Тадбиркорлар – адлия ҳимоясида

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга қулай шароитлар яратиш, уларни рағбатлантириш масалалари иқтисодий ислоҳотларнинг асосини ташкил этади.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш юзасидан Сирдарё вилоят адлия бошқармасининг Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2011 йилда тадбиркорлик субъектларидан жами 108 та ариза ва шикоятлар келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг 60 таси қаноатлантирилган, 39 тасига ҳуқуқий тушинтиришлар берилган, 10 таси тегишлилигига кўра бошқа идораларга юборилган ва 2 таси асоссиз деб топилган.

Ушбу мурожаатларнинг хусусияти бўйича таҳлил қилинса, уларнинг 38 таси бажарилган хизмат ва етказиб берилган маҳсулот ҳақини ундириб бериш, 13 таси кредит ажратиш ва банк ходимлари томонидан пул маблағларини асоссиз ўтказиб юборилганлиги, 9 таси солиқ идоралари ходимларидан норози бўлиб ва солиқ тўловларининг ундирилиши бўйича тушунтириш бериш, 5 таси ер ажратиш ҳамда 36 таси бошқа масалаларни ташкил этади.

Ушбу мурожаатларнинг фақат қаноатлантирилган аризалари бўйича судларга 89 та 2.007.278.083 сўмлик даъво аризаси киритилиб, судлар томонидан кўриб чиқилиб, суднинг қарори билан 882.277.707 сўмга қаноатлантирилди.

Масалан, Хоразм вилоятида фаолият кўрсатаётган “Шарх Инвест Транс” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Х.Аллабергановнинг Марказий халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобил йўлларини сақлашга ихтисослаштирилган таъмирлаш-фойдаланиш давлат корхонасидан кўрсатилган транспорт хизмати учун ҳақ ундиришда амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат этган.

Ўрганиш натижасида “Шарх Инвест Транс” МЧЖ манфаатини кўзлаб давлат унитар корхонасидан 80.599.666 сўм қарзни ундириш тўғрисида вилоят хўжалик судига даъво аризаси киритилди. Иш судда кўрилиб, корхона ҳисобидан жамият фойдасига 80.599.666 сўм ундириш тўғрисида суднинг қарори чиқарилди.

Бошқарманинг 2011 йилга мўлжалланган иш режаларига асосан вилоятдаги жами 90 та назорат қилувчи органлар, ҳокимликлар ҳамда тайёрлов ва хизмат кўрсатувчи идораларда ўрганишлар ўтказилиб, қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Аниқланган қонунбузилишлар ҳолатларини бартараф этиш ва қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш ҳақида 93 та тақдимнома, 94 та ёзма огохлантириш ва ёзма кўрсатмалар ҳамда ҳуқуқбузарлик содир қилган мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича судларга 22 та таклифлар киритилди. Мазкур таклифлар судлар томонидан кўриб чиқилиб, 17 нафар мансабдор шахсларга нисбатан суд қарорига асосан маъмурий жарима жазоси қўлланилди.

Бошқарма томонидан киритилган тақдимномаларга асосан 186 нафар шахслар интизомий жавобгарликка тортилди, шундан 18 нафар шахслар эгаллаб турган лавозимларидан озод қилинди.

Шу жумладан. киритилган тақдимномаларга асосан давлат хокимияти ва давлат бошқарув органлари томонидан қабул қилинган жами 24 та ноқонуний қарорлар бекор қилинди.

Хусусан, адлия бошқармаси томонидан “Бек” хусусий фирмаси раҳбари У.Сотиболдиевнинг 2011 йил 18 апрелдаги “Бек” хусусий фирмасини ўзининг фирмани тугатиш тўғрисидаги қарори мавжуд бўлмай туриб ноқонуний равишда тугатилганлиги юзасидан мурожаати ўрганиб чиқилди.

Ўрганишда, “Бек” хусусий фирмаси таъсисчисининг фирмани тугатиш тўғрисидаги қарори мавжуд бўлмасада, Гулистон шаҳар солиқ инспекциясининг 2009 йил 26 октябрдаги 13-108 сонли тақдимномасига асосан Гулистон шаҳар ҳокимининг 2009 йил 3 ноябрда 1051-сонли корхонани реестрдан чиқариш тўғрисида қарори қабул қилинганлиги аниқланди.

Ушбу ҳолат бўйича Гулистон шаҳар ҳокимлигига тақдимнома киритилиб, Гулистон шаҳар ҳокимининг 2009 йил 3 ноябрдаги 1051-сонли “Бек” хусусий фирмасини тугатиш ва реестрдан чиқариш бўйича тегишли бандларини бекор қилиш сўралди.

Тақдимномага асосан Гулистон шахар хокимининг 2009 йил 3 ноябрдаги 1051-сонли қарорининг “Бек” хусусий фирмасини тугатиш тўғрисидаги тегишли банди бекор қилиниб, ”Бек” хусусий фирмасининг фаолияти қайта тикланди.

Бундан ташқари, 2011 йилда назорат қилувчи органлар томонидан жами 13 та ҳолатда ноқонуний текширишлар ўтказилганлиги аниқланди.

Жумладан, Янгиер шаҳар ветеринария бўлимида ўтказилган ўрганишда бўлим томонидан Ўзбекистон Республикаси “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон республикаси Адлия вазирлиги томонидан 03.09.2007 йилда 1712-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Назорат қилувчи органлар томонидан якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини текширишларни ташкиллаштириш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларини қўпол равишда бузган ҳолда 1 та ноқонуний текшириш ўтказганлиги аниқланди.

Худди шундай, Гулистон шаҳар, Сирдарё ва Сайхунобод туманларининг ветеринария бўлими ходимлари томонидан ҳам ноқонуний текширишлар ўтказилган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан вилоят ветеринария бошқармасига 4 та тақдимнома ҳамда ноқонуний текшириш ўтказган мансабдор шахсларнинг чўнтагидан моддий ва маъанавий зарарларни ундириш тўғрисида судга олтита даъво аризалари киритилди. Тақдимномага асосан 9 нафар ветеринария ходимига нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилиб, 1 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя

қилиш бўлими бош маслаҳатчиси Анвар Хўжаназаров