Ишончнома

Дата: 22.12.2016    

Фуқаролик ҳуқуқий муносабатларида ишончнома бир шахс томонидан иккинчи шахсга учунчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланиши белгилаб қўйилган.

Ишончномалар оддий ёзма ёки нотариал шаклда расмийлаштирилади.

Қуйидагилар нотариал тасдиқланган ишончномаларга тенглаштирилади:

госпиталларда, санаторийларда ва бошқа ҳарбий-даволаш муассасаларида даволанаётган ҳарбий хизматчиларнинг ҳамда бошқа шахсларнинг шу муассасаларнинг бошлиқлари, уларнинг тиббий қисм бўйича ўринбосарлари, катта ва навбатчи шифокорлари томонидан тасдиқланган ишончномалари, автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно;

ҳарбий хизматчиларнинг, ҳарбий қисмлар, қўшилмалар, муассасалар ҳамда ҳарбий ўқув юртлари жойлашган, нотариал идоралар ва нотариал ҳаракатларни амалга оширувчи бошқа органлар бўлмаган пунктларда эса - ишчи ва хизматчиларнинг, улар оилаларининг ва ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг шу қисм, қўшилма, муассаса ва ўқув юртларининг командирлари (бошлиқлари) томонидан тасдиқланган ишончномалари, автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно;

озодликдан маҳрум қилиш жойларида бўлган ёки қамоқда сақланаётган шахсларнинг тегишли муассасалар бошлиқлари томонидан тасдиқланган ишончномалари, автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно.

Шунингдек, қонунда нотариал шаклни талаб қилувчи битимларни тузиш ёхуд юридик шахсларга нисбатан харакатларни амалга ошириш учун берилган ишончнома нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

Қонунда белгиланган шаклда нотариал тасдиқланаши керак бўлган ишончнома шаклига амал қилинмаслиги ишончноманинг ҳақиқий саналмаслигига олиб келади ва мазкур ишончнома бўйича амалга оширилган барча харакатлар бекор бўлишига олиб келади.

Ишончномалар кўпи билан 3 йил муддатга берилиши мумкин бўлиб, ишончномада уни амал қилиш муддати кўрсатилмаган бўлса, бу ишончномалар бир йилга берилган ҳисобланади.

Лекин бир хил ҳолатлар борки, ишончномани амал қилиш муддати ишончнома олувчига боғлиқ бўлиб ҳисобланади. Жумладан, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ҳаракатларни амалга оширишга мўлжалланган ишончномалар уни олган шахс томонидан бекор қилингунга қадар амал қилади.

Ишончномалар амалдаги қонунчилик бўйича қўйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин:

- ишончнома муддатининг тамом бўлиши;

- ишончнома берган шахснинг уни бекор қилиши;

- ишончнома берилган шахснинг бош тортиши;

- номидан ишончнома берилган юридик шахс фаолиятининг тўхтатилиши;

- номига ишончнома берилган юридик шахс фаолиятининг тўхтатилиши;

- ишончнома берган фуқаронинг муомалага лаёқатсиз, муомала лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб ҳисобланиши, ёхуд унинг вафот этиши;

- ишончнома олган фуқаронинг муомалага лаёқатсиз, муомалага лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб ҳисобланиши, ёхуд унинг вафот этиши.

Ишончномалар бекор бўлганида, у билан берилган барча ваколатлар бекор бўлади. Ишончнома бекор бўлганидан сўнг амалга оширилган харакатларлар ўз-ўзидан хақиқий эмасдир.

Н.Ташхаджаева Оқолтин туман ДНИ нотариуси