Битим – эрк баённомаси

Дата: 20.12.2012    

Фуқаролик ҳуқуқи ва мажбуриятларини вужудга келтиришга, яъни муайян ҳуқуқий натижага эришишга қаратилган ҳаракатлар битимлар ҳисобланади. Шундай экан, битим – эрк баённомаси. Бундай эрк тан олинган шаклда, яъни оғзаки ёки ёзма шаклда баён этилган шаклдагина ҳуқуқий аҳамият касб этади. Бундай усул эркни билдиришдан, изҳор этишдан, яъни баён этишдан иборат. Ўзининг ушбу хусусиятлари билан битимлар ҳуқуқий муносабатларни вужудга келтирувчи ҳодисалардан, воқеалардан фарқ қилади.

Битимлар фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг вужудга келиши, уларга ўзгартиришлар киритиш, уларни бекор қилиш учун асос бўлади. Битимни вояга етган, муомалага лаёқатли шахсларгина туза олади. Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар, ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаганлар, кичик ёшдаги болалар, муомала лаёқати чекланган фуқаролар уларнинг ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки васийи ва ҳомийи орқали битимлар тузиш ҳуқуқига эга.

Мол-мулкка бўлган ҳуқуқдан воз кечиш, ишончнома тузиш, васиятнома ва бошқалар бир тарафлама битим турига киради. Бунда бир тараф эрки баён этилиб, ушбу ҳолат зарур ва етарли ҳисобланади. Бундай эрк бошқа, яъни учунчи шахслар учун қабул қилиниши мажбурий эмас, улар учун мажбуррият юзага келтирмайди. Бир тарафлама битимлар учинчи шахслар учун фақат ҳуқуқлар вужудга келтришга қаратилган бўлиши мумкин. Бундай битимлар учинчи шахслар учун икки ҳолатда – қонунга мувофиқ ёки тарафларнинг келишуви билан – мажбуриятларни келтириб чиқариши мумкин. Бир тарафлама битим бўйича мажбурият асосан битим тузган шахсга нистбатан вужудга келади.

Битим тузиш учун икки тарафнинг ёки ундан кўп тарафнинг келишилган эрклари баён этилиши зарур, яъни бунга турли хилдаги шартномалар мисол бўла олади.

Қонун ҳужжатларида битимларнинг оғзаки ва ёзма шакллари белгиланган. Битимнинг ёзма шакли оддий ёзма ёки нотариал тасдиқланган шаклларда бўлади. Битимни нотариал тасдиқлаш қонунда белгиланган ҳолларда ёхуд тарафлардан бирининг талаби бўйича амалга оширилиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасига биноан нотариуслар амалга оширадиган нотариал ҳаракатларга битмларни тасдиқлаш, васиятномаларни тасдиқлаш, эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳномлар бериш, мол-мулкни ўзга шахсга ўтказишни таъқиқлаб қўйиш ва таъқиқни бекор қилиш, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш, ҳужжатлар нусхаларининг ва ҳужжатлардан олинган кўчирмаларнинг тўғрилигини шаҳодатлаш ва шунга ўхшаш қатор юридик аҳамиятга эга бўлган муҳим ҳаракатларни бажаради.

Айнан мана шу нотариал шаклига ёки битимни давлат рўйхатидан ўтказиш талабларига риоя қилинмай тузилиши оқибатида бундай битимлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Ер участкалари ва бошқа кўчмас мол-мулк билан боғлиқ битимлар (бошқа шахсга бериш, ипотека, узоқ муддатли ижара, меросни қабул қилиб олиш ва бошқалар) битимларни давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

Агар тарафлардан бири нотариал тасдиқлаш талаб қилинадиган битимни тўла ёки қисман бажарган бўлса, иккинчи тараф эса – битимни нотариал расмийлаштришдан бош тортса, суд битимни бажарган тарафнинг талаби бўйича уни ҳақиқий деб ҳисоблашга ҳақлидир. Бу ҳолда битимни кейинчалик нотариал расмийлаштириш талаб қилинмайди.

Агар давлат рўйхатидан ўтказиш талаб қилинадиган битим керакли шаклда тузилган бўлиб, аммо тарафлардан бири уни рўйхатдан ўтказишдан бош тортса, суд бошқа тарафнинг талаби билан битимни рўйхатдан ўтказиш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли. Бундай ҳолларда битим суд қарорига асосан рўйхатдан ўтказилади.

Битимни нотариал тасдиқлаш ёки давлат рўйхатидан ўтказишдан асоссиз бош тортаётган тараф битимни тузиш кечиктирилганлиги туфайли етказилган зарарни иккинчи тарафга тўлаши лозим.

Шамсиддин Каримов

Гулистон тумани  давлат нотариал идораси нотариуси