Оила - муқаддас қўрғон

Оила азал-азалдан муқаддас қўрғон саналган. Инсон оилада дунёга келади, улғайиб камол топади. Энг аввало оила мустаҳкам, тинч бўлса жамият барқарор бўлади. Униб ўсаётган фарзандлар ҳар томонлама баркамол бўлишига имкон яратилади.

Мустақилликнинг илк кунлариданоқ оиланинг жамиятда тутган ўрнини янада ошириш, уни ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий-аҳлоқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оилада тиббий маданиятни шакллантириш, соғлом оила вужудга келиши учун барча ташкилий-ҳуқуқий шароитларини яратиш, оила маънавиятини юксалтириш соҳасидаги ислоҳотларни тизимли босқичма-босқич амалга ошириш стратегияси белгилаб олинди.

Мамлакатимизда оила институтини ҳимоялайдиган мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратилган. Оила муносабатларини мустаҳкамлаш, уларнинг барқарор ривожланиши учун кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, уларнинг ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар жамиятимизнинг ривожланиши ва оилаларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Гулистон шаҳри, “Тараққиёт” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бугунги кунда жами 
4150 нафар фуқаро истиқомат қилади. Маҳаллада 840 та хонадон, 960 та оила бор. Албатта, ҳар бир хонадон, ҳар бир оила ўз қувончу ташвишлари билан яшайди. Маҳалланинг ободлиги, фаровонлиги, тинч-тотувлиги, оналар ва болаларнинг саломатлиги, аҳоли бандлиги, коммунал тўловларнинг ўз вақтида тўланиши, тадбиркорлик фаолиятининг ривожи маҳалла аҳлининг ўзига ва шубҳасиз, фуқаролар йиғини раиси, маслаҳатчилари, МФЙ ҳузуридаги комиссиялар, қолаверса, маҳалла фаолларига кўп жиҳатдан боғлиқдир.

Бугунги кунда энг долзарб аҳамият касб этаётган масалалардан бири, бу - эрта никоҳлар, ёш йигит-қизларнинг оила қуришга тайёр эмаслиги, қариндош-уруғлар ўртасидаги қуда-андачилик муаммосидир. Шунингдек, оилавий келишмовчиликлар, ўзаро жанжаллар оқибатида ёш оилаларнинг бузилиб кетиши ҳам жиддий ташвиш уйғотади. Эрта никоҳларни олдини олиш, ёшларни оила қуришга тайёрлаш, қайнона-келинлар ўртасидаги келишмовчиликларга йўл қўймаслик борасида оиланинг кексалари, қўни-қўшнилар билан бир қаторда маҳалла фаоллари, оқсоқоллари шунингдек ФХДЁ органлари ходимлари ҳамкорлигида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Маҳаллаларда, касб-ҳунар коллежларида ҳамда корхона ва ташкилотларда йиғилишлар ўтказилиб, юқоридаги муаммолар ҳақида давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Шунингдек, ФҲДЁ органлари қошидаги “Оила дорилфунуни” ёш оила қурувчилар билан машғулотлар олиб борилмоқда.

Амалий фаолиятга келсак, 2015 йилда маҳалла фуқаролар йиғини ҳузуридаги яраштириш комиссияси ва Гулистон шаҳар ФҲДЁ бўлими ходимлари томонидан 12 та оила яраштирилди.

Ўтган йили октябрь-ноябрь ойларида яраштирув комиссияси раиси Абдурашид Абдураимов бошчилигида комиссия аъзолари ва маслаҳатчилар иштирокида келишмовчилик сабаблари аниқланиб, муҳокама этилиб, ўзаро келиша олмаётган қайнона-келин яраштириб қўйилди. Баъзи мулоҳазаларга кўра уларнинг исм ва фамилияларини келтирмадик. Ҳозирги кунда улар иноқ яшашмоқда.

Оилада маънавий муҳитнинг шаклланишида ота ва оналарнинг алоҳида ўринлари бор. Айниқса, фарзандларни оилага тайёрлаш борасида “Қуш инида кўрганини қилади”, деганларидек, аввало, ота-оналарнинг ўзлари аҳил ва тотув бўлиб яшашлари, фарзандларга ибрат кўрсатмоқлари зарур. Зеро, катталарга ҳурмат-иззат кўрсатиш, уларнинг олдида одоб сақлаш, дуосини олиш ота-боболаримиздан бизга мерос бўлиб келмоқда. Мана шу анъаналар, қадриятларга амал қилиб яшашимиз, ёш авлодни шарқона одоб-ахлоққа ўргатмоғимиз лозим. Қолаверса, қайнона ва қайноталар ҳам оилага келин бўлиб келган ёш келинчакка ўз фарзандларидек муносабатда бўлиб, меҳр кўрсатишлари, уни ўз фарзандидек қабул қилишлари, оилани юритишга ўргатишлари керак эмасми? Ахир, келин ҳам бировнинг оқ ювиб, оқ тараб катта қилган фарзанди-ку.

Никоҳ муносабатлари қанчалик соф, иҳтиёрий, шунингдек, қонун талабларига асосланган ҳолда бўлса, албатта, шу оиланинг мавқеи, обрў-эътибори баланд бўлади. Ана шундай оила фарзандлари эса комил инсон бўлиб вояга етадилар.

Ҳар бир инсон учун еэг катта бахт оилавий хотиржамлик ва фаровонликдир. Оиласидан, фарзандларидан кўнгли тўқ инсоннинг ишида унум ва барака бўлади.

ФҲДЁ бўлимларига катта орзу ва ниятлар билан кириб келаётган йигит-қизлар ўзлари қураётган оила-жамиятининг бир бўлаги эканлигини унутмасликлари керак. Зеро, оила соғлом экан – жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан мамлакат барқарордир.

Р.Баходиров, Сирдарё вилоят адлия бошқармаси етакчи маслаҳатчиси  


Рўйҳатга қайтиш