Шартномавий-ҳуқуқий муносабатларда ҳуқуқий экспертизанинг ўрни

Давлатимиз қишлоқда аграр ва иқтисодий муносабатларни ислоҳ қилишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш мақсадида мустақилликнинг дастлабки йилларида қатор қонун ҳужжатлари қабул қилди. Қишлоқ худудида иқтисодий-ижтимоий соҳада амалга ошириладиган ишларнинг аксарият қисми фуқаролик ҳуқуқий шартномалар орқали амалга оширилади. Шарноманинг хар икки томондан тўлиқ бажарилиши эса фермер хўжаликлари ва давлатга фойда келтиради.

Хусусан, Сирдарё вилояти адлия бошқармаси томонидан вилоятда 2012 йил давлат эҳтиёжлари учун пахта ҳом ашёси етказиб бериш бўйича 3345 та 250 минг тоннага тузилган контрактация шартномалари ҳамда 3193 та 177 900 тоннага бошоқли дон етказиб бериш бўйича тузилган контрактация шартномалари адлия бошқармаси томонидан ҳуқуқий-экспертизадан ўтказилди. Шартномалар тузилишида йўл қуйган камчиликлари учун “Оқолтиндонмаҳсулотлари” ОАЖ, “Ховосдонмаҳсулотлари” ОАЖ, Боёвут, Гулистон, Оқолтин, Сардоба, Ховос, Сирдарё, Сайхунобод ва Мирзаобод туман Қишлоқ ва Сув хўжалиги бўлимларининг шартномаларни рўйхатга олиш инспекцияси мутахассисларига нисбатан Сирдарё вилоят Қишлоқ ва Сув хўжалиги бошқармасига тақдимномалар киритилди. Тақдимномалар натижасига кўра, Сайҳунобод туман ҚСХБнинг шартномаларни рўйхатдан ўтказиш инспекцияси мутахассиси Н.Абдужаббаровга, ойлик иш ҳақидан 35 фоиз миқдорида ва Мирзаобод туман ҚСХБнинг шартномаларни рўйхатдан ўтказиш инспекцияси мутахассиси Н.Жарбековга ойлик иш ҳақидан 30 фоиз миқдорида жарима жазоси қўлланилди.

Ўзбекистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги Қарори билан тасдиқланган “Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низом талаблари билан адлия идораларига юклатилган вазифаларни бажариш ҳамда вилоят адлия бошқармасининг 2012 йил 1-ярим йиллик иш режасига асосан, Сайхунобод, Боёвут, Гулистон, Бахт ва Пахтаобод пахта тозалаш корхоналарида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 сентябрдаги Қаорнинг “Кишлоқ хўжалиги махсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, бажариш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисида”ги Низоми ижроси, шартномаларнинг тузилиши ва шартларига риоя қилиниши, корхона билан қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчилар, шу жумладан, фермер хўжаликлари ўртасида вужудга келадиган муносабатларни тартибга солиш юзасидан келиб тушган мурожаатларни ва улар билан тузилган шартномалар ва шартнома талабларига риоя этилиши юзасидан ўрганиш ўтказилди.

Ўрганишлар натижасида, фермер хўжаликларига 90 фоиз миқдорида пул маблағларининг ўз вақтида тўланмаганлиги аниқланди ва ушбу бўйича фермер хўжаликларининг манфаатини кўзлаб вилоят хўжалик судига 176 та 767,9 млн. сўмлик даъво аризалари киритилди.

Бошқарманинг “Боёвут” ва “Гулистон” пахта тозалаш корхоналари АЖга нисбатан киритган тақдимномаларига асосан жами 874,9 млн. сўм пул маблағлари фермер хўжаликларига тўлаб берилди.

Жумладан, Сайхунобод туманидаги “Бегимқулов Махаммадиев” фермер хўжалиги раиси К.Мухаммадиевнинг “Марказий Осиё Уруғчилик Компанияси”дан пул маблағини ундиришда амалий ёрдам сўраб ёзган аризасига асосан, фермер хўжалиги манфаатида судга даъво ариза киритилди. Хўжалик судининг ҳал қилув қарорига асосан “Бегимқулов Махаммадиев” фермер хўжалиги фойдасига 36 408 048 сўм асосий қарз ва 10 000 000 сўм пеня, жами 46 408 048 сўм ундириб берилди.

Бундан ташқари, Гулистон шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Гулистон экстракт ёғ” ОАЖ бош директори К.Икромов ариза билан мурожаат қилиб “Сардоба Агротехсервис” МТП МЧЖсидан пул маблағини ундиришда амалий ёрдам сўраган. “Сардоба Агротехсервис” МТП МЧЖсидан “Гулистон экстракт ёғ” ОАЖ фойдасига пул маблағини ундиришни сўраб вилоят Хўжалик судига даъво ариза киритилди. Хўжалик судининг 2012 йил 6 сентябрь кунидаги ҳал қилув қарорига асосан “Гулистон экстракт ёғ” ОАЖ фойдасига 26 289 120 сўм асосий қарз ва 2 628 912 сўм пеня, жами 28 918 032 сўм ундириб берилди.

Шунингдек бўлим томонидан 2012 йил 06 сентябр кунидаги “Ховосдонмаҳсулотлари” АОЖ га киритилган тақдимномага асосан, фермер хўжаликларига 55,1 млн. сўм пул маблағлари қайтарилиб берилди.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини ривожлантиришда шартномаларнинг қандай тузилиши ва ҳуқуқий экспертизанинг ўзига хос ўрни мавжуд.

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси масъул ходими

Мурод Туракулов