Мустаҳкам оила – маҳалла фахри

Мамлакатимизда оила муҳофазасининг қонунчилик асослари мустақиллик йилларида мукаммаллашди. Мустаҳкам оила тушунчаси замирида чуқур маъно мужассам. Қурилажак оиланинг мустаҳкам бўлиши учун ташкил топган пайтданоқ ҳар томонлама ҳимоя қилиниши ва эркин ривожланиши учун шарт-шароитга эга бўлмоғи лозим.

Оилани мустаҳкамлаш хусусида фикр юритилганда, миллий қонунчилигимиздаги оила муносабатларини тартибга солувчи меёрий-ҳуқуқий нормалар билан биргаликда жойлардаги ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолияти аҳамиятлидир.

Ҳар бир оила айнан маҳаллада ташкил топганлигини инобатга оладиган бўлсак, юртбошимиз таъкидаганидек, “...Оилани мустаҳкамлашда маҳалланинг ўрни ва роли беқиёсдир”.

ФҲДЁ бўлимларига янги оила қуриш истагида келган ҳар бир ёшнинг, қолаверса, ҳар қандай фуқаронинг кимлиги, қандай инсон эканлиги, қандай оиланинг фарзанди эканлиги, унинг орзу-истаклари, ҳаётдаги интилишлари, юмуш-ташвишлари, феъл-атворию, камчиликлари фақатгина у туғилиб-ўсган маҳаллаю, истиқомат қилаётган ҳудудидаги кишиларгагина аён. Шунга кўра ФҲДЁ бўлимлари қошида ташкил этилган “Оила дорилфунуни” ўқув-машғулотлари, таълим муассасалари битирувчилари учун “Ёш оила қурувчилар мактаб”лари фаолияти соғлом ва мустаҳкам оилани шакллантириш мақсадида ҳар йили шаҳар ва туман ҳокимлиги ҳамда маҳаллалар билан ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда. Ўқув машғулотлари оила саводхонлигини ва унинг тарғиботини юксалтириш, оила қурувчи ёшларнинг маънавий, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, репродуктив билимларини ошириш, ҳаёт сабоқларидан баҳраманд этиш, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг оила қуришдаги муаммолар ечимини топишга ўргатиш, шунингдек, тингловчилар орасида миллий ғоя, халқимизнинг урф одатлари ва анъаналаримизни, оиланинг жамият таянчи, муқаддас қўрғон, муҳаббат қасри ва жамият таянчи эканлигини кенг тарғиб қилиш мақсадида тегишли ташкилотлар, хусусан, маҳалла фаоллари иштирокида ўтказилмоқда.

Никоҳ ёшига етмаган шахсларнинг никоҳи қонуний рўйхатдан (алоҳида ҳоллар бундан мустасно) ўтказилмайди. Шунга қарамай айрим ота-оналар шошма-шошарлик билан фарзандининг шаръий никоҳ асосида оила қуришига имконият яратиб беради. Натижада маънавий ва тиббий жиҳатдан ривожланмаган, барвақт оила қурган ёшларнинг оиласи мустаҳкам бўлишига шубҳа туғилади. Бундан ташқари шаръий никоҳ эр-хотинлар орасида ҳеч қандай ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқармайди ҳамда аксинча, турли муаммолар, айниқса мулкий муносабатлар, шаръий никоҳдан туғилган боланинг ҳуқуқлари ечимида уларнинг поймол бўлишига олиб келиши мумкин. Шу боисдан ҳам ФҲДЁ органлари маҳалла фаоллари билан қонуний никоҳи қайд этилмасдан оила қурган шахсларни аниқлашда яқиндан ҳамкорлик қилиб келишмоқда.

Ҳаётнинг ширин дамлари сингари ўзига хос қийинчиликлари ва машаққатлари, синовлари мавжуд. Шундай синовларга дош беролмай ФҲДЁ идораларига турли сабабларга кўра никоҳдан ажралиш учун ҳам фуқаролар ариза билан мурожаат қилишади. Ана шундай ҳолларда мулкий муносабатларни ҳал этиш қийин кечади, эр-хотиннинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини адо этишлари бирмунча мураккаблашади. Шу боисдан ҳам ФҲДЁ органлари Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси талабларига биноан оилада вояга етмаган фарзанд бўлмаса ҳамда ўзаро мулкий низолар бўлмаган тақдирда аризаларни қабул этади ҳамда биринчи навбатда оилани сақлаб қолиш мақсадида дастлаб 3 ойлик муддат беради. Аризачиларни муаммолар ечимини топиш ва келин-куёвни келиштириш учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ташкил этилган ярашув комиссиялари эътиборига ҳавола этади.

