Инсон манфаати, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари устувор

Дата: 22.12.2016    

Одатда, фуқаролик процессида иш кўриш суд ишининг мазмуни бўйича ҳал қилув қарори чиқарилиши билан якунланади. Бироқ, айрим истисно ҳолатларда суд ушбу қоидадан четга чиқиб, иш юзасидан ҳал қилув қарори чиқармасдан иш юритишни тугатишга ҳам ҳақли бўлади. Фуқаролик процессуал қонунчилик процессни ушбу тартибда тугатишнинг қуйидаги икки шаклини назарда тутади:

-иш юритишни тугатиш;

-аризани кўрмасдан қолдириш.

Иш юритишни тугатиш-даъвогар (аризачи)нинг судга даъво тақдим этиш ҳуқуқи мавжуд бўлмаган ёки низонинг барҳам топиши эвазига турдош талаб билан судга қайта мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум этадиган ишни суд ҳал қилув қарори чиқармасдан тугатишнинг бир шакли ҳисобланади.

Иш юритишни тугатиш ўз асослари, тартиби ва ҳуқуқий оқибатлари билан аризани кўрмасдан қолдиришдан фарқ-ланади. Масалан, ишнинг судга тааллуқли бўлмаслиги иш юритишни тугатишга асос бўлади ва судга тааллуқли бўлмаган иш бўйича такроран ўша судга мурожаат қилиш мумкин эмас. Аризани кўрмасдан қолдиришда эса унга асос бўлган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин манфаатдор шахс судга ариза билан яна умумий тартибда мурожаат қилишга ҳақли бўлади.

ФПКнинг 100-моддасига кўра, суд қуйидаги ҳолатларда иш юритишни тугатади:

1. иш судга тааллуқли бўлмаса;

2. айни бир тарафлар ўртасидаги, айни бир предмет ўртасидаги ва айни бир асослар бўйича чиққан низо юзасидан суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёки даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечишини қабул қилиш тўғрисидаги ёхуд тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрими мавжуд бўлса;

3. даъвогар арз қилган талабларидан воз кечган ва суд бу воз кечишни қабул қилган бўлса;

4. тарафлар келишув битими тузган бўлсалар ва у суд томонидан тасдиқланган бўлса;

5. ишни судда кўришга тайёрлаш вақтида жавобгар даъвогарнинг талабларини тан олган бўлса ва бу тан олиш судъя томонидан қабул қилинган бўлса;

6. тарафлар ўртасида ушбу низони ҳал қилиш учун ҳакамлик судига топшириш ҳақида ҳакамлик битими тузилган бўлса;

7. иш бўйича тарафлардан бири бўлган фуқаронинг вафотидан сўнг низоли ҳуқуқий муносабат ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса.

Иш юритиш суднинг ажримига биноан тугатилади. Агар иш юритиш ишнинг судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли тугатилса, суд аризачи қайси органга мурожаат қилиши кераклигини кўрсатиши шарт бўлади. Иш юритиш тугатилган тақдирда, айни бир тарафлар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан судга иккинчи марта мурожаат қилишга йўл қўйилмайди.

Зеро, судъялар иш ҳажмининг кўплиги фуқаролик ишлари бўйича чиқарилаётган суд ҳал қилув қарорининг сифатига ўз таъсирини кўрсатаётган бир вақтда иш юритишни тугатиш асосларини қўллаш орқали ҳар иккала тараф учун ҳам мақбул бўлган қарорни қабул қилиш (шу ўринда тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаш орқали иш юритишни тугатиш назарда тутилмоқда) муҳим аҳамият касб этади.

Иш юритишни тугатишга нафақат ишни судда муҳокама қилиш жараёнида, балки ишни судда кўришга тайёрлаш босқичида ҳам йўл қўйилади. Ишни судда кўришга тайёрлаш вақтида иш юритишни тугатиш учун муҳим бўлган шарт, яъни жавобгар ишни судда кўришга тайёрлаш вақтида даъвогарнинг талабларини тан олган бўлса ва бу тан олиш судъя томонидан қабул қилинган бўлсагина йўл қўйилади.

ФПКнинг 100-моддасида назарда тутилган иш юритишни тугатиш асосларини унинг юзага келиш шартлари ва оқибатларига қараб, қуйидаги икки гуруҳга ажратиш мумкин:

-тарафларнинг хоҳишига биноан иш юритишни тугатиш;

-тарафларнинг хоҳишига боғлиқ бўлмаган ҳолатда иш юритишни тугатиш.

Тарафларнинг хоҳишига биноан иш юритишни тугатиш асослари қуйидагиларда намоён бўлади:

-даъвогар арз қилган талабларидан воз кечган ва суд бу воз кечишни қабул қилган бўлса;

-тарафлар келишув битими тузган бўлсалар ва у суд томонидан тасдиқланган бўлса;

-ишни судда кўришга тайёрлаш вақтида жавобгар даъвогарнинг талабларини тан олган бўлса ва бу тан олиш судъя томонидан қабул қилинган бўлса.

Мазкур ҳолатлар фуқаролик иши қўзғатилгандан сўнг тарафларнинг ҳаракатлари натижасида юз беради.

Тарафларнинг хоҳишига боғлиқ бўлмаган ҳолатда иш юритишни тугатиш асосан манфаатдор шахсларнинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқининг мавжуд эмаслигида намоён бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

-иш судга тааллуқли бўлмаса;

-айни бир тарафлар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича чиққан низо юзасидан суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёки даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечишини қабул қилиш тўғрисидаги ёхуд тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрими мавжуд бўлса;

-тарафлар ўртасида ушбу низони ҳал қилиш учун ҳакамлик судига топшириш ҳақида ҳакамлик битими тузилган бўлса.

