Коррупция –тараққиёт кушандаси

Инсоният тарихида давлатлар шакллангандан буён коррупция уларни ичдан емирадиган ижтимоий иллат сифатида вужудга келди, ҳокимият ва бойлик учун ҳирслар таъсирида ривож топди. Ҳозир авж олиб бораётган глобаллашув жараёнида бу даҳшатли иллатнинг бир давлат эмас, бутун бир минтақа ёки жаҳон тараққиётига таҳдид солувчи тури - халқаро коррупция пайдо бўлди. У демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилишига олиб келади, иқтисодий ривожланишни издан чиқаради, жамият ва давлат учун ўта хавфли бўлган уюшган жиноятчилик ва терроризмнинг кенг ёйилишига шароит яратиб беради.

Коррупция сўзи - лотинча «пора бериб сотиб олиш» маъносини англатиб, мансабдор шахслар томонидан уларга берилган ҳуқуқ ва имкониятлардан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланишни ифодаловчи сиёсий ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолият тушунилади.

Демократик давлатлар коррупцияни ривожланиш ва янгиланишнинг илдизига болта урувчи хавфли иллат сифатида тан олиб, бу борада тизимли равишда иш олиб боришни ўзларининг асосий вазифалари деб белгилаганлар.

Ўтмишга назар ташласак, жаҳон тарихининг турли даврларида ҳар хил давлатлардаги катта-кичик мансабдорлар томонидан коррупцияга оид жиноятлар содир этилгани, коррупцияга қарши қонунлар қабул қилиниб, ўзига хос жазолар тайинланганининг гувоҳи бўламиз.

Пора бериш дунёнинг барча динлари томонидан ҳам қораланган. Жумладан, Қуръонда: «Бир-бирларингизнинг мулкларингизни ноҳақ ўзлаштириб олманглар ва бошқаларнинг мулкини ўзлаштириш ниятида қозиларга рибо берманглар», - дейилган.

БМТнинг халқаро миқёсда коррупцияга қарши кураш бўйича маълумотида шундай дейилган: “Коррупция – бу шахсий мақсадларда наф кўриш учун давлат ҳокимиятини суиистеъмол қилиш”.

Коррупцияга қарши кураш борасидаги энг асосий халқаро ҳужжат бу - шубҳасиз, БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси мазкур халқаро ҳужжатга қўшилган: Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан “БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги Қонуни 2008 йил 24 июнда қабул қилинди ва 2008 йил 27 июнда Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Сенати томонидан маъқулланди ва 2008 йил 28 августдан эътиборан кучга кирди.

Коррупция жиноятларига оид нормаларда жиноят предмети сифатида фақат моддий хусусиятдаги манфаатлар таъкидланади (масалан: пул, буюм, моддий қийматликлар ва ҳ.к.лар), лекин қонунда моддий қийматликлардан ташқари қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларга жиддий зарар, зиён ҳақида ҳам гапирилади. Фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига жиддий зиён ёки зарар етказилганда жиноят предмети нафақат моддий ёки номоддий бойликлар, балки турли мазмундаги ҳолатлар ҳам бўлиши мумкин.

Бошқарув тартибига қарши коррупция жиноятларида ҳаракат айнан ғайриқонуний бўлиши керак ва бу хизмат вазифаларининг бажарилиши билан алоқадор бўлиши лозим. Аксарият ҳолларда мансабни суиистеъмол қилинганида унинг ҳуқуққа хилофлик хусусияти яққол намоён бўлади, сабаби бу ҳаракатлар айрим қонун нормаларнинг бузилиши билан содир этилади. Масалан, назорат ёки тафтиш органлари ходимлари талон-торожни атайлаб яширадилар, аниқланган камомадни тафтиш далолатномаларида кўрсатмайдилар, корхона раҳбарлари ғараз мақсадларда молиявий ёки штат интизомини бузадилар ва ҳ.к.лар. Бошқарув тартибига қарши коррупция жиноятлари ичида, давлат ёки жамоат мулкларини вақтинчалик фойдаланишга бериб туриш, ғайриқонуний равишда моддий бойликларни сарфлаб юбориш ёки кераксиз йўналишга сарфлаш, порахўрлик кабилар кўпроқ учрайди. Бундай ҳаракатлар моддий томондан корхона ва ташкилотларга жиддий зарар етказади.

Мухтасар қилиб айтганда, Коррупция - жамият тараққиёти учун жуда хавфли жиноят бўлиб, у нафақат хуфёна, балки коррупцияга доир муносабатларга киришган томонларнинг ўзаро келишувига биноан содир этилади. Аксарият ҳолларда у тегишли ҳокимият органларига шикоят берилишига сабаб бўлмайди, чунки ғайриқонуний келишувдан иккала томон ҳам наф кўради. Ҳатто пора сўраш ҳоллари устидан ҳам камдан-кам ҳолда шикоят қилинади, Коррупция ҳаракатлари одатда давлат фаолиятининг мутахассис бўлмаган кишилар тушуниши анча қийин бўлган ўзига хос турларида содир этилади ва у ўта мослашувчан жиноятдир.

А.Хўжаназаров, Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бўлими бош маслаҳатчиси   


Рўйҳатга қайтиш