Оила мустахкамлиги – жамият мустахкамлигини таъминлайди

Оила азал-азалдан муқаддас қўрғон саналган. Инсон оилада дунёга келади, улғайиб камол топади. Энг аввало оила мустаҳкам, тинч бўлса жамият барқарор бўлади. Униб ўсаётган фарзандлар ҳар томонлама камол топишига имкон яратилади.

Мустақилликнинг илк кунлариданоқ оиланинг жамиятда тутган ўрнини янада ошириш, уни ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий-ахлоқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оилада тиббий маданиятни шакллантириш, соғлом оила вужудга келиши учун барча ташкилий-ҳуқуқий шароитларини яратиш, оила маънавиятини юксалтириш соҳасидаги ислоҳотларни тизимли босқичма-босқич амалга ошириш стратегияси белгилаб олинди.

Мамлакатимизда оила институтини ҳимоялайдиган мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратилган. Оила муносабатларини мустаҳкамлаш, уларнинг барқарор ривожланиши учун кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, уларнинг ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар жамиятимизнинг ривожланиши ва оилаларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиши белгиланган. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугун Конституция тўғрисида, унинг маъно-мазмуни ва устувор тамойиллари ҳақида гапирар эканмиз, асосий қомусимизда биринчи навбатда шахс манфаатларининг давлат манфаатларидан устун этиб белгилангани, инсон унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари энг олий қадрият сифатида муҳрлаб қўйилганини яна бир марта таъкидлаб ўтиш ўринлидир.

Шундай экан, оила қураётган ёшларга мазкур ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, оила қонунчилиги асослари, соғлом турмуш тарзи, фарзандлар тарбиясига оид билимларини ошириш бугунги куннинг вазифаси ҳисобланади. Никоҳ ёшига амал қилмасликка қарши чора тадбирлар кучайтирилди. Чунки соғлом фарзанд фақатгина соғлом ота-онадан туғилади. Бунда эса никоҳ ёши муҳим аҳамиятга эга.

Қонунчилигимизда никоҳ муносабатларига киришишда қонунда белгиланган ёшга амал қилмаганлик, никоҳ ёшига етмаган шахс билан оила қурганлик ва ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни уйлантирганлик (ёки узатганлик) учун, шунингдек никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга оширганлик учун тегишли ма-мурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

Никоҳ муносабатлари қанчалик соф, ихтиёрий, шунингдек, қонун талабларига асосланган ҳолда бўлса, албатта, шу оиланинг мавқеи, обрў-эътибори баланд бўлади. Ана шундай оила фарзандлари эса комил инсон бўлиб вояга етадилар.

Ҳар бир инсон учун энг катта бахт оилавий хотиржамлик ва фаровонликдир. Оиласидан, фарзандларидан кўнгли тўқ инсоннинг ишида унум ва барака бўлади.

ФҲДЁ бўлимларига катта орзу ва ниятлар билан кириб келаётган йигит-қизлар ўзлари қураётган оила жамиятининг бир бўлаги эканлигини унутмаслик керак. Зеро, “Оила соғлом экан – жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан мамлакат барқарордир”.

Р.Уролова, Гулистон шаҳар ФҲДЁ бўлими мудири


Рўйҳатга қайтиш