Соғлом бола келажак пойдевори

Фарзандларимиз биздан кўра билимли, кучли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт.

И.А.Каримов

Соғлом бола – келажак пойдевори

Маълумки, 2013 йил 6 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 21 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали йиғилишда давлатимиз раҳбари Ислом Каримов 2014 йилни мамлакатимизда Соғлом бола йили деб эълон қилди ҳамда ҳалқимиз, кенг жамоатчилигимиз томонидан ушбу тарихий ном кўтаринки руҳда кутиб олинди.

2014 йил 19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлом бола йили Давлат дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мустақилликнинг биринчи йилларидан бошлаб юртимизда соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган эди. 2014 йилга Соғлом бола йили деб ном берилиши ҳам давлат сиёсатининг ушуб йўналишдаги узвий давомидир.

Хусусан, мамлакатимизда 1997 йилдан буён ҳар бир йилга, жамият ҳаётининг алоҳида соҳаларида чуқурлаштирилган ўзгаришлар, ислоҳотларни амалга ошириш мақсадида, ном берилиб келинади. Йилларнинг Оила, Соғлом авлод, Обод турмуш, Сиҳат-саломатлик, Баркамол авлод, Мустаҳкам оила, Оналар ва болалар ва бошқа номлар билан аталиши халқимизнинг азал-азалдан болажон халқ сифатида ўз ўрнига эгалигини намоён этади. Ҳеч шубҳасиз шуни айтиш мумкинки, ўзининг фарзандини соғлом ва ҳар томонлама баркамол авлод қилиб тарбиялаш, уларнинг бахт-саодатини, ёруғ келажагини кўришни ният қилмаган инсон бўлмаса керак албатта.

Қабул қилинган дастурда аввало соғлом, баркамол ёш авлодни шакллантиришга ҳамда уларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича бир қатор янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ёки янги таҳрирда қабул қилиш режалаштирилган. Масалан, “Болаларни жисмоний ва маънавий ривожига зарарли таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик барқарорлиги тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсати асослари тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар шулар жумласидандир.

“Болаларни жисмоний ва маънавий ривожига зарарли таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда болаларни уларнинг онгини бузувчи, руҳий жароҳат етказувчи ахборот таъсиридан ҳимоя қилиш, оммавий ахборот воситаларида шафқатсизлик ва зўравонлик тарғиботига йўл қўймасликнинг таъсирчан ташкилий-ҳуқуқий механизмлари кўзда тутилади.

Шунингдек, янги таҳрирда ишлаб чиқилиши белгиланган Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонунига ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишига кенг жалб қилиш, жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда замонавий ва самарали инфратузилмани шакллантириш, юқори малакали спортчиларни тайёрлаш ва уларнинг заҳирасини яратиш бўйича зарур шарт-шароитларни амалга оширилиши белгиланган.

Шу билан бирга, дастурда болалар туғилиши, таълим-тарбия, оилада соғлом муҳитни, унинг иқтисодий ва маънавий асосларини мустаҳкамлаш, болаларни соғлиғини мустаҳкамлаш ҳамда бемор болаларни хориж мамлакатларида даволаш, қишлоқ аҳолисининг ижтимоий ҳаётини янада яхшилаш, аёлларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, шу жумладан коллежни битираётган ёш қизларни келажакда тадбиркорлик фаолиятини олиб боришлари учун ўқитиш ва шу каби бошқа вазифаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

2005 йил 9 май куни “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан пойтахтимизнинг Хотира майдонида жамоатчилик вакиллари билан учрашувда давлатимиз раҳбари И.Каримов “Биз болаларимизга қанча кўп эътибор берсак, келажакда ўзимизга шунча кўп яхшилик қайтади. Бу - ўткинчи ҳаёт, фоний дунёнинг тарих синовларида неча бор исботланган минглаб қонун-қоидаларидан бири, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди”, деб таъкидлаган эди.

Ўйлаймизки, ушбу дастур доирасида ишлаб чиқилиши белгиланган ва янги таҳрирда қабул қилиниши режалаштирилган қонунларимиз ҳамда ижтимоий-иқтисодий соҳада олиб борилиши белгиланган бошқа тадбирлар соғлом болани тарбиялашда, уларнинг баркамол авлод этиб вояга етказишда, оналар ва болаларнинг соғлиғини янада мустаҳкамланишида муҳим рол ўйнайди. Зеро, фарзандлари соғлом юртнинг келажаги қудратли бўлади.

Илхомжон Абдусатторов, 

Адлия вазирлиги масъул ходими 


Рўйҳатга қайтиш