Фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш асослари ва ҳуқуқий оқибатлари

Бола ўз ота-онаси томонидан тарбияланиши, ўз манфаатлари таъминланиши, ҳар тарафлама камол топиши, инсоний қадр-қимматлари ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга. Бола исм, ота исми ва фамилиясини олиш ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуқ болага унинг туғилиши билан берилади. Эр-хотиннинг розилиги бўйича, миллий-тарихий анаъаналрга кўра, ота ёки она томонидан бобонинг исми бўйича ҳам фамилия берилиши мумкин. ФҲДЁ органи ота-онанинг биргаликдаги аризасига биноан бола ўн олти ёшга тўлганча бола манфаатларини эътиборга олиб, унинг исмини ўзгартиришга, шунингдек унга берилган фамилияни ҳам отаси ёки онанинг фамилиясига қараб ўзгартиришга ҳақлидир.

Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 28-бобига кўра, ҳар бир фуқаро фамилия, исми ва ота исмини ўзгартириш ҳуқуқига эгалиги белгиланган, яъни:- Фамилия, исми ва ота исмини ўзгартириш ҳақидаги аризалар ариза берувчи ўн олти ёшга тўлгандан кейин у яшаб турган жойидаги фуқаролик ҳолати далолатномаларни ёзиш органи томонидан кўриб чиқилади.

Фамилия, исми ва ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги хулоса ички ишлар органлари томонидан ушбу шахс тегишлича текширувдан ўтказилганидан кейингина тузилиши мумкин.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органининг фамилия, исм ва ота исмини ўзгартиришни рад этганлиги устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.

Фамилия, исм ва ота исми ўзгартирилганида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш дафтарлари ёзувларига тегишли ўзгартиришлар киритилади.

Эр(хотин)нинг фамилияси ўзгартирилиши (унга нисбатдан оталик белгиланганда ҳам) хотин(эр)нинг ҳамда унинг вояга етган болалари фамилиясини ўзгартирилишига сабаб бўлмайди.

Ота-она ҳар иккаласининг фамилияси ўзгартирилганида уларнинг ўн олти ёшга тўлмаган болалари фамилияси ҳам ўзгартирилади.

Агар ота-онадан бири ўз фамилиясини ўзгартирса, уларнинг ўн олти ёшга тўлмаган болалари фамилиясини ўзгартириш масаласи ота-онанинг келишувига биноан, бундай келишув бўлмаганда эса, васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан ҳал этилади.

Ота исмининг ўзгартирилиши унинг ўн олти ёшга тўлмаган болаларнинг ота исми албатта ўзгартирилишига сабаб бўлади.

Фамилия, исми ва ота исми Ўзбекистон Республикаси “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш” Қоидаларининг 166-184 моддаларига асосан амалга оширилади.

Агар 16 ёшга тўлган шахс паспорт ёки паспорт ўрнини босувчи шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат олгунга қадар фамилияси, исми ва ота исмини ўзгартириш ҳақида ариза берса, унда аризага туғилганлик ҳақида гувоҳнома ва туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзуви нусхаси илова қилинади.

Фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги аризалар;

“давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига биноан; агар фамилия, исм ва ота исми эшитилишида ёқимсиз бўлса, агар фамилия, исм ва ота исми миллатига тўғри келмаса, ҳоҳишига қараб никохгача бўлган фамилияга(никохда турган даврида ҳам, никохдан ажратилгандан кейин ҳам) қайтишда, оилада бир хил фамилияда бўлиш истаги бўлгшанда (агар никох тузиш пайтида эр-хотин умумий фамилияни танламаган бўлса), ФҲДЁ органи томонидан узрли деб топилган бошқа асосларга кўра кўриб чиқилади.

Ўзгартиришлар киритилиши учун зарур бўлган далолатнома ёзувлари йўқолган тақдирда, фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш улар тикланганидан кейин амалга оширилади.

ФҲДЁ бўлими тўпланган ҳужжатларни тегишли текширув ўтказиш мақсадида ички ишлар бўлимига жўнатади.

Ички ишлар бўлими тақдим этган ҳужжатларни 30 кун мобайнида ўрганиб чиқади, ариза берувчининг фамилияси, исми ва ота исмини ўзгартирилиши хусусида асосланган хулоса тузади ва ФҲДЁ бўлимига ижро учун тақдим килади.

Ички ишлар бўлимининг хулосасини олганидан кейин ФҲДЁ органи тақдим этилган ҳужжатлар асосида фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш ёки рад қилиш тўғрисида асосланган хулоса тузади.

Фамилия, исм ва ота исми ўзгарганлиги тўғрисида ички ишлар бўлимига 7 кун мобайнида, агар ариза берувчи ҳарбий хизматга мажбур бўлса, мудофаа ишлари бўлимига хабарнома юборилади.

Агар никохга кириш пайтида ўзининг никоҳгача бўлган фамилиясини сақлаб қолган шахс кейинчалик эрининг фамилиясини қабул қилса, шунингдек, никоҳга кириш пайтида қабул қилинган фамилиясини никоҳгача бўлган фамилиясига ўзгартирса, у холда ўзгартириш фақат никоҳ тузилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзувига киритилади.

Агар никохдан ажратилгандан кейин никохдаги фамилиясини сақлаб қолган шахс уни никоҳгача бўлган фамилиясини ўзгартирса, у ҳолда ўзгартириш фақат никохдан ажралганлик хақидаги далолатнома ёзувига киритилади.

16 ёшга тўлган шахслар томонидан фамилияси, исми ва ота исми ўзгартирилган барча ҳолларда ўзгартириш фақат туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувининг “бола тўғрисида маълумотлар” устунига киритилади.

Ота-она тўғрисидаги маълумотлар ўзгаришсиз қолдирилади.

Ўзбекистон Республикасининг чет элда доимий яшовчи фуқароларининг аризалари консул томонидан кўриб чиқилади. Аризага мазкур қоидаларнинг 167-моддасида кўрсатилган ҳужжатлар илова қилиниши лозим. Зарур ҳолларда консул аризачининг илтимоси асосли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларни ва ўзгартириш киритилиши лозим бўлган далолатнома ёзувларини Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали тегишли органларида талаб қилиб олади.

Йиғилган ҳужжатлар асосида консул Ташқи ишлар вазирлиги орқали Ўзбекистон Республикасининг ёки ариза берувчи яшаб турган давлатнинг ваколатли органларидан ариза берувчининг фамилияси, исми, ота исмини ўзгартиришга рухсат берилганлиги ҳақидаги хулосани олиши зарур.

Ушбу хулоса асосида консул фамилия, исм, ота исмини ўзгартиририш ҳақида асосланган хулоса тузади ва уни йиғма жилд билан бирга ўзгартириш киритилиши лозим бўлган далолатнома ёзуви сақланиб турган ФҲДЁ органига юборади.

Фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги ариза 45 кун мобайнида кўриб чиқилади.

Янгиер шаҳар ФҲДЁ

бўлимининг мудираси

Р.Ботирова