Соғлом муҳит асоси

Эндигина атак-чечак қилиб қадам ташлаётган гўдакнинг беғуборларча қилаётган ножоиз ишларини кузатиб, “Аййая-аййая” яъни “уят”, «бу ишни қилсанг, ёмон бўлади», деб унга нима яхшию нима ёмонлигини ўргатамиз, танбеҳ берамиз. Назаримда, болага холисона тўғри тарбия ўша огоҳлантиришдан бошланади. Негаки, ножоиз ишларни қилмасликка кўникадиган болакай улғайгани сари фақат яхши томонларга эътибор қаратади, атрофдагилардан уялиш ҳиссини тушунади. Биз болаларимизни ҳали мурғаклигидан мана шундай кичик танбеҳлар билан тарбиялай бошлашимиз, ўстиришимиз керак. Токи улар катта бўлганида уят, ор-номус нималигини, ўғрилик ва тўғрилик, ҳалоллик ва одамийлик нималигини англаб етсин, бошқалар олдида мулзам бўлмасликнинг сабабларини онгли равишда тушуна бошласин.

Давраларда миллий ғурур ва миллий таълим-тарбия ҳақида сўз юритамиз. Бунга ҳаётий мисолларни келтираётиб, унинг асл моҳиятини излаймиз. Тарбиянинг асл моҳияти эса ота-онанинг ўзаро муносабатига ва оиладаги соғлом муҳитга бориб тақалади. Қачонки ота-она фарзанди кўз олдида ёлғон сўзламаса, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаса ва оилага ҳалол ризқ топиб келар экан, демакки фарзанд худди шундай ижобий хислатларни ўзига сингдириб бораверади. Аниқроғи ҳалол луқма еган боладан ёмонлик чиқмайди. Маънавий бойлик эса ўз-ўзидан оиладаги ўша ибратли турмуш тарзидан келиб чиққан ҳолда камолга етади.

Юртбошимиз томонидан 2014 йилнинг “Соғлом бола йили” деб эълон қилиниши, албатта бежиз эмас. Негаки бизнинг эртанги ёрқин келажагимиз ворислари, амалга оширишга улгурмаган қанчадан қанча эзгу ниятли ишларимизнинг давомчилари айнан болажонларимиздир. Шу боис ҳам уларнинг оилада, таълим-тарбия муассасаларида, жамоат жойларида фақат соғлом муҳит яратилган ҳолда вояга етишини таъминлашимиз лозим. Бола тарбияси учун зарур бўлган соғлом муҳитни яратиб беришда ота-оналар, устоз-мураббийлар ва қайси соҳада фаолият кўрсатмайлик, биз катталар ҳамиша масъулиятни виждонан ҳис этмоғимиз шарт.

Комилжон ХУШВАҚОВ, Сирдарё туман 4-сон Давлат нотариал идораси нотариуси


Рўйҳатга қайтиш