Гаров қай ҳолларда бекор бўлади?

Бозор иқтисодиёти жадал ривожланган бугунги кунда жамиятда ижтимоий-иқтисодий муносабатларга киришар эканмиз, кундалик ҳаётда гаров, кафиллик, неустойка, закалат ва бошқа шунга ўхшаш тушунчалар билан тўқнашамиз.

Шулардан бири бўлмиш гаров тушунчаси ва унинг бекор бўлиш асослари, ҳуқуқий тартибга солиниши тўғрсида тўхталсак.

Бир шахснинг бошқа шахсга мол-мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни мажбуриятларни таъминлаш учун бериши – гаров ҳисобланади. Унга кўра қарздор ўз мажбуриятини бажармаган тақдирда кредитор (гаровга олувчи) бу мажбурият бўйича ўз талаби гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматидан ушбу мол-мулк эгаси бўлган шахс (гаровга қўювчи)нинг бош қа кредиторларига қараганда имтиёзли суратда қаноатлантирилишига, қонунда белгилаб қўйилган чегиришлардан кейин, ҳақ бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 283-моддасига кўра бир неча ҳолларда гаров бекор бўлади. Улар қуйидагилар:

Биринчидан, гаров билан таъминланган мажбурият бекор бўлганида,

Иккинчидан, гаровга қўйилган мол-мулк йўқолиши ёки унинг шикастланиши хавфи пайдо бўлганда гаровга қўювчининг талаби билан,

Учинчидан, гаровга қўйилган ашё нобуд бўлганида ёки гаровга қўйилган ҳуқуқ бекор бўлганида, агарда гаровга қўювчи шундай ҳол юз берганда гаров ашёсини тиклаган ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, уни тенг қийматли бошқа мол-мулк билан алмаштирмаган бўлса,

Тўртинчидан, гаровга қўйилган мол-мулк ким ошди савдосида сотилган тақдирда, шунингдек, уни сотиш мумкин бўлмаган тақдирда , яъни

- ким ошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинганида гаровга олувчи гаровга қўювчи билан келишиб, гаровга қўйилган мол-мулкни сотиб олишга ва харид нархини гаров билан таъминланган ўз талаблари ҳисобига ўтказишга ҳақли. Бундай келишувга нисбатан олиш-сотиш шартномаси қоидалари қўлланилади.

- такрорий ким ошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинганида гаровга олувчи гаров нарсасини такрорий ким ошди савдосидан бошланғич сотиш нархидан кўпи билан билан ўн фоиз камайтирган суммада баҳолаб, ўзида олиб қолишга ҳақли,

- агар гаровга олувчи гаров нарсасини ўзида олиб қолиш ҳуқуқидан такрорий ким ошди амалга ошмаган деб эълон қилинган кундан эътиборан бир ой давомида фойдаланмаса, гаров шартномаси бекор қилинади.

Кўчмас мулкни гаровга қўйиш ипотека ҳисобланади ва ипотека бекор бўлганида ипотека тўғрисидаги шарнома рўйхатга олинган реестрга белги қўйилади.

Гаров билан таъминланган мажбурият бажарилиши натижасида ёки гаровга қўювчининг талаби билан гаров бекор бўлганида ихтиёрида гаровга қўйилган мол-мулк бўлган гаровга олувчи уни дарҳол гаровга қўювчига қайтариб бериши шарт.

К.Хушвақов

Сирдарё тумани 4-сонли

ДНИ нотариуси