Биз ишонган ёшлар

Касб-ҳунар коллежи битирувчиларининг бандлиги масаласи – долзарб вазифа

Биринчи Президентимиз Ислом Абдуганиевич Каримовнинг раҳнамолигида мустақиллик йилларида жисмонан соғлом, маънан етук авлодни вояга етказиш, ёшлар онги ва қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғусини юксалтириш, уларнинг замон талаблари даражасида таълим-тарбия олиши, истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун яратилаётган шарт-шароитларни ёшларга етказиш, олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш мақсадида қатор амалий ишлар олиб борилди. Ёшларга оид давлат сиёсатининг кенг қамровли таъсири натижасида мамлакатимизнинг 25 йиллик тараққиёти даврида миллионлаб келажагимиз бунёдкорлари вужудга келди,деб айтишга тўла асосимиз бор.

Албатта, бу эришилган ютуқлар чегара эмас. 2016 йил 14 сентябрь куни “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунининг янги таҳрири қабул қилинганлиги ҳам ана шундан далолатдир. Мазкур қонун дастлаб, Олий мажлиснинг Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 12 августда қабул қилинди. Сенат томонидан 2016 йил 24 августда маъқулланган.

Ушбу Қонуннинг мақсади ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ушбу қонуннинг 5-моддасида белгилаб берилган:

ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш;

ёшларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш;

ёшларнинг маънавий, интеллектуал, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашиш;

ёшлар учун очиқ ва сифатли таълимни таъминлаш;

ёшларни ишга жойлаштириш ва уларнинг бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш;

ёшларни ватанпарварлик, фуқаролик туйғуси, бағрикенглик, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашларга эга қилиб тарбиялаш;

ёшларни ахлоқий негизларни бузишга олиб келадиган хатти-ҳаракатлардан, терроризм ва диний экстремизм, сепаратизм, фундаментализм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилиш;

ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш;

иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш;

ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;

ёшларда соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш, шунингдек ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва ёшлар спортини оммавий ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;

ёш оилаларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитларни яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тизимини амалга ошириш;

ёшларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини рўёбга чиқариш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш.

Демак, ёшларга оид давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири –“ёшларни ишга жойлаштириш ва уларнинг бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш” деб белгиланган. Бу вазифаларни адо этиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёшларнинг бандлиги ва уларни ишга жойлаштириш сиёсати рўёбга чиқарилишини таъминлайди, меҳнат бозори ва ёш мутахассисларни ишга жойлаштириш амалиёти мониторингини ташкил этади; таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари манфаатдор органлар ва муассасалар билан биргаликда ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари битирувчилари бандлигининг таҳлилини амалга оширади ҳамда унинг натижалари асосида таълим муассасаларида мутахассисларни тайёрлашни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига тегишли ҳудудда жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ёшларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашади.

Мазкур Қонуннинг яна бир диққатга сазовор жиҳати шундаки, унда бугунги бозор иқтисодиёти даврида ёшларнинг бандлиги масаласини ҳал этиш мақсадида уларни тадбиркорлик соҳасига кенг жалб этиш масаласи ҳам Қонуннинг 26-моддасида эътиборга олинган. Унда қуйидагилар белгиланган.

Давлат ёшларнинг иқтисодий мустақиллигини қўллаб-қувватлайди.

Ёшлар тадбиркорлигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш:

давлат органлари томонидан ёшлар тадбиркорлигини ташкил этишда кўмаклашиш;

ёшларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш мақсадида имтиёзли кредитлар бериш;

ёшларни тадбиркорлик фаолияти асослари бўйича ўқитиш, таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасида ҳамкорликни шартнома асосида ривожлантириш;

ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш дастурларини ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқариш йўли билан амалга оширилади.

Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли имтиёзлар ва афзалликлар белгиланади.

Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”гиЎзбекистон Республикасининг Қонуни мамлакатимиз ёшларининг келажаги янада истиқболли ва порлоқ бўлишини таъминлашга хизмат қилади.

