Бола саломатлигига масъулмиз

Фаровон, тинч оилада бола соғлом баркамол топади. Мухтарам юртбошимизнинг “Фарзанлари соғлом юрт қудратли бўлур, Қудратли юртнинг фарзандлари соғлом бўлур” деган сўзлари бежиз эмас. Бола саломатлиги – бу жамият тараққиёти, юрт фаровонлиги демакдир. Фарзандлари соғлом юртгина тараққий этади, юксалади. Қачонки, фарзандлар соғлом, баркамол бўлса, шундагина жамиятда маънавий соғлом муҳит юзага келади. Юртбошимиз жорий йилни “Соғлом бола йили” деб эълон қилишлари, шунингдек, “Соғлом бола йили” Давлат дастури қабул қилиниши, бу борада бир қанча ишлар босқичма-босқич амалга оширилиши замирида, жамиятда соғлом, ҳар томонлама етук, баркамол авлодни шакллантириш, бунинг натижасида эса, келажаги буюк давлатни қуришдек улкан вазифаларни амалга ошириш ётади. Зотан, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини қура оладиган ёшлар, албатта соғлом ва баркамол бўлишлари керак.

Боланинг жисмонан соғлом бўлиши нималарга боғлиқ? Қандай омиллар боланинг шаклланишига таъсир кўрсатади? Маълумки, соғлиқни сақлаш, тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар негизида инсон саломатлиги, унинг соғлом турмуш кечириши ва бунинг учун, соғлом турмуш тарзини яратиш масаласи долзарб масалалардан ҳисобланади ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий марказида туради. Давлатимиз томонидан тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш ва замонавий ускуналар билан таъминлаш юзасидан қилинаётган амалий ишлар муҳим қадам сифатида бугунги кунга келиб, ўзининг юқори сифат босқичига етди. Айниқса, ёш авлод саломатлиги, жамият ҳаёти учун ҳар жиҳатдан аҳамиятлидир. Бинобарин, бугунги ёшлар, эртанги буюк келажакни барпо этувчи авлод ҳисобланади. Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганларидек: “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт”. Дастурнинг мақсади ҳам аслида, ҳам жисмонан, ҳам руҳан камолга етган авлодни тарбиялашдан иборатдир.

Биламизки, боланинг саломатлиги кўп жиҳатдан ташқи ва ички омилларга боғлиқ. Ташқи омилларга ота‑она, маҳалла, атроф-муҳит ва ўзаро муносабатлар киради ва бу боланинг шаклланишига таъсир кўрсатади. Насл, ирсият, руҳий ҳолатни эса, боланинг туғилиш ва яшаш жараёнига таъсир кўрсатувчи ички омиллар сифатида баҳолаш мумкин. Аслида, ҳар икки жиҳат ҳам, боланинг етук шахс сифатида шаклланишига таъсир кўрсатувчи муҳим омиллар бўлиб хизмат қилади. Аксарият ҳолларда, боланинг соғлом бўлиши, онанинг ҳам жисман, ҳам руҳан соғлом бўлишига боғлиқ. Бироқ, она негадир жисмоний жиҳатдан соғлом бўлиш учун ҳаракат қиляпти‑ю, аммо маънавий-руҳий жиҳатдан соғлом бўлишга интилмаяпти. Аслида ҳамма нарсанинг асоси қалб, руҳ саломатлигига бориб тақалади. Шу жиҳатдан олганда, маънан соғлом муҳитда вояга етаётган бола билан нотинч оилада катта бўлаётган боланинг орасида анчагина тафовут кўзга ташланади.

Она қачон болага меҳр кўрсата олади, қачонки, оиласи ўзаро ишонч ва муҳаббат асосига қурилган бўлсагина. Ўзаро ишонч ва муҳаббатни эса, маънавий етук инсонларгина ярата олади. Шундай экан, ҳар бир бўлажак она фарзанд тарбиялашдек масъулиятни зиммасига олаётган экан, аввало руҳан соғломми, болага нимадир бера оладими, шуни ўйлаши ва ўз‑ўзини таҳлил қила олиши керак. Аниқроқ қилиб айтганда, ҳар бир она ўз фарзандининг келажагини кўра олиш даражасида бўлиши лозим. Лекин минг афсуски, кундалик ҳаётимизда ёшлар ўртасида учраб турадиган кўнгилсиз ҳолатлар ота‑онанинг нўноқ тарбиясидан дарак беради. Бундай тарбия натижасида бола ахлоқсиз, бетгачопар, билимсиз ва ҳаттоки, жиноят кўчасига кирмоқда.Ўзбекона турмуш тарзимизда, яқин-яқингача бола ота-онага қаттиқ гапириш у ёқда турсин, ҳатто юзига тик қарашга ҳеч қачон ботинолмаган, шарм қилган. Бу бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган шарқона яшаш тарзи. Бироқ, ҳаётда учраб турадиган кўнгилсиз воқеаларни кўриб ва эшитиб, ўзбекона тарбия қани ва уни нега кўпгина оилалар турмуш тарзи, яшаш шароитидан тополмаяпмиз, деган савол ҳар бир виждонли инсонни қийнайди. Нега катталар фарзандларига ибрат мактаби бўла олмаяпти? Бола қачон соғлом бўлади, қачонки тарбия бераётган она маънан соғлом бўлса, намуна бўлаётган ота маънан етук бўла олсагина. 
Ота-онанинг маънавий етуклиги – бу боланинг баркамоллиги, етуклиги демакдир. Шундай экан, фарзандлар маънавий соғлом муҳитда вояга етишларига катталар замин яратиши, ўзини ким эканлигини кўрсатадиган ва энг асосийси жамиятга фойда келтирадиган фарзандлар тарбиясини ўйлаши лозим.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, соғлом авлод – бу миллат, юрт келажаги, буюк истиқболни эса баркамол, етук, маънан соғлом фарзандларгина қура олади. Зеро, жаннатмакон юртга баркамол, етук инсонларгина ярашади. Фарзандлари соғлом юрт эса, тараққий этади, юксалади ва ҳеч қачон, ҳеч кимдан кам бўлмайди.

Н.Норматова,
Сирдарё вилояти ФҲДЁ архиви мудираси


Рўйҳатга қайтиш