Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

23

Юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритишнинг мезонларини белгилаш тўғрисидаги НИЗОМ


Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2018 йил 18 июнда 3023-сон

билан рўйхатга олинган

Давлат солиқ қўмитасининг

2018 йил 11 июндаги

2018-52-сон қарорига

ИЛОВА

Юридик шахсларни йирик солиқ

тўловчилар тоифасига киритишнинг

мезонларини белгилаш тўғрисидаги

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 июлдаги ПФ-5116-сон "Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига асосан юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритиш мезонларини белгилайди.

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Мазкур Низом солиқ маъмуриятчилигини амалга ошириш мақсадида ушбу Низомнинг 4-бандида белгиланган мезонлар асосида аниқланган йирик солиқ тўловчи юридик шахслар тоифасига татбиқ этилади.

2. Йирик солиқ тўловчилар бўйича мезонлар Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 222-моддасига асосан солиқ тўловчиларга солиқ солиш тартибини танлаш ёки ўзгартириш ҳуқуқини бермайди.

3. Йирик солиқ тўловчилар бўйича солиқ маъмуриятчилиги Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида белгиланган тартибда амалга оширилади.

2-БОБ. ЮРИДИК ШАХСЛАРНИ ЙИРИК

СОЛИҚ ТЎЛОВЧИЛАР ТОИФАСИГА

КИРИТИШНИНГ МЕЗОНЛАРИ

4. Юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритиш учун олдинги солиқ даври якуни бўйича қуйидаги мезонларга бир вақтнинг ўзида мос келадиган юридик шахслар танлаб олинади:

солиқ даври якуни билан ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаси энг кам иш ҳақининг 200 минг бараваридан кам бўлмаган;

товар айланмаси ҳажми энг кам иш ҳақининг 300 минг бараваридан кам бўлмаган;

жами активлари қиймати энг кам иш ҳақининг 100 минг бараваридан кам бўлмаган.

5. Энг кам иш ҳақи миқдори йирик солиқ тўловчилар тоифасини аниқлаш учун танланган солиқ даври якунида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисобга олинади.

6. Йирик солиқ тўловчилар тоифасини белгилашда, мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатиб ўтилган мезонлар, юридик шахсларнинг ўтган йилдаги солиқ даври якуни бўйича солиқ органларига тақдим этган солиқ ҳамда молиявий ҳисоботларидаги кўрсаткичларига асосан аниқланади.

7. Йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар солиқ даври якуни билан мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатилган мезонларга жавоб бермаса, ушбу юридик шахслар навбатдаги бир йил мобайнида йирик солиқ тўловчилар тоифасида қолади.

8. Мазкур Низом татбиқ этиладиган йирик солиқ тўловчилар рўйхати ҳар йили кейинги солиқ даври бошлангунга қадар бир ойдан кечикмай Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланади.

Йирик солиқ тўловчилар рўйхатига киритилган юридик шахслар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари томонидан тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан беш кун ичида бу ҳақда ҳисобга қўйилган жой бўйича ёзма равишда, шу жумладан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали хабардор қилинади.

9. Йирик солиқ тўловчилар рўйхатидан чиқарилган юридик шахслар ушбу тоифадан чиқарилганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан беш кун ичида ёзма равишда, шу жумладан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали хабардор қилинади.

10. Йирик солиқ тўловчилар рўйхатига киритилган юридик шахслар улар йирик солиқ тўловчилар рўйхатидан чиқарилганлиги тўғрисидаги хабарномани олмагунга қадар йирик солиқ тўловчилар тоифасида қолади.

3-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

11. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

12. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 19 июнь