Инсон манфаатлари - бош мезон

Дата: 21.08.2013    

Мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ўзгариш ва ислоҳотлар, аввало, инсон манфаати, унинг орзу-умидлари, эзгу ниятларини рўёбга чиқаришдек хайрли мақсадга хизмат қилмоқда. Истиқлолимизнинг 22 йиллиги арафасида халқимизнинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тарихий йўли, эришилган улкан ютуқлари ҳамда уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ҳар томонлама чуқур англаш, яъни ҳаёт ҳақиқатини билиш ва уни кенг жамоатчиликка етказиш муҳим вазифаларимиздан биридир. Жумладан, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонун ижодкорлиги, инсон манфаатлари ва ҳуқуқлари ҳимояси йўлида олиб борилаётган ишлар ҳам таҳсинга лойиқдир. Бу борада адлия органлари томонидан ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Сирдарё вилояти адлия бошқармаси томонидан норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданиятни оширишга йўналтирилган ҳуқуқий тарғибот бўйича давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш борасида 2013 йилнинг 1-ярим йиллиги мобайнида бир қатор ишлар амалга оширилди.

2013 йил 1-ярим йиллик давомида бошқармага жами 480 та ариза ва шикоятлар келиб тушган бўлиб, ушбу мурожаатларнинг 258 таси қаноатлантирилди.

Жумладан, бошқарманинг “Ишонч телефони”га 89 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 64 таси қаноатлантирилиб, 24 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

Масалан, бошқарманинг “ишонч телефони”га Фуқаро Д.Юлдашева Гулистон шаҳар Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлими томонидан унинг марҳум турмуш ўртоғи А.Юлдашевга компенсация пуллари ўз вақтида берилмаганлиги сабабли унинг вафоти оқибатида зарар етказилганлигидан норози мурожаат қилган.

Ўрганиш натижасида, бошқарма томонидан фуқаро Д.Юлдашева фойдасига Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Гулистон шаҳар бўлими ҳисобидан 134.700 сўм етказилган зарарни ундириш тўғрисида даъво аризаси киритилди.

Бўлим томонидан амалга оширилган самарали ишлардан бири вилоятда фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш ва улар фаолиятини тиклаш бўйича адлия бошқармаси томонидан тегишли идоралар билан ҳамкорликда кўрилган чоралар ва кўрсатилган амалий ёрдам натижасида жорий йилнинг 6 ойи давомида жами 42 та тадбиркорлик субъектларининг фаолияти қайта тикланди.

Бошқармага ҳокимликлар томонидан жами 37 та қарор лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун топширилган бўлиб, 25 та қарор лойиҳаларига розилик имзоси қўйилган, шундан 12 та қарор лойиҳаси норматив тусдаги қарор бўлмаганлиги сабабли умумий асосларга кўра қабул қилиш учун қайтарилган. Экспертизадан ўтказилган 25 та қарордан барчаси расмий нашрларда эълон қилиниб, давлат ҳисобига қўйиш учун адлия бошқармасига тақдим қилинган.

Мутахассисларимиз ҳуқуқий тарғибот тадбирларида вилоятимизнинг барча шаҳар, туман ва қишлоқларида аҳолининг барча қатламларини қамраб олишни, тарғиботнинг таъсирчан воситаларидан фойдаланишни алоҳида назарда тутадилар. Жорий йилнинг олти ойи давомида олиб борилган 773 дан зиёд тарғибот тадбирлари кўлами анча кенг. Оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар, жойларда ташкил этилган мулоқотлар, турли соҳалардаги масъул ходимлар учун ўтказилган семинарлар шулар жумласидандир.

Хулоса қилиб айтганда, барча амалий ишларнинг замирида инсон манфаатини улуғлаш, унинг ҳақ-ҳуқуқларини доимо ҳимоя қилиш вазифаси мужассамдир.

И.Қудратов,

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

бошлиғи ўринбосари