оёқ кийимларимни намойиш этдим ва “Энг тажрибали  ҳунарманд” йўналишида ғолиб бўлиб, 500 долларлик сертификатни қўлга киритдим. Бугун мени тўғри фаолият юритишга ундаган барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Тадбирда  Адлия вазирлигининг “Адлия тадбиркорга дўст” лойиҳасининг мақсади ва аҳамияти ҳақида вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Иномжон  Қудратов тадбиркорларга батафсил маълумот берди.
 Ундан сўнг сўзга чиққан   Сирдарё вилоят иқтисодий суди раиси Аъзамжон  Худойбердиев  тадбиркорларга иқтисодий судда кўриб чиқилган тадбиркорлик субъектлари орасидаги низолар, йўл қўйилган хато ва унинг оқибатлари тўғрисида самимий гапириб берди.

Худди шундай Сирдарё вилоятидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудири Умиджон Маматқулович Расулов қабулхонага келиб тушган мурожаатлар, уларга берилган ҳуқуқий кўмак ҳақида, янги лойиҳа доирасида адлия ходимлари билан биргаликда янгича ёндошув асосида тадбиркорларнинг фикрлари ва таклифларини ўрганиш орқали уларнинг фаолиятида юзага келаётган муаммоларини ҳал этиш  масалалари ҳақида атрофлича сўзлаб берди.

Шунингдек, тадбиркорлар билан  вилоят солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Камолиддин Умрзоқовнинг суҳбати ҳам самимий кечди.
-        Буюк аллома Нажмиддин Кубро ҳазратлари “Муваффақиятни – саъй-ҳаракатда, муваффақиятсизликни эса – лоқайдлик ва дангасаликда кўрдим”, деб бежиз айтмаганлар. Ҳақиқатан ҳам, биз фақат фаол тадбиркорлик, тинимсиз меҳнат ва интилиш орқали тараққиётга, фаровон ҳаётга эриша оламиз, бугун тадбиркорларимиз орасида ўз ҳаракати, меҳнати билан ижобий натижаларга эришган тажрибали тадбиркорларимиз ўтиришибди. Улардан ўз тажрибалари, билимларини ошириб борганликлари хусусида тингласак, - дея таклиф билдирди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Жамшидхон Нуритдинов.

Сўз олган вилоят  “Тадбиркор аёл” уюшмаси раиси, “Нозигул Сардор Оқолтин” клиникаси раҳбари Гулчеҳра Жонжигитова иштирокчиларга ўзининг илк қадамлари, оддий уйда нон ёпиб сотишдан, бугунги кунда вилоятнинг илғор тадбиркор аёлига айлангунга қадар бўлган йўлни     ҳаяжон билан гапириб берди.  Шунингдек, Бош вазирнинг Сирдарё вилоятидаги тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси кўмагида оёққат туриб олган тадбирлар ҳам ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.

  Дарҳақиқат, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, уларнинг тадбиркорлик соҳасидаги саъй-ҳаракатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Шу билан бирга нафақат улар, балки тадбиркорлик соҳасига қўл урган барчага имтиёзли кредитлар берилиб, оёққа туриб олишида кўмаклашилмоқда.
-         “Адлия тадбиркорга дўст” лойиҳасида   тадбиркорларнинг молиявий ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, давлат хизматларини кўрсатиш тизими ҳамда мазкур соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш кўзда тутилган бўлиб, бу тадбиркорларнинг келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлайди, - дейди вилоят адлия бошқармаси Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўйича бўлим бошлиғи Санжар Ўрмонов.
Тадбирдан сўнг адлия ходимлари  5 нафар тадбиркорларнинг оғзаки  мурожаатларини қабул қилдилар.