Шу ўринда, касб-ҳунар коллежи битирувчиларининг бандлиги масаласи қандай ҳал этилаётганлигини Оқолтин саноат касб-ҳунар коллежи мисолида кўриб чиқишни лозим топдик.

Оқолтин саноат касб-ҳунар коллежи директори Нуриддин Юлдашев қуйидагиларни маълум қилди:

Оқолтин саноат касб-ҳунар коллежида 2015-2016 ўқув йилида 85 нафар талаба 4 та йўналиш бўйича коллежни тамомлаган. Жумладан,”Электр жиҳозлари ва тармоқларини монтаж қилиш ва хизмат кўрсатиш” йўналиши бўйича 13-нафар, “Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш бўйича техник-механик” йўналиши бўйича 21 нафар, “Компьютер ва компьютер тармоқларини ишлатиш ва уларнинг дастурий таъминоти йўналиши бўйича -27 нафар, “Тикув ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш техник-технологи” йўналиши бўйича- 23 нафар битирувчи тегишли мутахассислик бўйича дипломга эга бўлган.

Коллежда 2015-2016 ўқув йилида коллеж битирувчиларини эгаллаган мутахассисликлари бўйича иш билан таъминлаш борасида белгиланган вазифаларни ижроси” юзасидан қатор ишлар амалга оширилди. Коллежда “Битирувчи -2016” штаби ташкил этилди.Битирувчилар электрон базаси яратилди. Ўз мутахассисликлари бўйича иш билан таъминланишига кўмаклашиш мақсадида битирувчи ва уларнинг ота-оналари билан сўровномалар ўтказилди,тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган битирувчилар рўйхати шакллантирилди.

Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган 30 нафар битирувчиларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш,банклардан имтиёзли кредит маблағлари олиш йўллари бўйича бошланғич тушунтириш ишлари олиб борилди. Шу асосда Марказий банк, Микрокредитбанк, Миллий банк, туман давлат солиқ инспекцияси,”Ягона дарча” маркази билан ҳамкорликда 4 та йиғилиш, 2 та семинар,4 та учрашувлар ўтказилди. Натижада 18 нафар битирувчи Микрокредитбанкка имтиёзли кредит олиш мақсадида ҳужжатларни тақдим этди, 2 нафар битирувчи якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини бошлади.

Шуниси диққатга сазворки, 85 нафар битирувчи ўз мутахассислиги бўйича олган назарий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида тумандаги 10 та корхона ва ташкилотлар билан дипломолди амалиётини ўтади.Уларнинг барчаси тўрт томонлама шартномалар имзолаганлиги ҳам битирувчиларнинг ишга жойлашишларига қулайлик яратди.

Коллежда битирувчи қизлар бандлиги бўйича ҳам алоҳида самарали ишлар амалга оширилди. Коллежда ҳар ой якунида туман хотин-қизлар қўмитаси ва коллежнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари бошчилигида тумандаги маҳаллалар диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий масалалар бўйича маслаҳатчилари йиғилиши ўтказилиб,қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар режали асосида вазифалар тақсимланди, ҳисоботлари эшитилди.

Юқорида таъкидланган ишларнинг барчаси битирувчиларнинг бандлиги масаласини ижобий ҳал этилишига асос бўлди.

Албатта, туманимиздаги Оқолтин гидромелиорация ва хизмат кўрсатиш, “Фарғона” қишлоқ хўжалик, “Аҳиллик” маиший хизмат кўрсатиш, касб-ҳунар коллежи битирувчилари бандлигини таъминлаш борасида ҳам зарурий чора-тадбирлар кўрилган.

Хулоса қилиб айтганда, касаб-ҳунар коллежи битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган экан, унинг ижросини таъминлаш учун барча ўз масъуллигини тўлиқ ҳис этмоғи шарт. Ана шундагина биз ишонган ёшлар буюк келажагимиз бунёдкорлари бўлишда янада ғайрат, шижоат билан ўз ҳиссасини қўшаверишади.

М.Джураева, Оқолтин туман ФҲДЁ бўлими мудираси


Рўйҳатга қайтиш