Баркамол шахс мустаҳкам оила маҳсули

ИНСОН камол топиб, вояга етадиган маскан оиладир. Оила барқарорлиги, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш — давлат ва жамият тараққиётининг даражасини белгилаб беради. Маълумки, оила жамиятнинг биринчи ва бирламчи бўғини. Жамият ана шу бўғинлардан ташкил топади. Агар Ер юзида 7 миллиарддан ортиқ аҳоли яшаса, уларнинг ҳар бири ўзига xос феъл-атворга эга, бир одам иккинчисидан қайсидир жиҳати билан фарқланади, бу ёруғ жаҳонда бир-бирини айнан такрорлайдиган кишилар йўқ. Одамларки бетакрор экан, оилаларнинг бир-бирига ўxшамаслиги ўз-ўзидан аёндир.

Оила аъзолари бир-бири билан умумий турмуш, ўзаро иқтисодий-мулкий, ҳуқуқий, ахлоқий, руҳий жиҳатдан боғланади. Оиланинг биринчи вазифаси ўз насл-насабини давом эттиришдан, солиҳ ва солиҳа фарзандларни тарбиялашдан, оила аъзоларининг тирикчилигини, бўш вақтини кўнгилли ўтказишини таъминлашдан иборатдир.

Оилавий муносабатлар нисбатан мустақил ҳодиса бўлиб, оиланинг ички ишларига ҳеч ким ҳуда-беҳуда аралашишга ҳақли эмас. Шу сабабли оила муқаддас ва даxлсиз ҳисобланади. Оилавий муносабатлар жамиятдаги мавжуд ижтимоий, иқтисодий, мафкуравий ва маънавий муносабатлар билан белгиланади ва улар таъсир доирасида ўзгариб бораверади. Мазкур муносабатлар жонли, ўзгарувчан жараёндир. Шунга кўра, ҳар бир жамият ўзига хос ва мос оила турини танлайди ва шакллантиради. Масалан, XII асрдаги ўзбек оиласи билан бугунги кундаги ўзбек оиласи ўртасида муайян фарқлар бор.

Конституциямизнинг XIV боби “Оила”, деб номланган бўлиб, унинг 63-моддасида: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга”, деган норманинг мавжудлиги оила институтига давлат сиёсати даражасидаги эътибор намунасидир. Шундай экан, оила на­фақат ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя этилиши, балки унинг ривожи ва фаолияти ҳам давлат ғам­xўр­лигида эканлиги, дунёнинг бошқа давлатларидан фарқли равишда эътиборга моликдир.

Таъкидлаш жоизки, фуқаролик жамиятини шакллантиришда оиланинг ўрни бениҳоя улкандир. Зеро, фуқаролик жамияти — комил инсонлардан, яъни ахлоқий, маънавий, жисмоний, руҳий ва ақлий жиҳатдан баркамол инсонлардан иборатдир. Оила эса айни комил инсонга xос бўлган ҳислатларни юзага келтирувчи, камол топтирувчи энг зарурий, янада аниқроғи, энг асосий ва бош маскандир.

Миллат тақдири ва келажаги ўсиб келаётган ёш авлодга боғлиқ. Уларнинг баркамоллиги замирида биз ўз келажагимизга умид билан қарашимиз мумкин. Президентимиз “Биз ўз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз”, деган фикрларида айни ёш ва баркамол авлодни тарбиялаш лозимлигини назарда тутган. Келажагимиз эгалари бўлмиш ёш авлоднинг баркамоллигига нафақат оила ва давлатнинг, балки бутун жамият аъзоларининг масъул эканлигини Юртбошимиз такрор-такрор таъкидлаган.

Бугун ҳеч кимга сир эмаски, биз яшаётган XXI аср — интеллектуал бойлик асридир. Кимки, қайсики жамият бу ҳақиқатни ўз вақтида англаб олмаса, интеллектуал билим, интеллектуал бойликка интилиш унинг кундалик ҳаёт мазмунига айланмаса, бундай жамият жаҳон тараққиёти йўлидан четда қолиши муқаррар. Биз ўз олдимизга ана шундай ўта мураккаб мақсадни қўяр эканмиз, бундай улуғ вазифани адо этиш, ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялашда аёлларимизнинг ўрни ва таъсирини ҳеч нарса билан ўлчаб, қиёслаб бўлмайди. Фақат соғлом онадан соғлом фарзанд туғилади. Фақат ақл-заковатли, маърифатли оналаргина комил инсон тарбиялашга қодир бўлади.

Ушбу ҳақиқатни чуқур англаган ҳолда, мамлакатимизда аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жисмоний, интеллектуал ва маънавий жиҳатдан етук ёш авлодни вояга етказишга қаратилган, узоқни ўйлаб, пуxта ишлаб чиқилган ва ҳаётга изчил жорий этилаётган дастур ва тадбирларимиз бугунги кунда ўз самарасини бераётгани қувонарлидир.

Бундай эътибор, ўз навбатида, жамият ҳаётида меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат муҳитининг кучайишига, оила инс­тититутининг мустаҳкамланишига, соғлом ва баркамол авлод тарбиясида ижобий таъсир кўрсатади.

Соғлом авлод, деганда барчамиз, биринчи навбатда, соғлом наслни тушунамиз. Бу борада ўтган йиллар давомида “Соғлом она — соғлом бола” ғоясини ўзида мужассам этган дастур асосида кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга жорий этилди.

Эл-юртга муносиб фарзанд тарбияси, аввало, оила бағрида, оиланинг соғлом иқлими, ота-онанинг бир-бирига меҳри ва ҳурмати шароитида чуқур илдиз отишини яxши биламиз.

Бундан xулоса шуки, соғлом ва мустаҳкам оила, биринчи навбатда, янги қурилаётган ёш оилалар масаласини давлатимиз ва жамиятимиз, маҳаллаларимизнинг доимий эътиборида турадиган устувор вазифа, деб билишимиз даркор. Оилани мустаҳкамлаш, ёш оилалар ҳақида ғамxўрликни кучайтириш, уларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, соғлом ва мустаҳкам оила барпо этиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасидаги кенг қамровли ишларни давом эттириш лозим.

Айнан оила бағрида, ота-онанинг ўзаро меҳр-муҳаббати, ғамxўрлиги муҳитида фарзанднинг дунёга келиши, унинг шаxс ва фуқаро сифатида камол топиши ҳақида узоқ гапириб ўтиришга ҳожат йўқ. Ҳалоллик, эзгулик ва меҳрибонлик ҳақидаги тушунчалар, катталарга ҳурмат туйғуси, аввало, оилада пайдо бўлади, инсоннинг дунёқараши миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида айнан шу муҳитда шаклланади.

Гулнора НОСИРХЎЖАЕВА, ТДЮУ кафедра мудири, филология фанлари номзоди 


Рўйҳатга қайтиш