Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

19

АДЛИЯ ХАЛҚ ОРАСИДА


Гулистон шаҳридаги қурилиш касб-ҳунар коллежи ҳовлисида вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Жамшидхон Нуритдинов шаҳар аҳолиси билан очиқ мулоқот ўтказди.
Очиқ мулоқотда шаҳар ҳокими ўринбосарлари, тижорат банклари вакиллари, давлат нотариал идоралари нотариуслари иштирок этиб, фуқароларнинг мурожаатларини тингладилар.
-Мен шаҳардаги Навбаҳор маҳалласида яшайман. Ишсизман. Аммо, қўлимдан тикиш-бичиш келади. Шу боисдан, мирокредит олмоқчи эдим, - дейди Насиба Туропова. – Бу ерда арзимни эшитгач, адлия бошқармаси бошлиғи ва тижорат банки вакили муҳокама қилиб, менга 2,5 млн сўм миқдорда тикув машинкаси харид қилиш учун кредит ажратиладиган бўлди. Тикув машинкаси сотиб олсам, оиламгаям, маҳалламгаям фойдам тегади, деган умиддаман.
Қабул жараёнида иштирок этаётган икки нафар нотариуснинг ҳам ёнидан одам аримади. Нотариуслардан бири – Рашид Эминовни саволга тутдик:
-        Бугун эрталабдан буён 10 нафардан зиёд фуқаронинг мурожаатини тинглаб, ҳуқуқий тушунчалар бердик, - дейди Р. Эминов. – Шу жумладан, мурожаатларнинг кўпчилиги, айнан бизнинг соҳамизга тегишли эканини айтиб ўтиб жоиз деб биламан. Мисол учун, фуқаромиз А.О. нинг бобоси оламдан ўтган, аммо, тириклигида икки ўғли яшайдиган ҳовлини биттасининг номига расмийлаштириб берган. Орадан вақт ўтгач, ўртадан оқибат кўтарилиб, амакиси акасининг фарзандлари ва набираларини ҳовлига пропискага қўйишга рухсат бермаяпти. Бу иш фақат суд орқали ўз ажримини топиши мумкин. Ёки бўлмасам, ҳовли 1905 йилда туғилган ва аллақачонлар вафот этиб кетган бобонинг номида турибди. Ундан кейинги меросхўр – ўғил ҳам оламдан ўтган. Ҳозир ҳовлида учинчи авлод вакиллари истиқомат қилишади, аммо, ҳовлини расмийлаштирай деса, на висятнома бор, на бир ҳужжат. Фуқароларимизнинг ҳали ҳамон ҳужжатларга лоқайдлик билан қарашаётгани уларнинг ҳуқуқий онги шаклланмаганидан, деб ўйлайман.
Шу билан бирга тадбирда икки йилдирки, болаларини боғчага жойлай олмаётган, давлат хизматлари маркази ҳам амалий ёрдам кўрсата олмаётган аёллар ҳам мурожаат билан иштирок этишди. Уларнингмуаммоларини ҳал этиш бўйича мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди.
         -Бизнинг “Обод юрт”МФЙ 2018 йилда “Обод маҳалла”дастурига тушган эди.чиройли бошланган таъмирлаш-тузатиш ишлари, афсуски, якунлансдан қолди. Хусусан, маҳалладаги 81-82 уйлар ёнидан ўтган йўл таъмири тугалланмай қолди, канализация таъмири охирига етказилмади, - дейди фуқаро З. Умматқулов. – Мурожаатимизни адлия бошқармаси бошлиғи тегишли ташкилотлар вакиллари билан тинглаб, ижобий якун топадиган бўлди. Биз бундай очиқ ва яқиндан мулоқотлар ташкилотчиларидан жуда хурсандмиз.
  - Икки соат давом этган очиқ мулоқот давомида жами 20 та мурожаат қабул қилинди, 5 таси жойида ижобий ҳал этилди, қолганлари назорат остига олинди, - дейди Гулистон шаҳар адлия бўлими бошлиғи Н.Қаршибоев. – Муҳими, халқ адлия органларининг яқин ва очиқ эканлигини, уларнинг муаммоларини эшитишга ва яқиндан ёрдам беришга тайёр эканини билиб олди.
   - Бугунги кунда адлия вазирлигининг “advice.uz” янги ҳуқуқий ахборот портали, “Telegramm”мессенжеридаги  @anticorbot боти, “Facebook” даги саҳифалари орқали кўплаб мурожаатлар тушмоқда ва ўз ечимини топмоқда. Қолаверса, адлия вазирлиги томонидан эълон қилинган турли лойиҳалар, жумладан, “Инсон ҳуқуқлари –олий қадрият”, “Street law” , “Ҳуқуқий ахборот кунлари”лойиҳалари давомида ҳам аҳоли билан манзилли мулоқотлар ташкил этиляпти, - дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Жамшидхон Нуритдинов.