Соғлом ва баркамол авлод тарбияси

DSC02083.JPGСирдарё вилоят ҳокимиятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан “Соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашнинг қонунчилик асослари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Ушбу давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари бўйича доимий комиссия раислари, вилоят адлия бошқармаси, вилоят прокуратураси, вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва Халқ таълими бошқармалари, Республика Маънавият тарғибот маркази, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси фахрийларни қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Марказий Кенгаши, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгашининг вилоят бўлимлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва ёшлар иштирок этишди.

Кун тартибида белгиланган мавзу юзасидан сўзга чиққанлар, мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ, юртимизда соғлом она – соғлом бола масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганлигини, кенг кўламли умуммиллий дастурлар доирасида амалга оширилаётган ишлар аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом болалар туғилишига зарур шарт-шароитлар яратиш, оилаларда тиббий маданиятни шакллантиришда муҳим омил эканлигини, ўтган даврда бир қанча қонунлар ҳаётга татбиқ этилганлигини, замон талабларидан келиб чиқиб, ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлигини, бугунги кунда юртимизда фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари яратилганини, давлатимиз раҳбарининг ва Вазирлар Маҳкамасининг тармоқни ислоҳ қилишга қаратилган 90 дан зиёд фармон ва қарорлари аҳоли саломатлигини таъминлашда долзарб аҳамиятга эга бўлаётганлигини такидладилар.

DSC02083.JPGШу билан бирга, мамлакатимизда қабул қилинган Оила кодекси, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги қонунлар ҳам бевосита ёшлар тарбиясида, улар орасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, иш билан бандлигини ошириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этаётганлиги, Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самарасида “Соғлом она – соғлом бола” дастури умуммиллий ҳаракатга айланганлиги, ёшлар масаласи мамлакатимизда олиб борилаётган давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналиши эканлиги маърузачилар томонидан алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, Президентимизнинг 2014 йил 6 февралда қабул қилган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятли эканлигини, ёшлар билан ишлашда нафақат давлат муассасалари, балки фуқаролик жамияти институтларининг ҳам фаол иштирок этаётганини қайд этиш жоиздир.

Албатта, мана шундай саъй-ҳаракатларнинг халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилиши мамлакатимизда аҳоли репродуктив саломатлигини асраш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, пировардида жамиятда соғлом ва барқарор муҳитни қарор топтириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг самаралари жуда катта эканидан далолат беради.



Рўйҳатга қайтиш