ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ АСОСЛАРИ

Дата: 20.12.2012    

Мустақиллика эришган дастлабки кунларданоқ муҳтарам Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан халқимизнинг кўнглида армон бўлиб ётган орзуларни рўёбга чиқариш учун мустабид тузум даврида поймол қилинган, аҳамияти йўқ даражага туширилган маҳаллаларни яна тиклаш, азалий маҳалла-кўйчилик анъанларига яна қайта жон ато этиш мақсадида кўпгина ишлар амалга оширилди. “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчиларини сайлови тўғрисида” ги қонунлари ва бошқа кўплаб қарор ва фармойишлари қабул қилинди. Бу эса ўз навбатида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ташкилий ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлади.

Фуқаролар йиғинлари Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунида берилган ваколатлардан фойдаланган ҳолда, жамоатчилик назоратини қуйидаги йўналишларда амалга ошириши мумкин:

- қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларининг, шунингдек, ўз қарорларининг ижро этилишида. Мазкур йўналишда жамоатчилик назорати йилнинг ҳар чорагида туман, шаҳар ва вилоят ҳокимликлари раҳбарларининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти соҳасига кирувчи масалалар юзасидан ҳисоботларини эшитиш, улар чиқарган тегишли қарорларининг бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида қонунда белгиланган тартибда тегишли идораларга тақдимномалар киритиш орқали амалга оширилади;

- ҳудудда комплекс ривожлантиришни таъминлашда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари маҳаллани хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва оилавий бизнес марказига айлантириш, ўзига тегишли бўлган ҳудудда иш жойларини яратиш, касаначиликни тараққий топтириш, юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағларини ихтиёрийлик асосида бирлаштириш масалалари юзасидан қарорлар қабул қилиш ваколатига эгадирлар.;

- ҳудудни ободонлаштириш, иморатлар қуриш ҳамда ҳовлилар ва уйлар атрофидаги ҳудудларни ораста сақлаш қоидаларига риоя этилишида, шунингдек, уларнинг санитария ҳолатини яхшилашда. Ушбу йўналишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш учун уларга кўплаб ваколатлар берилганки, бу ўз навбатида маҳаллани ораста сақлаш, тозаликка эътибор бериш, ҳашарлар ташкил этилиб, бир-бирларининг оғирини енгил қилиш каби ота-боболаримизнинг азалий урф-одатлари билан уйғунлашиб кетгандир.

- ҳудудда тўйлар ва бошқа маросимларни ўтказишда. Шу асосда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан жамоатчилик назорати ҳудудда яшайдиган фуқароларга муқаддас динимиз, қадриятларимиз, урф-одатларимиз ва анъаналаримизнинг ҳақиқий моҳиятини ҳаётий, таъсирчан мисоллар асосида мунтазам тушунтириш ишларини олиб бориш, тегишли маслаҳатлар бериш, замон талабларига мос, халқимизнинг қарашларига мувофиқ келадиган янги, намунавий анъаналарни ташкил қилиш ва жорий этиш орқали амалга оширилади;

- пул маблағларининг мақсадли сарфланишида. Бу йўналишдаги жамоатчилик назорати фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўзлари устидан ўзлари ўрнатадилар. Бунда ҳудудни комплекс ривожлантириш, ободонлаштириш, умумий фойдаланишдаги жойларни таъмирлаш, шунингдек, кам таъминланган оилаларнинг уйлари ва квартираларини таъмирлашда ёрдам кўрсатиш учун аҳолидан ихтиёрийлик асосида йиғилган маблағлар, шу мақсадда, корхона ва ташкилотлардан ҳомийлик сифатида берилган маблағларнинг қанчалик даражада мақсадли сарфланиши устидан ички назорат олиб бориш орқали амалга оширилади;

- хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги, оилада маънавий-ахлоқий муҳитни шакллантиришдаги, ёш авлодни тарбиялаш ишидаги мавқеини оширишда;

-тегишли ҳудудда жамоат тартибини таъминлашда, шу жумладан, фуқароларнинг келиши ва кетишини ҳисобга олишни ташкил этишда, ўсмирлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ишида, вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда.

Маълумки, жамоатчилик назорати мамлакатимизда тарихий илдизларга эга. Чунончи, у азал-азалдан маҳаллалар, оқсоқоллар кенгаши кўринишларида амал қилиб келган. Жумладан, ҳар бир оилада ота-оналар томонидан фарзандлар тарбиясига бефарқ бўлмаслик, огоҳ бўпишлик каби фазилатлар сингдирилган ва жамоатчилик назоратини амалга оширишида фарзандларнинг масъулияти маълум бир меъёрлар билан белгилаб берилган.

Давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг ўрнатилиши фуқаролик жамияти барпо этишнинг энг муҳим шартларидан биридир. Фуқароларнинг фаоллиги, ижтимоий ҳодисаларга дахлдорлик ҳиссининг ортиши ҳамда ҳар бир давлат хизматчисининг ўз фаолияти жамоатчилик назорати остида эканлигини чуқур ҳис этиб бориши фуқаролик жамияти шаклланиши жараёнининг муҳим шартларидандир.

Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан амалга оширилаётган жамоатчилик назорати натижасида, жойларда ислоҳотлар, давлат дастурлари ижроси тўғрисида жамоатчилик кенг хабардор этилиб, аҳоли манфаатларини ҳимоялаш ҳамда маҳаллий давлат органларининг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари билан мустаҳкам ҳамкорлиги таъминланмоқда.

Умуман, жамоатчилик назорати бугунги кунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан у ёки бу қонун талабларининг фуқаролар йиғини ҳудудида ижросини жамоатчилик гуруҳлари тузиб ўрганиш, натижалари бўйича тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳисоботларини эшитиш орқали аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш тартибида ёки маҳаллий давлат органлари фаолиятига кўмаклашиш орқали ҳам амалга ошириб келинмоқда.

Зеро, бугунги саъй-ҳаракатлар, қонунчилик асосини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар, пировардида, ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришдек эзгу мақсадларимиз рўёбга чиқишининг энг муҳим гаровидир.

Иномжон Юлдашев

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси,

Жамоат, нодавлат нотижорат

ва диний ташкилотлар бўлими

катта маслаҳатчиси