Келажакнинг нурли истиқболи

Ободлик аввало оиладан бошланади. Фарзанд учун ота-онанинг турмуш тарзи андозадир. Шу боис ҳам ҳар бир ота-она ўз оиласида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга масъул ҳисобланади. Жонажон юртимизда ҳукуматимиз томонидан соғлиқни сақлашга, оилани мустаҳкамлашга, фан, маданият ва таълим соҳасига бениҳоя катта эътибор қаратилганки дунёнинг бошқа ҳеч бир мамлакатида инсон манфаатлари бунчалик юксакликка кўтарилмаган.

Бизнинг Конституциямизда одамлар учун муносиб ҳаёт шароитлари яратиш туб мақсад қилиб қўйилган. Асосий қонунимизда давлат ҳам, жамият ҳам аввало, инсон манфаатларига хизмат қилиши, унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этиши устувор тамойил сифатида аниқ белгилаб қўйилган. Биргина Сайхунобод тумани мисолида олиб қарайдиган бўлсак, айни кунда туманда 67 минг нафардан зиёд аҳоли бўлиб, шунинг деярли ярмини вояга етмаганлар ташкил этади. Туманнинг халқ таълими бўлими тасарруфида 40 та умумтаълим мактаблари, 11 та мактабгача таълим муассасаси, Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, Болалар ижодиёти маркази ҳамда 5 та касб-ҳунар коллежлари мавжуд. Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида айни кунда Жаҳон, Осиё ва 50 нафардан ортиқ Ўзбекистон чемпионлари айнан Сайхунободдан етишиб чиққанлиги қалбларга ғурур бағишлайди.

Биргина спорт соҳасида эмас ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ҳам ёш йигит-қизларимизнинг иштироки борлиги бизни янада ғурурлантиради. Туманда фаолият кўрсатаётган Болалар ижодиёт марказидаги 30 дан ошиқ тўгаракда қарийб 700 га яқин ўсмирларга турли касб йўналишларининг сир-асрорлари ўргатилмоқда.

Туманда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва унинг бандлик даражасини таъминлаш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда туман ҳокимилигининг бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази ходимлари фаол иштирок этаётир. “Камолот” ЁИҲ Кенгаши туман “Маҳалла”, “Нуроний” жамғармалари, ўзини-ўзи бошқариш органлари, туман прокуратураси, ИИБ, ҳокимлик ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия фаолияти баҳамжиҳатликда иш юритишмоқда.

Бош қомусимизнинг 64-моддасида “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар”, деб белгилаб қўйилган. Дарвоқе, оиланинг мустаҳкамлиги, тинч-тотувлиги ота-онанинг фарзандлари билан меҳру оқибатли бўлиши соғлом турмуш тарзини белгилайди. Оиласи соғлом муҳитдаги боланинг эртанги ҳаёти ҳам ҳавас қиларли даражада тинч ва осуда кечади. Муҳими, фарзандларимизга ҳар томонлама етук маънавий-ҳуқуқий таълим-тарбия беришимиз лозим.Зеро, улар эртанги порлоқ келажакнинг нурли истиқболини яратувчиларимиздир.

2014 йилнинг “Соғлом бола йили” деб аталиши ҳаммамизга қувонч бағишлади. Президентимиз ўз сўзларида “Биз соғлом деганда, нафақат жисмоний, балки маънавий жиҳатдан ҳам соғлом болани ўзимизга тасаввур этамиз. Айни вақтда бугунги шиддатли замон, ҳаётнинг ўзи ёш авлод тарбияси борасида олдимизга янги-янги, ўта муҳим ва долзарб вазифаларни қўймоқда” деганларини ўзида “Соғлом бола йили” дастури таркибида аввало йиллик режаларни белгилаб олиб, турли соҳа ва тармоқлар, айниқса, ижтимоий соҳа вакиллари ўзларининг йўналишларидан келиб чиққан ҳолда соҳага тааллуқли масалаларни ечиш, уларнинг барчасини ривожлантириш, янги, замонавий босқичга кўтариш учун режа асосида фаолият олиб бориш лозимлигини англатади.

Маҳбуба ЮСУПОВА, Сайхунобод тумани Давлат нотариат идора нотариуси


Рўйҳатга қайтиш