Эрта никоҳнинг салбий оқибатлари

Дата: 21.12.2016    

Инсонинг ҳаётида оила қуриш энг масъулиятли ишлардан хисобланиб, бу борада юртимизда оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, айниқса, ёш оилаларни қўллаб қуватлаш, уларни ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Мухтарам Биринчи Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимда қуйидаги сўзларни таъкидлаб ўтган эдилар: “Қиз болани коллежни битирмасдан, ҳунар эгалламасдан туриб, кимки, турмушга бермоқчи бўлса, билиб қўйинглар, буни мен узоқни кўрмаслик, калтабинлик деб ҳисоблайман”.

Юртимизнинг нафақат шаҳар,балки чекка қишлоқларида истиқомат қилаётган ҳар бир оила мустаҳкам бўлишига эришиш, жамиятда ҳар бир гўдакнинг соғлом туғилиши ва уни яшаб кетишини тўла кафолатлайдиган зарур шарт-шароитларни яратишга эътибор қаратилмоқда.

Ёш оила қурувчиларнинг бу борадаги билимларини ошириш мақсадида бир қанча ижобий ишлар амалга оширилмоқда хусусан Сирдарё вилояти адлия бошқармаси ва унинг тизимидаги ФҲДЁ бўлимлари томонидан туман (шаҳар) ларда кенг кўламли тарғибот ишлари амалга оширилиб, тадбирларда Ўзбекистон Республикасининг «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунинг мазмун мохияти, эрта никоҳнинг салбий оқибатлари, охирги йиллардаги статистик маълумотларга кўра 18 ёшгача хомиладорлик давридаги асоратлар 20-30 ёш оралиғига нисбатан кўпроқ учраши Шунингдек, бу ёшда чала туғилган чақалоқларнинг туғилишининг 20% ортиши кузатилганлиги, Оналар ўлими ҳолатларининг 5 баробарга ва гўдаклар ўлими кўрсаткичларининг 2 баробарга кўпайганлигиёш оила қурувчилар эътиборига етказилиб келинмоқда.

Гулистон шаҳридаги 8 та касб-ҳунар коллежи ва академик лицейларда “Ёш оила қурувчилар мактаби” фаолияти йўлга қўйилиб, –Жорий йилнинг ўтган даврида бу мактаблар машғулотларига 3 минг 200 нафар коллежларнинг учинчи босқич ўқувчилари жалб этилиб, бу борадаги билимлар бериб борилмоқда.

Шунингдек, туман (шаҳар) ФҲДЁ органлари томонидан олиб борилаётган“Оила дорилфунуни” машғулотларида, қизларнинг барвақт турмушга чиқиши туфайли юзага келадиган муаммолар тушунтирилмоқда. Қизларнинг барвақт турмуш қуриши кўпинча ота-оналарнинг хоҳиш-истагига кўра бўлаётганини ҳисобга олиб, бу масалада маҳаллалар ролини кучайтиришга эътибор қаратилаётир.

Шу ўринда савол туғилади: ФҲДЁ органларидан ташқари оилаларда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, қизларни эрта турмушга беришнинг олдини олиш мақсадида хотин-қизлар қўмиталари раислари, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари томонидан жойларда олиб борилаётган кенг кўламли ишларга қарамай, ҳамон хунук холатлар давом этмоқда?

Бу каби холатларга халқимиз орасида қизларнинг катталар, айниқса, ота-она, опа-аммалар ва яқин қариндошларининг раъйига қарши бормаслиги одатга айланган,албатта бу бизнинг аждодларимиздан қолган маънавий қадриятимиздир.Кўпинча эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг қайд этилишига ана шу ҳолат сабаб бўлмоқда.

Соғлом фарзанд соғлом онадан дунёга келади. Ёшларда соғлом ва аҳил оила қуриш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга интилишни рағбатлантиришдек эзгу ишлар замирида, аввало, баркамол авлодни вояга етказишдек эзгу мақсад мужассамдир.

Аждодларимиз оила қуришда етти ўлчаб, бир кесиш қабилида иш тутишган. Эрта никоҳнинг салбий хусусиятлари тўғрисида тўҳталар эканмиз, аввало унинг ҳуқуқий оқибатларини тахлил қилишни ўринлидир.

Ҳар бир мамлакатда никоҳ ёши соғломлиги, жисмонан ва маънан етуклиги инобатга олиниб, қатъий белгилаб қўйилган. Жумладан, Европа ва Осиё мамлакатларида ҳам бу маслада алохида тартиблар жорий қилинган.

Ўзбекистон Республикасининг “Оила кодекси”ни 15-моддасида никоҳ ёши қизлар учун 17 ёшни, ўғил болалар учун эса 18 ёш деб белгиланган. Албатта бу энг минимал никоҳ ёши ҳисобланади. Лекин бу қиз бола 17 ёшга етиши билан турмушга бериш дегани эмас. Чунки, қиз бола никоҳга киришдан олдин унинг соғлом авлодни дунёга келтириш имкониятини ҳисобга олиш зарур. Бунинг учун, қиз боланинг жисмоний ва жинсий ривожланишини баҳолаш, уларнинг оналикка руҳий тайёргарлигини ҳисобга олиш зарур.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, соғлом онадан — соғлом фарзанд дунёга келади. Давлатимиз томонидан ҳар бир хонадонда соғлом оилани шакллантириш мақсадида никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказилиши йўлга қўйилган. Зеро, ҳар томонлама соғлом фарзандгина хонадонларимизга қувонч ва бахт саодат олиб келиш баробарида жамиятимизга таянч, элу юртимизга муносиб ворис бўла олади.

З.Сатторова, Сирдарё вилоят ФҲДЁ архиви мудираси в.в.б