Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўзига хос хусусиятлари

Дата: 28.12.2016    

“Идоравий норматив-ҳуқуқий Ò³ÑƒÐ¶Ð¶Ð°Ñ‚лар” тушунчаси кўпчилик учун янгилик эмас. Шу билан бирга ушбу турдаги ҳужжатларнинг бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан фарқ қилувчи бир қатор хусусиятларини таъкидлаб ўтиш фойдадан ҳоли эмас.

Чунки идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар кундалик ҳаётимизга шунчалик чуқур сингиб кетганки, биз қайси соҳада фаолият кўрсатмайлик ўзимиз истаган ёки истмаган, билган ёки билмаган ҳолда ушбу ҳужжатларга дуч келамиз.

Хусусан, касал бўлганимизда шифокор томонидан бериладиган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси, чет эл сафарларига кетаётганда тўлдирадиган йўловчи божхона декларацияси, фарзандимиз туғилганда ФҲДЁ органларига тақдим этиш учун бериладиган туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома каби ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби ва уларнинг шакли идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган.

Ёки бўлмаса, буҳгалтерия амалиётида кенг қўлланилиб, молия соҳасидаги олий ўқув юртларида ҳар бири алоҳида ўқув курси сифатида ўрганиладиган “Асосий воситалар”, “Номоддий активлар”, “Ижара ҳисоби” каби буҳгалтерия ҳисобининг 20 дан ортиқ миллий стандартлари ҳам идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Ҳуқуқий жиҳатдан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қонун ҳужжатлари мажмуасининг ажралмас қисми ҳисобланади. Ўзнинг юридик кучига кўра Олий мажлис, Президент ва Ҳукумат томонидан қабул қилинадиган ҳужжатлардан кейинги ўринда туради ва уларнинг барчасига мувофиқ бўлиши лозим.

Ушбу ҳужжатлар 2 та шаклда: буйруқлар ва қарорлар тарзида қабул қилинади.

Буйруқлар тегишли идорага раҳбарлик қилишни яккабошчилик асосида амалга оширадиган биринчи раҳбарлар: вазирлар, агентлик ва марказларнинг бош директорлари, инспекция бошлиқлари томонидан қабул қилинади.

Қарорлар эса, тегишли идорага раҳбарлик қилиш коллегиал тарзда амалга ошириладиган давлат қўмиталари, қўмиталар, комиссиялар, кенгашлар каби органлар томонидан қабул қилинади.

Икки ёки унда ортиқ вазирлик ва идора томонидан қўшма қабул қилинадиган ҳужжатлар ҳам қарор шаклида қабул қилинади.

Шу ўринда вазирлик ва идоралар томонидан қабул қилинадиган барча буйруқлар ва қарорлар ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳисобланмаслигини, яъни Адлия вазирлигидан давлат рўйхатидан ўтказилмаслигини таъкидлаш лозим.

Чунки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 9 октябрдаги 469-сон “Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар меъёрий ҳужжатларининг қонунийлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан давлат рўйхатидан ўтказиладиган ҳужжатларнинг аниқ мезонлари белгилаб қўйилган.

Биринчи тоифа – бу фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи, яъни уларга янги ҳуқуқ ва эркинликлар беришни, мажбуриятлар юклашни назарда тутувчи ҳужжатлардир.

Иккинчи тоифа – бу идоралараро тусга эга бўлган ҳужжатлар, яъни бир неча вазирлик ва идорлар томонидан қабул қилиниб, ижтимой ҳаётнинг турли соҳаларидаги ташкилотлар учун мажбурий бўлган ҳужжатлардир.

Учинчи тоифа – бу ҳужжатни қабул қилган орган тизимига кирмайдиган ташкилотлар учун мажбурий бўлган ҳужжатлар.

Шу билан бирга, юқорида санаб ўтилган талабларга мувофиқ бўлиб ҳам давлат рўйхатидан ўтказилмайдиган ҳужжатлар мавжуд.

Булар – техник регламентлар, стандартлар, санитария, ветеринария-санитария, фитосанитария, шаҳарсозлик, экология қоидалари ва нормалари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги бошқа ҳужжатлардир. Бу ҳужжатлар норматив-ҳуқуқий ҳисобланмаса-да, умуммажбурий ҳужжатлар тифасига киради. Фақатгина уларни Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказиш талаб қилинмайди. Ушбу ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш тартиби алоҳида қонун ҳужжатлари билан белгиланган бўлиб, “Ўзстандарт” агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси сингари органлар бу борада ваколатли органлар ҳисобланади.

Давлат рўйхатидан ўтказилмайдиган ҳужжатларнинг кейинги тоифаси эса ўз мазмунига кўра ички ёки тавсиявий хусусиятларга эга ҳужжатлардир. Масалан, лавозимга тайинлаш, бошқа лавозимга ўтказиш ёки лавозимидан озод қилиш, комиссия ва бошқа коллегиал органлар таркибини тасдиқлаш, фахрий ёки ҳарбий унвонлар бериш, муайян шахсларга имтиёзлар бериш ва бошқа шу каби ҳужжатлар давлат рўйхатидан ўтказилмайди.

Шунингдек, юқори турувчи органларнинг қарорларини ижро этиш мақсадида вазирлик ва идоралар томонидан қабул қилиниб, ўз таркибий бўлинмалари, ҳудудий органлари ва муассасаларига жўнатиладиган буйруқлар ҳам давлат рўйхатидан ўтказилмайди.

