Суд ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш йўлида

Дата: 16.12.2016    

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш мақсадида жамиятнинг барча соҳаларида ислоҳотлар ҳаётга тадибиқ этилмоқда. Давлат ҳокимиятининг муҳим тизими бўлган суд-ҳуқуқ соҳасини шакллантириш, суд ҳокимиятини фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи мустақил орган сифатида ислоҳ қилишга давлатнинг муҳим сиёсий вазифаси сифатида қаралмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармонининг қабул қилиниши соҳада амалга оширлаётган ислоҳотларнинг нафақат мантиқий давоми, балки, тубдан ўзгартиришга асос бўлди. Фармонга мувофиқ Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Хусусан, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганлик учун муқаррар жавобгарлик принципига амал қилиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қилиш ҳолатлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, шунингдек бузилган ҳуқуқларни тиклаш бўйича судларнинг самарали фаолиятини йўлга қўйиш, бунинг учун фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, судларни ташкилий кадрлар таъминот тизимни мукаммалаштириш, соҳага илғор илмий-техника воситалари ва ахборот-коммуникация технологияларини, шунингдек ишни ташкил этишнинг замонавий шакл ва усулларини жорий этиш суд-ҳуқуқ соҳасидаги давлат сиёсатининг устивор йўналишлари этиб белгиланди.

Фармонга мувофиқ суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишдаги муҳим ўзгариш 2017 йил 1 апрелдан амалга киритилиши белгиланган. Ушбу ўзгаришлар одил судловни амалга ошириш, жамиятимизда инсонпарварлик ғояларини руёбга чиқариш бўйича жиноий жазоларни янада либераллаштириш, суд ва тергов жараёнларида фуқаролар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш, тизим фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирлар белгиланди.

Жумладан, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил жазо турларини қўллашни кенгайтириш орқали қамоқ тариқасидаги жиноий жазо тугатилганлиги айбдор шахсларни жамиятдан ажратмаган ҳолда енгилроқ жазолар тайинлаш орқали қайта тарбиялаш имконини беради. Маълумки, ҳамма вақт ҳам қамоқ жазоси айбдор шахснинг қайта тарбияланишига ижобий таъсир кўрсатади деб бўлмайди. Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 48-моддасига мувофиқ Қамоқ — шахсни батамом ажратган шароит остида сақлашдан иборат бўлиб, бир ойдан олти ойгача муддатга белгиланади. Жиноий жазо турларидан қамоқ жазосини тугатилганлиги жиноий жазонинг асосий мақсади жиноят содир этган шахсга нисбатан у ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо тайинланиши ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши кераклиги принципидан келиб чиқиб халқимизнинг кечиримлилик, инсонпарварлик каби эзгу ғояларига мос келади.

Фармонга мувофиқ жиноятни содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга қисқартирилади, қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек дастлабки терговнинг энг кўп муддати 1 йилдан 7 ойга қисқартирилди. Ушбу ўзгаришлар суд тергов органлари фаолияти самардорлигини ошириш, фуқароларни тергов жараёнидаги ҳуқуқлари бузилишини олдини олишга қаратилган.

Суд тергов жараёнларида шахсларнинг ҳуқуқларини чеклаш билан боғлиқ процессуал ҳаракатларни амалга оширишда санкция қўллаш ҳуқуқи босқичма-босқич суд ваколатига ўтказилмоқда. Хусусан, гумонланувчи шахсларга нисбатан эҳтиёт чоралари қўллаш ваколатлари тўлиқ судга ўтказилган, эндиликда почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва эксгумация қилиш учун санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилганлиги, шунингдек, судларга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад этилганда муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш ҳуқуқи берилганлиги жиноий судлов жараёнида суд ҳокимиятининг одил судловни амалга оширишда ҳал этувчи органга айланишини таъминлайди.

Фармонга кўра, терговнинг тўлиқ эмаслигини суд муҳокамаси жараёнида тўлдириш механизмларини жорий этиш орқали суд томонидан жиноят ишини қўшимча тергов юритишга қайтариш институти бекор қилинганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Судлар томонидан шахснинг айбдорлигини исботловчи далиллар етарли бўлмаганда жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш амалиётини бекор қилиниши шахсни айбли ёки айбсиз эканлигини ҳал қилишда суд ҳокимиятининг ҳал қилувчи орган эканлигини мустаҳкамлайди. Шу билан бирга, судларнинг шахснинг айбсизлиги исботланганда оқлов ҳукмлари чиқариши бўйича масъулиятини оширади. Жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институтини бекор қилинганлиги жиноят иши бўйича фуқароларнинг сансоларлигини олдини олиш, терговнинг сифатини яхшилашга хизмат қилади.

Фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш имкониятини берувчи муддатнинг 3 йилдан 1 йилга қисқартирилиши эса, фуқаролик ҳуқуқий муносабатларнинг барқарорлиги, фуқаролик процесси иштирокчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган. Ўз навбатида ушбу ўзгариш фуқаролик судларида ишларни кўриб чиқишда ҳар хил қарорлар қабул қилиниши, низоларни ҳал этиш муддатлар чўзилишига барҳам беради.

Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тизимини такомиллаштириш, шунингдек суд процесси муддатлари ва сифатига салбий таъсир кўрсатувчи ортиқча оралиқ инстанцияларни бартараф этиш мақсадида Фармонда вилоят даражасидаги судлар томонидан фуқаролик ва жиноят ишларини назорат тартибида қайта кўриш бўйича бир-бирини такрорловчи инстанциялари тугатилиб, ўз навбатида, тегишли суд раислари ва прокурорларнинг назорат тартибида протест келтириш ваколати бекор қилиниши белгиланди. Худди шундай, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ишларни назорат тартибида кўришга оид бир-бирини такрорловчи ваколатлари ҳам бекор қилинди.

Одил судловни таъминлашнинг муҳим шарти суд ҳокимиятининг чинаккам мустақиллигини таъминлаш ҳисобланади шу мақсадда фармонга мувофиқ судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш)ни назарда тутувчи қоида белгиланди. Ушбу ўзгаришдан мақсад судга юксак ахлоқий-иродавий ва касбий фазилатларга эга, юклатилган вазифалар ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали бажарилишини таъминлашга қодир бўлган кадрларни шаффоф танлов асосида ишга қабул қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган. Шунингдек, судлар мустақиллигини таъминлаш мақсадида умумий юрисдикция судлари фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Олий суди ваклоталига ўтказилди.

Умуман олганда, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган бу ислоҳотлар фуқаролар ҳуқуқларининг суд орқали ҳимояси янада самарали ва ишончли бўлишини кафолатлашга, жамиятдаги янгиланишлар ва мамлакатда модернизациялаш жараёнларини жадаллаштиришга кўмаклашади. Бу эса тинчлик ва барқарорлик, энг асосийси, республикада истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаронинг фаровонлиги ва бахти гаровидир.

А.Тошқулов Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи