Нотариуснинг касбий жавобгарлиги

Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, аввало, инсон манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонунчилик базасини такомиллаштиришга қаратилган.

Маълумки Президентимизнинг 2010 йил 5 майдаги «Ўзбекистон Республикасида нотариат институтини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисидаги»ги Фармони билан хусусий нотариуслар фаолияти тугатилган эди. Бу эса ўз-ўзидан нотариал идораларнинг самарали тармоғини тузиш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлашни тақозо этди. Мазкур фармон бугунги нотариал амалиётда айрим нуқсонлар мавжудлигини яққол кўрсатиб бериш билан бирга, ушбу соҳадаги қонунчилик базасини янада такомиллаштиришга қаратилган туб ислоҳотларни амалга оширишга йўналтирилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Соҳада амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар нотаруслардан ўз ишига юксак маъсулият билан ёндашишни тақозо этади. Шу мақсадда 
2010 йил 28 декабрда Вазирлар Маҳкамасининг “Нотариус томонидан ўз касб мажбуриятлари бузилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори қабул қилинди.

Мазкур низом «Нотариат тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ нотариус томонидан ўз касб мажбуриятлари бузилиши оқибатида юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарни давлат томонидан қоплашни белгилайди. Кўриниб турибдики, бу меъёр фуқаролар ҳамда корхона ва ташкилотлар манфаатининг тўлиқ муҳофаза этилишини таъминлайди.

Юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарар Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан қопланади. Нотариус қўпол хато ва камчиликларга йўл қўйгани аниқланган ҳолларда давлат зарар қопланишини талаб қилиши мумкин. Бу эса соҳа ходимларни маъсулиятини оширишга хизмат қилади. Чунки етказилган зарарни хатога йўл қўйган нотариус ҳисобидан ундириш тартиби ҳам низомда белгиланган. Унга кўра, юридик ва жисмоний шахс унга етказилан зарарни қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори зарар қопланиши учун асос ҳисобланади.

Унутмаслик лозимки, суднинг зарарни қоплаш тўғрисида қонуний кучга кирган қарори асосида адлия бошқармаси томонидан нотариусни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилиши низомда белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, адлия бошқармаси томонидан қопланган сумма кейинчалик (регресс) тартибида нотариусдан ундириб олиниши лозим. Юридик ва жисмоний шахсга етказилган зарар қоплангандан сўнг икки кундан кечикмай адлия бошқармаси нотариусга аксинча талаб (регресс) билан мурожаат қилади. Нотариус юридик ва жисмоний шахсга етказилган зарарни тўлаш учун адлия бошқармаси қилган ҳаражатни белгиланган тартибда ихтиёрий равишда қоплаш ҳуқуқига эга. Нотариус томонидан зарарни қоплаш адлия бошқармасининг шахсий ғазначилик ҳисоб-рақамига пул маблағлари киритиш йўли билан амалга оширилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам зарарни нотариус томонидан бошқача шаклда қопланишига йўл қўйилмайди.

Меҳнат кодексининг 207-моддасига мувофиқ, нотариусдан ўртача ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаган етказилган зарар суммасини ундириш адлия бошқармаси раҳбарининг буйруғига биноан амалга оширилади. Буйруқ юридик ва жисмоний шахсга етказилаган зарар адлия бошқармаси томонидан қопланган кундан бошлаб бир ойдан кечикмай қабул қилиниши керак. Нотариус билан меҳнат шартномасининг тугатилиши уни зарар ва тегишли ҳаражатларни қоплаш мажбуриятидан озод қилмайди. Мазкур тартиблар нотариал фаолиятни юритаётган нотариусдан юқори билим, меҳнат тажрибасини ва қонунийлик принципига доимо амал қилишни тақозо этади.

Ижтимоий-иқтисодий муносабатлар жадаллик билан ривожланаётган бугунги пайтда нотариат институтига қаратилаётган эътибор жисоний ва юридик шахслар ўртасида тузиладиган ҳар қандай битим ва шартноманинг қонуний асосларга эга бўлишига, юридик жиҳатдан мустаҳкамланишига, шунингдек, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари муҳофазасини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси 

бўлими бшлиғи И.С.Қудратов