Суд – ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш йўлида

Дата: 13.12.2016    

Биринчи Президентимиз ташаббуси билан тадбиркорлик субъектлари ва барча суд процесси иштирокчиларига қулайликлар яратиш мақсадида 2014 йил 1 сентябрдан хўжалик судларида суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш амалиёти яратилганлиги тизимимизда энг замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ишларини янги босқичга кўтарди.

Суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши хўжалик ишини кўраётган суд мажлисига қатнашиши лозим бўлган бошқа ҳудудда жойлашган суд иштирокчилари шу судга келмасдан ўзлари жойлашган ҳудуддаги хўжалик судининг биносига келиб видеоконференцалоқа тизими орқали суд процессида иштирок этишларига имкон яратилганлиги, соҳадаги бу янгилик тадбиркорлик субъектларига жуда катта қулайлик яратилганлиги, эндиликда бошқа вилоятдаги суд мажлисига бориш, бунинг учун сарф-харажат қилиш, ортиқча вақт йўқотиш каби ташвишлар деярли барҳам топганлигини, ўз ўрнида қайд этиш керак.

Ушбу тизим ишга тушиши натижасида суд жараёнида судья ва тарафларнинг ўзларини тутишларига эътибор, суд маданияти кескин ошганлиги, мазкур тизим ишга туширилгандан буён суд процесси иштирокчилари ўзлари жойлашган ҳудудлардан чиқмаган ҳолда, видеоконференцалоқа орқали бошқа ҳудудларда ўтказилган суд процессларида қатнашиб, таҳлилий ҳисоб-китобларга қараганда уларнинг салмоқли маблағлари тежаб қолинди.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимини демократик асосда изчил ислоҳ этиш, мустаҳкамлаш ва эркинлаштириш борасида тизимли, кенг кўламли ҳамда самарали ишлар амалга оширилмоқдаки, бу жаҳон ҳамжамиятининг алоҳида эътибори ва эътирофига сазовор бўлмоқда.Кейинги йилларда юртимизда ҳуқуқий давлатнинг муҳим таркибий қисми бўлган том маънодаги суд-ҳуқуқ тизими шакллантирилди. Мустақил суд ҳокимияти ушбу жараёнда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги“Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида соҳада халқимиз манфаатларига, инсон ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қиладиган чора-тадбирлар янада кучайтирилмоқда.

Ушбу Фармонга асосан 2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб дастлабки тергов босқичида суд назоратини янада кучайтириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг тегишли моддаларида белгиланган почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш учун санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилади. Шунингдек, дафн этилган мурдани эксгумация қилиш, яъни жиноятга алоқаси бўлган шахснинг жасадини қайта текширувдан ўтказиш мақсадида кўмилган жойидан очиб олишга санкция бериш ҳуқуқи ҳам судларга ўтказилади. Мана шу икки қоида ҳам, энг аввало, фуқароларнинг устувор конституциявий ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга, шу билан бирга, ўтганларнинг ҳурматини жойига қўйишга хизмат қилади.

Бу ўзгариш ва янгиликлар, барчамизнинг кундалик ҳаётимизда асқотаётган қулайликлар фуқароларимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Мазкур соҳага оид ижтимоий сўров натижалари шуни кўрсатадики, унда иштирок этган турли вилоятларда истиқомат қилаётган, соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган, аҳолининг турли ижтимоий қатламига мансуб 18 ёшдан катта фуқароларнинг барчаси давлатимиз томонидан суд-ҳуқуқ тизимида изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирган. Биринчи Президентимиз томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси суд-ҳуқуқ ислоҳотларида муҳим ўрин тутаётгани алоҳида таъкидланган.

Фармонга мувофиқ суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, касбий нуфузини ошириш, юқори малакали ва самарали фаолият юритувчи суд корпусини шакллантириш мақсадида илк бор судьяларнинг ваколат муддатлари қайта кўриб чиқилди.

Хусусан, судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз тайинлаш (сайлаш)ни назарда тутувчи тартиб жорий этилди.

Киритилаётган бу ўзгартишлар халқаро стандартлар ва ривожланган демократик давлатларнинг илғор тажрибасига тўлиқ мос келади.

Хулоса ўрнида шуни қайд этиш лозимки, мамлакатимизда амалга оширилаётган ушбу ислоҳотлар суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштиришнинг яққол тимсоли, дейиш мумкин. Шу аснода одил судлов фаолиятининг сифат ва самарадорлигини ошириш, судда ишларни кўришда тезкорликка ва процессуал муддатларнинг тежалишига эришиш баробарида, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, уларнинг суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқларини тўла таъминлаш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратишдан иборат.

Қ.Қаршибоев, Гулистон шаҳар 2-сонДНИ нотариуси