Мустаҳкам оила ғоясининг ифодасини, Президентимиз таъкидлагандек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи сифатида ном қозонган маҳалла тизими фаолиятида яққол кўриш мумкин. Жамоатчилик номидан оиладаги нотинчликни бартараф қилишга кўмаклашиш, энг аввало, маҳалла зиммасига тушади. Маҳаллаларда ярашув комиссиялари бор. Улар кўмагида, кўпни кўрган, барчага намуна бўладиган инсонлар йўл-йўриғи билан ажрашиш ҳолатларига келиб қолган аксарият оилалар сақлаб қолинмоқда.

Мазкур комиссиялар фаолиятини янада ривожлантириш, уларнинг ФҲДЁ органлари билан ҳамкорлик фаолиятини кучайтириш оилавий ажралишларнинг сезиларли даражада камайишида муҳим омил бўлади.

Илк баҳорнинг кунларининг бирида бўлимимизга ёши 50лардан ошган бир аёл неварасининг туғилганлигини қайд этиб беришни сўраб мурожаат этди. Унинг менга кўзини узмай жилмайиб қараб туриши кимнидир эслатарди. Ким эканлигини эслаб улгурмасимдан аёлнинг ўзи гап бошлади: “Мени эслаяпсизми?”

Ҳа, мен уни эсладим. Ўтган йил кузида туманимизнинг узоқ қишларидан бирида истиқомат қилувчи икки ёш никоҳдан ажраш тўғрисида ариза билан мурожаат қилишган эди. Қачон ва қандай никоҳга кирганликлари, ажралишни истаганликларининг сабабини сўраганимда олийгоҳда бирга ўқишганлари ва бир-бирига кўнгил қўйиб турмуш қуришганига ҳали 2 ой ҳам бўлмаганини айтишди ва ажралишга аҳд қилишганига эса жўяли сабаб топа бера олишмади. Шунда уларнинг гап-сўзларидан англадимки, бу ёшларнинг оддий маиший муаммолар туфайли тушунмовчилиги ва шошма-шошарлиги оқибатидир. Мансабдор шахс сифатида эмас, балки оддий аёл, анча-мунча қийинчиликларни кўрган, бир қизни чиқарган тўрт боланинг онаси сифатида уларга, ҳали ёш бўлиб, кўпдан-кўп фарзандлар кўришлари, иккови бир-бирига мослиги, охир-оқибатда бу ишлари яхшиликка олиб келмаслиги, бир оиланинг эмас, ўзлари билан қўшиб нақ уч оиланинг парокандалигига олиб келиши тўғрисида узун-узоқ эмас, иложи борича ёшларнинг, ўзларининг тилида тушунтиришга ҳаракат қилдим ва маҳалладаги ярашув комиссиясига мурожаат этишларини айтдим. Шундан сўнг иккаласи ҳам бўйинларини эгганча хонадан чиқиб кетишди. Орадан бир дақиқа ҳам ўтмасдан бир аёл кириб келди ва ўзини Муҳаррам опа деб таништириб, ҳозиргина чиқиб кетган куёвнинг онаси эканлигини, қанча насиҳат қилса ҳам ёшлар ўз билганидан қолмай ФҲДЁ бўлимига югуриб келишганини айтиб, нолинганди.

“Сизга каттакон раҳмат, - деди сўзини давом эттириб Муҳаррам опа - ўшанда сизнинг самимий сўзларингиз бўлмаганида бугун неварали бўлиб яна сизнинг ҳузурингизга келишим амримаҳол эди. Ҳозир келиним билан ўғлим аҳил-иноқ, келиним жуда меҳрибон, мен уни ўз қизимдай кўраман. Тўғрида! Ойда -йилда келиб, меҳмон бўлиб кетадиган қизлардан нима фойда?! Мана шу келин-да, иссиқ-совуғингдан хабар олиб турадиган, оғриганингда сенга малҳам бўладиган”,-деди опа ҳазил аралаш.

Давлатимиз раҳбари томонидан таклиф этилган маҳалла институти билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг яқин алоқасини таъминлайди. Халқимиз азал-азалдан оилага катта эътиқод, ҳурмат ва эҳтиром билан қараган. Оиладаги тинчлик, тотувлик эса эр ва хотиннинг маънавий дунёқараши асосида қарор топади.

Д.Набиева

Мирзаобод тумани

ФҲДЁ бўлими мудири