Ватан келажаги соғлом авлод тақдирида

Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимда 2014 йилни “Соғлом бола” йили деб эълон қилиниши барча юртдошларимиз томонидан мамнуният билан кутиб олинди. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг бундай оқилона қарорга келиши мустаҳкам асосларга эга. Боиси, мустақилликнинг дастлабки йилларидан юртимизда “Соғлом она-соғлом бола” масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.

Юртбошимизнинг “Соғлом авлодни тарбиялаш буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш деганидир” деб айтган ибратли сўзлари мамлакатнинг истиқболдаги бош мақсадини, давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишини белгилаб берди. Ёш авлоднинг ҳеч кимдан кам бўлмай таълим-тарбия олишлари, ўз билим ва иқтидорларини намойиш қилиш учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Натижада бугунги ёш авлод ўзининг интеллектуал ва жисмоний салоҳиятларини ишга солган ҳолда нуфузли мусобақа, турнир ва танловларда зафар қозониб, юксак марраларни қўлга киритмоқда. Ҳолбуки, айни пайтда дунёнинг қатор ривожланаётган мамлакатларида миллионлаб болалар бошланғич таълим олиш бахтидан бебаҳра. Бу ҳам майли, неча минглаб болалар уруш, нотинчлик ва турли низолар туфайли қочқинга айланган, қўлига қурол тутган, ўлим ва касаллик очлик ва ногиронлик хавфи остида таҳликали ҳаёт кечирмоқда.

Юртбошимиз соғлом боланинг дунёга келиши, бақувват бўлиб ўсиб-улғайиши кўпгина талаб ва омилларга боғлиқлигини таъкидлаш баробарида ўта муҳим, ҳал қилувчи мезонларга алоҳида тўхталдилар. Хусусан, соғлом бола тарбиясида маҳалла ва ижтимоий тузилмаларнинг ўрни катта эканлигини яна бир бор эътироф этиб ўтдилар.

Дарҳақиқат, оила институтини янада мустаҳкамлаш, никоҳ муносабатлари маданиятини ошириш, шу билан бирга оилавий низолар каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш масалалари ўзини-ўзи бошқариш органларининг кундалик муҳим вазифаларига айланган. “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастури доирасида фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари қошида ташкил этилган “ота-оналар университетлари” томонидан маҳаллаларда фарзанд тарбияси бўйича ота-оналарнинг ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий, физиологик билимларини ошириш борасида бир қатор тадбирлар ташкил этилди. Шу билан бирга маҳаллаларда аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатини янада яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда соғлиқни сақлаш муассасалари мутахассислари билан ҳамкорликда тарғибот ишлари изчил амалга оширилмоқда.

Шу нуқтаи назардан қараганда, соғлом бола тарбиясида ота-оналар бир қаторда маҳалла оқсоқоллари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, маҳалла посбонларининг жамиятимиз ҳаётида тинчлик ва осойишталик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, ҳушёрлик ва огоҳлик муҳитини мустаҳкамлашдаги масъулияти янада ортади.

Ўз-ўзидан равшанки, “Соғлом бола” давлат дастури доирасида белгилаб берилган барча устувор вазифаларни амалга ошириш учун мавжуд норматив ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш талаб этилади. Шунинг учун ҳозирги вақтда барча давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари Давлат дастуридан келиб чиққан ҳолда амалдаги мавжуд норматив ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида ўз таклифларини киритмоқда.

Бир сўз билан айтганда, келгусида Дастур соғлом авлодни вояга етказиш борасида амалга оширилаётган сайъ-ҳаракатларни изчил давом эттирган ҳолда уларни янада юқори босқичга кўтаришдек эзгу мақсадга хизмат қилиши шубҳасиз. Зеро, юртбошимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимда “... биз таянчимиз ва суянчимиз, ғуруримиз ва ифтихоримиз бўлмиш болаларимизга, фарзандларимизга ишонч билан, ҳурмат-эътибор билан қарашни келажагимизга бўлган ишонч, миллитимизга, халқимизга бўлган ҳурмат-эҳтиром ифодаси деб биламиз” деб таъкидлаб ўтганлари ҳам бежизга эмас.

Д. Бурхонов, Сирдарё вилоят адлия бошқармаси катта маслаҳатчиси


Рўйҳатга қайтиш