Мафаатдор шахслар томонидан тақдим этилган бу каби аризаларнинг суднинг иш юритувчига қабул қилинишига судъянинг хатоси билан йўл қўйилади. Чунки юқоридаги ҳолатлар фуқаролик ишини қўзғатиш босқичида аниқланганда эди, суд ушбу аризани ФПКнинг 152-моддаси асосида қабул қилишни рад этар эди.

Мазкур гуруҳга мансуб яна бир асос, бу ФПКнинг 100-моддаси 7-бандида ўз ифодасини топган бўлиб, унга кўра иш бўйича тарафлардан бири бўлган фуқаронинг вафотидан сўнг низоли ҳуқуқий муносабат ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса иш юритилиши тугатилади. Ушбу ҳолат суднинг ҳам, тарафларнинг ҳам ихтиёрига боғлиқ бўлмайди.

Тарафларнинг хоҳишига биноан иш юритишни тугатиш асослари ичида энг кўп тар-қалган кўриниши бу - тарафлар келишув битими тузган бўлиб, унинг суд томонидан тасдиқланган бўлишидир.

Қайд этиш керакки, келишув битими судлар томонидан фуқаролик ишларини кўриб ҳал этишнинг самарали усулларидан бири сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Чунки тарафларнинг иш бўйича келишув битими тузишга эришиши суд қарорлари устидан турли шикоят-аризаларнинг берилишини камайтиради. Бу эса ўз-ўзидан низоларнинг кейинги босқичда кўрилишининг олдини олади. Фуқаролик процессида тарафларни келиштириш ва келишув битимига эришиш - муайян бир фуқаролик ишлари бўйича иш юритиш тугатилишининг аъло даражадаги натижаси ҳисобланади.

Келишув битимини тасдиқлаш ва иш юритишни тугатиш ҳақидаги ажрим алоҳида процессуал ҳужжат сифатида чиқарилади. Чунки, ушбу ажримлар орқали мураккаб масалалар ҳал қилинади ва улар устидан шикоят қилиниши мумкин.

Маълумки, фуқаролик процессида, айниқса, ишни судда кўришга тайёрлаш босқичида судъя тарафларни муросага келтириш чораларини кўради. Тарафларнинг келишув битими тузиш ҳуқуқи ФПКнинг 159-моддаси учинчи қисмида белгиланган. Келишув битимининг моҳияти шундаки, томонлар ўзаро муроса йўли билан низо ҳал этилишига эришадилар ва бу билан иш юритишни тугатишга асос яратадилар. ФПКнинг 180-моддасига мувофиқ, келишув битими томонлар ўртасида тузилади, суд муҳокамаси босқичида суд томонидан тасдиқланади. Бироқ, ишни судда кўришга тайёрлаш вақтида судъя томонларга уларнинг келишув битими тузиш ҳуқуқини тушунтириши лозим.

Германия фуқаролик процессида тарафлар ўртасида келишув битимининг тузилиши орқали иш юритишни тугатишга эришишга алоҳида эътибор берилади. Фуқаролик процессуал қонунчилик айрим тоифадаги низолар, хусусан, меҳнат низолари бўйича суд музокаралари бошлангунга қадар, албатта тарафларни яраштириш чораларини кўриш мақсадида мажбурий босқич - келиштирув босқичини белгилайди. Таҳлилларга қараганда, Германияда қарийб 80 фоиз меҳнат низолари келиштирув босқичида кўрилади. Уларнинг 20 фоизигина ке-йинчалик судда мазмунан кўриш учун юборилади. Германия қонунчилик тажрибаси шуни кўрсатадики, агар тарафлар биринчи инстанция судида ўзаро келишув битими тузишга келишиб олсалар ва ушбу келишув суд музокараларига қадар амалга оширилган бўлса, у ҳолда тарафлардан суд харажатлари ундирилмайди, меҳнат ишлари бўйича ўлка ва федерал судларда эса суд харажатларининг ярми ундирилади. Франция ихтисослашган судларининг келишув бўлимида ҳар иккала томонда тарафларнинг адвокатлари иштирок этиб, ҳар иккиси ишни келишув асосида тугатишга қаратилган процессуал ҳаракатларни амалга ошириши эътиборга лойиқ.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги ПФ-4848-сонли "Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонга кўра 2017 йил 1 январдан бошлаб ҳакамлик судлари қарорларини мажбурий ижро этишга ижро варақасини бериш тўғрисидаги ариза беришда тадбиркорлик субъектларини давлат божидан озод этишни ўз ичига олди.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш керакки, суд арз қилинган талабни мазмунан кўриш билан бир қаторда ҳуқуқий низони ўзаро ҳал этиш юзасидан тарафлар билдирган хоҳиш-истак асосида ёки ишни мазмунан кўришга тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатларни аниқлаш асносида иш юритишни тугатади. Иш юритишни тугатиш асослари назарда тутилган қонунчилик нормаларини судлар томонидан тўғри ва бир хилда қўллаш манфаатдор шахсларнинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилинишини кафолатлашга хизмат қилади. Шунингдек, турли хил оворагарчиликлар ва ортиқча суд харажатлари сарфланишининг олдини олади, судъяларнинг иш юкламаларини камайтириш имкони яратилади.

М.Худойбердиева, Гулистон шаҳар 3-сон ДНИ нотариуси