Суд ҳуқуқ ислоҳотлари

Дата: 22.12.2016    

Суд тизими 1993 йилдаги Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонуни, 2000 йилдаги янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонуни, 2001 йилдаги Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуни, 2007 йилдаги Ўзбекистон Республикасининг “Хакамлик судлари тўғрисида”ги қонунлари билан қувватлантирилди.

Авваламбор, суд тизими 2000 йилдаги янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонуни билан ижро этувчи ҳокимият, яъни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимидан чиқарилди.

Айниқса, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судларга ажратилиши катта аҳамият касб этди. Бу ислоҳотлар ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Уларнинг моддий-техник таъминоти ва ҳоказо сарф-харажатлар республика бюджетидан молиялаштирилди.

Кейинги ислоҳотлар сифатида, эхтиёт чораси сифатида қамоққа олиш санкциясининг судларга олиб берилганлиги ва бошқа санкциялар боскичма-босқич судларга олиб берилаётганлигини айтишимиз мумкин.

Ҳар бир жабҳанинг ривожи мулоҳаза килинар экан, албатта, биринчи Президентимизнинг ташаббуси борлигини айтиб ўтишни жойиз деб биламан.

Судлар фаолиятини мустақиллиги ва судъялар моддий таъминоти билан боғлиқ жуда катта бурилиш 2012 йил 2 августдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бўлди.

Мазкур фармон билан судъялар ойлик иш ҳақлари оширилди ва уларнинг ойлик иш ҳақларидан солиқ тўловлари олиб ташланди.

Шунингдек, уларни уй-жойлар билан таъминлаш борасида бир қанча имтиёзлар берилди.

Кейинги ёки бошқача сўз билан айтганда, янги босқичга ўтган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил октябр ойидаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини келтириш мумкин.

Мазкур Фармон билан идоралар ва вазирликларга бир қанча топшириқ ва кўрсатмалар берилиб, суд-ҳуқуқ тизимида катта бурилиш, янгиланиш режалаштирилмоқда.

Англашимча, мазкур фармон билан жиноят ишлари бўйича суд таркибидан маъмурий судлар ажралиб чиқиши, судъялар мақомига катта аҳамият берилиши ва уларнинг фаолият муддатлари ва хаказо ўзгартиришлар кутилмоқда.

Хулоса ўрнида, буюк бобокалонимиз Амир Темур серқирра ва доимо ўз аҳамиятини йўқотмаган “Куч адолатда” деган сўзлари ёки Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.Каримовнинг “Инсонлар ҳар нарсага чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди” деган сўзлари асоси сифатида суд тизимида адолатли қарорлар чиқарилиши ва судларга келиб тушган ишларнинг адолатли ҳал этилишига замин яратилмоқда.

Н.Бадалов, Гулистон шаҳар 4-сон ДНИ нотариуси