Тавсия хусусиятига эга ҳужжатлар эса, уларнинг бажарилиши ёки бажарилмаслиги муайян ҳуқуқий оқибатлар олиб келмаслиги сабабли, давлат рўйхатидан ўтказилмайди.

Шу ўринда, давлат рўйхатидан ўтказилмайдиган ҳужжатлар ҳақида бир “олтин қоида”ни унутмаслик зару. Яъни бундай ҳужжатлар биринчи навбатда қонун ҳужжатларига зид бўлмаслиги, иккинчидан, уларда қонун ҳужжатларида мавжуд бўлмаган янги ҳуқуқий нормалар бўлмаслиги лозим.

Идоравий норма ижодкорлиги соҳасидаги яна бир муҳим масала бу – идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ваколатига эга органлар тоифасини аниқлаб олишдир.

Мазкур ҳужжатлар, асосан, республика давлат бошқаруви органлари – яъни, вазирликлар, давлат қўмиталари, агентликлар, қўмиталар, марказлар, инспекциялар, турли давлат комиссиялари кабилар томонидан қабул қилинади.

Шу билан бирга, давлат органларининг таркибий бўлинмалари ва ҳудудий органлари идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ваколатига эга эмас.

Таъкидлаш лозимки, вазирлик ёки идора идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилувчи органлар тоифасига киришининг ўзи унга тегишли соҳада исталган ҳужжатни қабул қилиш ваколатини бермайди. Бунинг учун у юқори турувчи қонун ҳужжатлари билан аниқ белгилаб қўйилган ваколатга эга бўлиши керак. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукуматининг қарорларида кўп ҳолларда муайян вазирлик ёки идорага у ёки бу ҳужжатни ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилади. Ёки бўлмаса, қонун ҳужжатларида муайян ижтимоий муносабатлар қайсидир давлат органи белгилайдиган тартибда амалга оширилиши кўрсатилади.

Бундай ҳаволалар вазирлик ёки идора томонидан тегишли ҳужжатни қабул қилиш учун ваколат вазифасини бажаради.

Агар вазирлик ёки идора бундай ваколатга эга бўлмаса, у томонидан қабул қилинган ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилади.

Ваколатлилик масаласининг аҳамияти шундаки, ушбу қоида муайян идора томонидан бошқа идоранинг ваколатига тегишли бўлган ёки юқори турувчи қонун ҳужжатлари билан тартибга солиниши керак бўлган масалалар бўйича ҳужжатлар қабул қилинишининг олдини олади.

Шу тариқа ваколатли органлар томонидан қабул қилинган ҳужжатлар ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун Адлия вазирлигига тақдим этилади.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш амалиёти 1993 йилдан бошланган. Ўтган 23 йилдан ортиқ давр мобайнида рўйхатдан ўтказилган ҳужжатларнинг сони ўзгартириш ва қўшимчаларни инобатга олмаганда 2840 тадан ошди.

Табиийки, айрим ходимларда ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг аҳамияти нимада деган савол пайдо бўлиши мумкин. Бу саволга амалиётда тўпланган тажрибага асосланиб қуйидагича жавоб бериш мумкин.

Биринчидан, Ўзбекистонда қонун ҳужжатларини қабул қилувчи битта Парламент, битта Президент ва битта Ҳукумат мавжуд Шу сабабли, уларнинг норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолияти тизимли равишда йўлга қўйилган. Лекин идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилувчи органлар 50 дан ортиқ. Шу сабабли, Адлия вазирлиги уларнинг ҳужжатларини ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш орқали соҳада ягона давлат сиёсати олиб борилиши таъминлайди, вазирлик ва идоралар томонидан бир-бирини инкор қилувчи ёки бошқа орган ваколатига кирувчи ҳужжатлар қабул қилинишининг олдини олади.

Иккинчидан, давлат рўйхатидан ўтказилишидан олдин ҳар бир ҳужжат чуқур ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади. Бу жараёнда ҳар бир ҳужжатнинг Конституция ва қонунлар, юқори юридик кучга эга бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларга мувофиқлиги текширилади.

Шунингдек, ҳуқуқий экспертизаси давомида ҳужжатларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган, шунингдек тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатлар қилишга олиб келувчи ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қоидалар ва нормалар бор-йўқлиги ҳам таҳлил қилинади.

Давлат рўйхатидан ўтказишнинг қанчалик муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаган ҳолда умуммажбурий тусдаги ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказмасдан амалга киритиш қанчалак салбий оқибатларга олиб келишини тушуниш қийин эмас.

Шунинг учун ҳам “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунда давлат ўтказилмаган ҳужжатлар тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмаслиги ва ҳуқуқий оқибатларга олиб келмаслиги белгилаб қўйилган. Содда қилиб айтганда ушбу қоиданинг маъноси шундаки, бирор бир шахс рўйхатдан ўтказилмаган ҳужжатга риоя қилмаганлиги учун жавобгар бўлиши, ушбу ҳужжат асосида унга бошқа мажбуриятлар юклатилиши мумкин эмас.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалга киритганлик учун мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилиши белгиланган.

Умуман олиб қараганда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам бошқа қонун ҳужжатлари сингари мамлакатда амалга оширалаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга, фуқароларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

 

Э.Ҳамроев, Адлия вазирлиги етакчи маслаҳатчиси