Тадбиркорлик фаолиятига рухсатсиз аралашиш оқибати

Дата: 21.12.2016    

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иқтисодиётимиз ривожида тутган ўрни, ўта муҳим ва салмоқли ҳиссаси билан тараққиётимизнинг асосий мезонларидан бирига айланди. Хусусий секторни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида узоқни кўзлаб олиб борилаётган комплекс чора-тадбирлар жамиятда омилкорлик кайфияти қарор топиб, ишбилармонлик салоҳиятининг юксалишида ҳал қилувчи восита бўлмоқда.

Ҳозирги кунда тадбиркорлик фаолияти 1200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган бўлиб, уларнинг 156 таси қонун, 138 таси давлат раҳбари томонидан қабул қилинган фармон ва қарорлар ҳисобланади.

Ушбу қонун ва қонуности ҳужжатлари билан хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилиш, тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини ошириш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатини кучайтириш, тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган маъмурий ва жиноят қонунчилиги либераллаштириш,хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратиш, уларнинг моддий ва кредит ресурсларидан фойдаланишини кенгайтириш, бизнес муҳитни яхшилаш каби қоидалар белгилаб берилган.

Биргина, хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, ялпи ички маҳсулотда хусусий мулк, жумладан, чет эл капитали иштирокидаги улушни изчил ошириш мақсадида биринчи Президентимиз томонидан 2015 йил 15 майда “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Шунингдек, мазкур Фармон ижроси юзасидан жорий йилнинг август ойида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам тадбиркорликни янада ривожлантириш ва тадбиркорлар ҳуқуқларини кафолатли ҳимоя қилинишида муҳим аҳамият касб этди.

Хусусан, мазкур қонунда тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларини либераллаштириш билан бир пайтда давлат органлари, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларнинг хусусий мулкдорлар ва тадбиркорлар ҳуқуқларини бузганлиги учун жавобгарлиги кучайтирилди.

Жумладан, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга киритилган текширишлар тартибини бузишга доир янги моддаларга эътибор қаратадиган бўлсак, унда тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текширишнинг белгиланган тартибини бузганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги қатъийлаштирилди.

Яъни, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2412-моддасида тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишнинг ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилишнинг белгиланган тартибини бузганлик, худди шунингдек тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қонунга хилоф равишда текшириш ташаббуси билан чиқиш ва (ёки) ўтказганлик учун мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача маъмурий жарима жазоси белгиланди.

Эндиликда, назорат қилувчи органларнинг текшириш ваколатига эга шахслари бу масалага жиддий эътибор қаратишлари лозим бўлади.

Бунда асосий эътибор, тадбиркорлик фаолиятининг чекланишига, бошқарув тузилмаларининг тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига ортиқча аралашувининг олдини олишга қаратилган.

“Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 9-моддасида назорат қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини режали текшириш, шу жумладан молия-хўжалик фаолиятини текширишлар учун махсус ваколатли орган ёки унинг тегишли ҳудудий бўлинмаси томонидан берилган, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишни ўтказишнинг мувофиқлаштирувчи режасидан кўчирма ҳамда назорат қилувчи органнинг мувофиқлаштирувчи режа асосида чиқарилган, текшириш мақсади, текширувчи мансабдор шахсларнинг таркиби ва текширишни ўтказиш муддатлари кўрсатилган буйруғи асос бўлиши, қонуннинг 12-моддасида режадан ташқари текширишлар назорат қилувчи органлар томонидан агар текширувни ўтказиш зарурати Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қароридан келиб чиққанда, назорат қилувчи органга хўжалик юритувчи субъект томонидан қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатлари бузилганлиги тўғрисида қўшимча маълумотлар келиб тушганда, фавқулодда вазиятлар юзага келишининг олди олинаётганда, санитария-эпидемиология вазияти мураккаблашганда, шунингдек қўшни давлатлардан юқумли касалликлар кириб келиши ва тарқалиши эҳтимоли вужудга келганда ўтказилиши белгиланган.

Бошқа ҳолларда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини теширишга, уларнинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.

Шу ўринда, тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашишнинг олдини олишга, уларнинг жадал ривожланиши учун кенг имконият яратиб берувчи яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат, яъни 2016 йил 5 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон билан тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашишдан ишончли ҳуқуқий кафолатларни таъминлашга йўналтирилган давлат назоратининг принципиал жиҳатдан янги бир қатор механизмлари белгиланди.

Жумладан, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб қуйидаги илгари кўрилмаган чоралар жорий этилиши назарда тутилди.

Хусусан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилиниши, бундан юридик шахснинг тугатилиши билан боғлиқ текширишлар, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг қарорига мувофиқ ўтказиладиган қисқа муддатли текширувлар мустаснолиги белгилаб қўйилди.

Яъни, эндиликда назорат қилувчи органлар режадан ташқари текширишлар ўтказишни ташкил қилиш ҳуқуқига эга эмас. Бунда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини таъминлаш мақсадида фақат жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида қисқа муддатли текширишлар ўтказишнинг чекланган имконияти сақланиб қолади. Бундай текшириш фақат Республика кенгашининг қарорига мувофиқ ўтказилиши мумкин ва текшириш муддати бир иш куни билан чекланган.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилиниши белгилаб қўйилди.

Шундай қилиб, муқобил текшириш, яъни операциялар бирлиги туфайли ўзаро боғлиқ бўлган ва турли хўжалик юритувчи субъектлардаги ёки бир хўжалик юритувчи субъектнинг турли бўлинмаларидаги ҳужжатларни таққослашдан иборат текширувлар бекор қилинди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб шуни хулоса қилиш мумкинки, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, уларга инвестициявий жозибадорлик муҳитини яратиш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш борасидаги амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг пировард натижаси мамлакатимизда ўрта мулкдорлар синфини шакллантириш, мамлакат иқтисодиётини барқарор юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадини ошириш мақсади кўзланган.

Д.Бурхонов, Сирдарё вилоят адлия бошқармаси масъул ходими